Ёшлар Иттифоқи етакчилари «Hilol-nashr»да

Ёшлар Иттифоқи етакчилари «Hilol-nashr»да

31 май куни «Hilol-nashr» нашриётида Шайхонтуҳур туман Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда хайрли тадбир ўтказилди. Аниқроғи, Ёшлар Иттифоқининг Шайхонтуҳур туманидаги мактаб, лицей, коллежларда фаолият юритаётган 30 дан ортиқ етакчилари иштирокида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламларига мунсуб «Бахтиёр оила» китобининг тақдимоти ўтказилди. Тадбирда «Hilol-nashr» муҳаррири Озод Мунаввар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг халқимиз диний маърифатини ошириш йўлида қилган беқиёс хизматлари, «Бахтиёр оила» китобининг ёзилишига туртки бўлган омиллар, ўша йилларда жамиятимизда шундай бир китобга катта эҳтиёж пайдо бўлгани ҳақида гапириб, китобда сўз юритилган мавзулар юзасидан атрофлича маълумот берди.


Айтиш жоизки, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари жамиятимизда оила масаласини Ислом шариати нуқтаи назаридан ёритиб берадиган китобга эҳтиёж борлигини ўз вақтида пайқаб, жамиятдаги оила масаласидаги муаммоларга, хусусан, эндигина турмуш қурган ёшларнинг ҳеч қанча вақт бирга яшамай ажрашиб кетаётгани, тўйлардаги ортиқча орзу-ҳавасга берилиш натижасида келиб чиқадиган муаммолар, қайнона билан келин, келин билан куёв орасидаги муносабатлардаги келишмовчиликлар, ажрашишлар каби ўта муҳим масалалар ва уларнинг ечимини барча учун тушунарли услубда ипидан-игнасигача тушунтириб берганлар.
Шу билан бирга, тадбирда бошқа ҳар қандай ишда ва ибодатда тўғри ният қанчалик катта аҳамиятга эга бўлса, тўй қилишда, турмуш қуришда ҳам ниятни шундай тўғрилаб олиш ўта муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Ана шунда юзага келиши мумкин бўлган турли муаммолар, келишмовчилик ва тушунмовчиликларнинг кўпининг олди олиниши ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди.
Тадбир сўнгида Ёшлар Иттифоқининг Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси Жавоҳир Арслонов ҳам сўз олиб уюштирилган тадбир, мазмунли ва фойдали маъруза учун «Hilol-nashr» нашриёти ходимларига миннатдорлик билдириб, ўзаро ҳамкорликни давом эттириш истагини малум қилди. Шундан сўнг «Hilol-nashr» нашриёти ва Ёшлар Иттифоқининг Шайхонтоҳур туман кенгаши томонидан йилнинг фаол етакчиларига «Бахтиёр оила» китоби ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.

back to top