Туркиялик шифокор юзлаб африкаликларни бепул даволайди

Туркиялик шифокор юзлаб африкаликларни бепул даволайди

2008 йилда дўстлари билан Африкага илк марта сафар қилган туркиялик шифокор Серҳат Онур энди бу ерга қайтишга уни ҳеч нима мажбур қилмаслигини айтганди.
Бироқ шундан кейин шифокор Ернинг энг иссиқ бу қитъасига яна 23 маротаба келди, юздан ошиқ жарроҳлик амалиётларини ўтказди ва маҳаллий аҳоли учун қаҳрамонга айланди, деб ёзади Yeni Şafak.
Хўш, турк шифокорини у ерга қайтишга нима мажбур қилди? Серҳат ўз юртида давлат шифохонасида уролог бўлиб ишларди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича кўнгиллилар ташкилоти комиссиясининг раҳбари эди.

Бундан 10 йил аввал Онур дўстлари билан экзотик саёҳатга чиқиб, Африкага борди, у ерда фавқулодда ноқулайликларни бошдан кечирди. Бироқ маҳаллий аҳоли билан танишиб, ҳаёт тарзини ўрганиб, муаммоларига дуч келган Серҳат нафақат у ерни тарк эта олмаслигини сезди, бу одамларга астойидил ёрдам беришга киришиб ҳам кетди.
«Африкага нисбатан ўзига хос муҳаббатим бор. Кўзларида миннатдорлик тўла болалар, уларнинг ота-оналари томонидан изҳор этиладиган ҳурмат ва шон-шараф, буларнинг барчаси мени бу юртга шу қадар боғладики, энди улардан ажралолмайман», дейди доктор Онур.
У аввалига Африкага таътил пайти сафар қиларди, кейин эса касалхонадан йилнинг ҳар қандай вақтида у ерга бориши учун рухсат берилди. Турклар бу ерга энди келган пайтлари маҳаллий аҳоли уларга анча эҳтиёткорлик билан қарашди, масофа сақлаб туришди. Бироқ вақт ўтиб, африкаликлар янги дўстлари билан яқинлашиб  кетишди.
Шифокор ўз ватанида ишлаш осонроқ эканини эътироф этади: беморлар навбат билан, белгиланган вақтда келишади. Африкада эса шифокорлар анча қизғин муҳитда ишлашлари керак: тиббий ёрдамга муҳтож одамлар кўп, баъзилари врач қабулига кириш учун 100 километрлаб пиёда юриб келадилар, аввалдан қабулга ёзилмайдилар. Онур фаолият юритадиган ҳудудда, Африка қитъасининг кўплаб минтақаларида бўлгани каби, шаҳар автомобиллари деярли йўқ. Одамлар йўлкирага ҳам пул тополмайдилар.
Туркиялик шифокор Африкада 150 дан ортиқ бепул жарроҳлик амалиётини ўтказди. Шу билан бирга, Серҳат ва унинг ҳамкасблари бир меҳнат сафари давомида анча ишни амалга оширадилар –  Туркияда бунча ишни 6 ой давомида бажаришлари мумкин эди.
Онур бу билан кифояланишни истамайди, чунки ҳали даволанишга муҳтож одамлар жуда кўп. Серҳат ўзига таниш мутахассисларни Африка халқига ёрдам беришга чорлайди. «Парвардигорнинг мадади билан бу иш мендан кейин ҳам давом этади» – дейди у.

back to top