Ахбошлар ва Дорул Арқам кимлар?
- Written by Administrator
Айниқса, маънавий соҳада, жумладан, дину диёнат масаласида ҳам ўзгаришлар бўлди ва бўлмоқда ҳам. Узоқ муддат давом этган ақийда қатағонига учраганидан руҳий қашшоқ, иймон-эътиқод масаласида саводсиз бўлиб қолган жамиятларга турли дин ва мазҳаб соҳиблари кириб кела бошладилар. Улар нима қилиб бўлса ҳам, турли йўллар билан кишиларни ўз дин ва мазҳабларига киритишга ҳаракат қилмоқдалар.
Жуладан, бизнинг диёримизга ҳам турли масиҳий тоифалар, будда, кришна дини тарафдорлари, шунингдек, баҳоийлар, қодёнийлар, огахонийлар ва бошқалар кириб келиб, фаолият кўрсатмоқдалар. Асли мусулмон бўлган халқимиз мазкукур дин мазҳабларини қабул қилмай, Исломнинг аҳли сунна вал жамоа мазҳабида мустаҳкам турадилар, деган умиддамиз. Агар адашиб, маълумоти етишмай, баъзи кишилар мазкур тоифалардан бирортасига аралашиб қолсалар, дарров тавба қилиб, ўз аслларига қайтишлари зарурлигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз. Шу билан бирга, ушбу рисолада алоҳида эътиборга сазовор бўлган масалаларга тўхталиб ўтмоқчимиз.
Азизлар, ақийда масаласи жуда ҳам нозик масала. Сиртдан арзимаган бўлиб кўринган баъзи нарсалар туфайли инсон мусулмонлик доирасидан чиқиб қолиши ҳеч гап эмас. Баъзи биродарлар, у ҳам Худога ишонар экан, бу ҳам Худога ишонар экан, демак ҳаммаси ҳам бир-да, дейдилар. Йўқ, Худога ишониш ҳар хил бўлади. Бунинг фарқига бориш зарур. Боқа дин ва мазҳабларда кишиларимиз эҳтиёт бўлишларига умидимиз бор. Аммо, баъзи тоифалар борки, уларни ҳатто диний илми бор кишиларнинг ўзлари ҳам фарқига боришда қийналиб қоладилар. Чунки улар янги чиққан тоифалар бўлиб, кўпчилик бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Мазкур тоифаларнинг аъзолари эса ўзларини яшириб, аҳли сунна вал жамоа мусулмонларидан қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Ҳозир собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида, жумладан, Ўрта Осиёда шундай тоифалардан иккитаси фаолият кўрсатмоқда.
Улардан бирини кўпчилик "Ахбош" деб атайди. Бу тоифа янги чиққан тоифалардан бўлиб, маркази Ливанда. Улар баъзи ақийда ва фиқҳий масалаларда нотўғри йўлга кирганликлари ҳақида баҳслар кетмоқда. Уларнинг раҳбарлардан бири Аҳмад Тамим номли шахс Украинада Ислом маркази очган, ер олиб қурилиш қилмоқчи. Унинг ким эканлиги маълум бўлгандансўнг, ихтилофлар ҳам чиққан. "Ахбош" тоифасига Абдуллоҳ ал-Ҳарарий Ҳабоҳий бошчилик қилади. Тоифанинг мафкураси ва иш юритиш услубини шу шахс белгилайди. У ҳозир Ливанда. Энг ачинарлиси, Қафқоз муфтийларидан бири унинг ҳузурига бориб, қўл берган ва бошқаларни ҳам қўл беришга чақирган. Бу тоифа юзасидан турли норозиликлар, уларнинг хатоликлари тўғрисида гаплар бўлишига қарамасдан, ҳозиргача бирор расмий фатво ёки ҳужжат чиққан эмас. Шунинг учун ҳам, ушбу лаҳзаларда сизларга бу тоифа хатолари ҳақида бирор гап айтишни эрта деб ўйлайман. Бу йилги ҳаж мавсумида "Робитатул Оламил Исломий" томонидан турли ўлкалардан ташриф буюрган атоқли уламолар мулоқоти ўтказилди. Бу мажлисда турли масалалар, жумладан, турли тоифалар масаласи ҳам баҳс қилинди. Мен уламоларга мазкур тоифалар ҳақида сўзлаб, тезроқ бир фатво чиқариб, ҳақиқатни мусулмонлар оммасига етказиш зарурлигини сўзладим, кўпчилик бу фикрни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, "Робитатул Оламил Исломий" раҳбариятига расмий мактуб йўллаб, Ислом фиқҳи академиясининг навбаттаги мажлисларидан бирида бу масалани атрофлича кўриб, фатво чиқариш зарурлигини илтимос қилдим. Иншааллоҳ, келажакда бу ишлар ҳам амалга ошиб қолса ажаб эмас.
Яна шундай тоифалардан бири - "Дорул Арқам" номли тоифа бўлиб, уларнинг маркази Малайзиядир. Мен бу тоифа ҳақида биринчи бор бундан бир неча йил аввал, Умумжаҳон Ислом даъват олий кенгаши аъзоси сифатида Малайзиядаги кўчма мажлисга борганимда эшитган эдим. Ўшанда Малайзиялик таниш уламолар ўз юртларида "Дорул Арқам" номли адашган тоифа чиққанлигини, уламолар уларни тавба қилишга чақираётганликларини айтишган эди.
Тоифа аъзоларидан эркаклари тўпиғидан сал юқори турадиган узун кўйлак ва кичкина салла кийишлари билан, аёллари эса қора либос кийиб, юзларига фақат кўзи очилиб турадиган ниқоб кийишлари билан ажралиб турадилар. Кейинчалик "Дорул Арқам" тоифаси аъзолари Ўзбекистонга ҳам кўплаб келишди. Бошлиқлари ҳам ташриф буюрди. Мен у киши билан гаплашдим. Тоифанинг бошқа мусулмонлардан фарқи ҳақида сўраганимда, у одам, бизнинг бошқа мусулмонлардан фарқимиз йўқ, фақат биз тижорат ва сармоя ишларига кўпроқ эътибор берамиз, бу эса кўпчиликка нимагадир ёқмади, деди. Мендаги маълумотларга қараганда, "Дорул Арқам" тоифаси Ўзбекистонда анчагина одамлар билан алоқа ўрнатганлар. Баъзи кишиларни ўз юртларига меҳмонга чақирганлар. Болаларни ўқитиб беришни ваъда қилганлар. Мазкур тоифа Малайзия ташқарисида Сингаппур, Индонезия, Тайланд, Покистон ва бошқа жойларда ўзига тарафдор топган.
"Дорул Арқам" тоифаси масаласи аста-секин кучайиб бориб, бу йил ёзга келиб, айтиш мумкин бўлса, "портлади". Малайзия ҳукумати бу тоифага нисбатан расмий чораларни кўришга мажбур бўлди. Улар Исломдан чиққан, кофир тоифа деб эълон қилинди. Малйзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад жаноблари, "Дорул Арқам" тоифаси раҳбари пайғамбарлик даъвосини қилаётганини айтиб, бу чидаб бўлмас ҳол, биз уларнинг кийган кийими билан ишимиз йўқ, аммо раҳбари пайғамбарликни даъво қилаётган тоифага бизнинг юртимизда жой йўқ, деди.
Ҳозирда бу тоифанинг раҳбарлари Тайландда истиқомат қилишмоқда. Инданезия ҳукумати томонидан ҳам "Дорул Арқам" тоифасига қарши чора кўриш кутилмоқда.
Мен аввал айтиб ўтганимдек, "Ахбаш" тоифаси ҳақида фатво чиқаришни таклиф қилганимда, "Дорул Арқам" ҳақида ҳам фатво чиқаришни таклиф қилганман. Шунинг учун "Дорул Арқам" ҳақида гапни вақтинчалик қисқа қилиб турамиз.
Зикр этилганлардан кўриниб турибдики, эътиқод масаласида жуда ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Кўринганга эргашиб кетавериш мутлақо тўғри келмайди. Тўғри узоқ, давом этган коммунистик терор оқибатида руҳий бўшлиқ пайдо бўлди. Диний саводсизлик вужудга келди. Лекин, бу турли тоифалар ортидан кетиб қолишга баҳона бўла олмайди.
Четдан келган шахсларнинг кийган кийими, берган молиявий ёрдами, зоҳирий кўриниши ёки қаердан келганлигига учмаслик керак. Балки, шошилмасдан суриштириб, билмаганлар билганлардан сўраб иш кўриш, алоқа қилиш керак. Акс ҳолда, кишиларимиз ақийдасига путр етиши, турли тоифалар келиб чиқиб, жамиятда, ҳатто оилаларда ҳам келишмовчилик, уруш-жанжаллардан бошимиз чиқмай қолади. Минг афсуслар бўлсинки, бу ҳолатнинг бошланғич босқичи ҳозирнинг ўзида юзага чиқиб ҳам турибди. Эҳтиёт бўлайлик, азизлар!



