«Илм - ҳаёт зийнати»

«Илм - ҳаёт зийнати»

Муборак Рамазон ойининг энг фазилатли охирги кунларида билим маскани “GRAND TALIM” НТМ яна бир фойдали тадбир ташкил этди.

2018 йил, 6 июнь куни, соат 10.30 да «Илм - ҳаёт зийнати» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда ҳалқимиз ардоғидаги домла, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби ва “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом – хатиби  ҳурматли Одилхон қори Юнусхон ўғли ва “ GRAND TA’LIM”  НТМ биносида тингловчилар,  устоз ва  ходимлар билан учрашув бўлиб ўтди.  Тадбир ҳақида ҳикоямизни бошлашдан олдин ҳурматли Одилхон домланинг таржимаи ҳоллари билан қисқача таништирсак:

Одилхон қори Юнусхон ўғли 1977 йил 18 майда Наманган шаҳрида туғилган. Илк диний сабоқни оилада отаси Юнусхон қоридан олади ва 1997 йилда Қуръони каримни тўлиқ ёдлаб, хатмона ўтайди. 2002 йилда “Имом ал-Бухорий” номли Тошкент Ислом Институтини тамомлаган. 2000 - 2011 йилларда Шайхонтоҳур туманидаги “Фирдавс” жомеъ масжидида имом -хатиб вазифасида хизмат қилган. 2010 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом - хатиби ўринбосари. 2011 йилдан буён Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби ва “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом - хатиби.            Ҳозирда унинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида Muxlis.uz сайти фаолият юритиб келмоқда.  Матбуот ва интернет сайтларида Одилхон Юнусхон ўғлининг кўплаб  мақолалари эълон қилинган. У турли теледастурларда фаол иштирок этиб келади.

Учрашув илм ўрганиш, китоб мутолааси, қадриятларимизга эҳтиромни  тингловчиларга етказиш мақсадида амалга ошираётган учинчи  тадбир бўлиб, учрашувни муассаса директори Музаффар Саттиев кириш сўзи билан очдилар. У киши  “GRAND TALIM” НТМ номидан устозга ташриф учун миннатдорлик билдирдилар, шунингдек, бу йил 10 йиллигини нишонлаётган билим даргоҳи эришган натижалар ва келажакдаги режалар ҳақида қисқача сўзлаб бердилар. Сўнгра сўз ҳурматли меҳмон Одилхон қори Юнусхон ўғлига берилди.

    Муҳтарам домла сўзларини Қуръони каримдаги “Алақ” сурасининг илк ояти “Яратган Роббингизнинг номи билан ўқинг” ояти ила бошлаб, йиғилганларни Муборак Рамазон ойи билан самимий табрикладилар. Сўнг илм ўрганиш, билим йўлига кириш нақадар шарафли иш эканини, бу хусусда тарихда ўтган буюклар ҳаётидан таъсирли ҳикоялар сўзлаб бердилар

Шунингдек, илм ўрганиш йўлида бўладиган қийинчилик ва машаққатларга сабр ва матонат қилинсагина,  Аллоҳ таоло шунга мувофиқ барака файз ва тавфиқ насиб этажагини айтиб ўтдилар. Араб, инглиз ва  рус тилини ўрганаётган тингловчиларга қарата, хорижий  тилларни ўрганиш, улкан илмларга етишиш йўлида гўё бир кўприк эканини таъкидлаб, янада қизиқиш ва аҳамият билан изланиш зарурлигини таъкидладилар. Айниқса араб тили тарихимизни, қадриятларимизни,  муқаддас Ислом динимизни ўрганишда зарурлигини,   бу тилда суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с сўзлаган эканлари, муқаддас Қуръони карим тили бўлгани учун ҳам фазилатли эканини айтиб ўтдилар. Мавзуни давом эттириб, Одилхон домла устозларга, билим ўргатувчи ўқитувчиларга эҳтиром ва ҳурмат  кўрсатиш ниҳоятда муҳим эканини уқтириб, ўзларининг талабалик йиллари, билим олиш машаққатию сурури, ҳаловатлари ҳақида берилиб ҳикоя қилдилар.  Ҳурматли домла нутқларини якунлаганларидан сўнг хатмона қилиб, Қуръони каримдан тиловат қилинди. Устоз Одилхон қори Юнусхон ўғли дуога қўл очиб, “Парвардигоро, Рамазоннинг фазилатли соатларидаги ушбу илмий-маърифий суҳбатимиздан барчаларимизни манфаатли қилгин, ўтган барча яқинларимиз,  марҳум устозларимиз, хоссатан,  ушбу илм-маърифат, зиё даргоҳининг  асосчиси, устоз Шайх Ҳазратларини ҳақларига дуо қиламиз! Элимиз, юртимизни бунданда нурафшон қилгайсан, ажойиб инсонни юртимизга бош қилдинг, муҳтарам  Президентимизнинг элимиз, юртимиз истиқболи учун қилаётган барча хайрли ишларига ижобат бергайсан, Ватанимизни тинч ва фаровон қилгайсан” дея хайрли дуо фотиҳалар қилдилар.  Қизиқарли ва таъсирчан учрашув- суҳбат барча йиғилганларда хуш кайфият ва илиқ таассурот қолдирди. Тадбир сўнгида “GRAND TALIM”НТМ директори Музаффар Саттиев ташриф ва ажойиб суҳбат учун қори домлага ташаккур билдириб, бир нечта китоблар совға қилдилар.

back to top