“ЯНГИ ПАЙҒАМБАР”
- Written by Administrator
 
 
															
						Маълумки, авваллари Мовароуннаҳр номи ила машҳур бўлган бизнинг юртимиз тарихга асосан Ислом билан кирган. Юртимизни Аллоҳ таоло Ислом нури билан мунаввар қилгандан сўнг, Ислом таълимотларини ўзларига яхши сингдириб олган боболаримиз ҳаётнинг турли соҳаларида дунё халқларининг пешқадами бўлдилар.
Мовароуннаҳрнинг дунёга машҳур кишилари ҳам Ислом маданияти гуллаб яшнаган пайтда етишиб чиқдилар. Дунёга машҳур шаҳарларимиз ҳам ўша вақтда гуллаган ёки барпо қилинган. Турли оламшумул илмий кашфиётлар ҳам ўша даврда юзага келган. Қўйингки, юртимиз Ислом билан дунёга танилиши билан бирга Ислом дунёсига ҳам шонушуҳрат келтиргандир. Барча соҳаларни бир томонга қўйиб туриб, соф исломий-диний илмларни олсак ҳам бизнинг боболаримизнинг олдиларига тушадиганлари бўлмаган. Имом Бухорий, Термизий, Замаҳшарий, Насафий, Насаий каби юзлаб уламоларимизнинг китобларидан Ислом олами ҳозиргача фойдаланиб келмоқда. Шунинг учун ҳам бутун мусулмон дунёси, мусулмон халқлар юртимизга алоҳида муҳаббат билан қарайди. Шунинг учун ҳам юртимиз, халқимиз мустамлака остида бўлганда, ҳамма бизга алоҳида ачиниш билан қарар ва тезроқ озод бўлишимизни орзу қилар эдилар. Шу боисдан ҳам, элимиз озод бўлганда, мусулмон олами ўзимиздан ҳам кўпроқ қувонди. Дин қардошларимиз бизнинг мустақиллигимиз туфайли Ислом олами томирларига янги қон қўшилади, деб ўйлашар эдилар. Улар Имом Бухорийнинг набиралари янги хайру баракага сабаб бўлишса ажаб эрмас, деб ўйлашарди. Лекин афсуски, унчалик бўлмади. Кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Турли соҳаларда кўнгилсиз ишлар юзага келди.
Ушбу мақолада ана шу кўнгилсизликлардан бири ҳақида сўз юритмоқчимиз. Яқинда, Маккаи Мукаррамада жойлашган, бутун дунё мусулмонларининг бош ташкилотларидан бўлмиш Робитатул Оламил Исломий ташкилотига Қозоғистон пойтахти Олма-Отадан бир китоб келди. Бу китобча “Аллоҳнинг дунёга янги саломи”, деб номланган бўлиб, унинг муаллифи Оқ-Бекет Сўфихон ўзини ер юзига янги Пайғамбар этиб юборилганини даъво қилади. Робитатул Оламил Исломийнинг раҳбарияти бу китобни таҳлил қилиб чиқишни ва унга раддия қилишни камина ходимингиздан илтимос қилди.
Қуйида шу ҳақида баъзи фикрлар билан сизларни ҳам таништирмоқчиман. Мавзуга бевосита киришдан олдин бу иш нақадар оғир ва уятли эканини ҳам айтиб қўймоқчиман. Буюк ватандошимиз Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ўз даврларида мусулмонлар ақийдасини турли нотўғри фикрлардан тозалаганликлари учун “Мусаҳҳиҳу ақийдатил Аҳли сунна”-Аҳли суннанинг ақийдасини тўғриловчи, деган лақаб олган эдилар. Ақийда бобида Мотуридийя мазҳабига асосан солган эдилар. Энди, эса ўшандай улуғ уламолар яшаб ўтган азиз юртдан Пайғамбарлик даъвоси қилувчи бузғунчилар чиқмоқда.
Мазкур китоб 29 саҳифадан иборат бўлиб қозоқ ва рус тилларида ёзилган. У ўн бобга бўлинган, ҳар бобнинг алоҳида исми бор. Ҳар боб бир неча банддан иборат. Мисол учун, биринчи боб “Жемис” деб аталган ва унинг биринчи банди: “Бул жазба Куран деб аталатын ағаштън жимиси” деган сўзлардан иборат. Яъни “бу ёзилган нарса Қуръон деб аталган дарахтнинг мевасидир”, дегани. Муаллиф Пайғамбарлик даъвосини “Хабар” номли иккинчи бобнинг иккинчи бандида бошлайди. У шундай дейди: “Шунинг учун мени қулоқ солиб тингланглар. Мен ким, Қудратли ва Ёлғиз Аллоҳнинг элчисиман, мен аввалги ҳам, охирги ҳам эмасман, мен Аллоҳ таоло ёққан минглаб юлдузларининг бириман”.
Ундан сўнг бу “юлдуз” одамларни Аллоҳнинг йўлидан юргизажаги ҳақида сўз кетади. Бу айни Пайғамбарлик даъвоси. Улкан гуноҳ ва куфрдир. Ислом ақийдаси бўйича Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг охирги Пайғамбари бўлиб, у кишидан кейин Пайғамбар келмайди. Ким Пайғамбаримиздан кейин яна бошқа Пайғамбар келиши мумкин деса ҳам кофир бўлади. Сўнгра “Аллоҳнинг ер юзига янги саломининг” эгаси турли мавзуъларда жумладан, Кураш, Бойлик, Ҳақиқат, Иймон, Тонг, Тенглик, Ёруғликка, Намоз деган бобларда ўзича ҳар нарсаларни ёзади. Ҳар жойда Қуръони Каримдан иқтибослар ҳам келтиради. Оқ-Бекет исмли бу шахс ўз асарининг “Тонг” деб номланган бобида, бешта бандда ўзининг Аллоҳ томонидан Пайғамбар қилиб юборилганини турли иборалар билан такрор-такрор таъкидлайди. У “Ёруғликка” деб номланган тўққизинчи бобда ҳам учинчи ва еттинчи бандларда ушбу маънони айтгандан сўнг саккизинчи бандда қуйидагиларни айтади: “Мен Ёлғиз ва Қудратли Аллоҳнинг элчисиман. Унинг иродаси ила, Унинг номидан, эй, одамлар, сизларга қуйидагиларни хабарлайман: Менинг Пайғамбарлигим-барча одамзотгадир. Менинг масжидим-бутун ер юзидир. Менинг мақсадим, унинг баркамоллигидир”. Бу гапларнинг ҳаммаси куфрдир. Унга ишонганлар ҳам кофир бўлади. Бу китобни ёзган ҳам, чоп қилган ҳам, сотган ҳам, тарқатган ҳам, ёрдам берган ҳам гуноҳкор бўлади. Ислом нуқтаи назаридан бундай ишларнинг олдини олиш, уларга чора кўриш давлатнинг вазифасига киради. Афсуски, ҳозир бизда давлатлар диндан ажраган, дин фойдасига бирор иш қила олмайдилар. Бундай вақтда тушунган, билган уламолар шуғулланишлари керак. Шу фикрда мен Олма-Отада истиқомат қилувчи аҳли илм шахс билан боғландим. У кишидан бу китоб ва унинг муаллифи ҳақида сўрадим. Биродаримиз: “Муаллиф муфтий Ратбек Нисонбойнинг танишларидан бири, китобнинг биринчи чоппасида унинг ҳам исми қўшиб ёзилган” деди. Ҳайрон бўлиб, қўлимдаги нусхага қарасам, қозоқча матннинг сўнгида “Менинг халқимнинг руҳоний устози Ратбек ҳожи Нисонбой ўғлининг обрўси орта берсин!” деган дуо бор экан. Менимча Ратбек ҳожи оғамизга ва бошқа ғайратли уламоларга бу борада анча ишлар қилиш керак бўлади. Аввало, Пайғамбарлик даъвосини қилаётган Оқ-Бекет кимлигини одамларга айтсинлар. Кейин эса Оқ-Бекетнинг ўзи билан гаплашиб, қилаётган ишининг хатарини тушунтирсинлар. Тушуниб тавба қилса жуда яхши бўлади. Агар у одам касал бўлса, даволаш керак. Аммо соғ бўлса-ю, Пайғамбарлик даъвосидан воз кечмаса, кофирлигини эълон қилиш шарт. Ҳамда кўрилган чораларни расман эълон этиш зарур. Ҳозир кўпчилик мусулмонлар, Ислом ташкилотлари бу масала бўйича катта ташвишдалар. Қолаверса, юрт ичида ҳам кўпчиликнинг адашувига, турли келишмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Ушбу китобдан одамларни огоҳлантириб, мутлақо Исломга номувофиқ эканини баён қилмоқ лозим.“ Аллоҳнинг дунёга янги саломи” номли уйдирмани ёзиб, Пайғамбарлик даъвосини қилаётган шахснинг ва унинг китобини ўрганиш жараёнида бошқа маълумотлар ҳам чиқди. Жумладан Қозоғистонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақида китоб чиққан. У китоб қўпол хатоларга тўла. Жумладан: Қуръонни аслида Варақа исмли киши ёзган. Муҳаммад бу китобини қудуққа яшириб қўйиб, Варақанинг вафотидан кейин менга илоҳий китоб тушди, деб одамларга кўрсатган эмиш. Шунингдек, яна Қозоғистонда чоп этилган бир китобда Қуръони Каримнинг хатолари ҳақида ёзилган эмиш. Мазкур биродарлардан бу китоблардан ҳам топиб Робитатул Оламил Исломийга юборишларини сўрадик.
Лекин халқимиз ҳам, илмли одамларимиз ҳам хушёр бўлишлари керак. Бундай ҳоллар уят-ку, ахир! Юртимиз, халқимизнинг обрўсини тўкади-ку! Ҳар бир одам нимани ўқиётганига эътибор бериб ўқисин. Нотўғри ҳоллар ҳақида масъул кишиларга хабар етказсин. Бизда дину диёнат ишида ғайрат йўқ. Иймонга ва эътиқодга, шариатга, Қуръонга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иҳонат бўлган нарсалар олдидан бурнимизга пашша қўнгандек ҳам таъсирланмай ўтиб кетаверамиз. Аммо, бошқа мусулмонларда ғайрат борлигини, бундай иҳонатларга чидай олмасликларини унутмаслигимиз керак.
Салмон Рушдийнинг масаласи ҳали тугамай туриб, бизнинг юртимиздан янгиси чиқиб қолмасин яна.
Эҳтиёт бўлайлик азизлар!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ
"Жамият кўксига урилган заҳарли ханжар" китобидан
26. 06. 95. йил



