Мўъжиза бўлмаган нима қолди?
- Written by Administrator
Ҳар бир кунимиз деярли бир хил кечади. Эрта тонгда уйқудан уйғониб, ташқарига чиқамиз. Тоза, мусаффо, ёқимли ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оламиз. Шунда тафаккур эгалари хаёлга чўмадилар: қизиқ бу ҳаво қаердан келиб қолган? Нега у тугаб қолмайди? Бордию етишмай қолса, инсоннинг, жамики махлуқотнинг ҳоли нима кечади?
Олимларнинг ҳисобича, еримизни ўраб турган атмосфера қатламининг 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород ва бир фоизини нафас олишимиз учун зарур бўлган бошқа моддалар ташкил этади. Аллоҳ таолонинг ҳакимлигини, унинг дақиқ ўлчовини қарангки, ана шу мутаносиблик сал бузилса, ерда ҳалокат бошланиб, тирик жон борки қурбон бўлиб кетади. Чунки ҳавода кислород кўпайса, ҳамма нарса осонгина ёниб кетади, аксинча бўлса, олов деган нарса мутлақо бўлмайди.
Маълумки, инсон ва бошқа кўпгина жонзотлар ҳаводаги кислородни ютиб, карбонат ангидрид гази чиқаради. Хўш, миллиардлаб инсонлар, бошқа махлуқотлар ҳар куни, ҳар сонияда нафас олиб-чиқараверса, кислороднинг ўрнини ким тўлдириб, карбонат ангидридни ким йўқотиб туради? Аллоҳ таоло бунинг ҳам ҳисобини чиқариб қўйган. Етти –саккиз ёшли бир дарахт бир кунда икки кишининг нафас олишига етадиган кислородни ишлаб чиқариб, шунча зарарли газни ўзига ютар экан. Олимлар ҳисобича, Ер юзидаги ўсимликлар ўзидан йилига тўрт юз миллиард тонна кислород чиқаради.
Энди нигоҳимизни осмонга, сўнаётган ойу чиқаётган қуёшга қаратамиз. Хўш, уларни ким яратиб, ким мана шундай аниқ ҳисоб-китоб билан, бирор кунни канда қилмай чиқадиган ва ботадиган қилиб қўйган? Нега улар ақли бўлмаса-да, ҳисобидан адашиб кетмайди, бирининг ўрнига бошқаси кўтарилмайди? Самовотдаги миллионлаб юлдузлар-чи? Уларни чексиз коинотда ким ана шундай ҳолатда ушлаб турибди?
Бу коинотни ким бунчалик мукаммал ва собит ҳолда яратган? Канада дорилфунини профессори Франк Алейн бундай дейди: «Биз яшаб турган заминни ташқи самовий жисмлардан ҳимоя қилиб туриш учун қалинлиги қарийб саккиз юз километрли ҳимоячи газлар (атмосфера) яратилган. У ҳар куни сониясига юз эллик километр тезликда Ерга тушиши мумкин бўлган йигирма миллион дона самовий тошларни қайтариб, заминни улардан ҳимоя қилиб туради, бу тошларнинг ҳаммаси атмосферада тўқнашади. Бундан ташқари атмосфера замин сиртида ҳаёт учун зарур бўлган иссиқ ҳароратни бирдай сақлаб туради. Бордию бу жараён узлуксиз суратда давом этмаганида, ерда яшаб бўлмасди».
Ёки атрофимиздаги наботот оламига бир ибрат назари билан қарайлик. Шайх Саъдий «Дарахтларнинг кўм-кўк япроқлари ҳар оқилга Худони танитадиган дафтардур», деган эди. Рўпарамиздаги яшнаб турган дарахтларнинг ўзи мўъжиза эмасми? Бир хил кўринишдаги, бир хил рангдаги бу дарахтлардан нега ранги, кўриниши, мазаси, шакли ҳар хил турфа меваларни узиб оламиз. Уни бизга ким шундай қилиб бериб қўйибди? Эҳтимол, боғбон, деб ўйлаётгандирсиз? Агар боғбон ниҳолни Аллоҳнинг тупроғига экмаса, У юборган сув билан суғормаса, Унинг қуёшида иситмаса, дарахт кўкарармиди, ўсардими, ҳосил тугармиди? Қудрат ва ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло хоҳласа, тупроқдан турфа неъматлар ўсиб етишади, хоҳламаса, қуруқ калтак ёки хас –хашак қолади. Ана шу дарахтга шакл, ранг берган ҳам, мевасига таъм, маза ва шифобахш моддаларни жойлаган ҳам Аллоҳнинг Ўзи!
Ёки бир дона буғдой донини олиб кўринг. Ана шу бир дона жимитгина донни эксангиз, ундан етти бошоқли майса униб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бўлади. Аллоҳнинг қудратини қарангки, у бир дона донни етти юз баравар кўпайтириб, бандаларига ризқ-рўз қилиб берди. Бордию Аллоҳ таоло камроқ ҳосилли қилиб қўйса, инсон уни ўзича кўпайтира оладими? Асло!
Энди ҳайвонот оламини бир кўздан ўтказайлик. Лочиннинг бир-икки тухум қўйиши ва пашшанинг миллионлаб тухумлаши ўртасида қандайдир боғлиқлик борлигини нега тафаккур қилиб кўрмаймиз? Бўрининг битта, итнинг эса саккиз-ўнта болалашида нима ҳикмат бор? Китнинг бир-икки бола туғишидаю балиқларнинг миллионлаб уруғ ташлашида қандай сир-синоат бор? Ўлчовлар бузилиб, аксинча бўлиб қолганида аҳвол бошқача бўлармиди?
Қурбақа, қуён, кабутар, тимсоҳ, жирафа, кит, туя каби кўриниши, яшаш тарзи, тури, катта-кичиклиги хилма-хил бўлган жонзотларнинг ички тузилиши шуни исботлаб турибдики, барча тирик мавжудот ягона тузилиш-режа асосида яратилган. Уларнинг ҳар бири кўриш, эшитиш, ҳид билиш қобилиятига эга, ҳаммасида скелет бор, уларнинг томирлари, шоҳ қон томири, юрак, суяклари, мускуллари ва ҳоказолари бир хил. Бир ҳайвоннинг суяги бошқасиникидан фарқ қилмайди. Масалан, суяк таркиби жиҳатидан кабутарнинг қаноти қурбақа чаканагининг айнан ўзгинаси. Жирафанинг узун бўйнидаги еттита умуртқа суягини типратиканнинг калтагина бўйнида ҳам кўрамиз. Барча ҳайвонларнинг асаб мажмуи бош мия, умуртқа мияси, асаб толаларидан иборат. Ҳамма ҳайвоннинг бошқа аъзолар мажмуи ҳам бир хил тузилган. Ана шу тузилиш Аллоҳнинг ягона илоҳий қонуниятларига бўйсунишини кўрмасликнинг иложи йўқ. Уйини таниш учун ҳайвонлар ақлини бошқариб турадиган, ҳатто асаларига «тоғдан ўзига макон тутишни» уқтирадиган, дарахтдаги ҳар бир япроқ, ҳар бир куртакни ҳисобга оладиган Аллоҳнинг ҳикматини кўрмаслик асло мумкин эмас!
Ёки ҳайвонот оламининг озуқа топиш, душманлардан ҳимояланиш учун ўзини ниқоблаб олиш, туси ва қиёфасини ўзгартиришига нима дейсиз? Ҳар бир жонзот ўзи яшаб турган жой ёки ҳолатнинг рангига осонгина кира олади. Ҳамиша қиш кўрпасига бурканган қутбдаги қушларнинг патлари қор рангида оппоқ бўлади. Баҳор келиб, битта-яримта жойда қор эрий бошласа, у ер рангини олади. Майсалар пайдо бўлиши билан бу қушлар устида яшилранг пат ва момиқлар пайдо бўлади. Ваҳоланки, улар ўзлари хоҳлаганда ҳам тусини ўзгартиролмасди, ҳатто ана шу бўлаётган ўзгаришларни сезмайди ҳам.
Капалаклар бир қарашда жуда ожиз, ҳеч қандай ҳимоясиз мавжудотга ўхшайди. Аллоҳнинг мўъжизасини қарангки, улар қанотидаги шакл-суратлар бойўғли кўзининг ўзгинаси экан. Улар хавф туғилган заҳоти қанотларини ёзиб юборади, буни кўрган капалакхўр қушлар бойўғлидай йиртқич қушга рўпара бўлмаслик учун узоқроққа қочиб қолишади.
Денгиз тубида ўлжа кутиб ётган саккизоёқлару балиқлар ҳам, душманини чалғитишга уринаётган майда балиқ ва қисқичбақалар ҳам муҳит ва шароитга қараб ўз қиёфаларини атрофдаги жонсиз нарсалар тусига киритиб ёки ниқобланиб олишади. Ана шуларнинг ўзиёқ Аллоҳ таоло ҳайвонот дунёсини ҳам ажиб бир мўъжиза билан, улуғ бир ҳикмат билан яратганига исбот-далил эмасми?
Ҳайвонот оламини чуқурроқ кузатсангиз, онгсиз, ақлсиз, тилсиз жамиятнинг ўзига хос қонунлари, тартиб-қоидалари, хулқ-атворлари борлигини кўрасиз. Ҳожат ушатаётган мушукнинг ҳолатини кузатганмисиз: у «иши»ни бажариб бўлгач, ахлатини яшириш учун типирчилаб қолади. Унинг эрталаб ва ҳар бир овқатдан кейин юз-қўлини ювиши-чи?! Ёки бирор айб иш қилиб қўйсаю жиноят жойида қўлга тушириб, урмоқчи бўлсангиз, айбини сезиб, кўзларини юмиб олиши-чи?! Бу тартиб ва «одоб»ларни унга ким ўргатиб қўйган: мушуклар жамиятими ёки Дарвинми?
Кабутарлардаги эр-хотинлик садоқати, отнинг олийжаноблиги ва умр бўйи эгасига содиқ қолиши, арслоннинг мағрурлиги, ҳеч қачон қурбонининг орқасидан келиб ташланмаслиги, туянинг уятчанглиги ва бегона назарни сезган заҳотиёқ урғочиси билан алоқани тўхтатиб қўйиши – буларнинг ҳаммаси ҳайвонот оламини ҳам аллақандай пуч назариялар, уйдирма тасаввур эмас, балки Аллоҳнинг амри-иродаси бошқариб туришини исботлайди.
Ҳайвонлар ҳам изтироб чекади, қийналади, азобланади, ғамга ботади, қайғуради, ҳатто гуноҳини ювиш учун ўз жонига қасд қилишгача боради. Уларга ҳам одамлар каби боласига меҳр-шафқат, жуфтини қизғаниш (рашк), хиёнатни кечирмаслик, ҳайвонот олами қонунларини бузганларни жазолаш, насл қолдиришга интилиш, нафс йўлида азият чекиш каби хислатлар бегона эмас.
Коинотнинг қатъий ва мустаҳкам тартибида, табиатнинг бузилмас қонунларида, олам яралишининг гўзаллигида, бизни ўраб турган муҳитдаги ва теварагимиздаги ҳамма нарсада Аллоҳнинг қудрат-иродаси ва чексиз ҳикмати яққол кўриниб турибди. Ҳаёт лаззатларида ва жозибаларида, дарахтларнинг япроқларию товус патининг рангин товланишида, капалакнинг чиройли қанотларию гулларнинг хушбўй ҳидида, булбуллар хонишию чақмоқнинг чақнашида, шамоллар шовқинию кишиларнинг фикр-амалларида, коинот дея аталмиш бу уйғун хилқатдаги юлдузлар ҳамда сайёраларнинг ўзаро боғлиқлигида Аллоҳ таолонинг буюк Холиқлиги, Мусаввирлиги, Ҳикмати яққол кўриниб турибди.
Атрофимизга қалб кўзи, теран фикр билан назар соладиган бўлсак, бутун олам бир моддадан ва ягона режа асосида яратилганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ наботот ва ҳайвонот оламини шундай ҳикмат, дақиқ бир қонуният, аниқ ҳисоб-китоб билан яратиб қўйганки, Унинг ҳар бир ҳикматидан ҳайратга тушмай, қойил қолмай, тасанно айтмай иложимиз йўқ! Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: «Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул Маҳфузда) мавжуддир» (Анъом, 59-оят).
Бир донишманддан «Менга Аллоҳнинг мўъжизасини кўрсатинг!» дея илтимос қилишибди. Шунда бояги донишманд: «Менга Аллоҳнинг мўъжиза бўлмаган нарсасини кўрсат-чи!» деб жавоб қайтарган экан. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг мўъжизаси тўлиб-тошиб ётибди. Лекин бу мўъжизалар ичида энг ҳайратланарлиси, энг улуғи – инсондир. Аллоҳ таоло: («Эй, инсонлар), Ерда (ундаги тоғ-тошлар, водий-дараларда, денгизлар-дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ҳамда ўзларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзойингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан ато этиб боришида) ишонгувчи зотлар учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?!» (Ваз-зорийот, 20)
Дарҳақиқат, кўпинча ўзимизча мўъжизалар, кароматлар ахтарамиз. Аммо нега ўзимизга боқмаймиз? Тана аъзоларимизнинг тузилишига, ишлашига тафаккур кўзи билан назар солмаймиз, ибрат олмаймиз? Энг аввало, инсоннинг нимадан ва қай ҳолатда яралганига бир эътибор бермаймиз?!
Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: «Энди инсон ўзининг нимадан яралганига бир боқсин! У (эркакнинг) бели билан (аёлнинг) кўкрак қафаси ўртасидан отилиб чиқувчи бир сувдан яралган-ку!» (Ториқ, 5-7). Кейин бу сув (нутфа) аёл раҳмида лахта қонга айланади. «У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир)» (Алақ, 2). Кейин эса бу жисм алақа (зулук) кўринишини олади (Фарангистонлик тиббиёт олими Морис Бокай «алақа» сўзининг яна бир маъноси «ловия»дир, дейди). Маълум вақт ўтгач, ана шу ҳеч ким дахл қилолмайдиган жойда, бир неча қават парда остига яшириб қўйилган ердаги ҳомилага бирин-кетин суяк, кўз, бурун, қўл-оёқ, қош-киприк ва бошқа аъзоларнинг ҳужайралари келиб ўрнашади. Аллоҳнинг қудратини, мўъжизаси ва ҳикматини қарангки, бирининг ўрнини бошқаси эгаллаб олмайди. Кўз қоринга жойлашмайди, оёқ пешонага келиб ўрнашмайди. Ана шу илоҳий жараёнларнинг бирортасига эр ҳам, хотин ҳам, билағон тиббиёт ходимлари ҳам аралаша олмай, фақат томошабин бўлиб қолаверишади. «У сизларга (оналарингизнинг) қоринларида бўлган пайтингизда Ўзи хоҳлаган суратни берган зотдир» (Оли-Имрон, 6).
Айрим нохолис тадқиқотчиларнинг даъвосича, Аллоҳ таоло «бир парча лойни олиб, эзғилаб, инсон шаклини ясаб, унга пуфлаб ва шу тариқа одам тайёр» қабилида одамни бирданига яратган эмас. Одамнинг (а.с.) яратилиши Қуръонда келтирилган. Унда айтиладики, инсонни яратиш босқичма-босқич, даври билан, узоқ илоҳий вақт ичида содир бўлган. Қуръон одам бевосита лойдан яратилган, демайди, балки лойдан чиққаннинг зурёдидан, дейди: «(яъни, Одам алайҳиссаломни) лойнинг мағзидан яратдик» («Мўминлар» 12).
Инсон яратилиши аввалида ҳеч нарса эмасди: «Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт – муддат ҳам келгандир» (Инсон, 1). Уни яратиш босқичма-босқич бўлган: «Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни ўйламайсизлар?! Ҳолбуки, у Зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку!» (Нуҳ, 13-14); «Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дейишимиз билан улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади» (Аъроф, 11); «Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: «Албатта мен лойдан бир одам яратгувчидирман. Бас, қачон уни ростлаб, унга Ўз руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар!» (Сод, 71-72).
Бу шуни кўрсатадики, яратишдан бошлаб, кейин шакл-сурат бериш, кейин жонлантиришнинг ҳаммаси босқичма-босқич бўлган. Балки ана шу «кейин»лар минглаб, миллионлаб йилларга тенг бўлгандир: «Дарвоқе, Парвардигорингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йилга баробардир» (Ҳаж, 47).
Инсоннинг яратилиш босқичларини кузатинг: «У инсонни (яъни, Одамни) даставвал лойдан яратди. Сўнгра унинг насли-авлодини ҳақир бир сувдан иборат бўлган нутфадан пайдо қилди. Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги) жондан киритди. У зот сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди» (Сажда, 7-9).
Аввалида лой, кейин насли ҳақир бир сувдан тарқалди – бу ўшанда ҳатто тилга олгулик ҳеч нарса бўлмаган инсон яратилишининг ибтидоси эди. Кейин ясаб, унга шакл-сурат берилди, унга руҳ пуфланди, шундан кейин инсонда эшитиш, кўриш, дил пайдо қилди ва ниҳоят у Одамга айланди. Мана шундай ҳолатда инсон ривожланишнинг сўнгги босқичига кирди, шунчаки «лой олиниб-пуфланиб ва у бирданига инсонга айланиб» қолмади.
Барча тирик мавжудотлар кимёвий таркибига кўра, лойдан ташкил топган. Уларнинг ҳаммаси ўлимидан кейин ўзининг аввалги асоси – тупроққа айланади. Бу исбот талаб этмайдиган далил. Бу ҳақиқатни замонавий фан бугунга келибгина исботлашга муваффақ бўлди. Олимлар инсон вужудида ердаги барча кимёвий моддалар мавжудлигини аниқлашди. Энг қизиғи, инсон танаси ва заминдаги моддалар миқдори бир-бирига мутаносиб экан.
Қуръонда яратиш, сурат бериш, ростлаш ва жон киритиш босқичлари ҳақида айтилганидек, тадрижийлик тўғрисида ҳам аниқ айтиб қўйилган. Фан бўлса, ҳали бу ҳақда узил-кесил бир фикрга келмаган, ана шу босқичлар учун қатъий назария белгиламаган.
«У инсонни (яъни, Одамни) даставвал лойдан яратди. Сўнгра унинг насли-авлодини ҳақир бир нутфадан пайдо қилди. Сўнгра уни (инсон қилиб) ростлаб, ичига Ўз (даргоҳидаги) жондан киритди. У зот сизлар учун қулоқ, кўз, дилларни пайдо қилди» (Сажда, 7-9). Бу аниқ-очиқ оятнинг маъноси шундаки, Одам яратилганидан кейин дастлабки бошланиш – бу, унинг насли ҳақир сувдан чиққани, ҳали қулоғи, кўзи, дили бўлмаганидир. Ҳақиқатан лойга жон (руҳ) киритилгандан сўнггина қулоқ, кўз, дил пайдо бўлди ва бу Одам яратилишининг пировард босқичи эди.
Инсондаги бу гўзал хилқат, бу ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар ўзича пайдо бўлиб қолмаган? Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг Яратувчиси, Мусаввири –Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Инсоният илм-фанда қанчалик илгарилаб кетмасин, неча-неча кашфиёт ва ихтиролар қилмасин, Аллоҳнинг ҳикмати, мўъжизаси олдида буларнинг ҳаммаси жозибаси, қиммати, аҳамиятини йўқотиб қўяверади.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва санъатини қарангки, инсон вужудига юз триллион дона ҳужайрани жойлаб қўйибди. Энг ҳайратланарлиси, ана шу ҳужайраларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа белгилаб берилган, уларнинг ядросига ДНК молекулалари жойлаб қўйилган. Яна бир ҳайратга солувчи далилга эътибор беринг: ана шу молекулаларнинг ҳар бири бир миллион саҳифага сиғадиган ахборотни ўзига жойлаган. Улар инсон танасидаги модда алмашинуви ва бошқа ҳаётий жараёнларнинг амалга ошуви учун масъулдир. Бундай ақл бовар қилмайдиган мукаммал тизимни Аллоҳ таолодан ўзга ким ҳам ярата олади?!
Инсон тана аъзоларини, умуман, одам фаолиятини бошқариб турадиган муштдеккина миямизни олиб кўрайлик. Ана шу бир парча «лиқиллаган модда» минглаб энг «ақлли» техника бажаришга қодир бўлмаган амалларни бир зумда уддалай олади. Ана шу кичкина жисмдаги асаб толалари ер юзидаги телефон симларидан ҳам кўп экан. Мия иссиқликни сезадиган икки юз минг тирик ҳужайра, оғриқни сезадиган 3,5 миллион ҳужайра ва ҳоказолардан иборат. Бундан ташқари инсон миясининг ҳар куб сантиметрида 225.000.000 ҳужайра бор. Ваҳоланки, ҳозирги ўта «ақлли» электрон машиналарнинг бир куб см. қисмида 2250 элемент мавжуд. Демак, ҳар қандай электрон «мия» инсон миясидан юз минг марта оддийроқ экан.
Бугунга қадар миядаги ўн тўрт миллиард асаб толасининг атиги беш фоизи, шунда ҳам ҳид, таъм билиш, оғриқ сезиш, очиқиш каби шартли кўникмаларда иштирок этадиган қисмигина ўрганилган. «Инсон ўз фаолияти давомида миясининг 0,5-1,0 фоизини, хотирасининг беш фоизини ишлатишини инобатга олсак, у ҳали очилмаган бир мўъжиза, коинот каби сирли ва мураккаб хилқат эканига ишонамиз» (Морис Бокай, «Қуръон, Таврот, Инжил ва ҳозирги замон», Париж, 1988)
Ёки бу ёруғ оламни илғаш, унга нигоҳ ташлаш воситаси бўлган кўзларимизни олиб кўрайлик. Шундай кичкина аъзоимизнинг тузилишини, унинг ишлашини текширган ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг санъатига, ҳикматига тасанно айтмай иложи йўқ! Кўз ўзидан суюқлик (ёш) чиқариб, ўзини намлаб, ювиб, поклаб, ҳатто бегона жисмларни эритиб туради. Кўз қорасидаги бениҳоя кичик пайларнинг баъзиси тўғри бўлиб, улар кўз қорасининг ўртасидан чиқиб, четига чўзилиб кетган. Баъзиси эса халқасимон. Ёруғ оз бўлса, тўғри пайлар йиғилади, натижада кўз қорачиғи кенгайиб, кўзга кўпроқ ёруғлик тушади. Ёруғ кўпайиб кетса, энди халқасимон пайлар йиғилади. Оқибатда, кўз қорачиғи торайиб, ёруғ кам тушади. Кўриш учун ёруғлик кўзга тушиб, ички қаватдаги кўриш пайларига тушиши лозим. Мазкур пайлар ёруғлик таъсирини бир неча ҳисса ошириб беради ва инсон мўлжаллаган нарсасини кўра олади.
Кичкинагина кўздаги аъзолар фаолиятини, жойлашув низомини, ўта нозик ва мураккаб томирча ва пардаларни онанинг қорнига ким жойлаб қўя олади? Албатта, Буюк Холиқимиз Аллоҳ таолонинг илоҳий қудрати бу нозик ишнинг удасидан чиқади.
Бошқа тана аъзоларимизга ҳам бир назар солинг-чи: Ер юзидаги энг турфа ҳидларни бир-бирига аралаштириб юбормай, ажратиб илғай оладиган, ўпкамизга соф ҳавони ҳайдаб берадиган бир парча гўшт – буруннинг хизматини қайси машина ёки асбоб бажаришга қодир? Сон-саноқсиз товуш ва шовқинлардан фақат кераклисини топиб эшитадиган ва бу ҳақда шу заҳотиёқ адашмай хабар берадиган оддийгина қулоқнинг вазифасини яна бошқа нима уддалай олиши мумкин? Ҳеч нарса! Ҳатто ихтирочилар ясаган энг мукаммал эшитиш асбоблари ҳам қулоқ ўрнини босолмайди.
Ёхуд бир «тишламгина гўшт»дан иборат тилингизни олиб кўринг: агар шу тил бўлмаганида турфа ноз-неъматларнинг мазаси ва таъмини била олармидик? Овоз чиқара ёки гапира олармидик? Оғиз бўшлиғи қуриб қолмаслиги учун томоғимизни ҳўллай олармидик? Томоқдан ўтаётган овқатни саралаб, ютиб, ҳазм қилиб олиш учун тилдан ўзга бирор нарса топа олармидик? Йўқ!
Энди бир тасаввур қилиб кўринг: ана шу кўзлар бўлмаса, биз бу ёруғ оламнинг гўзалликларию турфа рангларини, махлуқотлар қиёфасини, борлиқ-табиатда барқ уриб яшнаётган минглаб хил гул-чечакларнинг жозибасини кўра олармидик? Тун ва кунни фарқлай олармидик? Одамларни ажрата олармидик? Ёки бурун ишламай қолса, автомобил ўтхонасидан чиққан бадбўй ис билан мушк-анбарнинг хушбўй ҳидини фарқлай олармидик? Еяётган таомимизнинг ҳидини ҳидлагачгина унинг нечоғли мазали эканини билишга ақлимиз етармиди? Бурундаги қайси нозик «асбоблар» фаранг атири билан сассиқ алафнинг ҳидини аралаштирмай ажратиб беради?
Инсоннинг дам олмай, чарчашдан «нолимай», ўз вазифасини сабот ва содиқлик билан бажарадиган ички аъзоларининг ишлашига не дейсиз? Кечаю-кундуз тўхтамай, бутун тана аъзоларига тинмай иссиқ қон ҳайдаб, ҳаёт бағишлаб турувчи юракни ким тўхтовсиз ишлатиб қўйган? Еган овқатларимизнинг керакли, фойдали қисмини танага сингдириб, ортиқчасини чиқариб ташлайдиган ошқозон-ичакларимизни ким бошқариб туради? Ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган ўпка, жигар, буйрак каби тана аъзоларимиз қайси қонунларга буйсуниб, бу қадар итоаткорлик билан фаолият кўрсатади?
Иннайкейин, инсон дегани фақат моддий тана аъзоларидан иборат эмас-ку! Ундаги руҳ ва ақлнинг сир-синоатини инсоният ҳали англаб етгани йўқ ва бунга қодир ҳам эмас! Инсондаги руҳий олам, ҳис-туйғулар, фикрлаш, хаёл суриш, туш кўриш имконияти наҳотки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган бўлса ёки тарбия жараёнида ўргатилган бўлса? Бу оний, ноёб хислатлар Аллоҳнинг ғайбидан, мўъжизасидан бошқа нарса эмас!
Ўзининг бутун турган-битгани – тана аъзоларию ҳис-туйғуларигача, аъзоларининг бекаму-кўст ишлашию жараёнларнинг илоҳий бир низом асосида бир маромда, бузилмай давом этишигача гувоҳ бўлган инсоннинг шундан кейин қудрати улуғ Холиққа, тенги ва ўхшаши йўқ Мусаввирга, улуғ Яратгувчига тасанно ва ҳамд-сано айтмасдан ўзга иложи қолмайди. «Батаҳқиқ биз инсонни энг яхши суратда яратдик» (Тийн, 4).
Атрофимизни ўраб турган борлиқ, коинот ҳадсиз-худудсиз, чегара-маконсиз даражада бепоён ва чексиздир. Коинотнинг бу қадар ниҳоясиз экани ҳақида китобларда шундай ривоят келтирилган: «Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолодан Аршни бир айланиб чиқишга изн сўради. Изн берилгач, у бир неча йил учиб, Аршни кезди. Чарчаб, дам олди. Яна учди ва дам олди. Охири қанотлари куйиб кетадиган даражага етганда: «Эй Роббим, Аршингнинг ярмини айланиб чиқай дедимми?» деб сўради. Аллоҳ таолодан шундай жавоб бўлди: «Ҳали Аршимнинг тариқдек жойини айланганинг йўқ».
Эҳтимол, бу ривоят узоқ йиллар худосиз жамиятнинг тазйиқи ва мафкураси остида яшаган айрим биродарларимизга ишончсиздай туюлар?! Чунки у жамиятда ўлчовлар, тушунчалар, қарашлар бузилиб кетган эди. Ҳатто баъзи калтабин мухбирлар Ер атрофидаги орбитани айланиб тушган биринчи фазогир Юрий Гагаринга «Осмонда худони кўрдингми?» деган бемаъниларча саволни беришганди. (Наузан биллоҳ!).
Демак, уларнинг ўшанда бу коинот, борлиқ нақадар чексиз-чегарасиз эканига, уйининг «девори»дан ташқарида яна бир қанча бепоён оламлар (осмонлар) борлигига ақллари, фаҳм-фаросатлари етмаган экан-да. Эҳтимол, диний адабиётимизда, мумтоз шеъриятимизда келтирилган «ўн саккиз минг олам» тушунчаси ана шу бепоёнликка бир ишорадир?!.
Ҳозирги илм-фан, фалакшунослик (астрономия) ҳам осмон жисмларининг нечоғли баҳайбат ёки миттилигини бизга маълум катталик бўлган Ер ва Қуёшга нисбатан ўлчаб тушунча беради. Масалан, коинотда тахминан юз миллиард юлдуз мавжуд. Осмонда салкам Ердек келадиган юлдузлар бор. Ердан қараганда бу юлдузлар оқ рангли нур сочиб, милтиллаб кўринади. Булар «оқ миттилар» деб аталади.
Қизил юлдузлар эса ўта баҳайбат юлдузлар бўлиб, Қуёшдан бир неча минг марта катта ҳажмга эга. Қуёшнинг қутри (диаметри) бир миллион тўрт юз минг километрга тенг. Коинотдаги ВВ деб номланувчи баҳайбат қизил юлдузнинг катталиги Қуёшникидан олти минг марта ортиқлиги аниқланган. Бу салкам тўққиз миллиард километрли қутр, дегани. Қиёслаш учун ўша юлдузни Қуёш билан бир марказга устма-уст қўйиб кўрилганда, қизил баҳайбат юлдуз бутун Қуёш тизимини (системасини) ўз танаси билан қоплаб, ундан ҳам ортиб кетади.
Қуёшдан энг узоқ сайёра Плутонгача бўлган масофа узоғи билан олти миллиард километр чиқади. Қуёш тизимининг ўлчами ҳам тақрибан шунга тенг. Ана энди бир бутун тизим (система)нинг ўлчами олти миллиард километр бўлгани ҳолда, битта осмон жисми диаметрининг ўзи тўққиз миллиард километр бўлишини қиёслаб олаверинг. Фалакшуносларнинг таъкидлашича, Қуёш тизими ҳам ўзининг тўққизта сайёраси билан маълум йўналиш бўйлаб айланма ҳаракат қилади. Шу нарса маълум бўлдики, Қуёш тизими яратилганидан буён ҳали ўз ҳаракати давомида бир жойдан икки марта ўтмаган ва ўтмайди ҳам. Бу эса коинот сарҳадлари қанчалик кенглиги, ақл бовар қилмас даражада чексиз, улкан эканининг яна бир бор тан олинган илмий далилидир. Фан тараққиёти боис шундай хулосага келинди. Яъни, ҳозиргача маълум бўлган энг кичик зарра (протон) билан коинотдаги улкан галактикаларда ягона бир мужассамлик, муштараклик мавжуд экан.
Ер куррамиз Сомон йўли деб аталган галактикага киради. Фалакшунос олимларнинг ҳисобича, унда ўттиз миллион юлдуз бор. Улар бу юлдузларнинг ҳар бири ўз ҳолича ёки туркумнинг ҳаммаси баробарига ҳаракат қилади, деб исботлайдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло аввалроқ Ёсин сурасининг 38-оятида фалакка оид ҳикматларини баён этиб қўйганди: «Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу қудратли ва билгувчи Зотнинг тақдири-ўлчовидир».
Инсон яшаётган тухум шаклидаги Ернинг осмондаги ўрни мўътадилдир. У Қуёшдан тўқсон уч миллион мил йироқда туриб, бир кеча-кундузда бир марта айланиб чиқади. Қуёш атрофида йиллик айланиши 365,025 кунга тўғри келади. Ернинг айланиш тезлиги эса соатига минг мил (1500 километр) дир.
Ернинг ҳажми ҳозирги ҳолатидан катта ёки кичикроқ бўлса, заминдаги ҳаёт бутунлай ўзгариб, издан чиқиб кетарди. Чунки Ернинг катталиги айланиш ва ҳаракат тезлиги билан мутаносибдир. Бордию унинг тезлиги минг милдан кам бўлса, куннинг узунлиги бир юз йигирма соатга етиб, барча тирик мавжудот куйиб кулга айланарди. Ёки Ернинг Қуёш атрофидаги йиллик айланиши бир сонияда ўн саккиз милдан кам ёки кўп бўлса, тўрт фасл ўртасидаги мутаносиблик бузилиб, ёмғирнинг низоми ҳам бутунлай ўзгаради. У ҳолда куррамизнинг ўртаси жазирама саҳро, чўл бўлиб, шимол ва жануби музликка айланарди. Ернинг ана шундай яратилиши, унинг тухум шаклида, узунчоққа мойил думалоқлигини Қуръони карим исбот қилиб: «Кечани кундузга, кундузни кечага ўрайди», деб таърифлайди. Яна Қуръони карим шундай дейди: «Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ) ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан!» (Оли-Имрон, 190-191).
Моддиюнчи олимлар коинотнинг, бу оламнинг аввали бўлмаган, демак у яратилмаган, деб даъво қилишади. Аммо 1929 йилга келиб америкалик фалакиёт олими Эдвин Хаббл улкан телескоп орқали коинотни кузатар экан, барча осмон жисмлари бир-биридан тобора узоқлашаётганини кашф этди ва коинот қачонлардир содир бўлган «улкан портлаш» оқибатида парчаланиб, ҳаммаёққа сочилиб кетган ва жараён ҳамон давом этаётир, деган хулосага келди.
Энди жиндай тафаккур қилиб кўрайлик: ўша портлаш оқибатида кенгаяётган коинотни аксинча ҳолатда торайтира борсак, охири бориб, бир нуқтага айланадими? Демак, вақт ва замон тушунчаси ўша нуқтадан бошланган экан-да! Демак, бу оламнинг аввали бўлган экан-да! Демак, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: «Албатта Парвардигорингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У Қуёш, Ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори – Аллоҳ буюкдир» (Аъроф, 54).
Исломни қабул қилган фарангистонлик машҳур олим Морис Бокай ўзининг «Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги замон» илмий асарида шундай деб ёзади: «Биз яшаётган Галактиканинг ёши ўн миллиард йил деб тахмин қилинмоқда. Қуёш системаси эса ундан беш минг йил кейин вужудга келган. Ернинг ёши билан Қуёш пайдо бўла бошлаган вақт орасида тўрт ярим миллиард йил фарқ бор. Галактикамиздаги юз миллиард юлдуздан ярмиси Қуёшга ўхшаб ўзининг планеталар системасига эга экани тахмин қилинади. Яъни, эллик миллиард юлдуз худди Қуёшга ўхшаб ҳаракатланади. Улар атрофида ҳам йўлдош ҳолидаги планеталар, яъни сайёралар бор».
Бу фикрдан биз яшаётган оламларнинг нақадар чексиз-чегарасиз экани яққол аён бўлиб турибди. Демак, мумтоз адабиётда кўп бора тилга олинган «ўн саккиз минг олам» тушунчаси бўрттирилган, муболаға эмас экан. Бизнинг ожизгина тасаввуримиз аранг қамраб олган биттагина Галактика шунчалик улкан бўлгач, бундай галактикаларнинг беҳисоб, сон-саноқсиз эканини тасаввур этишга инсон ақл-заковати ожизлик қилиб қолмайдими? Яна бир машҳур олим П. Пуэрин шундай деб ёзади: «Планеталар системаси коинотда кўпни ташкил этади. Қуёш ва Ер – ягона планета системаси эмас.... Коинотнинг керакли физик-химик шарт-шароитлар бўлган ҳамма тарафида ҳаёт бор».
Демак, Галактикамиз шунчалик улканки, уни ташкил этган энг зич юлдуз гуруҳининг бир учидан иккинчи бир учига ёруғлик тезлигида (сониясига уч юз минг км. тезликда) етиб бориш учун тўқсон минг йил керак бўлади. Ваҳоланки, бу Галактика қанчалик улкан ва беқиёс бўлмасин, у осмоннинг (коинотнинг) кичик бир унсури, холос. Замон олимларининг ҳисобича, ана шу миллиардлаб юлдузлардан иборат галактиканинг ўзидан миллиардлаби мавжуд экан.
Коинотдаги сирлар ҳақида ҳозирги замон фани жуда кўп саволларга жавоб тополганича йўқ. Коинотдаги галактикалар ва уларнинг ўлчови, ҳамма жисмлар, Қуёш системаси планеталарининг айланма ҳаракати бир хиллиги масалаларида фан маънилироқ гап қилолмади. Атом бомбасининг «отаси», АҚШ олими Р. Оппенгеймер шундай деган эди: «Биз материянинг табиатини, уни бошқарадиган қонунларни қамраб, уни ифодалаши мумкин бўлган тилни ҳозирча тушунмай турибмиз» . Шундай номдор ва машҳур олим бу гапни айтиб тургандан кейин, Аллоҳнинг буюк ҳикматини тўла кашф этиш ожиз бандаларга йўл бўлсин! «(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдирки, У Раҳмоннинг (меҳрибон Зотнинг) яратишида бирон тафовут-нуқсонни кўрмассиз. Энди кўзингизни яна (самога) қайтаринг-чи, (унда) бирон футур-ёриқни кўрармикинсиз? Сўнгра кўзингизни қайта-қайта (самога) қайтаринг, кўзингиз сизга чарчаб, ҳолдан тойган ҳолда қайтур (аммо Аллоҳ таоло яратган осмонлардан бирон айб-нуқсон топа олмас)» (Мулк, 3-4).



