"Islom.uz-1437" танлови бошланди

"Islom.uz-1437" танлови бошланди

Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм!
«…Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар». 
(«Мутоффифун» сураси, 26-оят)

Бандаларини икки дунё саодати йўлида, хайрли амалларда мусобақалашишга тарғиб қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У Зотнинг жалоли ва азаматига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Бахтиёр умматларига Аллоҳнинг дини ва каломини етказиб, рушду ҳидоят йўлини шахсий ибрат қилиб кўрсатган Пайғамбаримиз ҳазрати Росулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломларимиз бўлсин!
Порталимизнинг азиз мухлислари!

«Ислом.Уз» порталингиз анъанавий «Ислом.Уз-1437» танлови бошланганини мамнуният билан маълум қилади.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳларимизга, улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш шиори остида бир неча йилдан буён ўтказилиб, хайрли анъанага айланган навбатдаги ИСЛОМ.УЗ-1437 танлови очиқ деб эълон қилинади.

Маълумингизким, танловимизнинг мақсади буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиш, динимизнинг таълимотларини, халқимизнинг бой маънавий-маърифий ва адабий-бадиий меросини, иймон нурига йўғрилган фазилатларини халқаро ахборот тармоқларида, ўзбекзабон интернет сарҳадларида тарғиб қилиш, ёшларнинг Ватанимиз тарихи, бугуни ва эртаси олдидаги маъсулиятини ошириш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш ва зарарли таъсирлардан ҳимоялашга, уларни илм маърифатга, янгиликка, замонавий илғор технологиялар билан танишишга тарғиб қилиш, келажак авлодни муносиб тарбиялашдан иборатдир. 

Танловга тақдим қилинадиган асарларнинг жанри ва йўналиши чекланмаган бўлиб, адабий-бадиий (насрий, шеърий асарлар, публицистик мақола, очерк, репортажлар, сценарийлар), тасвирий (фото, графика, хаттотлик, тасвирий санъат асарлари), мультимедиа (интерактив мультимедиа дастурлар, аудио, видео, 2D ва 3D анимация, интернет сайтлар), таржима (хорижий тиллардан ўзбек тилига ёки ўзбек тилидан хорижий тилларга таржима қилинган маънавий-маърифий асарлар), сийрат (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, аҳли байт, асҳоби киром ҳамда тобеъинлар ҳаётига ҳамда Ислом тарихига оид асарлар) ва бошқа ихтиёрий йўналишлардаги асарлар тақдим қилиниши мумкин:
Танловга тақдим этиладиган асарларда Ислом тарихи, илм-фан, маданият ва санъатига бағишланган мавзулар ёритилиши, хусусан, диёримизнинг, буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг Ислом умматининг равнақига қўшган улкан ҳиссаси акс эттирилиши, халқимизнинг маънавий-руҳий қиёфаси, Ўзбекистоннинг инсоният тарихида ва бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ёритиб берилиши, халқимизнинг маънавий-руҳий қиёфаси, бой маданий ва маърифий мероси, бугуни ва эртаси ифодалаб берилиши мақсадга мувофиқдир. 
Шу билан бирга бу йилги танловимизга Хазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳақларидаги хотира ва у зотнинг китобларини бошқа тилларга таржима қилиш(таржима қилинмоқчи бўлган китобни портал мутасаддилари билан маслаҳатлашиб олиш шарт) йўналиши ҳам қўшилганини билдириб ўтамиз.
Иштирокчиларнинг яшаш жойи, миллати, дини, жинси, ёши, савия ва малакаси, шунингдек, танловга юбориладиган асарларни тайёрлаш воситалари чегараланмайди (асарлар анъанавий ва электрон тасвир воситаларида тайёрланиши мумкин).
Юборилган электрон репродукциялар рўйхати islom.uz сайтида маълум қилиб борилади.
Электрон репродукциялар юбориш учун манзил: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
Сайтда берилган репродукцияларга ҳакамлар ҳайъати ҳамда интернет фойдаланувчилари томонидан баҳо берилади. Энг юқори баҳо берилган асарлар ўз мезонлари бўйича танлов ғолиблари деб топилади ҳамда муаллифларга қимматбаҳо совринлар топширилади.

Танлов 2016 йилнинг 10 декабрига қадар давом этади.

Танловда иштирок этиш учун 2016 йил 10 декабрга қадар интернетдаги ушбу манзилга кириб, асарни у ерга юбориш кифоя.

Танловда иштирок этадиган файллар 2016 йил 10 декабргача қабул қилинади. Тақдим этилган асарлар порталга ташриф буюрадиган барча мухлислар эътиборига ҳавола этилиб, баҳоланади. Якуний баҳолар ҳакамлар ҳайъати томонидан қўйилиб, иншааллоҳ, 2016 йил  декабр ойи, Ҳижрий 1438 йил Робиъул аввал ойида эълон қилинади.

Марҳамат, танловда иштирок этинг ва ғолиб бўлинг!

back to top