“Роҳинжа” футбол клуби тузилди

Мянмалик қочқинлар Малайзияда ўз футбол жамоасини тузди ва энди майдондаги ўйинлари билан ватанларидаги аҳволга халқаро жамоатчилик эътиборини тормоқчи, деб ёзади Haksöz Haber.

Роҳинжа мусулмонлар бир неча йиллар аввал Мянмадаги тазйиқлардан қочиб Куала-Лумпурга келганди. 2015 йил араконлик спортчилар “Роҳинжа” номли футбол клубини ташкил этишди. Тўртинчи йилдирки, руҳинжа мусулмонлар маҳаллий турнир ва матчларда қатнашиб, халқаро даражага чиқишга яқинлашиб келмоқда.
Клуб асосчиси ва етакчиси Муҳаммад Нурнинг айтишича, ушбу спорт ташкилотини тузиш ишларини 2014 йилда бошлаган. “Жамоамиз барча роҳинжа мусулмонларининг овози сифатида ташкил этилган, шунингдек, араконликлар ҳам муваффақиятга эришиши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчимиз. Шу пайтгача халқимиз ҳақида фақат қайғули хабарлар тарқади, энди одамлар роҳинжалар ҳақида яхши хабарларни ҳам эшитишади”, деди Муҳаммад Нур ва мянмалик қочқинлар Канада, Австралия ҳамда Ирландияда ҳам шундай жамоалар тузишганини эслатиб ўтди. Келажакда бу жамоаларнинг энг яхши ўйинчиларидан терма жамоа тузиш режаси бор.
Ҳозир спортчилар машғулотлар учун майдонни ижарага олиб, матчларга жиддий тайёрланмоқда. Улар 2019 йил Осиё кубоги ўйинларида ва 2020 йили бўлиб ўтадиган тан олинмаган давлатлар жамоалари ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

back to top