Кичик танада катта қалб

Кичик танада катта қалб

Кичик танада катта қалб

Қуръони карим суралари панд-насиҳат, зарбул масал, ҳукмлар ва ўтган умматларнинг қиссаларига бой. Намл сураси улардан биридир. Сулаймон (алайҳиссалом) ва чумолилар ўртасида бўлиб ўтган ибратли воқеа суранинг айнан шундай номланишига сабаб бўлган. Аллоҳ таоло  марҳамат қилади: «То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!” – деди» (Намл, 18).

Ояти карима орқали Аллоҳ таоло жажжи махлуқотларнинг ўзига хос, ҳайратланарли хусусиятга эга қилиб яратганини билдирмоқда. Келинг ушбу митти жонзотлар ва улар устида олиб борилган текширувлар натижаси билан яқиндан танишамиз.


Огоҳ бўлинг – хатар

Имом Шаъровий ушбу ояти кариманинг тафсирида бундай маълумот келтиради: “Чумолилар ҳаёти ажойиботларга тўла. Иноқлиги ҳамда меҳнатсеварлигидан ўрнак олса арзигулик. Бу айниқса, озиқ топиш йўлидаги бирдамликда яққол сезилади. Масалан, бирон-бир овлоқ ерга озгина егулик ташланса, бироз ўтиб унинг атрофида бир неча чумоли пайдо бўлади. Озиқни олиб кетишга кучлари етмаса, шерикларини ёрдамга чақиришади. Бундан ташқари улар бир-бирини хавфдан огоҳлантиради. Масалан, ўша тўкилган егулик олдидаги чумолилардан бирини ушлаб ёки ўлдириб қуйилса, хавфдан қутилиб қолганлари бошқаларини огоҳлантиради”.


Ёлғон гапнинг чуви чиқар

Чумолига хос хусусиятлардан яна бири, ўзаро муомалада ростгўйликка қатъий риоя қилишдир. Ибн Қайюм (раҳматуллоҳи алайҳ) “Саодат ҳовлисининг калити” номли китобида воқеийбир ҳикояни келтиради: “Кенг далада турган одам қўлидаги бир бўлак ширинликни ерга ташлади. Бир зум ўтмасдан у ерда чумоли пайдо бўлди. Ширинликни олиб кетишга кучи етмагач,шерикларига хабар жўнатди. Чумолилар яқинлашганда халиги одамширинликни олиб қўйди. Ҳеч қандай озиқ тополмаган тўдадагилар,хабар берган чумолига танбеҳ бергандай бироз туриб, сўнг ортларига қайтишди. Ўша одам ширинлик бўлагини яна чумолининг олдига қуйди. У яна шерикларига хабар жўнатди. Бу ҳол қайта такрорланди. Учинчи бор келган ва ҳеч қандай озуқанинг йўқлигига ишонч ҳосил қилган жамоа ўша хабар юборган чумолига ташланиб, уни йўқ қилишди. Чумолининг уч маротаба ҳам алдагани бунга сабаб бўлган эди.

Бирдамликда ҳикмат кўп

Чумолилар бир тану жон бўлиб ҳаёт кечиришади. Сонлари қанча бўлишидан қатъи назар, фақат битта йўлакдан юришади. Агар улардан бири юролмаса ёки касал бўлиб қолса, уни кўтариб инларига олиб боришади. Хатарга учраган чумолига эса, бошқалар ёрдамга келади. Масалан, Бразилияда ўттиз минг чумолининг ўз дўстига ёрдам бериш учун қўзғалгани ҳақидаги маълумот сўзимиз исботидир. Чумолилар жамоат бўлиб ўзидан бир неча баробар катта душманга ҳам қўрқмасдан ташлана олади. Бу эса уларнинг “Куч бирликда” шиорига амал қилишларининг исботидир.

Машаққатсиз муваффақият йўқ

Тасаввур қилинг-а, агар чумолилар тўдаси кичикроқ ариқ устидан чиқди. Улардан бир қисми ҳеч иккиланмасдан ариқ узра кўприк ҳосил қилади. Бу ҳолатда баъзи чумолилар сувда оқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин иноқлик ва фидойилик сабаб тўданинг катта қисми омон қолади. Яна бир мисол. Чумолиларга ўзларидан катта ҳашарот ҳамла қилса, жамоат бўлиб бир-бирини ҳимоялайди. Бунда ҳеч бир чумолиўз жонини асраш  учун эмас, балкитўдани омон қолиш учун ҳаракат қилади.
Жессика Перселла бошчилигидаги Лозанна университети олимларининг аниқлашича, сув тошқинлари вақтида ишчи чумолилар “жонли” сол  (қайиқ) қуришади. Сол марказига она қиролича жойлашади. Личинкалар эса четдан жой олади. Солни бошқариш ишчи чумолилар зиммасига юклатилади. Бу билан лат ейишлар ва ортиқча йўқотишларнинг олди олинади.

Бекорчиликдан ақл ўтмаслашади

Бу жонзотлар митти бўлишига қарамасдан барча ишни режа асосида амалга оширади. Улар орасида бекорчиларга асло ўрин йўқ. Эрта тонгдан то кечга қадартерга ботиб меҳнат қилишади. Қоронғи тушиши билан уйга кириб ухлашади.
Улар уйларини ер устига, бир томони очиқ, иккинчи томонини эса ёпиқ қилиб қуради. Ёпиқ томони доимо шарққа, уйга кириш, яъни очиқ томони ғарбга қараган бўлади. Шунинг учун Бразилия каби чумолилар кўп учрайдиган мамлакатларда шарқ билан ғарбни аниқлаш машаққат туғдирмайди. Шунингдек, чумолилар уйларини ертўла, ётоқхона, меҳмонхона, озиқ-овқат захираси хонаси каби қисмларга ажратишган.
Кичкина деманг бизни...
Биология фанида чумолилар ўз вазнидан юз мартта оғир юкни кўтара олиши ҳақида айтилади. Огайо штати университети муҳандисларининг фикрича, чумолилар бўйин бўғими танаси вазнидан беш минг мартта оғир юкни кўтарар экан. Бу имкониятни намойиш этиш учун тадқиқотчилар чумолилар ички анатомиясининг 3D моделини ишлаб чиқдилар. Уларнинг фикрича қаттиқ ва юмшоқ тўқималар бирикмаси бу ҳашаротларнинг бўйин бўғимларининг кучли бўлишини таъминлайди. Механик ва аэрокосмик муҳандислик кафедраси доценти Карлос Кастронинг сўзига кўра, чумолилар анатомияси шунчалик ҳайратланарлики, олимлар шунга асосланиб, суперкучга эга космик роботларни яратиш устида жиддий бош қотирмоқдалар.

Тежолининг иши бежоли

Стэнфорд университети профессори, тадқиқотчи биолог олим М.Гордон илмий ҳамжамият эътиборига бир қатор қизиқарли далилларни ҳавола этди. Аризонанинг жануби-шарқий қисмидаги чўлда яшовчи чумолиларнинг ноқулай иқлим шароитида кам ҳаракат қилиб, кучини репродуктив функцияга йўналтиришини аниқлади. Ҳаракат камлиги организмидаги сувнинг захирасини иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, озиқ-овқатни тежаш учун чумолилар тўдаси бир неча кун парҳез тутишлари ҳам мумкин экан. Жамоавий бу хатти-ҳаракат наслдан-наслга ўтади.

 ... ўзингда бори ҳақида ўйла
Илмий текширув натижаси орқали итларнинг 2000000 турдаги ҳидни ажрата олиш хусусияти борлиги аниқланган. Нью-Йорк университети биология фанлари профессори Лоуренс Солсбери раҳбарлик қилган тадқиқотлар натижасида чумоли 400, парвона 52, пашша 61, чивин 74 дан 158 гача, ари 174 хил ҳидни ажрата олади. Чумолилар ҳид билиш тизимининг тўлиқ харитасини тузиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар биринчи босқичининг натижалари «PLoS Genetics» журналида чоп этилди.

Мазкур маълумотларни ўқиган ҳар бир инсон Аллоҳ таоло ушбу жажжи махлуқотларни Ўзининг ҳикмати ила яратганига амин бўлади. Чунки Қуръони каримда келган ҳар бир оят инсон учун жуда кўп панду насиҳат ва ибратга эга. Шу митти чумолилардан ҳам кўп ижобий сифатларни ўрганиш мумкин. Ҳатто уларнинг бир-бирига меҳр-оқибати, инсонларнинг иноқлигидан ҳам мустаҳкамроқдир.
Бугунги кунда баъзи давлатлардаги можаролар, инсон қони тўкилишининг асосий сабабидан бири ҳам, меҳр-муҳаббат, кечиримлилик, фазилатли ишларга кўп ҳам амал қилмаслик натижасидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яратган махлуқотларига ибрат кўзи билан қарашга доир оятларни нозил қилди.

 

“Тафсиру Шаъровий” ва интернет
матераллари асосида таёрланди.
Абдушукур МУРОДОВ
Тошкент ислом университети магистранти

back to top