Илоҳий китоб барокати

Илоҳий китоб барокати

Умрингизга, ризқингизга янада барака кириши истайсизми? Унда Қуръони Каримни ўқишни, ёдлашни канда қилманг!

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Биз нозил қилган бу Китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирадиганлар унга иймон келтирурлар. Ва улар намозларини муҳофаза қилурлар» (Анъом сураси, 92-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Аллоҳнинг Китобидан ҳатто бир ҳарфни ўқиган кимсага бир савоб ёзилади ва бу бир савобга ўн карра зиёдроқ ажр берилади. Мен “Алиф, Лам, Мим” бир ҳарф демаяпман. “Алиф − бу бир ҳарф”, “лам − бу бир ҳарф” ва “мим − бу бир ҳарф” (Термизий ривояти).

Қуръони Каримнинг ҳар бир оятининг ўзида қанча баракот яширин. Уни ўқишлик, ўқилинган оятлар устида фикр юритишлик учун вақт ажратинг. Бу фоний дунёда Қуръони Карим мўъжизанинг ўзгинаси. У хотиржамлик чашмаси. У Аллоҳ таолога яқинлашиш воситаси. У руҳга қувват беради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Биз сизга Қуръонни машаққат чекишингиз учун юбормадик” (Тоҳа сураси, 2-оят).

Агар Қуръони Каримни доимий равишда тиловат қилиб турсангиз, сизга бу дунё ташвишлари заррача таъсир ўтказа олмайди, чунки сиз руҳан тетиксиз. Уни ўқишлик билан сиз энг яхши мусулмонлардан бўласиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Мусулмонларнинг энг яхшиси − ўзи Қуръон ўқийдигани ва бошқаларга ўқишни ўргатадиганидир” (“Саҳиҳи Бухорий”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, чунки Қиёматда у сизларга шафоатчи бўлади. Икки буюк сура − Бақара ва Оли Имрон сураларини кўпроқ ўқинглар. Зеро, улар Қиёматда икки булут ёки икки соя каби ёхуд икки гала қуш каби келиб, ушбу икки сураларни ўқиганлар учун шафоатчи бўладилар. Бақара сурасини ўқинглар, унда фақат яхшилик бордир. Унга беэътибор бўлишлик ғам-андуҳнинг сабабидир ва сеҳргар-фолбинлар унга қарши ҳеч қандай амал қила олмаслар”, дедилар (Муслим ривояти).

Қуръони Каримни доимо қироат қилиш ва ёдлаш банданинг Жаннатга киришига сабаб бўлади. У ўқувчисига ёрдамга келади, уни қўллаб-қувватлайди. Афсуски, бундай яхшиликлардан хабардор бўлсак-да, унга вақт ажратишда сусткашлик қиламиз. Қуръони Карим тиловатини мунтазам йўлга қўйиб олишлик учун қуйидаги маслаҳатларимизга амал қилишга ҳаракат қилинг.

* * *

 Қуръони Каримни фажрдан кейин ўқинг. Кундузи ишларимиз ва ташвишларимиз кўп бўлади, хаёлимиз банд бўлади. Бомдод вақтида эса биз хотиржам ва сокин ҳолатда бўламиз. Бомдод намозини ўқиб бўлгач, беш дақиқа вақтингизни Қуръони Карим ўқишга ажратинг. Бу амалларингиз учун улкан сармоя бўлади. Кунингиз баракали ўтади. Аллоҳ таоло айтади: «Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» шоҳид бўлинадигандир» (Исро сураси, 78-оят). Тез орада бу беш дақиқа кунингизнинг ажралмас қисмига айланиб қолади.

* * *

Ўқиган суралар ҳақида фикр юритинг. Кўпчилигимиз намоз вақтида Қуръони Каримнинг охирги ўнта сурасини кўпроқ ўқиймиз. “Ал-Фалақ”, “Ан-Нас”, “Ал-Ихлос” ва “Ал-Кавсар”. Бу сураларни маъноларига қараб эмас, балки қисқалиги сабабли ўқиймиз. Бу хатоингизни тўғрилашга ҳаракат қилинг. Энг биринчи, нега намоз фарз эканлиги ҳақида бош қотиринг. Намоз  бизнинг Аллоҳ таоло ва Қуръони Карим билан алоқа қилиш усулимиз. Ҳар куни беш маҳал намоз ўқиб, нега бу дунёда яшаётганимизни фикр қиламиз, эртами-кечми, албатта, У Зотнинг ҳузурига қайтишимизни ёдда сақлаймиз. Намознинг аҳамиятини тушуниб етган ҳолда ракатларда янги ва узунроқ сураларни ўқишга ҳаракат қилсангиз, Аллоҳ таоло билан ҳақиқий мулоқотга киришасиз. Ёдингизда тутинг, Аллоҳ таоло сизнинг ўқиган намозларингизга муҳтож эмас, балки бизлар Унга муҳтожмиз. Шунинг учун эътиборингизни чалғитмасдан Унинг борлигини ҳис қилиб ибодат қилинг. Шундагина намозларингиздан улкан манфаатлар оласиз. Аллоҳ таоло айтади: «Сенга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билур» (Анкабут сураси, 45-оят). Агар сиз ҳар куни беш маҳал намоз ўқисангизу, лекин Аллоҳ таоло билан алоқангиз яхшиланмаётганига гувоҳ бўлсангиз, гуноҳларни содир қилишни камайтиринг, намоз ўқиш сифатига ва Қуръони Карим ўқишга кўпроқ эътиборингизни қаратинг.

* * *

Қуръони Каримни кўпроқ тингланг. Турли ҳил қироат соҳибларини тингланг. Бундан ташқари YouTubeдаги каналлардан Қуръони Карим тафсирларини ҳам тинглашингиз мумкин. Қанчалик кўп тингласангиз ва ёдласангиз, шунчалик Аллоҳ таолога яқин бўласиз.

* * *

У доимо ёнингизда бўлсин. Ўзингизга савол беринг, бир кунда неча соат мусиқа, радио тинглашга ва телевизор кўришга сарф этасиз? Энди бу вақтни сиз Қуръони Карим ўқишга сарф этадиган вақтингиз билан солиштириб кўринг. Аллоҳ таоло айтади: “Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару ернинг яратилиши хақида фикр юритадилар ва дуо қиладилар: «Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин» (Оли Имрон сураси, 191-оят).

* * *

Қуръони Карим Илоҳий ва абадийдир. Буни асло ёддан чиқарманг. Қанчалик кўп ўқисангиз ҳам, ёдласангиз ҳам, Унинг адоғи йўқ. У ал-Ҳакимдир. Унда ҳар қандай муаммоингизга жавоб топасиз, ишларингизда олдинга интилиш учун қувват оласиз. Аллоҳ таоло айтади: «Ушбу Китобда ҳеч шубҳа йўқ, тақводорларга ҳидоятдир» (Бақара сураси, 2-оят). У ҳаётимизни гўзал тарзда ўтказишимизда дастурул амалдир. Бу Илоҳий Каломни қўлингизга эзгу ният-ла олинг. Сизга тинчлик, хотиржамлик етади…

back to top