Ғарб нечун безовта?
- Written by Administrator
Ғарбда фаровонлик ва турмуш лаззатлари зиёдалашгани сайин инсонлар хотиржам бўлиш ўрнига тобора чуқур руҳий изтироб ва безовталик гирдобига шўнғиб кетишмоқда. Ғарб ҳазорасининг моддият асосига қурилгани, дин, руҳоний қадриятлар ғарбликларга таъсирини аллақачон йўқотиб бўлгани сабабли жуда тубан кетиб қолишди. Бунинг оқибатида ана шундай шомил, чуқур безовталикда қолганларини англаб етишди.
Ғарб дунёсининг ақлли кишилари, мутафаккирлари йўқотган диний руҳониятларини излаш, бир вақтлардаги юксак ахлоқли жамиятни қўмсаш билан оворалар. Узоқ йиллар «жамият ривожига тўғаноқ» тамғаси билан «калтаклаб» келинган черков руҳонийлари тумтарақай бўлиб кетган қавмларини яна ибодатхоналар қучоғига қайтариш учун не кўйларга тушишмаяпти. Бу йўлда давлат ва черков кенг ҳамкорлик бошлаган. Аммо черков воизлари қандай тарғибот-даъват усулларини қўллашмасин, диний халқалар тўплашнинг иложи бўлмаётир. Роҳиб ва попларнинг Оврўпа ва Амриқодаги кинотеатрлар, рақс клублари, томошахоналар ва бошқа кўнгил очиш жойларида «бузилган ва қўрс-қайсар» ёшларни насронийликнинг асрий анъаналарига қайтариш йўлида жон-жаҳд билан уринишлари қақроқ ерга тушган томчидай изсиз кетяпти. Ғарбда бирор иш чиқаролмаган дайди тарғиботчилар (миссионерлар) иш фаолиятларини шарққа, аҳолисининг асосий қисми мусулмон ўлкаларга кўчиришдан бошқа илож тополмай қолишди. Холливуддай бузуқлик уяси ҳам диний филмлар ишлаб чиқаришга киришгани аҳволнинг ниҳоятда ташвишли ва хатарли тус олаётганидан дарак беради. Турли жамиятлар, марказлар, илм ўчоқлари, маданият муассасалари ғарбликларни ахлоқий қуролланишга, диний-ахлоқий фаолиятни кучайтиришга, маънавиятнинг асл ўзанларига қайтишга, диний қадриятларга амал қилишга даъват қилишдан чарчамаяпти.
Аммо энди кеч! Поезд аллақачон кетиб бўлган. Эскилик, қолоқлик, инквизатсия ўчоғи, деб лаънатланган дин аллақачон жамият ҳаётидан қисиб чиқарилган. Одамлар қалбидан Аллоҳга ва охират кунига бўлган ақида тортиб олинган. Унда-бундаги ҳувиллаган муҳташам ва ҳашамдор черковлар эскирган, қийматини йўқотган кўҳна ақидаларини қанчалик ўлиб-тирилиб ҳимоя қилишмасин, моддапарастлик, дахрийликка мубтало кишиларни ишонтира олмаяпти. Жамиятдаги руҳий бўшлиқни тўлдириш, асл инсоний қадриятларга қайтариш, одамлар қалбини чулғаган ваҳима, эртанги кунга ишончсизлик, ҳаётдан тўйиш, ялпи ахлоқсизлик каби иллатлардан бирданига халос эта олишга қодир ягона куч – Ислом экани тобора ойдинроқ бўлиб боряпти. Буни ғарбнинг аҳли тамизлари, йирик олим ва сиёсатдонлари, фозил мутафаккирлари очиқ тан олишга мажбур бўлишяпти.
Англиялик Ричард Билл Ислом динини узоқ ўрганиши натижаси ўлароқ, ушбу фикрларини изҳор қилади: «Оврўпа катта инқирозлар арафасида турибди. Унинг ялтироқ, кўз ўйнатувчи сатанглиги ортида ахлоқсизлик, жоҳиллик, ваҳшат, қалб хасталиклари, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, номус топталиши ва бошқа иллатлар яширинган. Ўзаро ҳурмат, ишонч, муҳаббат туйғулари йўқолиб боряпти. Инсоний хислатларнинг унутилиб кетаётгани жуда аянчли. Оврўпалик кишилар бугун фақат моддий дунё ҳисобигагина кун кечирмоқда. Ўлим қўрқуви уларни домига тортган. Оилавий бирдамлик ва унинг аъзолари орасида алоқалар бузилиб боряпти. Давлат кишилари бу муаммолардан чиқиш эшигини топа олмай гаранглар. Бугун Оврўпанинг қаршисида нажотнинг ягона йўли – Ислом йўли турибди. Ундан бошқа ҳеч қандай чора йўқ!»
Атоқли фаранг адиби Виктор Гюго бундан ҳам аччиқроқ ҳақиқатни очади: «Ҳаётимиз ҳалокат ёқасида, десам, ҳақиқатни яширган бўламан. Ҳаётимиз ҳалокат ёқасида эмас, ҳалокат домида экани ҳақиқатдир. Бутун диққат-эътиборни фақат шу дунё ҳаётигагина боғлаш, ундан кейин ҳеч қандай ҳаёт йўқ, деган ақидани уқдириш орқасида инсон аллақачон чоҳга улоқтириб бўлинган. Бугунги кундаги барча қийинчиликларнинг, ечимсиз муаммоларнинг асосий сабабчиси ана шу тубан ақидадир… Бизнинг вазифамиз инсонларни ўлим ортида ҳам ҳаёт борлигига, унда адолат қарор топишига, ҳар ким қилмишига яраша жазо ёки мукофот олишига ишонтиришдир».
Чикаго (АҚШ)даги тиб дорилфунуни ректори Паул Эрнст Адолф шундай ёзади: «Буюк пайғамбар Исо алайҳиссалом: «Кимда-ким руҳий хотиржамликни йўқотган экан, ҳар қанча тўкин моддий бойлик унга фароғат ва манфаат бахш этолмайди», деган экан. Мен шундай хулосага келдимки, беморнинг жисмини дори-дармон билан, руҳини эса Аллоҳга бўлган ишонч билан даволамоқ керак. Айнан раҳматгина беморнинг тузалиб кетишига ёрдам бериши мумкин».
Дамашқлик машҳур Ислом олими Мустафо Ҳусний шундай фикр юритади: «Ғарб ҳазораси инсоният эришган моддий ҳаётнинг энг юқори чўққиси ҳисобланади. Лекин унинг якка ўзи одамларни бахтли қила олмайди… Энди бу ўринда келажакда ўз вазифасини қойилмақом уддалайдиган бир миллат – у ҳам бўлса, бизнинг Ислом миллатигина қолди. Эртанги ҳазора байроғини биздан ўзгаси кўтаришга қодир эмас. Бу қуйидаги сабаблар билан изоҳланади: биринчидан – биз тарихда ҳазоралар барпо этган энг улуғ ақидалардан бирининг эгасимиз, иккинчидан – биз ижобий ва ижодий руҳоният соҳибларимиз, учинчидан – келажак ҳазорасини барпо этишга қодирлигимизни аввал ҳам ўтмишда исботлаганмиз… Келажак ҳазорасининг жиловини ўз қўлимизга олган пайтимизда Аллоҳнинг борлигини инкор қилишга далил топиш учун фазога учмаймиз. Бошқа миллат ва элатларни ўз нуфуз доирамизда сақлаш учун қитъалараро ракеталарни таҳдид қуроли қилмаймиз. Радиони – йўлдан уриш, кинони – фитна қилиш, аёлни – жисм учун лаззат воситаси қилмаймиз. Тараққиётимиздан қолоқ элатларнинг бойликларини эгаллаб олиш ва ғурурларини топташ учун дастак сифатида фойдаланишга интилмаймиз».
Бу ҳақиқат, яъни инсониятнинг икки дунё саодатига эришиши учун, руҳий ва моддий олами ўзаро мутаносибликда бўлиши учун бирдан-бир нажот йўли – Аллоҳ таолонинг охирги ҳақ дини Ислом экани ҳақидаги кашфиёт бугунга келиб очилгани йўқ. Аллоҳ таоло буни ўн беш аср муқаддам бандаларига нозил қилган Китобида очиқ-ойдин айтиб қўйган: «(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сизлар яхши амалга буюрасиз, исён-гуноҳдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Аҳли китоб ҳам иймон келтирганида эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир» (Оли-Имрон сураси, 110-оят); «Шунингдек (яъни, тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўртадаги (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара сураси, 143-оят).
Бу ояти кариманинг мағзига, ботинига чуқурроқ кирайлик. Биз тақдир нидосига бир марта лаббай, деб жавоб берган ҳолда Ислом байроғини баланд кўтариб, инсониятни амният, ҳидоят ва нурли чўққилар сари етаклаганмиз, сўнгра байроқни ташлаб, рисолатни адо этишдан ўзимизни олиб қочганмиз. Бугун ҳам бу ояти карима бизларни хавф, безовталик, шаҳват, зулм ва қаттол умидсизлик зулматларида кезиб юрган халқларни халос этиш учун янгидан ҳуррият машъаласини баланд кўтаришга ундамоқда. Чунки ана шу руҳан хаста ва безовта халқлар ўз-ўзларини ўлдиришни нажот йўли деб билмоқдалар. Оддий кишилар қурол ёки заҳар билан, миллат ва элатлар эса атом ва хидроген бомбалари билан ўзларини ҳалокатга маҳкум этмоқдалар. Ваҳоланки, уларнинг қаршисида энг тўғри ва умидбахш йўл – Ислом йўли турибди. Улар бу йўлни ё кўрмаяптилар, кўрсалар ҳам, моддий ҳаётнинг қучоқларидан бўшана олмай ва бузуқ ақидаларидан қутула олмай, ўжарларча кўзларини юмиб олишяпти. Уларга нажот йўлини кўрсатиб ёки унга йўллаб қўйишга эса биз мусулмонлар бурчлимиз, масъулмиз!
Инсонлар руҳий хаста! Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунёда 450 милёндан ортиқ киши руҳий касалликлар, асаб тизимининг бузилиши қийноқларини бошдан кечирмоқда. Йилига йигирма милёндан зиёд киши ўз жонига қасд қилишга уринади. Шундан бир милёни суиқасд туфайли ҳалок бўляпти. Энг қизиғи, жонига қасд қилишлар «Қолоқ, маданиятдан орқада қолган, ёввойи» мусулмонлар орасида урф эмас. Асосан юксак тараққий этган Холландия, Можористон, Литва, Скандинавия ўлкалари ҳиссасига тўғри келяпти. Бундан ҳам ажиби – у ерларда одамлар ўзлари яшаётган тўкин, фаровон ҳаётдан безиб, яшашнинг қизиғи қолмаётганидан, инсоний муносабатлар издан чиқиб кетганидан тўйиб ўзларини ўлдираётганларидир.
Ғарбона ҳаётнинг зоҳирий жим-жималари ортида аянчли ботиний тушкунликлар писиб ётганини англашга кўпчилик қодир эмас. Исломиятдан ташқаридаги инсонлар бешикдан қабргача моддий дунё васвасалари – яхши яшаш, кўпроқ пул топиш, бу йўлда аёвсиз олишиш каби «жўшқин ҳаёт» ичида бўлишади. Руҳ эҳтиёжларини қондириш ёки бу ҳақда ўйлаб кўришга уларда вақт ҳам, имкон ҳам йўқ.
Келинг, яхшиси ана шундай ҳаёт тарзини яшаб ўтган ғарблик бир кишининг умр йўлларига саёҳат қилайлик: мана, у болалик билан хайрлашиб, «катта ҳаёт» остонасида турибди. Атрофидаги турфа одамларнинг турмуш тарзидан «ибрат» олади, уларга эргашади. Яшашга мослашади. Касб-ҳунар эгаллаш ёки маълумот олишга тиришади. Кейин яна янги гирдобларга дуч келади: турмуш қуради, фарзанд кўради, уйлар тиклайди, тўйлар қилади. Бир томонда тўғаноқларни даф қилиш, ҳасадгўйлар, кўролмаслар, ғанимларнинг тиш қайраш, фитналарига шай туриш керак. Бир ёқда шайтон васвасаси авжга чиқяпти: ҳақ йўлдан оздирувчи, гуноҳ ишлар, қабиҳлик ва ифлосликлар кўзига жозибали кўрсатиб қўйилган. Атрофидаги ярим яланғоч, шарм-ҳаёсиз аёллар кўзини ўйнатади, хаёлини олиб қочади. Миясига турли ифлос режалар уя қура бошлайди. Бадани ишрат ва фаҳшнинг «ҳузурбахш» лаззатларини қўмсайди. Яна бир ёнда ичкилиб ичиб, тамаки ёки бангивор модда чекиб «мазза» қилаётганлар сафига чорлайди. Ана шу қабиҳ ва гуноҳ ишлар унга ғоят чиройли кўринади. Назарида бошқалар ҳузур қилиб, у ҳаммасидан қуруқ қолаётгандай бўлади. Қалбини ўкинч, алам эгаллайди. Қандай қилиб ана шу разолат домига кириб кетганини ҳам билолмай қолади. Энди унинг атрофга боқишга, ҳаётининг моҳияти ҳақида ўйлаб кўришга, ўзи яшаётган оламни ва махлуқотни ким яратгани, ўзининг дунёга нега келгани-ю ва қаёққа кетиши ҳақида фикр юритишга имкони йўқ, иложи йўқ. Аллоҳга итоат ва ибодат қилиш, Унинг амр-фармонларини бажариш, қайтарган нарсаларини тарк этиш унинг учун тоғни жойидан кўчиришдан ҳам машаққатли ишга айланган. Охират ҳақида ўйлаш умуман хаёлининг кўчасига келмайди. Аксинча, жилвакор дунёнинг журму исёнлари уни гирдобига ғарқ қилган. Шайтони лаъин икки бурнидан сим ўтказиб жиловлаб олган. Илм олиш, ибодат қилиш ва шу йўл билан Аллоҳ розилигини топиш учун яратилган инсон имтиҳон дунёсини нафсини хурсанд қилиш, ҳайвоний истаклари, шаҳвоний майлларини қондириш, ҳавойи орзуларига эришиши йўлида қурбон қилиб бўлган. Бу йўлда ҳеч қандай жиноятдан, ёвузликдан қайтмайди. Инсофу диёнат, ҳалоллик-поклик каби тушунчалардан узоқлашади. Энди у ҳаётининг мазмунини лаззатларга кўпроқ ғарқ бўлишда, ҳаммадан кўпроқ ейиш-кийишда, ҳаммадан бойроқ ва фаровонроқ бўлишда деб тушунади. У шоҳона зиёфатларда бўғзига келгунча овқат ейишни, тошиб чиққунча ичкилик ичишни яшаш лаззати деб билади. Умрининг энг яхши дамларини томошахоналарда ёки ғийбат қайнаган базмларда ёки қимор қизиган гап-гаштакларда совуриб юборади.
Тўхта! Ўзи дунёга нима учун келгансан? Ер юзини банд қилиб нима учун яшаяпсан? Умринг тугагач, қаёққа кетасан? Охират камонидан узилган ажал ўқи кўксингга келиб санчилмагунича ҳам дунё васвасаларидан қутула олмадингми? Аллоҳнинг динидан сўзлаганларга, амри-маъруф қилганларга нега ўқраяпсан? Нега уларнинг гапларига пешонанг тиришади? Ҳақ йўлга даъват қилишса, нега «Вой-дод, жоҳиллар эркимни бўғишяпти», деб аййуҳаннос соласан? Назарингда ичкиликка ғарқ бўлиб, фаҳшга ботиб, ўзгаларга зулм қилсанг ҳам ҳеч ким мушугингни «пишт», демаслиги эркинликми? Азиз умрингни ғафлатда, ғурбатда, ишратда совуриб юбориш яшашга кирадими? Бу саволлар нақадар аччиқ ва ёқимсиз бўлмасин, ҳар биримиз уларга маънилироқ жавоб топишга, ҳадоят сари юзланиб, ҳаётимизни Ислом сари буришга мажбурмиз! Бу Аллоҳнинг буйруғи, фармони, Расулининг ўз умматларига кўрсатмаси! Улардан чекинишга эса бошқа йўл йўқ!



