Ҳозирги даврда ахборот хавфсизлиги омиллари

Ҳозирги даврда ахборот хавфсизлиги омиллари

Миллий хавфсизликни назарий ва амалий жиҳатидан таъминлаш одатда ҳарбий кучларнинг вазифаси ўлароқ қабул қилинган. Бугунги кунга келиб вазият ўзгарди, чунки ахборий жамиятнинг шаклланиш воқеалиги бундай ёндашувларни энди чеклаб қўйди. Ахборот инқилоби иқтисодий ва ижтимоий глобаллашувнинг асосий бўғини ҳисобланади. Замонавий технологик инқилоб асосида илмий ва технологик кашфиётлар ётибдики, улар телекоммуникация воситасида маълумот алмашиш ва тадқиқот қилишга имкон яратади.

Сиёсатшунослар “ахборий” деб атаган жамият индустриал жамиятдан кескин фарқ қилади. Бугун энг ривожланган мамлакатлардан АҚШ, Канада, Японияда, Ғарбий Оврупанинг катта қисмида, Осиёнинг жанубий-шарқида жойлашган баъзи мамлакатларда ахборий инфратузилмалар ташкил этилган бўлиб, булар мазкур мамлакатлардаги жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олгандир. Бундан ташқари, дунёда ягона глобал тизимга тезкор суратда ўтишга мойиллик ҳам кўзга ташланмоқда. Янги пайдо бўлган ахборий жамиятнинг технотузилмаси соҳасида кўп одамларнинг банд бўлишига қарамай, саноат йўқ бўлиб кетмайди ва ўз мавқеини йўқотмайди. Биринчи навбатда янги жамиятдаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва алоҳида хизмат кўрсатиш соҳалари билан эмас, балки улар бир-бири билан ўзаро ахборий алоқада экани харакатерлидир.
Ҳозирги пайтда ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида ахборот муҳим  таркибий  қисмга айланди. Масалан, БМТ йиллик ҳисоботида айтилишича, 90-йиллар бошида Америкада ишлайдиган аҳолининг олтмиш фоизи ахборот билан ишлаш соҳасида банд бўлишган. Ахборот инсониятнинг глобал хазинасига айлангани боис ахборот ресурсларини жадаллик билан ўрганиш даври келди ва ҳар қандай мамлакатнинг миллий хавфсизлиги учун ахборот катта таъсир кучига эга бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам дунёда кузатилаётган глобал ижтимоий ўзгаришлар ҳар томонлама чуқур таҳлилни ва жиддий ахборий тадқиқотларни талаб қилади. Америкаликларга ҳозирги мавжуд ахборий тезкор сиёсий тизимни шакллантириш учун ўн йилдан ошиқ вақт кетди (1963-1973 йиллар). 1967 йилги “Миллий мақсад, аслият ва воситалар акти”да бир гуруҳ маслаҳатчилар томонидан президент учун йиллик ҳисобот тайёрлаш ва АҚШ Конгресси қошида ижтимоий ахборот қўмитасини ташкил қилиш талаблари бор эди.
Жамият ҳаёти ва ижтимоий гуруҳларнинг ўзаро алоқаларига тегишли маълумотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йил ичида АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясининг асосий мақсади америкача яшаш тарзининг ҳимоясига қаратилгани алоҳида диққатга сазовор. “Менинг маъмуриятим учун энг муҳим вазифа ва контитуциявий бурч – халқ, мамлакат ҳудуди ва яшаш тарзининг миллий хавфсизлигини таъминлаш бўлди”, деган эди АҚШ президенти Билл Клинтон.   
АҚШда давлатнинг юқорида кўрсатилган ягона тизими (“ижтимоий кўрсаткичлар”) бўйича америкача ҳаёт тарзининг асосий тамойиллари белгилаб олинди. Бу эса АҚШ сиёсий-ҳарбий раҳбарларининг “миллатнинг ижтимоий кайфияти”да пайдо бўлган ва уларга таъсир қилаётган ахборий руҳий босимнинг ташқи ва ички манбаларини аниқлаш ва муаммоларга шошилинч муносабат билдириш имкониятини очиб берди. Шундай қилиб, миллий хавфсизлик манфаатлари учун АҚШ ички маълумотларнинг ташхис тизими ишлаб чиқилди. XX аср охирларида эса ташқи маълумотлар учун ҳам ташхис тизимини ишлаб чиқиш бошланди. Бунинг учун эса, АҚШ назоратида бўлган (айниқса Шарқий Оврупа мамлакатларидаги) халқаро ахборот тизимларидан фойдаланилмоқда (биринчи навбатда Интернетдан). Ягона ахборот майдони шаклланиши шароитида АҚШ доимий кузатиш (мониторинг) ва ижтимоий маълумотларни назорат қилиш ёрдамида ўзининг миллий хавфсизлигини таъминлашга муваффақ бўлди. Ғарб сиёсатида мавжуд сиёсий ҳукуматга ахборот таъсирининг кўлами ва мамлакатнинг сиёсий ҳолати (статуси) каби масалалар асосий ўринни эгаллаб келмоқда.
Тадқиқотчилар айтишича, керакли маълумотларни тўплаш ва улардан фойдаланишда кенг имкониятларни ишга солиш билан мамлакатнинг геосиёсий имкониятлари кучаяди. Мамлакатдаги ҳукумат ижро девонининг имкониятлари вакиллик ҳокимиятидан устун бўлиши кузатилмоқда. Бу нарса собиқ Совет иттифоқи мамлакатларидаги сиёсий жараёнлар орқали ўз тасдиғини топмоқда. Ўтказилган президент ва парламент сайловлари ҳамда ҳукуматни сақлаб қолишда ОАВ ва компютер тармоқлари устидан назорат қилиш (мониторинг) жамоатчилик фикрини хоҳлаган ўзанга буриб юбориш имконини беради. Сайлов натижалари кўпинча электрон ОАВларига боғлиқ бўлади.
Интернет давридаги илк сайлов кампанияси 2000 йили АҚШда ўтказилган  президент сайловлари эди. 1996 йили ҳам Интернетдан сиёсий мақсадларда фойдаланиш бўйича айрим тажрибалар ўтказилган. Ҳисоб-китоблардан маълум бўлишича, 144 миллион америкалик бир йил ичида ўртача ўн соат Интернет воситасида турли хил маълумотлар билан танишади. Натижада, худди газета, телевидение, радио ва журналлар каби Интернет ҳам сайловчиларга таъсир ўтказиш воситасига айланди. Ўшанда, Буш ва Гор ҳам ўз сайтларига эга бўлиб, уларнинг сиёсий мақсадлари ва ўзлари ҳақидаги бошқа керакли маълумотлар мазкур сайтларда акс этган эди. Партия вакилликлари ва турли хил ижтимоий-сиёсий ташкилотлар ҳам ўз сайтларига эга бўлишган. Шундай қилиб, сайлов ҳали бошланмай туриб овоз берувчи сайловолди курашларига аралашиб қолади.  Масалан, республикачи ва демократларнинг партия қурултойлари даврида 600 мингдан зиёд киши Буш ва Гор сайтлари билан танишиб чиққан. 2000 йилги сайловларда эса Интернет воситасида овоз бериш масаласи ўртага қўйилди.  Феникс (Аризона), Сан-Диего ва Сакраменто (Калифорния) шаҳарларида бу борада тажриба ўтказилиб ҳам кўрилди. Бундан ташқари, хорижда бўлган икки юзга яқин ҳарбий хизматчи ўз яшаш манзиллари бўйича (Жанубий Каролина, Техас, Флорида ва Юта штатлари) Интернет орқали овоз бериш имконига эга бўлишди.
Иқтисод, илм-фан, сиёсатнинг барча жабҳаларида ахборот технологиялари ва ахборий ресурсларнинг геосиёсий аҳамияти кўтарилади, чунки мамлакатнинг геосиёсий салоҳияти ва унинг сиёсий имкониятлари глобал миқёсда мамлакатнинг ҳудудий жойлашуви, катталиги ва аҳолисининг кўплиги билангина эмас, балки иқтисодий, илм-фан, ҳарбий ва коммуникацион имкониятлари билан намоён бўлади. Шубҳасиз, сиёсат мамлакатнинг иқтисодий имкониятларига таянади ва унинг иқтисодий манфаатларига хизмат қилади. Илгари мамлакатнинг иқтисодий қудрати унинг табиий бойликлари (ҳосилдор ерлар, фойдали қазилмаларнинг мавжудлиги ва ҳоказолар) билан ўлчанар эди. Кейинчалик эса иқтисодий салоҳиятнинг асосий омили қайта ишлаш саноатининг ривожланиш даражасига кўра ўлчанадиган бўлди. Айни вақтда ахборот стратегик аҳамиятга молик миллий ресурсга айланиб, мамлакатнинг асосий бойлиги ҳисобланадиган бўлди. Шунинг учун ҳам мамлакатнинг геосиёсий мавқеи ахборий инфратузилималарининг ривожланишига боғлиқ бўлиб қолди.
Ривожланган мамлакатларда ахборот техникаси ва ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ва бу соҳада иш билан таъминланиш омиллари биринчи ўринга чиқиб олди. 80-йиллар бошида етакчи давлатлар ахборотлашиш бўйича давлат дастурларини қабул қила бошлашди (Япония – ахборот жамияти қуриш дастури, АҚШ – стратегик ахборий ташаббус, Оврупа Иттифоқи – “Эврика” ва ҳоказолар). 1993 йили АҚШда  11-доктрина  – миллий ахборот инфратузилмаси ташкил этилгани эълон қилинди. Клинтон – Гор меморандумларида бу АҚШ иқтисодий ривожланишининг муҳим вазифаси деб эълон қилинди.
Бугун дунёда ҳар қандай мамлакатнинг геосиёсий обрўси унинг илмий-техник салоҳияти, хусусан, олим ва инженерлари меҳнатининг ахборий-техник таъминланганлик даражаси билан белгиланади.
Ахборотлашиш жараёни ҳарбий соҳани ҳам қамраб олди. Маълумки, уруш сиёсатнинг узвий давоми ҳисобланади, армия эса – сиёсатчилар қўлида кучли қурол ва ҳал қилувчи воситадир. Қуролланиш пойгасида ядро-ракеталар мушкулотининг ечими топилди. Ҳарбий соҳалар янги ядровий босқичга кирди, оммавий қирғин қуролларидан воз кечиб, экология ҳалокатига хавф солмайдиган ва сиёсий-иқтисодий мақсадларга эришишнинг энг унумли воситаси ҳисобланган ахборий қуролларга ўтиш жараёни бошланди. Шикастлаш таъсири анъанавий ўт очишга асосланган замонавий ‎қуролнинг самардорлиги тобора ўт очиш қудрати билан эмас, балки қувват, ‎бошқарувчанлик, тезкорлик каби ахборот кўрсаткичлари билан ‎белгиланмоқда, у «ўлдирмайдиган» қуролдан «зарба берувчи» ‎‎(нишонни пайқай олувчи, танлай олувчи) қуролга айланиб бормоқда.‎ Ривожланаётган мамлакатларда 80-йиллар бошидан армияни ахборотлаштириш илмий ва ҳарбий-техник сиёсатининг биринчи ўриндаги вазифаси деб тан олинди. Ҳарбий амалиётларда бевосита ахборий-техник ва ахборий-руҳий қисмларнинг салмоғи ва аҳамияти ошиб бормоқда.
Бугунги кунда ахборий таъсир қилиш воситаларининг унумдорлиги ўта юқори даражага чиққан, улардан фойдаланиш қамрови шунчалик кенгки, бу ерда гап янги – ахборот қуроли ҳамда ахборот урушлари ҳақида бораётир. Форс кўрфазидаги ҳарбий амалиётлар ниҳоясига етгач, Америка ҳарбий мутахассислари “ахборот уруши” иборасини қўллай бошлашди. Бу урушда ахборот қуроллари ўта самарали экани ўз исботини топди.
1992 йил 21 декабр куни Пентагон “ахборот уруши” деб номланган Т8 3600,1 фармойишини қабул қилди. Бу ҳужжатда гап келажакдаги урушларда “ахборий ресурсларни ҳар томонлама эътиборга” олиш масаласигина бўлмай, балки АҚШга қарши қўлланиши мумкин бўлган янги ахборот технологияларининг миллий хавфсизликка таҳдиди борасида чуқур ташвиши ҳам баён қилинган эди. Штаб раҳбарлари қўшма қўмитасининг раиси Ж. Шаликашвили томонидан 1993 йили чоп қилинган 30-сонли фармойишда ахборот урушларига тегишли асосий қоидалар ва бошқариш тизими билан курашиш йўли батафсил баён қилинган. Ахборот уруши ўзига хос хусусиятлар билан алоҳида мустақил тур ва бошқа уруш турларига қўшимча элемент сифатида қаралади (қуролли, мафкуравий, иқтисодий ва ҳоказо.) Булар уруш ва тинчлик даврларида ҳам содир бўлади. Мазкур урушнинг миқёси шунчалик кенгки, уларга ҳозирлик ўз оқимида бўлмай, балки тартибли равишда ва ахборот урушларининг қонуниятларига таянган ва соҳа бўйича чуқур билимга асосланган бўлиши керак. Ахборот уруши назариясини ишлаб чиқиш, унинг қонуниятлари, асослари, турлари ҳамда уни тайёрлаш ва амалга ошириш қоидалари тизимини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Ахборот урушининг мақсади – шахсий ахборий хавфсизликни юқори сифат билан таъминлаш ва рақиб тарафидан етказиладиган талафот оқибатларини энг юқори даражада камайтиришдир. Буни бир қатор вазифаларни ечиш йўли билан амалга ошириш мумкин, улар орасида энг муҳим саналган рақибнинг ахборий муҳитидаги объектларини йўқ қилиш ва ўз маълумотларини ҳимоя қилиш ётади.  Булар ахборот урушлари таркибини, тузилиши ҳамда мақсад ва вазифаларини белгилаб беради. Бундан ташқари ахборот уруши моҳиятига жуда кўп омиллар таъсир қилади, булар орасида сиёсий, иқтисодий, руҳий ҳамда ҳарбий ва ахборот омиллари бор. Ахборот уруши моҳияти шаклланаётганида сиёсий омил муҳим аҳамиятга эга, хусусан у қуйидагиларни белгилайди:
- унинг вазифа ва мақсадлари;
- унинг пайдо бўлиши ва уни тугатиш йўллари;
- уни олиб бориш ва давом эттириш учун  қилинадиган сарф-харажатлар;
- уни олиб бориш учун моддий ва молиявий ресурслар билан таъминлаш. 
Ахборот урушининг кучайиши ва унинг моҳиятига иқтисодий омилнинг катта таъсири бор. Мамлакатнинг ахборотлашув даражаси иқтисодга боғлиқдир.  Уруш ва тинчлик давридаги ахборот урушларининг самарадорлиги ҳам айнан шу омилга боғлиқ. Илмий-техникавий тараққиёт ахборот уруши воситаларини янада мукаммаллаштириб, унинг назариётида инқилобий ўзгаришларни юзага келтиради. Психологик омил эса ахборот уруши назариясини амалга оширишда ҳал қилувчи таъсирга эгадир. Ахборот тизими ходимларининг умумий ва касбий тайёргарлиги, унинг мафкуравий-ватанпарварлиги ва руҳий ҳолати, мамлакат манфаатлари ҳимоясидаги фидокорлиги ахборот урушларида қўйилган вазифаларни амалга оширишда муҳим рол ўйнайди.
Ахборот уруши кучайиши асосида ҳарбий омил ётибди. Ҳарбий доктрина қоидалари, душманларнинг (рақибларнинг) ҳарбий доктриналари, ахборот уруши воситалари тараққиётининг ҳолати ва истиқболлари, бу соҳада тўпланган тарихий тажриба ва билимлар ахборот урушининг вазифавий қоидаларини ишлаб ‎чиқишнинг асосий базаси бўлиб, унинг йўналиши ва тараққиётини белгилаб беради.
Ахборот омили эса ахборот уруши билан бевосита боғлиқ бўлиб, улар мамлакатнинг қай даражада ахборотлашув даражасига ҳам боғлиқдир. Бу омил урушнинг чегараси, қоидалари, унинг босқичлари, зарба нишонини аниқлаш ва зарба йўналишини белгилаш, кучларнинг тузилиши, рақибнинг ахборий муҳитда турли ҳаракатлар қилиш имкониятларини белгилаб беради.
Ахборот урушида жамоатчилик фикрига таъсир қилиш учун “ахборий-руҳий босим” услуби қўлланилади, у қуйидагилар билан боғлиқ:
– маълумотлар ичида “маълумотлар”ни бериш (ёлғон маълумотларни бериш кўзда тутилган)
– тамаддун маънавий хусусиятларини эътиборга олиб, таъсир қилиш.
Инсоният тараққиётининг турли босқичларида бундай услублар турли хил кўринишда учраб туради. Масалан, Чингизхон қўшинлари душман аҳолисини руҳан синдириш учун турли хил миш-мишлардан унумли фойдаланган (мисол учун, душманнинг заифлиги, ҳукмдорларининг сотқинлиги ва Чингизхон қўшинларининг қудрати ҳақида). Буюк Британия Жанубий Африкадаги бурлар билан олиб борган урушда бурлар тезда Олмания, Ирландия ва бошқа мамлакатлар билан алоқа ўрнатиб, у ерда Буюк Британия ҳақида аёллар ва болалар билан курашаётган давлат экани ҳақидаги тасаввурини шакллантирган. Оқибатда улар халқаро жамоатчилик фикрини ўзига керакли руҳда шакллантиришидан ташқари қурол-яроғ етказиб туриш ва кўнгиллилар отрядларини тузиш каби ишни ҳам уддалай олишган. Бурларнинг баъзи партизан гуруҳлари ҳаракатларининг кенг ёритилиши алоҳида аҳамият касб этди ва енгилмас инглиз қўшинлари ҳақидаги афсонани йўққа чиқаришда қўл келди.
Тарғибот мустақил ҳарбий йўналиш сифатида биринчи жаҳон уруши даврида шаклланди. Масалан, АҚШда Олмония ва АҚШ аҳолисига таъсир (турли жиҳатлардан) қилиш  бўйича тарғибот ишларини мувофиқлаштирувчи Крили қўмитаси ташкил қилинди.
Ахборот урушларининг муҳим қисмлари қуйидагилардир: душман кўзидан яшириш, яшириниш воситаларини зудлик билан қўллаш, руҳий босим амалиётлари, радиоэлектрон кураш, бошқарув тизимининг ўт очиш йўли билан йўқ қилиниши, жосуслик, рақиб тарафнинг мудофаа тизимидаги бошқарув пунктини издан чиқариш кабилардир. 1995 йили Ахборот уруши ҳақида АҚШ армиясининг янги Низоми чиқди, миллий хавфсизлик университети эса бу соҳада илк мутахассислар гуруҳини тайёрлади. 1994 йилдан бошлаб ахборот урушлари муаммоси бўйича турли хил илмий анжуманлар уюштириб келинмоқда. Сўнгги ўн йил ичида АҚШ информатика ва ахборот урушларини тайёрлаш учун  харажатларини уч баробарга оширди ва энди бу харажатлар давлат бюджетининг 20 фоизини ташкил қилди.
2001 йили немис разведкаси бундан кейин ахборот урушларининг кучайиши таҳдидидан дунёнинг барча махсус хизматларини огоҳлантириб қўйди. Мутахассислар хулосасига кўра, бир қатор давлатларнинг махфий хизматлари мунтазам тарзда ахборот урушига тайёргарлик кўришмоқда (мутахассислар баёнотларида расмий равишда бу мамлакатларнинг номлари айтилмаган). Уларни рақиб томон компютеридаги маълумотлар базасини йўқ қилишга ўргатишмоқда. Ахборот урушининг асосий моҳияти мамлакатни бошқариш тизимига талафот етказиб вақтинча ишдан чиқариш ёки уни тезда бутунлай йўқ қилишдан иборат. Ахборот урушида энг олдин нишонга олинадиган нуқталар ҳарбий тузилмалар, кейин эса турли нуфузли ташкилотлар, банк тизимлари, полиция ва транспортга қарши қаратилган бўлади. Олмон мутахассислари маълумотига кўра, “Троя оти” деб ном берилган махсус дастурлар бор, улар рақиб компютерида йиллаб мавжуд бўлиб туради-да, керакли вақтда ишга тушиб, бутун тизимни ишдан чиқаради. Масалан, Франциядан сотиб олинган “Мираж” русумли самолётларнинг ҳеч қайсиси Ироқ урушида учмади. Чунки улар ичига яширин электрон мослама ўрнатилган бўлиб, французлар ёрдамисиз самалётларни ҳавога кўтариш иложсиз эди. Французлар шундай қилиб ўзларига керакли вазиятда бу ҳолатдан аъло даражада фойдаланишган. Бундай услубларни НАТО Югославиядаги ҳаво урушида ҳам қўллади. Америкалик ҳарбий хакерлар (компютер тизимини бузиб, бостириб кира оладиган устамонлар) сербларнинг ҳаво мудофаа тизимини ишдан чиқара олишди. Немис разведкаси мутахассислари бу ҳийла ахборот уруши вақтида қўлланиладиган ягона услуб эмаслигини ҳам кўрсатиб беришган.
Рақибнинг ахборот тизимини ишдан чиқариш учун унинг компютер тармоғига боғланиб, унга компютер вируслари юқтирилади. Бунинг учун Интернет тармоғидан фойдаланилади. Ҳозирги вақтда мамлакатни бошқаришда ягона компютер тизим бирон-бир давлатда мавжуд эмас. Бугун турли хил лойиҳалар ўрганилмоқда, турли хил идоралар йўл-йўлакай ўзларининг шахсий ахборот тизимларига эга бўлишмоқда. Компютер тизимларининг хавфсизлигини ҳимоялаш учун махсус ташкилий ишларни амалга ошириш ва керакли техникавий-дастурий воситалар билан таъминлаш керак, бу эса қимматга тушади ва ҳамманинг ҳам бунга имконияти йўқ.
Ўз маълумотларини бегоналардан ҳимоялаш ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади. Махфий ахборот ҳамма фойдаланадиган глобал компютер тармоқларидан узоқда бўлиши керак ва бу маълумотларни махсус тузилган гуруҳ доим назорат қилиб туриши керак. Ахборий техника ва технологиялар ривожлангани сайин “совуқ уруш”ларни “қайноқ урушлар” аста-секин қисиб чиқармоқда ва бунда ахборот қуроли ўта муҳим хизматни қилмоқда. Бугун “совуқ урушлар” кенг миқёсли ва сиёсий тарафдан ўта самарали экани яхши билинди. Кўпинча бундай урушлар воситасида давлат ўз сиёсий мақсадларига етишишни кўзлайди. (Бир ўқ отмай Совет иттифоқидек улкан давлатнинг бир кечада йўқ бўлиб кетганини эсланг). Мамлакат учун халқаро майдонда катта таъсир кучига эга бўлиш унинг ахборий инфратузилмалари қай даражада ривожланганига боғлиқдир. Бу билан мамлакат ўзининг ақлий имкониятларидан унумли фойдаланади, ўз маънавий ва мафкуравий қадриятлари, маданияти ва тилини тарғиб қилиш имкониятига эга бўлади ва ўзга мамлакатларнинг мамлакат руҳий-маънавий асосларига раҳна солувчи руҳий ва маданий босқинига қарши тура олади.
АҚШнинг ташқи сиёсий ютуқлари нафақат унинг иқтисодий қудрати, балки “демократия” ва “халқ дипломатияси” дастурларининг амалга ошириши ва ахборий ва маданий жараёнларни ўз назоратига олиши ёрдамида таъминланган. АҚШ оламшумул геосиёсий пешқадамликка бўлган даъвосини очиқчасига эълон қилиб, бунинг учун керакли заминни ҳам тайёрлаб олди. Глобал ва миллий компютер тармоқлари келажак ахборот инфратузилмаси асосининг асоси экани бугун барчага маълум бўлиб қолди. АҚШ Мудофаа вазирлигининг суперкомпютер тармоғи – АКРА дунё глобал ахборот тармоғи ҳисобланган ва ҳозир ҳамма ёқда машҳур бўлган Интернет тармоғининг асосини ташкил қилди. Бугунги кунда Интернет Ер куррасида кенг кўламли асосий ахборот тизимига айланди ва у АҚШ ҳарбий мутахассислари назоратида турибди.
Оммавий ахборот воситаларининг мавқеи ҳам бирмунча ошган, чунки турли хил сиёсий ва молиявий гуруҳлар ўз манфаатларини тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг жамоат фикрига таъсир ўтказишда муҳим восита эканини яхши англаб етишган. Тингловчилар, телетомошабинлар ва ўқувчилар кўп ҳолларда ахборот урушларидаги фош қилувчи далилларнинг очилиши, баъзи маълумотларнинг атайин юзага балқиб чиқиши, буюртма мақолаларнинг тинимсиз чоп қилинишига ҳар куни гувоҳ бўлиб туришибди. Бу ижтимоий таъсир йўналишини янада кучайтиради, янги мустақил давлатларнинг фуқаролик жамияти асосларига, тадбиркорлик институтларига халқнинг ишончсизлигини келтириб чиқаради. Ҳукуматнинг ҳар қандай ҳаракатларига шубҳа, ишончсизлик келтириб чиқариш эса ҳукумат ва жамият ўртасидаги жарликни янада кенгайтиради, одамлардаги ҳаётларини келажакда яхшилаш умидини сўндиради. Демократик жамият ва оммавий ахборот воситаларига ишончсизлик андозалари ҳам тобора ўзгариб боряпти. Шундай қилиб, мамлакатларнинг геосиёсий рақобатда, сиёсий режаларни амалга оширишда очиқ куч ишлатиш чора- тадбирларидан (иқтисодий,  дипломатик ва ҳарбий тарафдан) кўра ахборот ресурсларидан фойдаланиш тарафига оғиш кузатилмоқда. Курашнинг бир шаклдан бошқа шаклга ўтиши  унинг жадаллашувини секинлаштирмайди, қатъият ва ўжарлигини ҳам йўқ қилмайди. Аксинча, у “демократик” дунё тузилишига ўтиш даъватлари остида яшириниб, ўта муросасиз бўлиб бормоқда.

Ираклий Нанадзе мақоласи асосида Абу МУСЛИМ тайёрлади

back to top