Ҳуррият ва ғарбнинг икки хил стандартлари

Мен мусулмон ва мисрлик бўлганим учун Ислом демократия ва инсон ҳуқуқларини тан оладими, йўқми, деган савол жуда кўп берилади. Бундай саволларнинг холис берилаётганига ишонмайман. Назаримда, улар динимизни “цивилизациялашган” жамиятга мослаштирса бўладими, деб сўраётгандек. Каминага иккита танлаш имкони бериляпти, десам муболаға бўлмайди. Биринчиси, Исломда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ ва бу дин билан ғарб стандартлари бўйича яшаса бўлаверади. Иккинчиси, биз мусулмонлар етарли даражада мославушчи, яъни, диний асослар ҳамда қоидаларни қайта кўриб “цивилизацияга” яқинлашишимиз мумкин эмиш. Бу “мўътадил” одам деган ном олишга имкон беради. Лекин бу мўътадиллик сизни васатия тамойилларига риоя қилади, деган маънода эмас, балки “жа унчалик мусулмон эмас” деб таърифлайди. Яъни, улар ҳаёт тарзингиз ва дунёқарашингизни ўзларича цивилизация деб атаётган ғарб қадриятларига унчалик зид келмайди дегани бўлади.

 

Мунофиқона қадриятлар

“Ғарб” ва “ғарб қадриятлари” тушунчалари кенг эканидан уларни умумийлаштириб бўлмаслигини тушунаман. Исломда ҳам турли хил мазҳаблар, кўп мужтаҳид уламолар бор. Бироқ, ҳозирги кўринишдаги либерализм, демократия, инсон ҳуқуқлари Уйғониш даврида ғарб доираларида шаклланганини ҳам яхши биламан. Бироқ, унинг шаклланишида жуда кўп миллат ва элатлар бевосита ва билвосита иштирок этишмаган, хусусан мусулмонлар ҳам.

АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон (Hillary Clinton), Европа иттифоқи вакили Кэтрин Эштон (Catherine Ashton), Буюк Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон (David Cameron) ва бошқа ғарб пешволари бизни демократия, ислоҳатларга ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишимизга чақириб келишади. Уларнинг мамлакатлари босиб ўтган йўлларни биз ҳам босиб ўтишимиз лозим эканини такрор-такрор эслатиб туришдан ҳеч чарчашмайди. Иш шу даражага бориб етдики, Американинг Мисрга берадиган ҳарбий ёрдами Миср ҳукуматининг виждон, фикр ва шунга ўхшаш эркинликларнинг халққа сингдирилишига боғлиқ қилиб қўйилди.

Чамаси, ғарб мамлакатлари ўзлари тарғиб қилаётган қадриятларга зид иш қилаётганида, ўзларининг геосиёсий манфаатлари ва ирқчилигидан келиб чиққан ҳолда икки хил стандартларни қўллаётганини кўрганимизда, буларга рози бўлишимиз ё жим туришимизни хоҳлашмоқда.

Америка мусулмонлари номидан гапира олмайман. Назаримда улардан сўз эркинлигини ниқоб қилиб, мусулмонларга қарши, ирқчиликка тўлган қилиқларга чидашларини кутишмоқда. Нега Америка Исроилга қарши даъватларга толерант эмас, дейилган саволга, улар доим “Исроил” умуман бошқа нарса, бу “алоҳида” масаладир, дейилган жавобни беришади. Йўқ, бу “алоҳида” масала эмас. Бу икки хил стандартлардир. Кимдир бу борада АҚШни ҳимоя қиладими-йўқми фарқи йўқ.

Қизил чизиқ


Борингки, Исроил ҳақиқатдан ҳам цивилизациялашган, демократик давлат бўлиб, унда фаластинликларга нисбатан айрим “ёввойи” жиноятларгина учраб туради деб ҳисобласак ҳам, Памела Геллернинг рекламаси ўрнида “Фаластинни қўллаб-қувватла, Исроил терроризмини яксон қил!” деган лавҳа пайдо бўлишига ишониш қийин. Шунда ҳам баъзи америкаликлар Элтаҳавининг хатти-ҳаракатларига эътироз билдириб, бу реклама барча мусулмонлар ҳақида эмас, баъзи “жиҳод”чилар назарда тутилган, дейишмоқда. Агар аксинча, бу ерда гап барча исроилликлар эмас, террорчиларгина назарда тутилган, дейилса, қандай бўлар экан?

Охирги ўн йил ичида Америка сўз эркинлигини сионизм танқидига қўлламаслигининг гувоҳи бўляпмиз. Америка ва Исроил сиёсатчилари ўртасида вақти-вақти билан чиқиб турадиган кескинликка (масалан Обама билан бўлган ҳодиса), баъзи ёзувчи ва олимларнинг яҳудийлар мамлакатини ноқонунийлиги ҳақидаги гапларига оид таҳқиқларни бекор қилишга бўлган баъзи урунишларга қарамасдан, мазкур масала бўйича аниқ бир қизил чизиқ мавжуд. Мазкур қизил чизиқни ҳеч бир америкалик сиёсатчи кесиб ўтишга ботина олмайди ва ҳеч қандай жамоат арбоби уни суришга кучи етмайди.

Очиқ-ойдин кўриниб турган Американинг икки хил стандартлари ҳақида гапириш яна бироз ўнғайсиздек. Бироқ, ҳеч нарса бўлмаганидек, олдингидек ҳаракат қилаётган ва америкаликлар ардоқлаб келаётган қадриятларни ўзлари кемираётгани кўриш янада кўпроқ ўнғайсиз эмасми, ахир?!

АҚШга қараганда Европада вазият умуман бошқача. Лекин ғарб нима хоҳлаётгани аниқ. Инсон ҳуррияти ва сўз эркинлиги жуда қадрланади. Бироқ, бу масалаларда негадир мусулмонлар учун истисно қилишга ҳамиша тайёр туришади. Ню-Йоркдаги “Граунд-зиро” ҳудудидаги масжид қурилиши билан боғлиқ жанжал, Франциядаги ниқобни тақиқланиши, Нидерландиядаги мусулмонларга қарши экстремизм, Швейцарияда минораларнинг тақиқланиши бир эслаб кўринг. Буларнинг ҳаммаси турли хил жойларда, турли хил вазиятлар билан боғлиқ бўлган ҳодисалардир. Бироқ  буларнинг ҳаммасида негадир зарар кўрганлар фақат мусулмонлар бўлиб чиқади. (Булар АҚШ ёки Европанинг инсон ҳуқуқлари бўйича ютуқларининг қадрини асло туширмайди.)

Араб дунёсидаги мусулмонларнинг аксари ғарб ўзларидан фойдаланиб келаётган жуда кўп эрк ва ҳуқуқлардан маҳрум эди. Сўнгги вақтларда кузатилаётган исён ва инқилобларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳам шундан бўлса керак. Бироқ, ғарб мамлакатлари икки хил стандартларни янада чархлашини давом этар экан, мусулмонларнинг ғарб ва унинг эркинлик ҳамда тенглик шиорлари ва қадриятларига бўлган ишончлари янада йўқолиб бораверади.

“OnIslam” мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top