ГМО: Ирсият муҳандислиги ва шубҳалар қуршови

ГМО: Ирсият муҳандислиги ва шубҳалар қуршови

“Бизнинг пайтларда пишган помидорни тишласанг, суви атрофга сачраб кетарди... булғори қалампирдан дўлма қилса, қалампир пўстининг юпқалиги сабабли унинг ичидаги қиймаси кўриниб турарди... қулупнай ширинлигидан уни шакарга ботирмай ердик... тарвузнинг данаги йирик бўларди...”.

 

Ҳа, деярли барчамиз бунинг гувоҳи бўлганмиз ёки каттароқ ёшдаги инсонлардан шу кабилидаги гапларни бот-бот эшитиб турамиз.

Хўш, ўша сувли помидору юпқа пўстли қалампирлар, қанддай қулупнайлару йирик данакли тарвузлар қани? Улар қаерга йўқолиб кетмоқда? Уларнинг ўрнига бозор расталарини қандай маҳсулотлар эгалламоқда? Бу яхшими ёки....?

Бугун биз сизлар билан эшитганимиз ва эшитмаганимиз, билганимиз ва умуман билмаганимиз – ирсият муҳандислиги воситасида ўзгартирилган таркибга эга бўлган, яъни ингредиентлари орасида ГМО мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида сўзлашамиз.

Хўш, ГМО нима ўзи?

Уни хавфли дейишмоқда, шу ростми?

Ислом дийни бу ҳақида нима дейди?

Шундоқ ҳам вақтим етишмаётган бир пайтда аллақаёқдаги ГМО ҳақида билишим шартми?

Бизнингча, ҳа, биродари азиз. Агар истеъмол қилаётган луқмангизга бефарқ бўлмасангиз, ГМО ҳақида хабардор бўлишингиз фойдадан ҳоли бўлмайди, деб ишонамиз. Мазкур мақолани ўқиб чиққач, ўзингиз бунга амин бўласиз, деган умиддамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу мақоламизни барчамиз учун манфаатли қилсин! Омийн!

Шундай қилиб, ГМО нима? У қандай етиштирилади?

 Аслида, генетик модификация ишлари нафақат озиқ-овқат саноатида, балки бошқа соҳаларда ҳам тобора кенг қулоч ёзмоқда. Ушбу мақоламизда биз сиз билан ирсият муҳандислигининг айнан озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни ишлаб чиқариш соҳасидаги аралашувига тўхталамиз.

Ҳозирги вақтда тобора кенг ёйилиб бораётган “ГМО” аббревиатурасини тилимизда “генетик модификацияланган организм” (“ирсий ўзгартирилган организм”) деб айтсак, муболаға бўлмайди. Инглиз тилида ҳам ирсият муҳандислигининг мазкур кашфиёти “genetically modified organism” деб номланади ва унинг иштирокида тайёрланадиган ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулоти “GM Food” дейилади. Рус тилида ҳам ҳудди шундай: “ГМО” (“генетически модифицированный организм”) ва уни қўшиб тайёрланадиган маҳсулотлар – “ГМ продукт” деб аталади.

Нима бўлганда ҳам, шуни билишимиз керакки, “ГМО”, “ГМ”, “GM Food” ва “ГМП” қисқартмаларининг барчаси табиий шароитларда ўзидан ўзи мавжуд бўлмаган ва генетик тузилишига инсон аралашуви натижасида муайян ўзгартиришлар киритилган ўсимлик ва ҳайвонлардан тайёрланган озуқа ва озиқ-овқат маҳсулотларини англатади.

ГМО ўсимлик ёки ҳайвонларнинг ДНКсига бегона генни “кўчириб ўрнатиш”, “пайванд қилиш” орқали етиштирилади ва, бунинг натижасида, трансген маҳсулотлар пайдо бўлади. Ген инженериясининг бундай аралашуви ўша ўсимлик ёки ҳайвонларнинг табиий хусусиятлари, етилиш (пишиш) даври ва ўлчамларининг ўзгаришига олиб келади.

Генетик модификация қилинган илк трансген маҳсулотлар ўтган асрнинг 80-йилларида АҚШдаги “Монсанто” ҳарбий компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Бугунги кунда дунё бўйлаб 100 дан ортиқ ГМ ўсимликлар, ўнлаб ҳайвон ва парранда турлари етиштирилмоқда, улардан эса инсон истеъмоли учун ирсий ўзгартирилган озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланмоқда.

Умуман данаги йўқ тарвузлар ҳақида эшитгандирсиз? Қип-қизил ва усти буткул силлиқ картошка ҳақида-чи? Генетик ўзгартирилган гуруч ҳақида ҳам билмайсизми? Наҳотки, уруғидан ҳосил бермайдиган бодринг, помидор, булғор қалампири каби кўплаб савбзавотларни учратмаган бўлсангиз? Ҳеч бўлмаганда, болаларимиз севиб танаввул қиладиган колбаса ва сосискалардаги гўшт ўрнини босаётган ирсий модификацияланган соя ҳақида биларсиз? Турли шоколадлар ва бошқа ширинликлар, кетчуп ва майонезлар, ҳар хил ичимликлар, тез тайёр бўладиган “шўрва” ва “лағмон”лар, овқатга “ўзгача таъм” берувчи “зираворлар” ва кундалик эҳтиёжимиздаги юзлаб бошқа маҳсулотлар таркибига ГМО қўшилишини билмасмидингиз, ахир?

Бунга ишониш қийин. Бундай маҳсулотларни ҳали-бери учратмаган ёки истеъмол қилмаган бўлсангиз, сиз ё узоқ тоғли ҳудудда истиқомат қиласиз, ё ГМО таъқиқланган мамлакатда яшайсиз, ёки, шунинг эҳтимоли кўпроқки, бундай нарсаларга эътибор бермагансиз ҳали. Сизни ҳам тушуниш мумкин. Сиз қишлоқ хўжалиги ёки озиқ-овқат саноати соҳасига алоқадор бўлмаслигингиз мумкин-ку. Ҳеч ҳам хижолат бўлманг, аслида ўша “мана, ман” деган фермерлару, озиқ-овқат маҳсулотларини атрофлича текширмай, ҳеч бир иккиланишсиз “100% ҳалол”, “ишончли маҳсулот”, “сифати кафолатланади” деб ишлаб чиқараётган “тадбиркорлар”, бозор ва дўконларимиздаги сотувчиларнинг кўплари ҳам ГМО тўғрисида ҳали-бери етарли даражада билишмайди ёки, билишса ҳам, лом-мим дейишмайди. Ишонмасангиз, ўзингиз буни текшириб кўринг.

 ГМО хавфлими?

 Келинг, соҳа мутахассисларининг бу ҳақидаги айрим мулоҳазалари билан танишиб чиқамиз.

Масалан, АҚШ Атроф-муҳит тиббиёт академияси берган ҳисоботга кўра, бир нечта жониворларда ўтказилган синов натижалари шундан далолат берадики, ГМО соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Хусусан, ГМОни истеъмол қилиш иммунитет тизимининг заифлашувига, қариш жараёнининг тезлашувига, инсулин ишлаб чиқариш тизимининг шикастланишига, ошқозон-ичак тизимидаги асосий органларда қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар содир бўлишига, турли бедаво дардларга сабаб бўлиши мумкин экан. Бундан ташқари, Академия мутахассисларининг таъкидлашича, ГМО репродуктив тизимга ҳам ўта салбий таъсир этади. Хусусан, синов ўтказилган сичқонлардан олинган зурриёдларнинг ўлчамлари сезиларли равишда кичрайиб кетгани, улар орасида ўлим даражасининг юқори бўлгани кузатилган, учинчи авлод сичқонлари эса насл қолдириш қобилиятини умуман йўқотган.

Россия Фанлар академиясининг А.Северцов номидаги Экология ва эволюция муаммолари институти (РФА ЭЭМИ) ҳамда Генетик хавфсизлик бўйича умуммиллий ассоциация (ГХУА) томонидан биргаликда ўтказилган тадқиқотлар ҳам ГМОнинг соғлиқ учун зарарли эканини кўрсатди. РФА ЭЭМИ директорининг ўринбосари, биология фанлари доктори Алексей Суровнинг айтишича, ирсий ўзгартирилган озуқани истеъмол қилиш наслсизлик, деградация ва мутацияга олиб келиши мумкин. Ҳозирги кунда, ГМОдан паррандачилик, чўчқачилик ва бошқа ҳайвонларни етиштиришда кенг фойдаланилмоқда. ГХУА президенти Александр Барановнинг таъкидлашича, синов учун танлаб олинган ва ГМО бериб боқилган ҳайвонларнинг эркакларида насл қолдириш қобилияти кескин пасайиб борган ва, учинчи авлодга келиб, умуман йўқолган, яъни ГМО таъсирида ҳайвонларнинг тўлиқ стерилизацияси содир бўлган. Синовда иштирок этган хомякларнинг учинчи авлоди эса мутацияга учраган – уларнинг оғиз бўшлиқларидан жун ўсиб чиққан.

Норвегия ҳукуматининг илмий масалалар бўйича маслаҳатчиси, ирсият муҳандислиги билан салкам чорак асрдан бери шуғулланиб келаётган профессор Терье Траавик ГМОнинг олдиндан билиш қийин бўлган оқибатлари ҳақида бир неча бор чиқиш қилган. Профессор Траавикнинг огоҳлантиришича, ГМ тузилмаларнинг эҳтимолий хавфи кимёвий бирикмаларнинг хавфидан анча юқори, чунки ГМ тузилмалар атроф-муҳит учун “нотаниш” бўлиб, вақт ўтиши билан парчаланиб кетмайди, аксинча, кириб олган ҳужайраларида назоратсиз тарзда кўпайиши ва мутацияга учраши мумкин. “Шу сабабли”, – дейди ген инженерияси олими, – “ГМО бўйича мустақил тадқиқотлар керак. Ростмана натижаларни олиш учун эса, бундай ўрганишларни айрим ширкатларнинг маблағи эвазига эмас, холис манбалар ҳисобидан амалга ошириш зарур”.

ГМОнинг салбий оқибатлари, шунингдек, РФАнинг Олий асаб фаолияти ва нейрофизиология институти ходимлари, Франциядаги Каен университети ва бошқа бир қатор хорижий илмий тадқиқот марказлари ва академик муассасаларнинг олимлари томонидан ҳам мустақил тарзда ўрганилган.

Жумладан, британиялик тадқиқотчилар ГМ картошка, италиялик олимлар ГМ соя, уларнинг франциялик ҳамкасблари эса ГМ жўхорининг хавфини ўрганишган, изланиш натижалари чоп этилган. Хусусан, натижалар шуни кўрсатмоқдаки, ГМОни истеъмол қилиш ҳозирда жуда кўп учраётган аллергик касалликларга ҳам олиб келади.

Трансгенга эга бўлган ДНК инсон организмига тушар экан, у ошқозон-ичак тизими орқали қонга сўрилади ва тананинг исталган қисмига бориб жойлашади. Натижада, бундай трансгенларга тўлган организм турли антибиотикларга чидамли бўлиб қолади, яъни оддий касалликларни ҳам антибиотик дорилар билан даволашнинг иложиси бўлмай қолади. Оқибатда, турли суперинфекциялар юзага келади ва тарқалади.

Мутахассисларнинг билдиришича, ГМОнинг тирик организмга бўлган салбий таъсир механизмини аниқлаш ҳозирча қийин бўлмоқда. Бироқ, шу нарса аниқки, ГМО синов ўтказилган барча жониворлар организмига жиддий шикаст етказган. ГМОнинг салбий оқибатларини эса, айни пайтда фақат бир йўл – уларни истеъмол қилишдан воз кечиш орқалигина олдини олиш мумкин, дейди мутахассислар.

Ўрганилган манбаларда қайд этилишича, бундан ўн тўрт йил аввал, яъни 2000 йилда “Жаҳон олимларининг ирсият муҳандислиги хавфи тўғрисидаги баёноти”, шунингдек жаҳоннинг 84 мамлакатидан 828 нафар олим имзо чеккан “Олимларнинг ГМОга оид очиқ хати (барча давлат ҳукуматларига)” эълон қилинган эди. Бироқ, мазкур ҳужжатларга етарли даражада эътибор қилишмади ёки шундай қилишни хоҳлашмади.

Соҳа вакилларининг хавотир билдиришича, ҳозирги вақтда ГМОнинг салбий оқибатлари бўйича етарли даражада изланишлар ва тадқиқотлар ўтказилмаяпти. Бундан ГМ маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлар манфаатдордирлар. Шунинг учун, ГМО ширкатлари бунга қаттиқ қаршилик кўрсатмоқдалар ёҳуд илмий изланишларни ҳам ўз манфаатлари томон буриб юбормоқдалар.

Айрим кишиларнинг фикрларига кўра, илгари кўп бўлган ҳашаротлар, масалан сувараклар, ариларнинг айрим турлари, шу жумладан асаларилар ҳам, ГМ ўсимлик ва ҳайвонларнинг таъсирида йўқ бўлиб кетмоқда. Аҳвол шу зайлда давом этса, инсониятга ҳеч қандай хавф йўқ, деб ким бемалол айта олади?!

Албатта, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг нави ва наслини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган селекция тадбирлари билан уларнинг геномини буткул ўзгартириб юбориш ўртасида жуда катта фарқ бор. Селекция воситасида бир-бирига яқин, турдош бўлган организмлардан гибрид олинса, ирсият муҳандислиги орқали бир-биридан табиатан фарқ қилувчи “бегона” генлар трансплантацияси амалга оширилади ва, шу йўсин, трансгенга эга бўлган ГМО олинади.

Мисол учун, турли картошка навларини чатиштириш вақт синовидан ўтган ва хавфсиз ҳисобланади. Бунда ўсимликнинг асосий геноми ўзгармайди, яъни унинг отаси ҳам картошка, онаси ҳам картошка. Бироқ, генетик модификация ёрдамида, масалан, картошкани олма, балиқ ёки чўчқа билан “чатиштиришади”. Бунинг устига, бундай ирсий ўзгартиришларнинг салбий оқибатлари охиригача ўрганилмаган.

Сиз табиий шароитларда ҳайвонларнинг айрим турлари ўзаро чатишадику, деб айтишингиз мумкин. Масалан, от ва эшак, шер ва йўлбарс, товуқ ва фазан ва ҳоказо. Бироқ, улардан туғилган чатишган жонзот насл қолдиргани ҳақида эшитганмисиз?! Биз эшитмаганмиз. Чунки, табиатнинг ўзи бундай ҳолат давом этиши, натижада эса, бутун борлиқдаги ўсимлик ва ҳайвонларнинг турлари буткул ўзгариб, тартиб бузилиб кетишига йўл қўймайди.

 ГМО қарамликни келтириб чиқарадими?

 Сир эмас, таркибида ГМО бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш орқасидан қатор компаниялар жуда катта даромад олишади. Зеро, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш ишлари нисбатан анча арзонга тушади ва қатор қулайликларга эга. Хусусан, ГМО маҳсулотлари ҳар хил зараркунандалар ва касалликларга чидамли ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида етиштирилган бундай мева ва сабзавотларни ҳеч бир сарф-харажатсиз ҳафталаб, ҳаттоки ойлаб сақлаш мумкин. (Бугунги кунда бозорларимиздан сотиб олаётганимиз яна ўша помидорлар, булғори қалампирлари, қулупнайлар каби маҳсулотларни бир эсланг-а!). Трансген маҳсулотларнинг хавфсизлигини текшириш аксарият ҳолларда уларни ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан амалга оширилаётгани сабабли, бундай ўрганиш ва тадқиқотларнинг натижаларини тўғри ва холис дейиш – мушкул масала. Шунинг учун ҳам, ГМОнинг хавфи ҳақида бонг ураётган мутахассис ва олимларнинг фикрларини эшитмаяптилар, аниқроғи, эшитишни хоҳламаяптилар.

Одатда, фермерлар ГМ уруғларни сотиб олар эканлар, ўзаро тузилган шартномага кўра бундай уруғларни бошқа бировга бермаслик мажбуриятини оладилар. Бундай уруғлар атрофлича ўрганилмасдан туриб, ерга тушади ва, қарабсизки, дастурхонларимизда бирин-кетин янги ва янги ГМО маҳсулотлари пайдо бўлаверади. Фермерлар эса ГМ ўсимликларнинг уруғларини йиғиштириб олмайдилар, чунки уларнинг уруғи униб чиқмайди. Ҳа, тўғри эшитдингиз, ГМО насл қолдирмайди! Навбатдаги мавсум экини учун эса фермерлар ўша ширкатларга қайта ва қайта мурожаат қилишга ва улардан фалон пулга уруғ сотиб олишга мажбур бўлиб қоладилар. ГМ ўсимликлар ўз даласида тинч ўсса ҳам майлига, бироқ улар қўшни экинзорлардаги ўсимликлар ва ён-атрофдаги дарахтларга ҳам салбий таъсир этадилар. Ҳашаротлар воситасида кечадиган ўзаро чанглатиш натижасида одатий экинлар ҳам трансген бўлиб қолиши мумкин экан.

Ҳозирда ГМ ўсимликларнинг уруғини тайёрлаш ва уларни етиштириш бўйича АҚШнинг жаҳонда етакчилик қилаётган “Монсанто” компанияси “орадан 10-15 йил ўтиб сайёрамиздаги барча уруғлар трансген бўлиши”ни таъкидлаган. Мазкур ширкат ушбу мақсад сари зўр бериб ҳаракат қилаётганини кузатиш мумкин. Агар шундай бўлса, ГМ уруғларни ишлаб чиқарувчи трансмиллий корпорациялар жаҳоннинг исталган нуқтасига “уруғ ҳужуми”ни уюштириши ва у ерда очлик келтириб чиқариши мумкин. Бунинг учун, ГМ уруғларни сотмай қўйса, бас.

 ГМОнинг фойдаси ҳам бордир ахир?

 Озиқ-овқат саноати соҳасида трансгенлардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаётганларнинг даъволарига кўра, ГМО турли касалликлар ва зараркунандаларга чидамли, серҳосил ҳамда кўзни қувонтирадиган даражада чиройли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини, сердаромад чорва ва паррандаларни етиштириш, янада аниқроқ айтганда, сайёрамизнинг тобора ортиб бораётган аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган тал