“Ҳилол-нашр” китоб фестивалида иштирок этди

“Ҳилол-нашр” китоб фестивалида иштирок этди

2014 йилнинг 18-19 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги” шиори остида «Болалар китоби» Республика фестивали бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Республика Маънавият тарғибот маркази, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилди.

Тадбир ташкилотчиларининг хабарларида мазкур “фестивалдан кўзланган асосий мақсад мустақиллик йилларида адабиёт, маданият ва ноширлик соҳаларида қўлга киритилган ютуқ ва марраларимизнинг маъно-моҳиятини ҳамда болалар адабиётини ривожлантириш, фарзандларимиз маънавиятини юксалтиришга, қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашга давлат даражасида берилаётган эътиборни кенг жамоатчиликка етказиш. Ўсиб келаётган авлодни миллий мустақиллик ғоялари ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенгайтириш, ёшларнинг миллий адабиётга бўлган қизиқишини, китобга бўлган ҳурматини ошириш ҳамда китобхонлик ва мутолаа маданиятини янада шакллантириб боришга ҳисса қўшиш” эканлиги айтилади.
Ёш авлодни нафақат жисмонан, шу билан бирга маънавий жиҳатдан ҳам етук ва баркамол қилиб тарбиялаш йўлида амалга оширилган бу хайрли тадбирда республикамизда фаолият юритаётган кўплаб нашриётлар қаторида “Ҳилол-нашр” нашриёти ҳам фаол иштирок этди. Фестивалда нашриётимиз кичик ёшдаги болалар, ўсмирлар ва ота-оналарга мўлжаллаб чоп этилган асарларни китобхонлар эътиборига ҳавола этди. Хусусан, турли ранглардаги қизиқарли суратлар билан безатилган “Sanoq sonlar suhbati”, “Egri va to‘g’ri”, “Cho‘kib ketgan ko‘za”, “Muqbil toshotar” kitobchalari болажонларнинг эътиборини тортди ва уларда катта қизиқиш уйғотди. Болаларнинг китобга, ўқишга бўлган қизиқиш ва иштиёқи уларнинг қувончга тўла кўзларидан кўриниб турарди. Ранг-баранг китобларнинг кўплигидан шошиб қолган болаларнинг қизиқувчанлик билан ҳамма китобларни бир-бир варақлаб чиқишларини кузатар экансан завқланиб кетасан киши. 
Ўсмир ёшдаги болалар ва ота-оналар учун мўлжалланган асарлар орасида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Соғлом бола»,  «Бахтиёр оила», «Яхшилик ва силаи раҳм», «Иймон», «Одоблар хазинаси» (Ал-адаб ал-муфрад китобининг шарҳи),  «Самарқанднинг сара уламолари»,  «Мўминнинг меърожи» номли китоблари, шунингдек буюк бобокалонимиз имом Бухорийнинг «Олтин силсила» туркумида чоп этилаётган  «Саҳиҳул Бухорий» китобининг 4 та жузи ҳам китобсеварлар эътиборига ҳавола этилди. 
Бундай китоб байрамлари бу кўҳна дунёнинг ажойиботларини ҳамда инсон ички оламининг сиру синоатларини эндигина таниб бораётган болаларнинг мурғак қалбига эзгулик уруғини сепиши бор гап. Китоблар инсонни фақат эзгулик ва яхши амаллар сари етаклаши ҳақида кўп гапирилади. Бироқ миллат болаларини китобхон, китобсевар қилиб тарбиялаш ана шу миллатнинг эртаси қандай бўлишини белгилаб берувчи муҳим омиллардан эканига ҳамма ҳам жиддий қарамайди. Ваҳоланки, шиддат билан ривожланиб, ҳам иқтисодий, ҳам маданий жиҳатдан, шу билан бирга замонавий технологиялар нуқтаи назаридан ҳам глобаллашиб бораётган дунёда ўз қадриятларию эътиқодига эга миллат сифатида яшаб қолиш, айни пайтда дунё билан тенгма-тенг ривожланиш учун китоб ўқиш, илм-фанга қизиқиш белгиловчи омиллардан экани кундек равшан. Шундай экан, китобга ошноликка тарғиб қилувчи бу каби китоб байрамлари дунёда ўз ўрнини топиш учун жидду-жаҳд билан ҳаракат қилаётган ватанимиз, хусусан, миллатимизнинг ҳар бир вакили учун ўта муҳим аҳамият касб этади. 
Ҳар доим фақат яхши китоблару яхши инсонлар ҳамроҳингиз, ҳамсуҳбатингиз бўлсин, азиз китобхон! 

Ёрқинжон Ҳайдаров

back to top