Оммавий дезинформация воситалари
- Written by Administrator
Ахборот технологиялар ривожланиб кетган бизнинг даврда ҳар қандай “уйдирма” хабарни ўн дақиқа ичида текшириб чиқса бўлади. Бироқ нега мусулмонлар бунга бир дақиқа вақт ҳам сарф қилишни исташмайди?! Уларнинг хайрли ниятлари бутун умматни ҳар қандай бемаъни нарсаларга ишониб кетаверадиган саводсиз одамлар сифатида кўрсатиб кулгига қолишига сабаб бўлмоқда. Ахир Аллоҳ таоло ўз расули соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали ҳар қандай маълумотларни текширишимизни буюрган эмасми? “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Қуръони Карим, 49:6)
Даниялик карикатурачи рассом тириклайин ёниб кетганми?
Яқин кунларнинг бирида Покистонга тегишли «The Nation» нашри номи аниқ кўрсатилмаган қандайдир “Саудия газетаси”га таяниб шов-шувли хабарни босиб чиқди. Хабарда ёзилишича, ўз вақтида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг расмларини карикатура қилиб чиздирган ва нашр қилган Даниянинг “Jyllands Posten“ газетасининг муҳаррири ўз ётоқхонасида ёниб кетган. Ёнғин чиқиши ғайри оддий ҳолатда юз берган эмиш.
Эҳтимол, мазкур хабарни «The Nation» муҳаррири эшитгиси келгандир? Шунинг учун ҳам покистонлик муҳаррир бу шов-шувли хабар барча медиа воситаларидан ташқари, исбот ва далилларга таянмаган қандайдир “Саудия Арабистони газетаси”дагина чоп этилгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади.
Мазкур хабарнинг келиб чиқиши ва тарқалишини ўрганган Моҳиб Аҳмаднинг айтишича, хабар бир неча соат ичида интернетнинг Покистон секторида электрон мактублар, смс, шунга ўхшаш воситаларда яшин тезлигида тарқалган. Бу орада кимдир яхши ниятда мазкур хабарни ўзича “тўғирлаб”, қўшимча киритиб қўйган. Таҳрир қилинган матнда энди муҳаррир эмас, балки ўз вақтида Ислом оламини жунбушга келтирган, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга карикатуралар чизган карикатурачи рассом ёниб кетган. Бунга яна қўшимча қилиб шундай дейилган: “Гуноҳкорлар Пайғамбарни масхара қилгани учун кейинги дунёда жазоланадилар, бироқ Аллоҳ таоло бундай кимсаларнинг тақдирини бу дунёда ҳам кўрсатиб қўйди. Ким пайғамбарни ҳурмат қилмаса шундай куйга тушсин. Омин”.
Хабар айнан шу шаклда жаҳон тармоғи ҳисобланган интернет юзини кўрди. Одамлар бу хабарни хурсандчилик ва шод-хуррамлик билан бир-бирларига улаша бошлади. Хабарнинг биринчи қисми ўта хатарли ва очиқ ёлғондир. Интернетга уланган компьютери бор ҳар қандай киши буни 10-20 дақиқа ичида текшириб, билиб олса бўлади. Бу хабарлардан ҳосил бўлган хурсандчилик қисмига келсак – бундай хатти-ҳаракатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчиларга ярашмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақорат қилган бир аёл ҳақидаги воқеа кўп зикр қилинади. Ўша аёл Ислом билан шунчалик ўчакишган эканки, у зот қачон унинг кўчасидан ўтсалар, устиларига ахлат отар экан. Бироқ бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кўчадан ўтсалар, ҳар сафар у зотни қўлида ахлат билан кутиб турадиган ҳалиги аёл кўринмабди. У зот бундан ажабланиб, бориб унинг эшигини қоқибдилар, ўша аёлнинг ҳол-аҳволини суриштирибдилар, «бетоб бўлиб қолмадими?» деб сўрабдилар. Оламларга раҳмат бўлиб келган буюк зотнинг бу ишларидан бениҳоят таъсирланган ўша аёл беихтиёр калимаи шаҳодатни айтиб, муслима бўлибди.
Бундай хабарларни тарқатаётганлар маълум маънода ўзига яраша илмга эга бўлган ва илм олиш ҳаракатида бўлаётган саводли мусулмонлар экани ажабланарлидир. Агар булар шубҳали маълумот ёки хабарларни текшириб кўришмаган бўлсалар, қолганлар ҳам уларни текшириб кўрган бўлиши даргумон?
Шу ерда маълумот манбасига ишониш хислати устунлик қилади. Одамлар уларни ўқимишли, ишонса бўладиган мусулмон деб билишади. Улар тарқатаётган ҳар бир хабарга ҳеч қандай мулоҳазасиз имзо қўйиши, унинг бу маълумотларни сўзсиз тасдиқлагани деб тушунадилар. Натижада мусулмонлар, ўзларининг шахсий майллари (симпатия) ва иззат-нафсга (амбиция) берилиши оқибатида, ўзлари билган ё билмаган ҳолда оммавий дезинформация воситаси ролини бажарувчиларга айланди. Кейин эса, Ислом ҳақида бунчалик салбий қолиплар (стереотиплар) кўпайиб кетганидан ва одамларнинг “баджаҳл мусулмонлар” ҳақидаги миш-мишларга осонгина ишонишларидан яна ҳайрон бўлишади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша аёл аҳволидан хабар олиш ўрнига унинг хаста бўлганидан хурсанд бўлганида у Исломга мушарраф бўлардими?
Балки, Қуръони Каримни “ёқиб” ташлаган пастор ёниб кетгандир?

Хабарда берилган маълумотларнинг манбаси йўқлигига жуда оз сонли ўқувчилар эътибор қилишди. Америка уммасининг ҳаётдаги фаол позициясига қарамай бу шов-шувли маълумот негадир интернетнинг фақат рус тилидаги қисмидагина пайдо бўлиши, фараз қилинган воқеадан сўнг ярим йил ўтгач бу маълумот қаердандир “қалқиб” чиққани, ёнғин ҳақида ва унинг келиб чиқиши ҳақида ҳеч нарса дейилмагани ва ниҳоят суратдаги тез ёрдам машинаси “совет даврининг” маҳсули экани ҳеч кимни ўйлантиргани йўқ.
“Одоб нозоратчилари”:
Банан, сабзи ва бодиринглар – фақат эри ишлов берганидан сўнг
Банан, сабзи ва бодиринглар – фақат эри ишлов берганидан сўнг

“Сенсация” шу даражада кенг тарқалдики, ҳатто телевидениянинг янгиликлар дастури хабарлардан ҳам жой олишга улгурди. Islam un Europe хабар беришича, бунга ўхшаш “фатво” олдинлари ҳам аноним саудиялик уламо тарафидан чиқарилган эмиш. Бу эса исламофоблар учун ажойиб совға бўлди. Янгиликлар узатувчи сайтларнинг шарҳларида одамлар мусулмонларни кўпроқ масхара кулиш бўйича ўз “заковат”ларини машқ қилдиришди. Энг ачинарлиси шуки, баъзи тушунмаган мусулмонлар ҳам диндошларини огоҳлантириш мақсадида бу “шов-шувли” хабарни ижтимоий тармоқларда завқ билан тарқатишга тушди. Уларни ушбу “фатво” жума маърузасида айтилган сўз экани ажаблантирмади, фатвони чиқарган шайх исми йўқлиги (фатво аноним бўлиши мумкин эмас), ҳатто қайси давлатдан чиққани ҳам ажаблантиргани йўқ. У турли хил талқинда (версия) тарқалди, Европа, Ливан ва Миср...
Бунга ўхшаш уйдирма хабарларни тўқиб чиқараётганларнинг бузуқлик даражасини тасаввур қилиш кишини даҳшатга солади. Шахснинг руҳий-шаҳвоний ривожланиши борасида тадқиқот олиб борган Зигмунд Фрейд ҳам: “Баъзан сигара – оддий сигара бўлиши мумкин”, деган эди.
Помидорлар таслисни (троица) васф қиладими?

“Помидорларни (томатларни) истеъмол қилиш тақиқланади, чунки улар насронийларники ва улар Аллоҳга ҳамду сано айтиш ўрнига хочни (насронийларнинг учлик ақидасини) мадҳ қилишмоқда, наъузибиллаҳ”. Гўёки тушида Пайғамбаримиз (с.а.в)ни кўрган фаластинлик синглимиз: Пайғамбаримизни йиғлаб, умматни помидор истеъмол қилишидан огоҳлантирганини айтиб чиқди. “Аллоҳ учун буни одамларга етказинг”, - деб даъват қилди.
Ушбу суратда арабча ёзувлар билан: “Агар сизлар бундан огоҳлантирмасангизлар, демак, бундан сизни шайтон ман қилмоқда”, дейилган маъноларини ўқиш мумкин эди. Аксар мусулмонлар бу ва бунга ўхшаган суратларни ҳазил деб тушундилар, бироқ баъзилар буни жиддий қабул қилиб, амал қилишга ҳам киришиб кетди.
Ислом билан қўрқитувчилар (исломофоблар) эса “мусулмонларнинг саводсиз” эканига яна бир ҳужжат топишди.
Суратни тарқатиб, жиддий равишда помидорларни танаввул қилишдан қайтариб юрган одамларнинг айтишига кўра, гўёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандайдир фаластинлик аёл (яна исм шарифсиз) туши орқали бундан қайтарган эмиш. Бу билан одамлар динимиз асосларидан қанчалик бехабар эканликларини кўрсатишмоқда. Биринчи навбатда Қуръони Каримдан. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар”. (Қуръони Карим, 17:44).
Бизлар англамайдиган воситалар билан помидорлар Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга ҳамду сано айтолмайди. Аллоҳ таолога иймон келтириш ёки унинг мўъжизаларидан юз ўгиришини танлаш эркинлиги фақат инс ва жинларга берилган. Бошқа ҳар қандай нарсалар, воқеалар ва махлуқлар бундай танлаш ҳуқуқига эга эмаслар. Шунинг учун ҳам бунга ўхшаш “ваҳий”ларни тарқатишлик Аллоҳ таоло ва У ўрнатиб қўйган тартиб-интизомга нисбатан бўҳтон бўлади. Мусулмонларга аҳли китоб таоми, хусусан, “насронийлар помидори” ҳалол экани ҳақидаги гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.
Қачонгача?
Афсуски, дунёда динимиз билан қўрқитиш, уни масхара қилиш, бизни ўрта аср зулматида яшовчи қалоқ одамлар қилиб кўрсатишга тайёр бўлган одамлар тиқилиб ётибди. Бу уларнинг виждонларига ҳавола – бироқ келинглар, уларга ёрдамчи бўлиб қолмайлик. Уларнинг тегирмонларига сув қуймайлик ва ижтимоий тармоқлардаги ўз шахсий саҳифаларимизда нашр қилаётган нарсаларга диққат билан ёндошайлик.
Келинглар, видео лавҳаларни тўлиқ тамоша қилиб, мақолаларни охиригача ўқийлик. Ҳеч бўлмаса номувофиқ ёки бузилган (ёки муаллиф Исломни билмагани учун янглишган) хабарларни тарқатаётганда топилган хато ва шубҳали жойларга ўз мулоҳазаларимизни ҳам ёзиб қўйсак мақсадга мувофиқ бўлади. Мусулмонни Ислом ҳақида ишончли билимлар манбаси деб ҳисоблайдиган мусулмон бўлмаган ўқувчилар ёки мусулмон бўлса-да, диндан узоқ бўлган кимсалар бизнинг мазкур масалалардаги фикр-мулоҳазаларимизни билишсин.
Келинглар, биздан дезинформация тарқатишнинг арзон воситаси қилиб фойдаланишларига чек қўяйлик...
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



