Интернет порнография
- Written by Administrator
Аввалида ахлоқи жойида бўлган, оила институтлари мустаҳкам ва тараққиёти юксалган бу антик цивилизация сўнги даврларида бошқа дунё билан доимий урушлар оқибатида заифлашиб ҳалок бўлган эмас. Остготу вестготларнинг ойболталари ёки ҳуннларнинг узун камон ўқлари ва бошқа ваҳший(варвар)ларнинг ҳамлалари Римни тиз чўктира олмаган. Аксинча, душманлар зарбидан анча олдин ичидан чириб, ахлоқий бузуқликларга ружу қўйгани учун Рим империяси барҳам топди.
Яъни ҳаммасига одоб-ахлоқнинг тубанлашиши сабаб бўлган. Аввалида Республика бўлиб ташкил топган, тарихининг сўнгида эса ягона мустабид ҳукмдор – Цезар бошқарадиган империяга айланган. Мустабид ҳукмдорнинг чекланмаган ҳокимлиги уни фаҳший бузуқликларга мубтало қилди, қолганлар ундан ўрнак олишди. Тийиқсиз шаҳват қулига айланган бу кимсанинг қилган ишлари бутун одамларга дарҳол маълум бўлар ва жамиятда ҳам бу каби бузуқчиликлар “акс садо” берарди. Эркак ва аёлларнинг бевафоликлари, фаҳш ва зинокорлиги одатий ҳолатга айланди. Легионерларнинг жанговар руҳи сўна бошлади, ёлланма аскарлар ҳолатни ўнглай олмадилар. Сенаторлар эса фақат ўз хотиржамлигини ўйлаб, бир-бирлари билан адоват қиларди. Кўпинча мамлакат бошлиғи ўз ўрнига муносиб (компитент) ҳам эмасди. Айнан одоб-ахлоқ меъёрларининг бузилиши “ваҳший” ўрдаларнинг Рим империясини йўқ қилиб ташлашига сабаб бўлди.
Римнинг сўнги кунларини ҳозирги кўп давлатлардаги воқеалик билан солиштириш мумкин. Техник ва иқтисодий қудрат, кучли армияга эга бўлган баъзи мамлакатлар ахлоқсизлик ботқоғига ботди. Оқибати туғилишнинг камайиши, бепуштликлар, оилавий қадриятларнинг йўқолиши ва ҳоказоларга олиб келди.
Ҳаёнинг нима эканини унутган миллатлар ўрнига оилада нима мумкин, нима мумкин эмаслигини жуда яхши биладиган, унинг қадрига етадиган ёш соғлом халқлар келишмоқда. Бинобарин, оила йўқ бўлса, жамият ҳам йўқ бўлади. Бир жинсли никоҳлар ёки қийинчиликлардан қочган худбин ёлғизлар – жамият заволига (деградация) олиб борадиган йўлдир. Оддий оила бўлиб яшайдиган одамларнинг сони кам бўлганидан улар ҳеч нарсани ўзгартиришга қодир бўла олмаяптилар.
Бу Россияни ҳам четлаб ўтмади. Россияда “гей-парад”чиларнинг ифлосликлари ҳали унчалик ҳам сезилмаётгандир, аммо демография масаласи бўйича “тез ёрдам” чақириш зарур. Никоҳсиз муносабатларнинг турли кўринишлари, фоҳишабозлик гуллаётир, ёшлар оила қуришдан кўра мансабларини кўпроқ ўйлаётган бўлса яна бошқа нима қилиш керак? Бундай вазиятда ҳозирги куннинг ҳаёт тарзига айланган порно саноат ҳам уларнинг олдида беозордек кўринадигандек. Фоҳишабозлик ва ахлоқсизлик муносабатларининг “аломати” ҳақиқатдан ҳам шунчалик беозорми? Қизиқ, тадқиқотчи, шифокор ва психологлар бу ҳақида нима дер экан-а? Улар томонидан бу “шўхлик”ларга берилган баҳолар, уларга диний нуқтаи назардан билдирилган муносабатларга уйғун келармикан?
Маълумки, жаҳон динларининг барчаси бир хил маънода фоҳишабозлик ва порнографияни қоралайди. Масалан, италиялик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, дунё “жинсий анорексия” касалига мубтало бўлган. Италияликлар нормал муносабатларнинг асосий душмани, порнографик интернет деб айтишган. Уларнинг фикрига кўра, дунё ҳаддидан ошиқ очиқ-сочиқ бўлиб кетган. (Аёллигини, ҳаёсини сақлаб юрган муслималарга ҳам очиқдан-очиқ ҳужумлар, турли хил қонуний чеклашлар жорий қилинганининг мақсади нима? Уларни ҳам очиқ-сочиқ қилиб ташлашми, мақсадлари...)
Жинсий “ҳужум”лар айниқса эркакларга кўп таъсир қилар – ёшлигида порно сайтларга кўп ташриф қилганларда вақт ўтиши билан (25 ёшларда) аёлларга нисбатан совиш бошланар экан. Психологларнинг таъкидлашича, ахлоқсиз интернет туфайли кўп жуфтлар оилада нормал муносабат ўрната олмайди. Британиялик шифокорлар кўп йиллик тадқиқотлари натижасида, эркакларнинг порнографик фильмларни кўп кўриши, уларнинг жинсий қувватида (потенция) муаммолар келтириб чиқишини аниқладилар. Мутахассислар тарафидан ўтказилган тадқиқотда 25 ёшдан 45 ёшгача бўлган бир неча минг кўнгиллилар иштирок этишди. Тадқиқотчилар, эротик фильмларни кўрадиган эркакларда простата касалига мубтало бўлиш эҳтимоли бошқаларга қараганда икки баробарга ошишини аниқлади. Шифокорларнинг айтишича, доимий жинсий қўзғалишлар жинсий аъзоларнинг нормал ишлашида муаммолар келтириб чиқаради. Агар эрекция манийнинг тўкилиши билан тугамаса вена қон томирларининг димланишига, ўз ўрнида жинсий фаолиятнинг бузилишига сабаб бўлади.
“Интернетдаги порнография – оила, мансаб ва инсонлар ҳаётини бузадиган, жамият саломатлиги учун яширин хавфдир”, дейди оила тадқиқоти кенгашининг ҳуқуқий масалалар бўйича бош директори Жен Лару (Family Research Council FRC). FRC номидан чиқиш қилган Лару интернетда кун сайин тез ривожланаётган порно саноатга алоҳида эътибор қаратди: “Интернетдаги савдогарлар фаҳшдан катта даромад олишмоқда, шу орада катталар ва ёшлар порно қарамликка мубтало бўлишмоқда, бу эса ичкилик ёки қимордан кам бўлмаган хавфдир”.
Интернет фойдаланувчилари кўпайгани сайин руҳий оғиш ҳолати аниқ кузатилаётган ёки шунга алоқаси бўлган қаттиқ мойиллик асосидаги касалликлар билан шифокорларга мурожаат қилаётганлар сони ҳам ортиб бормоқда. Асосан, одам қотиллари ва зўравонликка мойил кимсалар шулар орасидан чиқар экан. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида ўтказилган сўровномага кўра, 84 фоиз респондентларда болаларнинг интернет порнографияга кира олиш имконияти ташвиш уйғотган. 61 фоизи интернет порнографияни ҳукумат тарафидан назорат қилинишни қўллайдилар; 31 фоиз сўровномада иштирок этган болалар порно-сайтларга кирганликларини тан олишган.
Нашр қилинаётган порно маҳсулотлар билан ҳукумат курашишни ўрганган бўлса, энди эса порно-сайтларни тўсиш учун барча имкониятларни ишга солиш керак. Тадқиқотларга кўра, порнография беозор вақт ўтказиш воситаси эмас. Психологларнинг айтишича, уятсиз расм ва киноларни кўриш ҳатто катталарнинг фикрлаши, идрок қилишини ҳам ўзгартириб юбораркан. Ҳали шаклланиб улгурмаган болалар дунёқарашида эса порно ҳақиқий тўнтариш ясайди ва қадриятларнинг остин-устун бўлишига сабаб бўлади. Улар ҳали вояга етиши, оила қуриши ва келажак ҳақида қайғуришлари керак. Агар ёшлар онгида порно фильмларидаги каби ҳар ким билан ҳеч нарса ман қилинмаган ва аёлларнинг барчасини сотиб олиш мумкин қабилидаги тасаввур пайдо бўлса нима қиламиз, ахир. Порно маҳсулотлардан фақат ўша маҳсулотларни ишлаб чиқарадиганлар моддий фойда кўришади. Бунинг касофати эса бутун жамият тегади.
Порно кичкина қурт кабидир: кўп гапиришга арзимайдиган ва унчалик зарарлига ўхшаб кўринмасада, бу “нимжон махлуқ” оила, одоб, миллат саломатлиги ва руҳини аста-секин кемириб боради. Бу эса ўзини ўзи ўлдириш билан тенгдир. Касалликни “Халқ воситалари” ва медикаментоз услублар билан даволамоқ керак. Халқ воситасини одоб-ахлоқ масалаларида муроса қилмайдиган холис иймон ва динга амал қилиш, деб атасак тўғри бўлади. Юқорида тилга олинган барча касалликлар иймон келтирганлар орасида жуда кам. (Бу ерда нега деб савол бермаймиз, чунки тўғри жавоб ҳаммага маълумдир...) Айтмоқчи, бу нарсалар илмий асосларга ҳам эгадир.
Ахлоқсизлик касалини даволашдаги “Медикамент”лар эса, қонуний таъқиқлар, жазо қўллаш ва буларга қатъий амал қилиш, деганидир. Бу ерда “халқ” воситаси асосий бўлиши шарт. Масалан, Ислом бу иллат билан боғлиқ барча нарсаларни ман қилади. Қуръони каримда: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир”, дейилган. (“Исро” сураси, 32 оят) Бизнинг ҳолатимизда “яқинлашмангиз” сўзи: “Фаҳш киноларини кўрмангиз, порно саноат маҳсулотларидан фойдаланмангиз”, деганидир. Яъни, “...оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар», дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим...” (“Тафсири Ҳилол”дан)
Бизнинг давримизда жуда кўп нарсалардан эҳтиёт бўлишимиз керак бўлиб қолди. Уятсиз ва ҳаёсиз ҳаракатлар, бузуқ майллар, гуноҳга сабаб бўладиган муносабатлар жамият устунларини кемирмоқда, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай гуноҳларни қилиш у ёқда турсин ҳатто бундай ишларнинг яқинига ҳам йўламаслигимиз ҳақида қаттиқ огоҳлантиради. Қандайдир “ХХХ” сайтнинг фаол фойдаланувчиси бўлиб ёки қандайдир қулпунайжоннинг ўқувчиси бўлиб ўзингизни ўзингиз “четга” юрмаяпман деб алдаб ўтирманг. Оилавий муносабатларни яхшилаб олиш мақсадида буларни кўряпман, деб ҳам ўзингизни ўзингиз алдаманг – булар учун махсус адабиётлар мавжуд. Масалан, раҳматли Ўктам Муҳаммад Муроднинг “Эр-хотинлик бахти ёҳуд жинсий маданият” - эр-хотин орасидаги психологик тўсиқларни (барьер) йўқотиш ва жинсий алоқалар ҳақида керакли тушунчаларни берадиган ажойиб қўлланмадир (бу китоб tib.islom.uz сайтига ҳам қўйилган). Мавзуга қизиқадиганлар яхши билишади, эр-хотин алоқаларига оид шаръий масалаларни ёритилган махсус адабиётлардан, хусусан, араб тилидаги китоблардан ҳам ўрганиш мумкин.
Хулқлар бир кунда тубанлашмайди ёки ўтган асрнинг 60-йиллар инқилобидан кейинги “хиппи-авлод” каби тез суръатда ҳам кўпайиб кетмайди. Одатда бу жараён унчалик тез кўзга ҳам ташланавермайди. Булар “озодлик”нинг баъзи кўринишларига ҳукуматнинг эркин қараши ва уларнинг бундай масалаларга бепарволиклари билан бошланади. Кейин эса, кеча мумкин бўлмаган нарсалар бугун одатий ҳолатга айланади.
Беозор бўлиб кўринган “битта расм” ботқоққа олиб борувчи йўл бўлади, бу йўлга эса “яқинлашманглар” дейилганини унутиб қўймасак бўлгани...
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



