«Саҳиҳи Бухорий»нинг таҳрири тугади

«Саҳиҳи Бухорий»нинг таҳрири тугади

Маълумки, ҳижрий 1431 йилнинг 3-Рамазонида, чоршанба куни мамлакатимизда илк марта «Олтин силсила» рукни остида «саҳиҳ тўққизталик»ка кирувчи ҳадислар тўпламини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этишга киришилган эди. «Олтин силсила» ўз аҳамиятига кўра нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ҳамдўстлик мамлакатларида илк бор амалга оширилаётган улкан илмий иш бўлиб, оламшумул аҳамиятга эгадир. Бундай йирик тадқиқот нафақат ўзбек халқи учун, балки дунё аҳолисининг аксар қисми учун улкан бир янгилик ҳисобланади.

«Олтин силсила» рукни остида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини халқимизга етказиш учун ўша китоблар ичидан энг мўътабар саналган, кўпчилик томонидан саҳиҳ, ишончли деб эътироф этилган тўққиз ҳадис тўпламини танлаб олинди. Уларнинг бошида Ислом уммати қадимдан эътироф қилиб келаётган энг мўътабар олти ҳадис китоби ўрин олган. Қолган уч ўринга мазкур олтиликнинг олтинчи ўрнига даъвогарлик қилган ҳадис китоблари танланди. Бу тўққизта китоб ҳадис уламолари орасида «Саҳиҳ тўққизталик» деб ҳам юритилади. Улар қуйидагилардир:
1. «Саҳиҳул-Бухорий» (7563 та ҳадис).
2. «Саҳиҳи Муслим» (7479 та ҳадис).
3. «Сунани Абу Довуд» (5274 та ҳадис).
4. «Жомеъи Термизий» (3956 та ҳадис).
5. «Мужтабои Насаий» (5758 та ҳадис).
6. «Сунани Ибн Можа» (4341 та ҳадис).
7. «Муваттои Молик» (1843 та ҳадис).
8. «Сунани Доримий» (3465 та ҳадис),
9. «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» (7096 та ҳадис). 
Баъзи манбаларда «Саҳиҳ тўққизталик»нинг тўққизинчи китоби сифатида «Муснади Аҳмад» ҳам кўрсатилади.
Бу китобларнинг биринчи олтитаси энг саҳиҳ ва санади олий ҳадис китобларидир. Булар Ислом уммати ичида катта шуҳрат топган олти асл китоблардир. Ислом уммати уларни бир овоздан ҳадиси шарифларни жамлаш борасидаги энг саҳиҳ ва мўътабар китоблар деб эътироф этган, чунки улар шариатдаги энг асосий ва энг қимматли маълумотларни ўзида жамлагандир. Балки имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳи таъкидлаганидек, «Шариатнинг барчаси шулардир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда оз ҳадисларигина ушбу олтита асл китобдан четда қолган. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, бу китоблар инсон икки дунё саодатига эришиши учун муҳтож бўладиган нарсаларни ўз ичига олгандир.
Мазкур олти ҳадис китобларига қўшилган кейинги уч китоб ҳам улардан қолишмайди. Бу уч китобдан ҳар бири олти саҳиҳ китоб ичидан жой олишга ҳақли эканини кўпчилик уламолар таъкидлашган. Улар ўзларидан олдинги олти китобни қўллаб, қўшимчалар билан тўлдиради.
Орадан икки йил ўтиб  ушбу китобларнинг биринчи жилди – Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китобларининг биринчи жилди ўқувчилар қўлига тегди. Ҳозиргача саккиз жилдли «Саҳиҳи Бухорий»нинг бешинчи жилди нашр этилди. Ҳижрий 1436 йил робиъус-соний ойининг 15-чоршанба куни (милодий 2015 йил 4 февраль) «Саҳиҳи Бухорий»нинг араб тилидан ўзбек тилига ўгирилиши якунлагани муносабати билан хатмона бўлиб ўтди. Шу муносабат билан сўзга чиққан давримизнинг атоқли уламоларидан, ушбу йирик илмий лойиҳанинг раҳбари ва масъул муҳаррири шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари саккиз жилдли шоҳ асарнинг таржима ва таҳрир ишлари мувафаққиятли якунлангани билан таржимонлар, илмий муҳаррирлар, адабий муҳаррирлар, матбаачи ва ноширлар, бошқа барча ижодий ва техник ходимларни  қизғин қутладилар ва уларнинг келгусидаги ишларига ривож ва зафарлар тилаб, хайрли дуолар қилдилар.

«САҲИҲИ МУСЛИМ»НИНГ ТАҲРИРИ БОШЛАНДИ

 Ҳижрий 1436 йил робиъус-соний ойининг 15-чоршанба куни (милодий 2015 йил 4 февраль) «Олтин силсила» таркибига кирувчи яна бир муҳим китоб – «Саҳиҳи Муслим» ҳадислар тўпламини араб тилидан ўзбекчага ўгириш ишлари бошлаб юборилди. Шу муносабат билан гапирган «Олтин силсила» лойиҳаси раҳбари ва масъул муҳаррири шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу лойиҳа ишларида қатнашаётган барча ижодий ва техник ходимларни янги ҳадис тўпламларини нашр этишга киришилгани билан қизҳин муборакбод қилдилар ва уларнинг ишларига катта ютуқлар тилаб, дуойи хайрлар қилдилар. Шу куни барча таржимонлар ва муҳаррирлар иштирокида «Саҳиҳи Муслим»нинг «Муқаддима»си ва бир неча ҳадислари биргаликда таҳрирдан ўтказилди.

back to top