“Hilol-Nashr” нашриёти “Китоб байрами”да иштирок этди
- Written by Administrator
Инсон ҳаётида шундай кунлар бўладики, бир умр ёдингдан чиқмайди. Кўпчилик учун ана шундай унутилмас кунлардан бири кеча 22 май куни бўлиб ўтди. Гап шундаки, шу кунларда, яъни 22-23 май кунлари республикамизнинг барча вилоятлари марказларида ҳамда Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида "Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор" шиори остида Республика "Китоб байрами" ўтказилмоқда. Мазкур хайрли тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот маркази ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан ташкил этилди.
Мамлакатимизда "Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор" шиори остида ўтказиб келинаётган Республика "Китоб байрами" чин маънода ёш авлод маънавиятини юксалтиришга қаратилаётган катта эътибор намунасидир. Китоб байрами муносабати билан Ғофур Ғулом боғига йиғилганлар бу ерда мамлакатимизда фаолият юритаётган деярли барча нашриётларда чоп этилаётган янги-янги китоблар билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Аниқроқ тасаввур ҳосил бўлиши учун айтиш мумкинки, ҳар йили Республика нашриётлари томонидан 2 мингдан зиёд номдаги, умумий адади 40 млн. нусхадан ортиқ турли китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда.
Хусусан, “Hilol-Nashr” нашриёти ҳам китоб байрамида иштирок этиб, нашриётимиз томонидан чоп этилган янги китобларни илму маърифат эгаллаш ниятида юрган китоб ихлосмандларига намойиш этди. Жумладан, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ёзилган “Тафсири Ҳилол” тафсири ва унинг русча таржимаси, “Ҳадис ва ҳаёт” туркумида чоп этилаётган китоблар ва уларнинг русча таржималари, “Олтин силсила” туркумида чоп этилаётган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг 1, 2, 3 ва 4-жилдлари, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Самарқанднинг сара уламолари”, “Навоийдан чу топқайлар навое” китоби каби кейинги йилларда нашриёт томонидан нашрга тайёрланган 30 дан ортиқ номдаги янги китоблар илму зиё ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, нашриёт томонидан нашрга тайёрланган китоблар каталоги ва кичик ҳажмдаги китоблардан байрам иштирокчиларига совға қилинди.
Китоб байрамига ташриф буюрганлар орасида зиёлилар, шоиру ёзувчилар, журналистлар, ўқитувчию шифокорлар, мактаб ва лицей ўқувчилари, коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари қўйингки, каттаю кичик ёшдаги минглаб китобсеварлар, китоб ихлосмандларини учратиш мумкин. Барчанинг юзида табассум, барча бирдек хурсанд. Тасаввур қилиб кўринг-а, сиз ёшликдан севиб ўқиган, улар билан дунёқарашингиз шаклланган, қайта-қайта ўқигингиз келадиган севимли китобларингиз оламига тушиб қолсангиз қандай хурсанд бўласиз. Атрофингиз тўла китоб ва китобсеварлар, ўзингизни эртаклардагидек яхшиликлар оламига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Шундай бўлгач, сиз қувонмай ким қувонсин!
Байрам доирасида китобхонлар ва адиблар ўртасида бевосита мулоқотлар, байрамга таклиф этилган адиб ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, мушоиралар ташкил этилади. “Китоб байрами” доирасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ижодий учрашувлари ҳамда “Китобдан яхши дўст бўлмас”, “Мўъжиза эмасдир фалакда офтоб, мўжиза аслида беминнат китоб”, “Одамийлик китобга бўлган эҳтиромдан бошланади”, “Китобга меҳр қўйсангиз, у сизни албатта муносиб тақдирлайди”, “Китоб – энг яхши совға” мавзуларида интеллектуал викториналар ҳам ўтказилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай китоб байрамлари халқимиз, хусусан, ёшларимиз орасида китобга бўлган муҳаббат ва ошноликни ошириш ҳамда эзгу ният-мақсадлар учун хизмат қилади. Айтиш жоизки, китобсевар халқ илмли бўлади, илму маърифати юксак халқ эса буюк келажак қура олади.
Ёрқинжон Ҳайдаров







