Илоҳий адолат ва инсонларнинг моддий аҳволидаги фарқланиш
- Written by Administrator
Мен билан анчадан бери нима содир бўлаётгани ҳақида гапириб бермоқчи эдим. Шайтон мени васвасага соляпти, турли саволлар бериб, илоҳий адолатдан шубҳаланишимга мажбурлаяпти. Мисол учун, нимага Аллох баъзиларни бой, бошқаларни эса камбағал қилади, каби саволлар мени таҳликага солади. Ҳатто шунгача бордики, вақт ўтгач мен намоз ўқишни хам тўхтатдим. Энди, бир томондан мени виждон қийнайди, иккинчи томондан шайтон васвасаси тинч қўймайди. Қатъийлик ва матонатим қайтиши ва бу васвасалардан қутулиш учун, Сиз қандай воситани маслаҳат берган бўлардингиз?
Баъзиларда диндор одамни васваса ва ташвишли хаёллар қамраб олади, лекин агар у мустаҳкам иймонга эга бўлса ва астойдил ишонса, у ҳолда Аллоҳни ёрдами билан у бундан тезда қутулади. Унга ойдин фикрлаш, иймон нури ва хотиржамлик қайтади.
Бу ёш йигитда васваса кўринишида пайдо бўлган ғоялар, иккита йирик хатога асосланган: биринчиси, бойлик – дунёдаги ягона ва энг қадрли нарса эканлигига ва иккинчиси, илоҳий адолат бўлганда ҳамма инсонлар бойлик жиҳатдан тенг бўлиши керак, деган фикрларга астойдил ишонишидир.
Моддий бойлик дунёда ягона қадрли нарса эмаслигини билиш керак: қанчалаб бой одамлар фикрлаш қобилиятидан, доноликдан, соғлиқдан, оиласидан ёки болаларидан маҳрум. Агар уларда болалари бўлса хам, мўмин эмаслар, агар хотини бўлса хам, тақводор эмас. Қанчалаб миллонлар соҳиблари чўнтагида бир неча сўми бор бир фақирдек овқатланишни орзу қиладилар, чунки унга шифокорлар хар қандай ёғли овқат ёки ширинлик ёки бирон-бир бошқа нарса ейишни ман қилганлар. Ваҳоланки унинг сандиқлари тўла тилла.
Бироқ бу сандиқларни у нима қилади? У соғлом дейлик хам, аммо у қорнига сиғиши мумкин бўлганидан кўп овқат ея оладими?
«У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, ўша манфаат топар». (Шуаро сураси, 88-89 оятлар)
Аксинча, Охират куни бойлик эгаси узоқроқ ҳисобот беради ва унинг жавобгарлиги бир неча марта ортади.
Табароний Муоз ибн Жабболдан қилган ривоятда, Аллоҳни Расули соллалоҳу алайҳи васаллам айтади: “Охират куни банда ўз ҳаётини қандай сарфлагани; илмига қандай амал қилгани; мол-дунёсини қандай топгани ва нимага сарф қилгани ва жисмидан қандай фойдалангани хақида сўралмагунича жойидан қимирламайди”. Шунинг учун фақат моддий капиталга эгалик қилиш бахт чўққиси бўлолмайди. Инсон пулдан кўра бир неча баробар азиз ва қадрлироқ нарсаларга эга, аммо у яқин фурсатдаги фойдага интилади. Бунда у Аллох ато этган неъматларни унутади.
Агар инсон ўзига берилган барча неъматларнинг баҳосини ҳисоблашга ҳаракат қилса ҳам, буни уддасидан чиқолмайди: кўриш неъматини сиз қанчага баҳолайсиз. Агар бир инсонни кўриш қобилиятидан маҳрум қилиш учун унга минг ёки миллион таклиф қилсалар, у бундай айирбошлашга рози бўлармиди?
«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар.» (Иброҳим сураси, 34 оят)
Нима дейиш мумкин, агар юқоридагига эшитиш, сезиш, таъм билиш қобилиятлари, бармоқлар ва тишларнинг мўжизакор тузилиши, шунингдек, ички органлар, фикрлаш қобилияти ва ўз мулоҳазаларини нутқда сўзлаш, ўзини маълум тарзда тутиш ва ишни моҳирона бажариш неъматларини қўшсак. Агар инсон фақатгина жисмидаги барча неъматларни хисоблашга қўл урса, у холда бу рақам бир неча юз миллиондан ортади. Бироқ, аслида бу неъматларни хисоблаб чиқиш мумкин эмас.
Шу аснода, бир томонлама моддий қараш инсонни хатога олиб келади ва васваса ва иккиланиш дарвозаларини очади. Савол берган биродаримизни ўзларидан сўрасакчи, донолик - хаммани тенглаштиришдамикан? Хамма инсонлар тенг бўлиши хақиқий неъматмикан?
Аллоҳга қасамки, йўқ, хақиқий донолик бунда эмас. Хақиқий неъмат фарқ қилишдадир, қайсики ким шукр қилади, ким эса ношукр бўлади, ким хафа бўлади, ким эса сабр қилади, ким яхшилик қилади, ким эса бундан бош тортишини аниқлаш учун синов ва имтиҳондир.
Ғайрат ва қаршилик кўрсатишни талаб қиладиган, Аллоҳ яратган бу ҳаёт ана шундай. Агар Аллох хоҳлаганида, инсонни овқатга хам, сувга ва мол-мулкка хам эҳтиёжи йўқ қилиб яратарди. Бироқ, У инсонда сезгиларни ва овқат, сув ва кўпайишга бўлган эхтиёжини, шунингдек, у яшайдиган жамиятга бўлган эҳтиёжини ва бошқа эҳтиёжларни яратди. Инсонни бундай қилиб Яратган Аллоҳ Буюкдир, ахир агар барча инсонлар бир хил бўлганларида, у ҳолда ҳаётда ҳеч қандай маза ва донолик бўлмасди.
Ахир сабр кўрсатилиши учун, сабр қилиниши керак бўлган нарса бўлиши керак. Диёнат ва алтруизм (ўз манфаатларидан воз кечиб бошқаларга яхшилик қилиш, ғамхўрлик кўрсатиш; эгоизмнинг акси) намоён бўлиши учун эса, булар кўрсатилиши мумкин бўлган инсонлар бўлиши керак. Шубҳасиз, бу олижаноб сифатларнинг намоёни бўлиши учун инсонларни ва неъматлар тақсимланишининг турлича бўлиши талаб қилинади.
Агар ҳамма вақт ёруғлик ва кун бўлса, у холда инсонлар кечанинг афзалликларидан фойдалана олмасдилар: қоронғу кечада инсонлар учун тинчланиш бор. Қоронғулик, ёруғликдек мухимдир, кун бўлганидек, тун хам бўлиши керак.
Биродаримиз йўл қўйган иккинчи хато – илоҳий ҳикмат ва адолат хусусида нотўғри тасаввур. У бу икки тушунчани ўзининг ожиз ва чегараланган онги орқали тасаввур қилишга ҳаракат қилади.
«Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди.» (Муъминун сураси, 71 оят)
Биз, инсонлар, Аллохнинг донолик чегараларини аниқлай оламизми ёки Унинг донолиги биз истагандек намоён бўлиши мумкинми. Хар ким ўйлайдики, илоҳий ҳикмат унинг тушунчаси ва истакларига мувофиқ бўлиши керак, агар бу ҳақиқатда бўлганида, ҳаёт сақланиб қолармиди.
Мисол учун, биринчи никоҳ кечасида келин олдига кираётган куёв ёлворади: “Эй Аллоҳим, бу кечани узун қилгил”, бу пайт, дардманд одам ёрдам сўрар экан: “Эй Аллоҳим, қачон тонг отади?”, дея хитоб қилади.
Ундай бўлса, Парвардигори олам кимга жавоб бериши керак, ваҳоланки У бирига ҳам, иккинчисига хам муҳтож эмас. Дарҳақиқат, У ўз донолигига кўра ҳукм қилади, қайсиники бир қисмини биз билишга қодирмиз, бошқа қисми эса биздан яширинган.
Бундай хикоя келтирамиз: “Айтишларича, палма дарахти тагида ота ва ўғил ўтиришган экан ва ўғил отаси билан баҳслашишни истабди. Ўғил айтибди: “Эй ота, биз гувоҳ бўлаётган тенгсизликка қаранг, қани бу ерда сиз айтган хикмат? Ахир Аллоҳ – Билгувчи, Доно. Мана бу кичкина ўсимликка қаранг, унда тарвузлар ўсяпти ва у катта ҳосил беради, гарчи мана бу палма ўзининг баландлигига қарамай кичкинагина хурмо ҳосил беради. Улар ўртасида тенглик йўқ. Хурмолар палманинг бўйига монанд тарвуздек катта бўлса мантиқан тўғри бўларди. Тарвузлар эса, палагига монанд бўлиши керак”. Ота жавоб қилди: “Эй ўғлим, балки бунда Аллоҳни ҳикмати бордир, қайсиники биз англашга қодир эмасмиз”.
Кейин ўғил бироз дам олиш учун ёнбошлабди, отаси эса уни ёнига ётди. Бола кўзини юмишга улгурмасдан, палманинг чўққисидан бошига хурмо тушди ва қаттиқ оғриқ берди. Бола қичқириб юборди. Отаси ундан “нима бўлди”, деб сўради. “Дарахтнинг энг тепасидан бошимга хурмо тушди”, - жавоб берди бола. Шунда ота деди: “Эй ўғлим, бу тарвуз эмаслигига Аллоҳга шукр қил”.
Бу мисол Аллоҳнинг донолигини тушунтиради. Дарҳақиқат, инсон заиф ва кучсиздир, ва бу ҳақиқатни тушуниш ва тўлиқ англашга қодир эмас. Шунинг учун, унга фақат фаришталарнинг сўзларини қайтариш қолади: "Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан" (Бақара сураси, 32 оят), ёки “ақл эгалари” айтган гапни айтиш, қайсиларки “Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган холларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар”: “Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин.” (Оли Имрон сураси, 191 оят)
Қалбини эгаллаган шубҳалар туфайли маълум хатоларга йўл қўйган бу йигит, Аллоҳдан кечирим сўраб, хатоларига пушаймон бўлиши керак. Шунингдек ўз иймонини янгилаб ва Аллоҳга ишончини комил қилиб, намозга қайтиши керак. Иймон ва илм эгалари билан дўстлашиши керак. Аллоҳ ўз раҳматига кўра, унинг интилишларини қабул қилади ва уни тақводорлар сафига қўшади.
Шайх Юсуф Қарадовий, Халқаро уламолар ассоциацияси рахбари



