Австриялик имомлар ИШИДни қоралади

Австриялик имомлар ИШИДни қоралади

Австрия Исломий Диний Бирлашмаси (АИДБ)  Вена шаҳрида “экстремизм, зўравонлик ва терроризм”га қарши декларацияни имзолади. Унда иштирок этган 300 нафар имом ИШИДни Ислом динига тушган “қора доғ” деб атади, улар мусулмонларни жамиятда фаолроқ бўлишга чақирди.

АИДБ Президенти Иброҳим Олгун ўз нутқида: “ИШИД террорчиларининг шафқатсизликлари Ислом динига бутунлай бегона, уларга қарши курашиш керак. Террорчилар гўзал ва тинчликсевар Ислом динимиздан ўзларининг сиёсий мақсадларига эришишда фойдаланмоқда. Тинчлик ва осойишталикни илгари сурувчи динда ҳеч қачон фундаменталистлар, террорчилар ва радикал хусусиятлар бўлмайди. Шафқатсиз ва золим террорчиларнинг ҳаракатлари сабаб Ислом дини дунёга ёмонотлиқ қилиб кўрсатилмоқда”, деди.

Декларацияда яна шундай дейилади: “Биз, австриялик имомлар истиқомат қилаётган давлат жамиятимизнинг ажралмас бўлаги. Шундай экан,  тинчликни сақлаш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Тинчлик, эркинлик, адолат, эркаклар ва аёллар учун ижтимоий тенглик ва хавфсизлик, бирлик, якдиллик учун курашамиз. Жамиятимизни асраш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишдан бизни ҳеч нарса тўхтата олмайди”.

Шунингдек, декларацияда Қуръони Каримдан оятлар келтирилган: «Ким бир жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзида бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади» (Моида сураси, 32-оят).

Имомларнинг ушбу ташаббусига сабаб бўлган воқеа − Австрия парламентининг ўтган ойда жамоат жойларида паранжи кийишни тақиқлагани бўлди. Бу тақиқ жорий йилнинг октябрида кучга киради. Маълумот ўрнида, Австрия давлати аҳолисининг жуда ҳам озчилик қисми ҳисобланувчи аёллар паранжи киядилар. Тақиқ бош ва бўйин қисмларини тўсиб турувчи ҳижобларга нисбатан амал қилмайди.

Бу тақиқ 2016 йили декабридаги қайта сайлов натижаларига кўра Яшиллар партияси вакили Александр Ван дер Белленга президентлик сайловларида мағлубиятга учраган Австрия Озодлик Партиясига нисбатан “пухта ўйланмай” чиқарилган қарор дея қаттиқ танқид қилинди.

2016 йилнинг баҳорида сайлов натижалари муддатидан олдин ҳисоблангани ҳамда натижаларда бир қанча тушунмовчиликлар топилгани боис улар бекор қилинган эди. Сайловнинг иккинчи турида Ван дер Беллен жаноблари 0.3 фоиз ортиқ овоз тўплаб, ғалаба қозонган эди. Озодлик партияси номзоди Норберт Хофер биринчи турда 35 фоиз овоз билан Ван дер Беллен жанобларини ортда қолдирган эди.

Австрия шу пайтгача Европадаги бошқа давлатлар каби экстремистик ҳужумларнинг қайта қурбони бўлмади. Лекин 8.7 миллион кишидан 300 нафари Сурияда фуқаролар уруши бошлангач, юртини тарк этди. Гуардиан газетасининг ёзишига кўра, бу Европадаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

 

Инглиз тилидан

Абдулатиф Иргашев

 таржимаси

back to top