Улуғ карвон билан...
- Written by Administrator
Бугун танқид ҳақида бир икки оғиз мулоҳаза ёзмоқчиман. Мени бу мулоҳазага ундаган нарса анчадан бери ижтимоий тармоқларда кузатиб юрганим бир ҳолатдир. Кўпинча Ислом уламоларини танқид қилаётган бир тўда “номаълум” шахсларни кўрамиз. Номаълум деганимда икки хил маънони қасд қилдим:
1. Уларнинг аксарида асл исм йўқ, балки номаълум исмлар билан фаолият юритадилар. Ижтимоий тармоқ истилоҳида буларни “троллар” дейилади;
2. Номлари маълум бўлсада ўзлари уммат орасида бирор хизмат билан маълум эмаслар. Фақат фисқу фасоддан бошқа иш қўлларидан келмайди.
Бу “номаълум” бошсиз чавандозлар оғзиларини тўлдириб Ислом уламоларини ҳақорат қилаверадилар. Яна ушбу ҳақоратомуз маданиятсизликларини “танқидчилик”, “ҳақни айтиш” каби баландпарвоз шиорлар билан хаспўшлашга уринишади. Баъзи содда инсонлар уларни гўё ҳақни айтаётганлар, деб ўйлашади ва бу билан уламолар золимларга хизматчи эканда, дейишни бошлашади! Шу ўринда ким зулмга хизмат қилаётганини аниқ билиш учун зулмнинг асл таърифини билиб олишимиз лозим. Зотан ўша номаълум шахслар зулм калимасини фақат бир давлат вакилига ёки бир мамлакат ҳудудига чегаралаб олиб, ўз мақсадлари йўлида бошқа асл илмий таърифларни оёқ остиларига олмоқдалар. Зулм нима?
Имом Журжоний ўзларининг “Таърифот”ларида шундай дейдилар:
الظلم وضع الشيء في غير موضعه، وفي الشريعة: عبارة عن التعدي عن الحق إلى الباطل، وهو الجور، وقيل: هو التصرف في ملك الغير ومجاوزة الحد.
“Зулм бир нарсани ўз ўрнидан бошқа жойга қўйишдир. Шариат истилоҳида эса, зулм ҳақдан ботилга ошиб ўтишдан иборатдир. Бу жаврдир. Зулмга яна шундай таъриф ҳам берилган: “У бошқанинг мулкида тасарруф қилиш ва ҳаддан ошишдир”.
Бу таърифга кўра уламоларни ҳақорат қилаётганлар, ўзларининг ҳақлари бўлмаган нарсаларда тасарруфга киришаётганлар эканини ҳар ким очиқ кўриб турибди. Демак зулмнинг таърифига кўра булар ҳам золимларнинг бир туридир. Доноларга ақл ўргатаётган нодонлар, олимларга йўл кўрсатмоқчи бўлаётган жоҳиллар ҳақиқий золимлардир!
Шу ўринда раддия билан танқиднинг ҳам фарқини ажратиб олиш лозим деб ўйлайман. Зотан раддия илмий асосларга суяниши лозим бўлганидек, танқид завқ масаласидир...
Танқид...
Бу калима кўпинча шеърда ва адабий жанрларда кишиларнинг завқларини турли туманлигини ифодалаш учун қурол вазифасини ўтайди. Бириси тотган завқни бошқаси ҳидлаб кўради ва ўз завқини танқидчилик асосида ифодалайди. Танқидчи одатда у қадар хуш кўрилмайди. Шунинг учун танқидчига қарата: “Ўзинг бирор мисра шеър ёзганмисан?!” каби таъналар доимо ёғилиб туради. Аслида танқидчилик шеър ёзишдан кўра устунроқ савияни талаб қилади. Зотан шеърни тушунмаган киши уни танқид қила олмайди. Шунинг учун ҳам моҳир танқидчиларга қилинган таъна бир оз ноўрин кўринади. Бир шоир танқидчига: “Ўзинг бирор мисра шеър ёзганмисан?!” дебди. Шунда танқидчи ўта босиқлик билан шоирга қараб: “Мен тухум туғишни билмасамда, тухумнинг таъмини товуқдан кўра яхши биламан!” деб жавоб берибди.
Ҳа, бу завқ масаласи. Буни тўғри тушуниш, ҳар кимда ҳар турли завқ бўлишини тўғри қабул қилиш лозим...
Аммо раддия...
Раддия танқиддан кўра анча устун савия талаб қиладиган маслакдир. Танқид завқ асосига қурилган бўлса, раддия илмий асосларга суянган бўлиши лозим. Тасниф қилинган асарларни завқнинг ўзи билан танқид қилиш тўғри эмас. Шундай экан танқидчилар завқларига суяниб, мантиқий тушунчаларини олға суриб, илмий нақлларни танқид қилишга ҳақли бўла олмайдилар. Мабодо танқид қилсаларда уларнинг танқидлари беэътибор қолдирилади. Илмий манбаларга нисбатан танқиддан кўра раддия калимасини ишлатиш лозим. Илмий асарларга танқид эмас, балки раддия бериш мумкин. Раддиянинг эса ўзига яраша шартлари мавжуд. Ўша шартлардан бири ёзилган асарга қарши илмий асосда раддия ёзиш ва бу жараёнда ўз фикрларини исботлаб беришидир. Илмий асарларга қарата қуруқдан қуруқ қичқиравериш ярамайди. Миллатимизнинг машҳур мақолларидан бири: “Ит хурар, карвон ўтар!” жумласи ҳам айнан шу ҳолатга нисбатан айтилган. Яъни карвон каби узоқни кўзлаган зотларга қарата қуруқдан қуруқ қичқираётганлар карвонга қарата маъносиз хураётган итларга ўхшатилган. Карвон ўз манзили сари давом этаркан, итларнинг хуриши йўл йўлакай қолиб кетаверади!
Ислом тарихида бугунга қадар раддия жанрининг юксак намуналарини кўришимиз мумкин. Уларни бирма бир санаб чиқиш имконсиз. Битта мисол келтириш билан чекланаман. Ҳижратнинг олтинчи еттинчи асрлари орасида ботинийлик Ислом асосларига жиддий шаклда ҳужум қила бошлади. Фалсафий қарашлар асосига қурилган ботиний тушунчалар рофизийларнинг қуроли сифатида бўртиб чиқди. Рофизийларнинг машҳур олимларидан бири Ҳасан ибн Юсуф ибн Алий ибн Мутаҳҳир Ҳуллий 709 ҳижрий санада “Минҳожул карома фий исботил имома” номли асар ёзди. Бу асарнинг мухтасар маъноси қуйидагича эди:
1. Имомийлик масаласини ва унга тобеъ бўлиш вожиблигини исботлаш;
2. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳудан олдинги уч халифа нохақ инсонлар ва уларнинг қатли вожиблигини кўрсатиб бериш;
3. Улар Алийнинг ҳаққини ғасб қилишганини таъкидлаш.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг уммат тўртга бўлинган, Алийнинг жамоаси, яъни аҳли байт заиф бўлиб қолган ва бундан фойдаланиб бошқа саҳобалар аҳли байтга зулм қилишганини тасдиқлаш.
5. Шунга кўра уч халифани ва уларни дастаклаган бошқа барча саҳобаларни сўкиш ва лаънатлаш жоиз деб билиш;
6. Аҳли байтдан бошқа барча саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин муртадликка юз тутишган ва улардан қилинган ривоятлар асоссиз эканини кўрсатиб бериш;
7. Қадарийлик, жаҳмийлик, хаворижийликнинг фалсафий туғёнларини Аҳли суннага нисбат бериш ва ҳоказо...
Китоб шу мақсадларни исботлашга қаратилган ва унда мантиқ ва ақлий ҳамда нақлий далиллар билан даъволар исботлашга уринилган. Бунга кўра муаллиф юз мингдан ортиқ саҳобаи киромларни тарих саҳнасидан улоқтирмоқчи бўлади. Оишаи Сиддиқа, Абу Ҳурайра ва бошқа бир қанча ровий саҳоба разияллоҳу анҳумлар “муртад”га чиқарилгач, “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” ҳамда бошқа ҳадис тўпламлари ҳам кераксиз манбага айланиб қолади! Шу услуб билан Аҳли Суннанинг барча мазҳаблари қадрсизлантирилади! Китоб шу қадар кучли таъсирга эга эдики, ҳатто Имом Надавий раҳимаҳуллоҳнинг таърифи билан айтганда ушбу “Минҳожул карома фий исботил имома” асарига раддия ёзилмаса эди, эллик йил ичида Аҳли сунна деган мазҳаб қолмаган бўларди!
Китоб Шомга етиб келди. Унга раддия ёзиш лозим эканини барча уламолар мулоҳаза қилишди. Бу ишнинг устаси, асл заргар эса ўша даврда зиндонда бўлган Абул Аббос Тақийюддин Аҳмад ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ эди. Шунинг учун китобни зиндонга, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига етказишди ва унга раддия ёзиш лозимлигини айтишди. Ибн Таймия “Минҳожул карома”га раддия сифатида олти ойда саккиз жилдлик “Минҳожус суннатин набавия” номли асарини ёзди. Асарда рофизийларнинг ботил тушунчалари, уларнинг келиб чикиш манбалари, аҳли китобларнинг адашиш услуби айнан рофизийларда зоҳир бўлгани ўта маҳорат ва чуқур тадқиқотлар ила исботланди. Имом Заҳабий бу асарни мухтасар шаклига келтирар экан охирида: “Ушбу “Мунтақо” (яъни “Минҳожус сунна”нинг мухтасари) инсонларнинг ҳимматига яраша бўлди. Асарнинг асли эса, яъни “Минҳожус сунна”нинг ўзи Шайхнинг ҳимматига ярашадир. Аллоҳ уни Ўз раҳмати ила буркаган бўлсин!” деган.
Имом Надавий раҳимаҳуллоҳ эса китобни таърифлаганида ҳудди Сулаймон алайҳис саломни кўрган чумолилар инига кириб кетганидек, “Минҳожус сунна”ни кўрган рофизийлар инларига кириб кетишди, деган! Ҳатто шиалар “Минҳожус сунна” асаридан шу қадар зарба еганларки, бирор ишга назр қилишса уларнинг орасида: “Агар фалон ишим битса иккита “Минҳожус сунна” китобини олиб Аллоҳ йўлида ёқаман!” деган гап тарқалган! Дарҳақиқат, китобни ўқиган киши унинг ўта кучли асосга суянганини, баҳс санъатининг юксак намунасини кўради. Мана шу асар раддия санъатига ёрқин мисоллардан биридир!...
Бизнинг миллат Ислом оламига ўта қадрли уламоларни етиштириб тақдим қилган. Тарих саҳифалари бу зотларнинг зикри ила тўлиб тошган. Уларнинг фақат номларини ва мерос қолдирган асарларини зикр қилсак бир неча жилд китоблар бўлиши маълум... Исломнинг бизгача етиб келган улкан мероси айнан шу каби жонкуяр уламоларнинг фидокорликлари билан эсланади, уларнинг қаламлари жиҳод қиличига, сиёҳлари эса шаҳидлар қонига тенглаштирилади...
Афсуски, бугунги кунимизда бу хизматларнинг қадрини тушуришга уринаётганлар, Ислом душманларининг гижгижлаши билан уларнинг пинжига кириб олиб мусулмон уламоларни “танқид” қилаётган “калласи катталар” кўпайди. Ҳа, бу хўққабозлар танқид билан раддиянинг фарқига бормайдиган товуқмиялардир.
Марҳум устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ асарларининг илмий аҳамиятини бугун ёшу қари, эркагу аёл, шоҳу гадо бир овоздан эътироф қилиб турибди. Бу илмий асарларнинг аҳамиятини бошқалар олимларчалик англаб етиши мушкул. Зотан зар қадрини заргар билади! Жоҳилларга жавоб қайтариш у қадар зарурий иш эмас. Аммо жоҳилнинг сафсатасидан кимлардир таъсирланаётган бўлса унинг жавобини бериб қўйиш зарурий ишлардандир. Салафларимиз буни алоҳида таъкидлашган.
Шундай экан “танқидчи” масхарабозларни ўз ҳолида тарк этиб, раддия савияси борларга бир таклиф бермоқчиман. Мабодо марҳум шайх ҳазратларининг хизматларидан кўнгли тўлмаётганлар бўлса марҳамат қилиб ҳеч бўлмаганда оммага ўз маслаклари, ақидалари, усуллари, фиқҳий қарашларини ифода қиладиган асарлар тақдим қилишсин. Ақл эгалари, олимллар уларнинг асарларини шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарларига солиштириб кўришсин. (Зотан бундай ишга журъат қиладиган ақл эгаси бўлмаса керак!) Агар ҳақ бўлсалар уларнинг гапларини олайлик. Ҳақ эканларини исботлай олишмаса қуруқ қошиқлик қилишдан тўхташларини барчамиз бир овоздан талаб қилайлик.
Марҳум устозимизнинг илмий аҳамияти юксак бўлган меросларининг рўйхатини қуйида келтираман! Шу илмий асарларга муқобил асарлар ёзиш ёки бу асарларга илмий раддиялар ёзиш савияси бор инсонлар марҳамат қилиб ўз раддияларини келтирсинлар! Ҳақорат ва туҳматлардан, қуруқ фитна тарқатишдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди, ахир.
Бир олимнинг орқасидан гапиришдан, уни танқид қилишдан олдин аввало унга яраша савияда бўлиш ва унинг муқобилига тенг кела оладиган бирор иш тақдим қилиш лозим. Бўлмаса танқидлар қуруқ сафсата бўлиб қолади холос! Сиёсий атамалардан уч тўрттасини ёдлаб олиб, бошқаларни ҳам сиёсий майдонга тортқилашга уриниш ва бунинг учун динни ўз мақсадига ишлатишга ҳаракат қилиш у қадар мақтовга сазовор иш эмас. Ҳазрат сиёсатни уч талоқ қилган зот эдилар. У киши миллат учун, дин учун хизматни ҳар қандай нарсадан устун қўярдилар. Шунинг учун Ҳақ таоло у зотнинг ишларига барака берди, хизматларини самарали қилди. Бу зотнинг нафақат асарлари, балки ўзларининг шахсий ахлоқлари ҳам миллатнинг ҳурматига сазовор бўлди. Бизнинг миллат ҳақли равишда бу зотни ўзига устоз дея қабул қилди, бир марта кўрмаган инсонлар ҳам ўзини бу алломага яқин тутди. Вафотидан маҳзун бўлди. Бухорийдек зотни бутун уммат ўзига устоз дея қабул қилганида, у зотнинг Бухоролик ҳамшарлари сиғдиришмаганди. Бугун ҳаммма имом Бухорийнинг руҳига раҳмат сўраб дуо қилар экан, ўша давр ғаразгўйларини биров эсламайди. Мабодо эслаб қолинса, ўша ҳасадгўйлар яхшилик билан ёдга олинмайди. Бугун ҳам айнан шу вазият кўзга ташланмоқда. Шайх аллома Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни бутун дунёда ҳавас ила эсланаётган бир даврда ўзимизнинг ўзбек миллатимиздан бўлган уч тўртта ҳасадгўйлар бу зотни камситишга, танқид қилишга уринмоқда. Майли, ҳар ким ўзи танлаган сафдан юради. Кимдир карвонга эргашади, кимдир карвон ортидан хуради...
Раддияга уринмоқчи бўлганлар марҳамат қилиб қуйидаги манбаларни тафтиш ва тадқиқ қилиб чиқинглар!
Марҳум устозимизнинг нашрдан чиққан асарлари:
Ёзма асарлар:
1. Қуръони Карим маънолари таржимаси.
2. «Тафсири Ҳилол». Қуръони Карим тафсирига бағишланган, йирик олти жилддан иборат;
3. «Ҳадис ва Ҳаёт». Мансур Алий Носиф Ҳусайнийнинг Исломнинг асосий мавзулари бўйича жамланган ҳадислар тўплами бўлмиш «Ат‑тажул‑жамиъ лил‑усул фи аҳадисир‑росул» асарининг таржима ва шарҳи. Ушбу «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси 37 жилддан иборат 39 жузли йирик силсила бўлган. Улар қуйидагилардир:
1-жуз. Муқаддима.
2-жуз. Ислом ва Иймон китоби.
3-жуз. Ният, Ихлос ва Илм китоби.
4-жуз. Поклик китоби.
5-жуз. Намоз китоби-1.
6-жуз. Намоз китоби-2.
7-жуз. Намоз китоби-3.
8-жуз. Закот китоби.
9-жуз.Рўза китоби.
10-жуз. Ҳаж ва Умра китоби.
11-жуз. Савдо, Зироат ва Вақф китоби.
12-жуз. Фароиз ва Васият китоби.
13-жуз. Никоҳ, Талоқ ва Идда китоби.
14/15-жузлар. Қасамлар, назрлар ва ов китоби.
16/17-жузлар. Таом, шароб ва либос китоби.
18-жуз. Тиб ва Дам китоби.
19-жуз. Оламларга раҳмат пайғамбар.
20-жуз. Анбиёлар қиссаси.
21-жуз. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо.
22-жуз. Усмон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо.
23-жуз. Жаннат башорат берилганлар ва аҳли байт.
24-жуз. Пешқадамлар розияллоҳу анҳум.
25-жуз. Нубувват хонадони хонимлари.
26-жуз. Ансорлар розияллоҳу анҳум.
27-жуз. Ахёрлар ва Диёрлар фазли.
28-жуз. Тафсир китоби.
29-жуз. Тафсир, Туш ва Масаллар китоби.
30-жуз. Қуръон фазилатлари китоби.
31-жуз. Сияр ва Мағозийлар китоби.
32-жуз. Фитналар ва Қиёмат аломатлари китоби.
33-жуз. Сияр ва Мағозийлар китоби.
34-жуз. Яхшилик ва Ахлоқ китоби.
35-жуз. Дуолар, Зикрлар, Истиғфор ва Тавба.
36-жуз. Зуҳд ва Рақоиқлар китоби.
37-жуз. Адаб китоби.
38-жуз. Ҳадлар китоби.
39-жуз. Амирлик ва Қозилик аломатлари.
4. Сунний ақидалар.
5. «Ақийдатут-таҳовия» шарҳининг талхиси.
6. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар.
7. Усулул‑фиқҳ.
8. Кифоя (Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафийнинг «Ан‑нуқоя фи мухтасарил‑виқоя» асарининг таржима ва шарҳи).
9. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар.
10. Мазҳаблар – бирлик рамзи.
11. Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар.
12. Қуръон илмлари.
13. Мусталаҳул‑ҳадис.
14. Тасаввуф ҳақида тасаввур.
15. Руҳий тарбия: 1‑жилд «Покланиш», 2‑жилд «Тикланиш», 3‑жилд «Хулқланиш».
16. Хислатли ҳикматлар (Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Ҳикам»ига ёзилган шарҳ). 5 жилд.
17. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (таржима).
18. Зикр аҳлидан сўранг (савол‑жавоблар тўплами). 4 жилд.
19. Одоблар хазийнаси (Имом Бухорийнинг «Ал‑адабул‑муфрад» асарининг таржима ва шарҳи). 4 жилд.
20. Яхшилик ва силаи раҳм (Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг «Китабул‑бирри вас‑сила» асарининг таржима ва шарҳи).
21. Исломнинг мадори бўлган ҳадислар рукни (кичик 4 жилд).
22. Иймон.
23. Исломда инсон ҳуқуқлари.
24. Исломда экология.
25. Васатия – ҳаёт йўли.
26. Мукаммал саодат йўли.
27. Оила фароғат қасри.
28. Бахтиёр оила.
29. Ижтимоий одоблар.
30. Ислом – соф табиат дини.
31. Дин насиҳатдир.
32. Бозор ва унга боғлиқ масалалар.
33. Қарз ва унга боғлиқ масалалар.
34. Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати.
35. Ёлғон.
36. Исроф.
37. Шоядки тақводор бўлсак.
38. Мўминнинг мерожи – муфассал намоз китоби (кирил ва лотин алифболарида);.
39. Рамазонни қаршилаб.
40. Ҳидоят имоми – Имом Абу Мансур Мотуридий.
41. Самарқанднинг сара уламолари.
42. Очиқ хат.
43. Кексаларни эъзозлаш.
44. Намоз мўминнинг мерожи.
45. Рўза мўминнинг қалқони.
46. Соғлом бола.
Рус тилидаги китоблари:
1. Ийман, Ислам, Куръан.
2. Суннитские вероубеждения.
3. Васатыя – путь жизни.
4. Истина о сути гадания, колдовства, изгнания джиннов и нетрадиционных методов лечения.
5. Разногласия: причины и решения.
6. «Тафсири Хилал» 30-джуз;
7. «Тафсири Хилал» 1 и 2‑том;
8. «Хадисы и Жизнь»: 1-том «Введение», 2-том «Ислам и Ийман», 3-том «Намерение, ихлас и знание», 4-том «Чистота», 18-том «Исцеления и рукйа», 19-том «Пророк, явившийся мирам милостью».
Тасвирли ёзувлар:
1. Ижтимоий одоблар: 2012 йил Рамазон суҳбатлари (7 та диск).
2. Рамазон туҳфаси: 2013 йил Рамазон суҳбатлари (6 та диск).
3. Алоҳнинг зикри ила қалблар ором топур: 2014 йил Рамазон суҳбатлари (5 та диск).
4. Бахтиёр оила (2та диск).
5. Ибратли дунё.
6. Одоблар бўстони (2 та диск).
7. Зикр аҳлидан сўранг (2 та диск).
8. Ҳикматли дунё (5 та диск). Руҳий тарбия: 1.Муқаддима. 2.Ҳусни хулқ. 3.Илм.
9. Руҳий тарбия: 4.Қалбни тозалаш. 5.Намоз. 6.Закот.
10. Руҳий тарбия: 7.Рўза. 8.Ҳаж.
11. Руҳий тарбия: 9.Қуръон тиловати. 10.Зикр.11.Кун тартиби (1).
12. Руҳий тарбия: 12.Кун тартиби (2).13.Тафаккур.
13. Руҳий тарбия: 14.Муробата. 15.Нафс поклиги. 16.Ҳусни хулқ (1).
14. Руҳий тарбия: 17.Ҳусни хулқ (2). 18-Тил офатлари.
15. Руҳий тарбия: 19.Ёлғон. 20.Ғийбат. 21.Чақимчилик.
16. Руҳий тарбия: 22.Маддоҳлик. 23.Куфр.
17. Руҳий тарбия: 24.Ширк.25.Фосиқлик. 2.Бидъат.
18. Руҳий тарбия: 27.Риё. 28.Ҳасад.
Овозли ёзувлар:
1. Қуръони Карим маънолари таржимаси (6 та диск).
2. «Тафсири Ҳилол»: 23 – 30‑жузлар.
3. «Ҳадис ва ҳаёт»: 2 – 21, 23 – 27, 30, 34 – 36‑жузлар.
4. Руҳий тарбия: 1 – 88‑мавзулар (3 та диск).
5. Ҳикматли дунё (8 та диск).
6. Ҳадис сабоқлари (2 та диск).
7. Сунний ақийдалар.
8. Иймон.
9. Ҳаж китоби;.
10. Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар.
11. Яхшилик ва силаи раҳм китоби.
12. «Ал‑адабул‑муфрад». 1 – 3-жилдлар.
13. Мукаммал саодат йўли.
14. Васатия.
15. Бахтиёр оила.
16. Қуръон илмлари.
17. Зикр аҳлидан сўранг. 1 – 3‑қисмлар.
Булардан ташқари яна қуйидаги ишлар қилинмоқда:
1. "Олтин Силсила" проекти амалга ошрилмоқда. Бунда тўққизта саҳиҳ тўплам энг ишончли матнлар орқали таржима қилинмоқда! Биз матн излаш давомида хозирги ривожланган замонамизда хам матнлар устида у қадар жиддий ишлар қилинмаганини гувоҳи бўлдик. Бухорийнинг матни "Султония" асосида бўлди. Лекин бошқа матнларни гуруҳимиз орасидан муҳаддис мутахассисларимиз алохида тадқиқ қилиб чиқишди. Бу дегани, бундан кейин биздаги арабча матн ўта нодир ва қимматли матн ҳисобланади ва бу матндан бошқалар ҳатто араблар хам фойдаланиши мумкин.
2. Катта миқёсда Ислом қомуси ишлаб чиқилмоқда.
3. Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг “Ашбоҳ ва Назоир” асари таржима қилинган, ҳозирда тахрир қилинмоқда.
4. Тақий Усмонийнинг "Буҳус" китобининг иккитаси ҳам таржима қилинган. Бу ҳам таҳрир жараёнида!
5. Доктор Рафиқ Юнус Мисрийнинг "Молиявий муомалалар фиқҳи" китоби бир жилдда, 400 бет атрофида булади. Таржима тахрири тугаган. Босилишга тайёр турибди!
6. Фиқхул Акбар китоби таржима ва шарх қилинди!
Яна ўнлаб мавзуларда юздан ортиқ исломий илмлар таълимотлари таржима таҳлил ва баҳслар нашр қилинди ва қилинмоқда. Бизда уламолар шундай ишларни қилишди ва қилишмоқда!
Демак, бизнинг ўлкамиздаги исломий маърифат ва диний хизматлар шу савияда давом этмоқда. Мабодо бу ишлар кимгадир ёқмаётган бўлса марҳамат қилиб уммат учун юқоридаги ишларнинг ўрнига тўғрисини сизлар тақдим қилинглар:
1. Қуръон илмларига оид асарлар ёзинглар;
2. Тафсир ёзинглар!
3. Ақидангизни ифодалаб беринглар ва буни умматга қабул қилдиринглар!
4. Ҳадисларни ақидангизга мос равишда таржима ва тахлил қилиб беринглар! Энг камида олтита ҳадис тўпламини ўзбекчалаштиринглар! Икки Саҳиҳни шарҳлаб беринглар!
5. Ақидангизга мос усулни ишлаб чиқинглар!
6. Фиқҳингизни баён қилиб беринглар!
Қўлингиздан ҳеч ким ушлаб тургани йўқ. Ўзини “танқидчи” деб биладиган, лекин уммат уни сариқ чақалик қадрламайдиган бир фитначининг шундай деб ёзганига кўзим тушиб қолди: “Ўзбекистонда шайхга рухсат берилган, шунинг учун у киши китоблар ёзди. Менга эса Ўзбекистонда рухсат йўқ, шунинг учун китоб ёза олмайман!”
Гапни қаранг! Савияга баҳо беринг! Бу фитначи шу қадар ақли калтаки, китоблар фақат қандайдир рухсат бўлсагина ёзилади, деб ўйлайди. Ёки “фалончига” арпа уни баҳона, деганларидек, қўлидан иш келмаслигини тан олишга журъати етмай, шунақа гапларни алжираб юбораверади. Далил деб шунақанги сафсаталарни ёзаверади. Бир шоир айтган эди:
حُجَجٌ تَكَاسَرُ كالزُّجاج تَخالها حقاً، وكـلٌّ كـاسِـرٌ مـكـسـورُ
Далил деб келтирган ҳужжатларин кўр,
Бир-бирин синдирар шиша мисоли.
Зоҳирда кўринар бири биридан зўр,
Асли синдиргану сингандир - ҳоли.
Хулоса қилиб айтганда бугунги кунда ўзбек миллати ўз юртида имкон қадар динига амал қилмоқда. Исломий маърифатини оширмоқда. Сиёсий жиҳатдан омади келмаган ғаразгўйлар ўзбек мусулмонларига осилавермасин! Ўзбекистон ичкарисида туриб, миллатига, динига қилинаётган хизматларни кўра олишмаётган бўлса, айбни ўзларининг нурни кўра олмайдиган кўршапалаклар эканликларидан қидиришсин. Биз мусулмонларни ўзларининг жирканч сиёсатларига тортқилашмасин! Биз уч талоқ қилган сиёсатга “уйланиб олиб”, динни ҳам талоқ қилинган сиёсатга хизмат қилдиришга уринаётганлар чучварани хом санашибди. Бизнинг холис мусулмонларимизга нима дейиш кераклигини ўргатиб ўтиришмасин! Юқоридаги меросга яраша бирор иш қилишсин кейин бизга ақл ўргатишсин!
Холис самимий мусулмон дўстларимиз эса бу фитначиларнинг гап сўзларига қарши айнан шу мақолани қўйишларини, улардан мақоладаги таклифни талаб қилишларини илтимос қилиб қоламиз. Мақоладаги илмий меросга яраша иш қила олмаганлар, ўз атрофида, оиласида дўстлари орасида нафақат исломий маърифатни тарқата олишмоқда, балки ўзларининг пуч ғояларини ҳам ўтқаза олишмаяпди. Ҳатто аёлини ўз гапига эргаштира олмайдиганлар, оиласини ислоҳ қила олмайдиганларнинг миллат устоз дея бошига кўтарган зотларни танқид қилишини қандай тушуниш мумкин!?
Шундай экан исломий маърифатга ҳисса қўша олмайдиганлар, хисса қўшаётганларга ҳасад қилмасин! Ўзи эплай олмаса, бунинг устига олимларни ортидан камситишга уринса бундайлар фақатгина улуғ карвонга қараб хураётган итлар бўлиб қолишларини ўйлаб кўрсинлар! Ҳали имконият бор экан тавба қилсинлар! Сафларини улуғ карвонга қўшсинлар. Ахир Аллоҳнинг раҳмати жамоат устидаку!
Салоту саломларимиз Ҳабибимизга бўлсин!
Аброр Мухтор Алий



