Бағдоднинг қулаши Ислом дунёси учун нимани англатади?
- Written by Administrator
Еттинчи ҳижрий асрда мўғул татар лашкарлари бутун дунёни забт этиш учун ўзларининг машҳур юришларини бошладилар. Мўғулларга қаршилик кўрсатганлар асосан мусулмонлар эди. Аммо душман уларни устара сочни қандай қирган бўлса, қиличдан шундай ўтказган эди. Мусулмон оламининг машҳур илм ва маърифат марказлари бўлган шаҳарлар мўғуллар томонидан вайрон қилинган эди.
Бундан роппа-роса 757 йил муқаддам, яъни 1258 йилнинг 10 февралида Чингизхоннинг набираси Хулагухон бошчилигидаги мўғул қўшини ўша пайтдаги Ислом дунёсининг юраги ҳисобланган, ер юзининг энг катта машҳур шаҳри, Аббосийлар халифалиги пойтахти - Бағдодга бостириб кирди.
Бунинг оқибатида шаҳар вайрон, тинч аҳоли қирғин қилинди, мисли кўрилмаган зўравонликлар бўлди. Бундай хунрезлик натижасида бир миллиондан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди. Бағдоднинг олиниши ўрта асрлардаги ваҳшийликнинг энг чўққиси бўлган воқеа, деб таърифланди. Ўша пайтларда оммавий қирғин қуролини ҳеч ким билмасди. Лекин бу жанг оммавий қирғин жангги бўлди. Жангчи бўлмаган эркагу аёллар, қариялар, болалар ҳам қилич ва камон ўқлари билан қириб ташланди.
Мўғуллар масжидларни вайрон этишди. Ижтимоий аҳамиятга молик иншоотлардан тортиб, аҳолининг уйларигача харобага айланди. Ўзлари саводсиз бўлган мўғуллар ўрта асрнинг энг катта кутубхонасини кулга айлантиришди. Бебаҳо қўлёзмалар ёқиб ташланди. Тенги йўқ китобларни йиртиб, кўчаларга қараб отишди.
Уларнинг жоҳилона фикрларига кўра, китоб жангавор руҳни сўндирувчи ва соғлом ақлга ғов бўлувчи восита ҳисобланган.
Аббосийлар давлатининг халифаси Мутасим юз йиллар давомида қанча машаққатлар билан мусулмонлар томонидан барпо қилинган шаҳарнинг вайрон бўлишини ўз кўзлари билан кузатиб туришдан ўзга чора топа олмади. Бағдод қўлагандан сўнг ўн кун ўтиб уни қатл этишди. Оила аъзолари ҳам ўлдирилади. Шу билан гуллаб-яшнаган Аббосийлар давлатига, араб-мусулмон тамаддунига, ер юзига алгебра, кимё, тиббиёт ва юзлаб бошқа соҳаларни берган буюк даврга якун ясалади.
Аксар тарихчи олимларнинг фикрича, бу воқеа Ислом оламининг йўналишини тубдан ўзгартириб юборди. Баъзиларнинг айтишича, мўғулларнинг бу зарбасидан Ислом олами ҳали ўзига кела олгани йўқ.
Айнан ўша даврлардан бошлаб Европада ўсиш бошланди. Ғарбнинг Ислом устидан расмий ғалабаси Версал шартномаси ва Сайкс-Пико битимида ўз аксини топди. Ўтмишда Биринчи жаҳон уруши номи билан аталувчи қонли воқеа мўғуллардан сўнг иккинчи марта халифаликка нуқта қўйилиши бўлди.
Бугун мусулмонлар ўз тарихларини яхшилаб ўрганишлари керак. Бундан тўғри хулосалар чиқариб, буларни бошқа мусулмонларга ҳам етказишлари керак.
Аввало, сўзни ёмон кучлар доим бизга ҳалал беришади, агар ҳорижликлар аралашмаса келажагимиз парлоқ бўлади, деган сўзлардан бошланмаслиги керак. Муаммо жиддий ва унинг ечими янада мураккабдир. Биз буни тушуниб етишимиз керак. Нега қудрати жиҳатидан АҚШга тенг бўлган ўрта асрлардаги буюк бир давлат ёввоий, жоҳил, нодон қўшин ва мажусийлар томонидан вайрон этилди?
Маълумки, мўғуллар ғалабаси ва бунинг оқибатида Бағдоднинг қулаши салтанатнинг заифлигидан эмас, балки мусулмон дунёси ичкарисининг ўзида қандайдир оғир дард каби иллат борлигидандир.
1991 йил, Ҳаж мавсумида, Минода бутун олам ҳожилари шарафига уюштирилган зиёфатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: "...Биз ҳозирги кунда сафларимизни бирлаштиришга жуда-жуда муҳтожмиз. Чунки динимиз душманлари ҳамма тарафдан ҳужум қилиш учун фурсат пойлаб турибди. Агар мусулмонлар бирлашсалар, ҳеч қачон енгилмасликларини улар Ислом тарихидан биладилар. "Бадр" жангидан то шу кунгача қадар мусулмонлар фақат ўз ичларидаги ихтилофлари туфайлигина мағлуб бўлишди...", деган эдилар.
Бугун кўпчилик XVIII – XX асрдаги зарбалардан сўнг Ислом яна оёққа турмоқда, деб ёзишмоқда. Тойнби каби классиклар ҳаммани ажаблантирган ҳолда, Гегел томонидан "Исломнинг жанозаси" деб айтилган фикр ҳали эрта айтилганини айтиб, "Тарихий ёндашув"да Ислом тамаддуни нафақат тетиклашаётгани, балки ўтган тарихий ҳаётида ўз ўрнини топганлигини... тан олган. Унинг имкониятлари шучалик кенг эканки, у нафақат асрлар давомида сақланиб қолди, балки йўқ жойдан, мағлуб бўлган, йўқ бўлиб кетиш нуқтасидан қайтадан икки марта қайта туғилди.
Агар биз муаммоларимизни ташқаридан эмас, балки ўз ичимизда эканини тушуниб етмас эканмиз истиқболда Ислом дунёси ўзининг бутун гўзаллиги билан қайта туғилиши мумкинлигига умид қилмасак ҳам бўлади.
Глобал ватанпарварлик бузғунчилик ёки ҳозирги кундагидек вайрон қилгувчи куч эмас, балки инсоният ривожига ўз ҳиссамизни қўшишда эканини тушунишимиз эртанги кунни ҳис қилишимизга имкон беради, Инша Аллоҳ.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади




