«Ҳилол нашр» Кореяда
- Written by Administrator
 
 
															
						2016 йил 28 май куни Кореяда «Air one» ширкати ходимлари ва ўзбек мухлислар Ўзбекистондан борган «Ҳилол нашр» нашриёти гуруҳини қизғин кутиб олдилар.
Қизғин кутиб олинган ушбу гуруҳ «Ҳилол нашр» нашриётининг директори Исмоил Муҳаммад Содиқ, «Тўхтабой» масжидининг имом хатиб Исҳоқжон Муҳаммад, «Хўжа Аламбардор» масжиди имом ноиби Ҳусайнхон Яҳё ва нашриётнинг баъзи ходимларидан ташкил топган.
Бу меҳмонлар Сеул шаҳридаги «Ҳилол нашр» номли дўконининг очилиши маросимига таклиф этилган эдилар.
Меҳмонларни Кореадаги мусулмон биродарларимиз ўзгача қувонч ва эҳтиром ила кутиб олишди. Ташрифнинг кириш қисмида Сеул марказий масжидида ҳамма бирга жамоат бўлиб пешин намозини ўқидилар. Намоздан сўнг Ҳусайнхон Яҳё тиловат қилдилар.
Тиловатдан сўнг имом Исҳоқжон Муҳамммад суҳбатни бошладилар. Ушбу хайрли ва барокатли ишлар устида жам бўлиб турилишига сабаб бўлган Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ёдга олиб, у кишининг фазилатлари ҳақларида сўзлаб бердилар.
Сўз навбати Исмоил Муҳаммад Содиқ ҳазратларига келганида, у киши ҳам «Тафсири ҳилол» дунё юзини кўришида Ҳазратимизнинг ихлослари, саъйи ҳаракатларини мисол қилиб, сўзлаб бердилар. Шу билан бирга бошқа юртда яшовчи ватандошларга насиҳат қилиб, чиройли хулқда бўлиш кераклиги, ўзимизнинг мазҳаб ва ақидада собит туриш лозимлиги, бошқа гуруҳлар ва оқимларга қўшилишдан узоқ бўлиш зарурлиги, асосан соф Ислом ақийдаси ила собит қадам бўлиш лобудлигини таъкидладилар. Ихтилоф келтириб чиқармасликка ва унга барҳам беришга чақирдилар.
Шундан сўнг «Air one» ширкати директори Ризо Кенави сўз навбатини олиб, бундай бахтни берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтди… Имом Бухорий авлодининг ажойиб ихлосини эсга олди.
Ташриф давомида меҳмон гуруҳ ва мусофир ватандошларимиз ораларида дин хусусидаги қизиқарли савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Аср намозидан сўнг дўконнинг очилиш маросими бўлди. Ушбу дўконнинг очилишида кўмакчи бўлганларга совғалар тақдим қилинди. Китоб харид қилганларга ношир томонидан самимий тилаклар билан дастхат қўйиб берилди.
Аллоҳ таоло ўзининг розилиги йўлида барчаларимизнинг ҳамжиҳатлигимизни бардавом айласин! Зеро У Зот мўмин бандаларига хитоб қилиб: 
« Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг», дейди.
Сафарнинг иккинчи куни
Кеча хабар берганимиздек “Ҳилол нашр” нашриётининг бир гуруҳ ходимлари ва ўзбекистонлик зиёлилар 28 май куни Кореяга сафар қилишган. 29 май куни ҳам уларнинг сафарлари давом этди. «Air one» ширкати ходимлари сафарнинг иккичи кунида ўзбекистонлик меҳмонларни Сеулдан тезюрар поездларда Пусанга олиб боришди. Пусан шаҳридан эса ўзи олисда жойлашган бўлишига қарамай, деярли ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбига жуда яқин бўлган Муҳммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номларидаги масжид жойлашган Кожедо шаҳрига етиб боришди. Масжидни зиёрат қилишди. Кореядаги кўпчилик юртдошларимизни мамнун этган ҳолда Исҳоқжон домла ва Исмоил Муҳаммад Юсуфлар чиройли маърузалар қилишди, ватандошлар билан учрашув ўтказишди. Ҳамюртларимиз ўзларининг кўплаб саволларига домлалардан жавоб олишди. Шундан сўнг меҳмонларни кутиб олган «Air one» ширкати ходимлари уларни Оведо курорт оролига таклиф қилиб, гўзал саёҳат уюштиришди. Шу куниёқ оролдан қайтган нашриёт ходимлари Пусан шаҳрига қайтишди. Сеулга эса меҳмонларни Корея Ислом маркази ходими имом Зубайр кузатиб қолди. Айни шу кузатув маросимида ҳадялар алмашиниш анъанаси ҳам ўтказилди. Ана шундан сўнг меҳмонлар яна тезюрар поездларга ўтириб, Сеулга жўнаб кетишди. Сермазмун ўтган куннинг энг муҳим воқеаларидан бири эса Кожедо шаҳрида яна бир ўзбек Ватандошларнинг масжиди - “Тақво”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.








