Салафи солиҳ ғулув ҳақида
- Written by Administrator
Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғликдир. Аммо диний билимлардан анчагина бохабар одамларнинг ҳам баъзан ғулувга кетиб қолишлари, назаримизда, улуғ Аллоҳнинг синови, Аллоҳ изн берган шайтоннинг васвасаси оқибатидир. Имом Шотибий тўғри динни саҳобаларнинг тушунчасидан ва уларнинг диний таълимотларни кундалик ҳаётларига қандай татбиқ қилишларидан ўрганишга чақиради. Чунки, дин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали уларга бевосита етказилган. Демак, уларга эргашиш шунчаки бир чақириқ эмас, балки бу энг тўғри йўлдир...
Қуръон ва Суннат таълимотига энг яқин бўлган мусулмонлар авлоди саҳобаи киромлар бошқа нарсалар қатори ғулувни энг яхши англаб етган авлод ҳиcобланадилар. Қуйида баъзи саҳоблардан бу маъно ҳақида асар бўлиб қолган ривоятларни келтирамиз.
Умар розияллоҳу анҳу: «Модомики, ифторни тез қилар экансиз ва аҳли Ироқнинг чуқур кетишидек чуқур кетмасангиз, яхшиликда бардавом бўлурсиз». (Лисонул Араб. 7 – жуз. 4461 – бет)
Умар розияллоҳу анҳу: «Бир киши «Фокиҳатан ва Аббан»ни қироат қилиб туриб, Аббаннинг маъносини сўраганда, биз чиқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганмиз, дедилар. (Фатҳул Борий. 13 – жуз. 271 – бет)
Умар розиллоҳу анҳу ўз хутбаларидан бирида: «Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрида ғулувга кетманглар. Агар у дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўлганида унга энг ҳақлигингиз Набий салаллоҳу алайҳи вассалом бўлур эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларидан бирор аёлга ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар. У зотнинг қизларидан бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган», деганлар. Абу Довуд, Насаий, Термизий, Ибн Можа ва Доримийлар ривоят қилишган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Менинг кафанимда ғулувга кетма», деганлар. (Абу Довуд ривоят қилган)
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Менинг ҳақида икки тур одам ҳалок бўлади. Ҳаддан ортиқ яхши кўриб, мени ўзимда йўқ сифатлар билан сифатловчи ва мени ортиқча ёмон кўриши уни менга бўҳтон қилишга олиб борувчи», деганлар. (Аҳмад ривоят қилган)
Абу Воилдан ривоят қилинади: «Абу Мусо сийдикда қаттиқ турар эди. У шишага сияр ва «Бани Исроилдан бирининг терисига сийдик тегса, ўша ерини қайчи билан қийиб ташлар эдилар», дерди. Бас, Ҳузайфа уларга: «Соҳибингизнинг ўзи ҳам бунчалар қаттиқ тутмаса, яхши бўлар эди», деди». (Муслим ривоят қилган)
Абу Солтдан ривоят қилинади: «Бир киши Умар ибн Абдул азизга мактуб ёзиб қадар ҳақида сўради. Бас, у қуйидаги жавобни ёзди: «Аммо баъду: Сенга Аллоҳга тақво қилишни, унинг амрида мўътадил бўлишни, Набийсининг суннатига эргашишни ва бидъатчилар янгитдан пайдо қилган нарсаларни тарк қилишни тавсия қиламан.
Ўзингга суннатни лозим тут. У Аллоҳнинг изни ила сен учун исматдир. Сўнг билки, одамлар ҳар қандай бидъатни чиқарсалар ҳам, албатта унинг далили ёки ибрати ўзидан олдин келган бўлади. Суннатни унга хилоф қилиш хато, тойилиш, аҳмоқлик ва чуқур кетиш эканини яхши билган зот жорий қилгандир.
Бас, ўз нафсингга ўша қавм ўз нафсига рози бўлган нарсани рози бўлгин. Улар илмга асосланганлар, ўткир назар ила қараганлар. Улар ишларни кашф қилишда қувватли бўлганлар ва ўзлари доим бўлган фазлга ҳақлироқдирлар. Агар ҳидоят сиз турган нарсада бўлса, унга улардан олдин эришган бўласизлар. Агар, бу улардан кейин пайдо бўлган десангиз, албатта, уни уларнинг йўлига эргашмаган ва улардан юз ўтирганлар пайдо қилган бўлади.
Аслида эса, аввалигилар ўзувчилардир. Улар бу ҳақда кифоя бўладиган гапни айтиб ва шифо бўладиган васфни қилиб бўлганлар. Улардан паст бўлганлар камчиликка йўл қўйганлардир. Улардан устун бўлмоқчи бўлганлар ҳасратга учраганлардир. Батаҳқиқ, бир қавмлар улардан паст бўлдилар ва жафочи бўлдилар. Бошқа бирлари улардан юқори бўлишга тамаъ қилдилар ва ғулувга кетдилар. Улар эса иккисининг ўртасида, сироти мустақимда эдилар.
Қадарга иқрор бўлиш ҳақида сўраб мактуб ёзибсан. Аллоҳнинг изни ила хабардор кишига тушибсан. Билишимча одамлар янги пайдо қилган нарсалар ва ўйлаб чиқарган бидъатлар ичида қадарга иқрор бўлишдагича таъсири кучли ва иши собити бўлмаса керак. Унинг зикр қадимги жоҳилиятда ҳам бор эди. У ҳақида гапларида ва шеърларида сўз юритар эдилар. У билан ўзларидан ўтган нарсаларга азо топар эдилар. Кейинчалик Ислом буни янада кучайтирди. Батаҳқиқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бир эмас, икки эмас кўп ҳадисларда зикр қилдилар. У зотдан буни мусулмонлар эшиттилар. Унинг ҳақида У зотнинг ҳаётликларида ҳам, мамотларида ҳам ишонч ҳамда Роббиларига таслим бўлган, ўзларини заиф кўрган ҳолларида гапирдилар. Унинг илми иҳота қилмаган, китоби битмаган, қадари ўтмаган нарса йўқлигига иймон келтирдилар. Шу билан бирга у муҳкам китобидадир. Ундан иқтибос ва таълим олдилар.
Агар, Аллоҳ нима учун мана бу оятни нозил қилди? Нима учун бундоқ деди? дейдиган бўлмангиз, батаҳқиқ, улар ҳам ундан сиз ўқиган нарсаларни ўқиганлар ва унинг таъвийлидан сиз билмаган нарсаларни билганлар. Ва ундан кейин, барчаси китобда ва қадарда, шақоват ёзилгандир, тақдир қилингани бўладир, Аллоҳ истагани бўлади, истамагани бўлмайди. Биз ўзимиз учун зарарга ҳам, фойдага ҳам молик эмасмиз, деганлар. Бундан кейин рағбат қилганлар ва қўрқувда бўлганлар». (Абу Довуд ривоят қилган)
Аббод ибн Аббод ал-Хаввос аш-Шомий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Оқил бўлинглар. Ақл неъматдир. Баъзи ақл эгаларининг қалби чуқур кетиш ила машғул бўлиб ўзига зарари бор нарсага уриниб, фойдадан бебаҳра қолган ва ўзининг ҳожати бор нарсаларни эсдан чиқарган. Назар қилиб бўлмайдиган нарсага назар солишни тарк қилиш ақлнинг фазлидандир. Гоҳида ақлнинг ортиқчаси эгасининг бошига кулфат келтириши ҳам мумкин. Бунга ўзидан солиҳ амалларда мартабаси паст киши билан муноқаша қилишни тарк қилган одам мисол бўла олади. Шунингдек, қалби бидъат ила машғул бўлган киши ҳам. У ўз динида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бошқаларга тақлид қилади. Ёки ўз райига суяниш ила кифояланади. Ўзича ҳар нарсани Қуръондан олганини даъво қилади. Аслида эса у Қуръондан узоқ бўлишга чақираётган бўлади. Ундан ва унинг шерикларидан олдин Қуръонни ўрганган, унинг муҳкамига амал қилиб муташобиҳига иймон келтирганлар бўлмаганми?
Аввалгилар йўлни ёритувчи минора устида бўлганлар. Қуръон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имоми бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига имом бўлганлар. Саҳобалар ўзларидан кейингиларга имом бўлганлар. Уларнинг ҳаммалари ўзлари маълум ва машҳур, юртлари маъруф ва мансуб бўлганлар. Уларнинг ўзаро ихтилофлари бўлса ҳам, ҳавога учганларга иттифоқ ила раддия қилганлар. Уларнинг фикрлари зарбидан ҳаво соҳиблари турли йўлларда, гоҳида мақсаддан четлаган, гоҳида сироти мустақимдан ажраган йўлларда тентираб қолганлар.
Ҳаво соҳибларининг йўл кўрсатувчилари уларни адаштирувчи чўл биёбонларда санқитганлар. Бас, улар ўзбошимчалик ила залолатда яна ҳам чуқур кетаверганлар. Қачон шайтон уларга залолатда янги бир бидъатни пайдо қилса, аввалгисини қўйиб бунисига ўтаверганлар. Чунки улар салафи солиҳнинг изини талаб қилмадилар. Муҳожирларга иқтидо қилмадилар.
Зикр қилинишича, Умар Зиёдга: «Исломни нима бузишини биласанми? Олимнинг тойиши. Мунофиқнинг Қуръон ила тортишиши. Залолатга кетказувчи имомлар. Аллоҳдан қориларингиз ва аҳли масжидларингизда пайдо бўлган ғийбат, чақимчилик ва одамлар ичида икки юзу икки тил билан юришликдан қўрқингиз. Зикр қилинишича, бу дунёда икки юзламачи бўлган одам дўзахда ҳам икки юзли бўлар экан.
Ғийбатчи сенга йўлиққанда, сен ғийбат қилинишини истган одамнинг ғийбатини қилади. Кейин унинг олдига бориб сенинг ҳақингда худди шундай ишни қилади. Шу тарзда иккингиздан ўз ҳожатини чиқаради. Ҳамда иккингиз ҳам бошқангиздаги нарса махфийлигича қолаверади. У кимнинг олдида ҳозир бўлса, унга худди биродардек кўринади. У кимдан ғойибда бўлса, унга худди душмандек кўринади. Ким унинг олдида бўлса, ўша устун бўлади. Ким унинг олдида бўлмаса, унинг ҳурмати бўлмайди. Олдида ҳозир бўлган унинг мақташига алданади. Олдида бўлмаганни ғийбат қилади.
Эй вооҳ! Аллоҳнинг бандалари! Қавмнинг ичида бирор эслик ёки муслиҳ йўқми?! Шойядки, у манавунинг ҳийласини чиппакка чиқарса ва мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилса.
Аллоҳдан қўрқинглар! Катталарингизнинг ҳурматини сақланглар! Уларнинг ҳақида яхши гапиришдан бошқадан тилингизни тийинглар. Агар Қуръон ва Суннатнинг ходимлари бўлсангиз, умматингиз ҳақида ўзаро Аллоҳ учун насиҳат қилишининг. Қуръонни биров нутқ қилмагунча унинг ўзи нутқ қилмайди. Суннатга биров амал қилмагунча, унинг ўзи амал қилмайди. Агар олим сукут сақласа, зоҳир бўлган нарсани инкор қилмаса ва тарк қилинган нарсага амр қилмаса, жоҳил қачон таълим олади? Батаҳқиқ, Аллоҳ китоб берилганлардан, албатта, уни одамларга баён қилурсиз ва беркитмассиз дея мийсоқ олгандир.
Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, сизлар парҳезкорлик нозиклашган, хушуъ озайган замондасиз. Унинг фасодчилар илмга соҳиб бўлгандир. Улар илмнинг соҳиби бўлиш ила таниқли бўлишни яхши кўрадилар. Уни зое қилиш ила таниқли бўлишни ёқтирмайдилар. Унга ўзлари киритган хато туфайли, илмда ҳаво ила гап қилдилар. Ўзлари тарк қилган ҳақ тўғрисидаги гапни, амал қилган ботилларига алмаштирдилар. Уларнинг қилган гуноҳлари истиғфор айтилса ҳам ювилмайдиган гуноҳлардир. Уларнинг камчиликлари эътироф қилиб бўлмайдиган камчиликлардир. Йўл кўрсатувчи ҳайрон ҳолда бўлса, йўл сўровчи қандай қилиб ҳидоятни топади?!
Улар дунёга муҳаббат қўйдилар ва унинг аҳлининг манзилини ёқтирмадилар. Маъийшатда уларга шерик бўлдилар ва гапда улардан ажрадилар. Улар ўзларини наригиларнинг амалига нисбат берилишларидан гап ила ҳимоя қилдилар. Ўзлари инкор этган нарсадан ўзларини олиб қочмадилар. Ўзлари нисбат берган нарсага кирмадилар. Чунки ҳаққа амал қилувчи ўзи жим турса ҳам гапирувчидир. Зикр қилинишича Аллоҳ таоло, ҳакимнинг ҳамма гапини ҳам қабул қилавермайман. Лекин унинг ташвишига ва ҳавосига назар соламан. Агар унинг ташвиши ва ҳавоси Мен учун бўлса, унинг жим туришини ҳамдга ва виқорга айлантираман, агар гапирмаган бўлса ҳам, деган». (Доримий ривоят қилган)
УЛАМОЛАР ҒУЛУВ ҲАҚИДА
Аввал ўтган пешқадам уламолар ғулув —динда ҳаддан ошишга алоҳида эътибор берганлар. Уларнинг ёзганларига диққат билан назар соладиган бўлсак, ғулув тушунчаси, унинг таърифи ва бошқа масалаларни кўрамиз.
Ҳанафий мазҳаби уламоларидан бўлмиш Абу Бакр ибн Али ар-Розий Жассос ўзининг «Аҳкомул Қуръон» номли китобида қуйидагиларни ёзади:
«Аллоҳ таолонинг «Эй, аҳли китоблар, динингизда ғулувга кетманглар» деган қавли ҳақида Ҳасандан бу яҳудий ва насороларга хитоб экани ривоят қилинган. Чунки, насоролар Масийҳ ҳақида ғулувга бориб, унга пайғамбарлик мақомидан юқори мақом бериб, ҳатто «илоҳ» дейишгача борганлар. Яҳудийлар ҳам унинг ҳақида ғулувга кетиб, «ҳаромдан бўлган» деганлар. Икки гуруҳ ҳам баробарига унинг ҳақида ғулувга кетганлар. Динда ғулувга кетиш ундаги ҳақ чегарасидан чиқишдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан ҳажда отиш учун майда тош олиб беришни сўрадилар. Мен ул зотга қўл учи билан отиладиган тошчаларни олиб бердим. Ул зот уларни кафтларидан айлантира туриб, «Шуларга ўхшаши отилсин, шуларга ўхшаши отилсин, сизлар динда ғулувга кетишдан сакданинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас», дедилар».
Шунинг учун ҳам, Аллоҳнинг дини нуқсонга йўл қўйиш билан ғулувга кетишнинг орасидир, дейилган».
Ибн Ақийл роҳимаҳуллоҳ қуйидагиларни ёзади: «Бир киши менга: «Сувга кўп марта шўнғийман ва ғуслим тўғри бўлдимикан ёки йўқми дея шак қиламан. Бу ҳақда нима дейсан?» — деди.
«Эй шайх! Сен боравер. Сендан намоз соқит бўлган », — дедим.
« Қандоқ қилиб?!» — деди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қалам уч (тоифа)дан кўтарилган: уйқудагидан, токи уйғонгунча, ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунча, жиннидан, токи акли киргунча», деганлар. Биров бир неча марта сувга шўнғиб туриб, кейин «менга сув тегдими ёки йўқми» дея шак қилса, жинни бўлади», дедим» (Иғосатул Лаҳафон, 1-жуз, 157-бет).
Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким диний ишларда чуқур кетиб мулойимликни тарк қилса, албатта, ожиз қолади, кесилади ва мағлуб бўлади» (Фатҳул Борий, 1-жуз, 117-бет).
«Рухсат бор ерда азийматни олиш инжикдикдир. Бу худди сув ишлатишга ожиз бўлиб туриб таяммум қилмасдан, сув ила таҳорат қилиб, ўзига зарар етказишга ўхшайди» (Фатҳул Борий, 1-жуз, 117-бет).
Динда ғулувга кетиш ҳақида батафсил сўз юритган уламолардан бири имом Шотибийдир. У киши ўзларининг «Китобул Эътисом» номли китобларида бу ҳақда ажойиб сатрларни ёзганлар.
Имом Шотибий ғулувни қуйидагича таърифлайдилар: «Динда ғулувга кетиш нафсга шариат лозим қилмаган нарсани лозим тутишдир. Мисол учун, доимий фарзларни жорий қилиб олиш ёки сифатсиз таом емоқ ва носоз кийим кийиш ёхуд қийин ишларни қилиш ила нафсни азобламоққа ўхшаш нарсалар. Буларнинг барчасини лозим тутишга сабаб ҳам йўқ. Баъзилар бир неча кунлаб таом емоқни ўзига ҳаром қилади. Бошқа бирлари ман қилувчи сабаб бўлмаса ҳам, уйланишдан бош тортади. Мана шулар ва уларга ўхшаш бошқа нарсалар салафи солиҳларнинг амалида бўлмаган ва динда ғулув деб ҳисоблангандир» (Китобул Эътисом, 1-жуз, 216-бет).
«Нафсга енгиллик бериш Аллоҳнинг бандаларига қилган ҳадясидир. Ким ўз нафсига қийнашни раво кўрса, ўша ҳадяни Эгасига қайтариб берган бўлади. Бу иш одамлар орасида қабиҳ ҳисобланади. Бас, шундай экан, мўмин банда буни ўз Роббисига қандай раво кўради?!» (Китобул Эътисом, 1-жуз, 301-бет).
Сўнгра имом Шотибий динда ғулувга кетиш бидъат экани ва унинг Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқлигига Қуръон ва Суннатдан далил келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар топсалар, хуштаъм нарсаларни ер эдилар, ҳолва ва асални яхши кўрардилар, қўл (қўйнинг олд оёғи — муал.) гўштини ёқтирардилар ва сувнинг ширинини ичар эдилар. Буларда қаттиқ йўлни олиш борми?!» дейди (Китобул Эътисом, 1-жуз, 341-бет).
Мазкур маънога Қуръондан қуйидаги далилни келтиради. Аллоҳ таоло:
Ва ерни халойиқ учун қўйди.
У(ер)да мевалар ва гулкосали хурмолар бор.
Ва сомонли донлар ҳамда райҳон бор.
Бас.Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!
Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди.
Ва жинларни алангадан яратди.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз.
У икки машриқ ва икки мағрибнинг Роббисидир.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?
Дарё-денгизларни бир-бири билан учрашадиган қилиб қўйди.
Ўрталаридаги тўсиқдан ошиб ўтолмаслар.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?
У иккисидан луълуъ ва маржон чиқар.
Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?! (Ар-Роҳман: 10 — 23).
Кейин имом Шотибий қуйидаги саволларни ўртага ташлайди: «Аллоҳ таоло ушбу неъматларни бандалари улардан неъматланиши ва У зотга шукр келтиришлари учун яратганми? Ёки ҳеч кимга бўлмасдан, фақат «яратди» дейилиши учун яратганми? Агар уларни фақат «яратди» дейилиши учун яратган бўлса, унда нима учун уларни бизга миннат қилади ва биздан улар учун У зотга ҳамд айтишимизни талаб қилади? Аллоҳ таоло бундай бўлишдан пок ва олийдир. У зотнинг амаллари ва қавллари беҳудаликдан покдир. У зотнинг Ўзи бизга осмонлару ердаги барча нарсаларни мусаххар қилиб қўйганини зикр қилган. Албатта, У зот исрофдан ҳамда таом ва ичимликни сабабсиз зиёда ишлатишдан қайтарган» (Китобул Эътисом, 1-жўз, 342-бет).
Имом Шотибий динда ғулувга кетиб ҳаддан ошганлар билан тортишувни давом эттириб ва уларга ғулув суннатдан четлаш эканини тушунтиришга ҳаракат қилиб қуйидагиларни ёзади: «Бу худди таҳорат қилиш учун икки хил сув топган одамга ўхшайди. Иссиқ ва совуқ. У ишлатилиши қийин бўлган совуқ сувни ихтиёр қилади. Бошқасини тарк қилади. Бу одам шариат эгаси талаб қилган тарзда нафсга ҳаққини бермади. У тангликни кўтариш ҳақидаги далилга хилоф қилди» (Китобул Эътисом, 1-жуз, 340-бет)
Бас, ким Аллоҳ таолога У зотнинг Ўзи жорий қилган шариатдан бошқа йўл билан қурбат ҳосил қилишга харакат қилса, шубҳасиз, адашган бўлади. Чунки, у суннатдан ва салафи солиҳнинг сийратидан четлади ҳамда машаққат йўлига юрди. Ўша йўл эса, мазаммат қилинган йўлдир. Бунга қуйидаги оят далилдир: «Ва билингларки, албатта, ичларингизда Расулуллоҳ бордир. Агар У ишлардан кўпида сизга итоат қилса, албатта, қийинчиликка дучор бўлардингиз» (Ҳужурот: 7).
Бу оятдаги «ишлардан кўпида»дан мурод шаръий таклифнинг зиёдасидир. «Қийинчиликка дучор бўлардингиз»дан мурод — машаққатга қолардингиз. Аллоҳ таолонинг динида эса, қийинчилик йўқ» (Китобул Эътисом, 1-жуз, 295-бет).
Шу ерда имом Шотибийга Аллоҳ таоло Ўз расулини «табаттул»га амр қилгани ҳақида эътироз пайдо бўлиши мумкин.
«Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» (Муззаммил: 8).
«Табаттул» дунёдан юз ўгириб, ибодатга берилишни англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган амр ул зотнинг умматларига ҳам амр бўлади.
Бу эътирозга имом Шотибий «Табаттулнинг маъноси ғулувга кетганлар тушунганидек насоролар ўйлаб чиқарган роҳиблик эмас, балки унинг маъноси Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ихлос билан ибодат қилмоқдир. Бунда дунёдан бош тортиш ва ундан манфаат олишни бутунлай тарк этиш маъноси йўқ», деб жавоб берган (Китобул Эътисом, 1-жуз, ЗЗб-бет).
Насороларнинг роҳиблиги эса, Қуръон ва Суннат ила насх бўлган. Унинг Қуръонда насх бўлиши Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлида келган: Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг» (Моида: 87, 88).
Унинг суннат ила насх бўлишига саҳоба розияллоҳу анҳумдан учталари насороларнинг роҳибларига ўхшаб дунёдан бугунлай кесилишни ирода қилиб, улардан бирлари кечанинг ҳаммасини бедор ўтказишни, иккинчилари доимо рўза тутиб юришни ва учинчилари аёллардан четда бўлишни назр қилганларида ва бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида у зот уларни чақириб, қилган ишларини инкор қилганлари ва: «Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, ҳам рўза тутаман, ҳам оғзим очиқ бўлади. Ҳам намоз ўқийман, ҳам ухлайман. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», деганлари далилдир (Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари киши бу дунёдаги ўз насибасини ҳаддан ошмасдан олишидир. Имом Шотибийнинг фикрича, кўпгина одамларнинг диндан нафрат қилишига диндаги ғулув, яъни ҳаддан ошиш сабаб бўлган.
Бу қандай содир бўлишини имом Шотибий қуйидагича баён қилади: «Омма тўғри дин фақатгина қийинчилик ва маҳрумликдан иборат деб тушуниб қолса, диний ишларни ғулувга кетганлардан кўрган шаклда тўлиқ бажаришга кўзи етмайди ва уни тарк қилади» (Китобул Эътисом, 1-жуз, 300-бет).
Яъни, динга Қуръон ва Суннатда буюрилганидан ортиқча рағбат қилиб, бошқаларга динни машаққатли даражада оғир кўрсатиб, одамларни диндан бездириб қўювчилар, имом Шотибийнинг фикрига кўра, кўпчиликнинг диндан нафрат қилиб, унинг фарзларини тарк қилиши ва одоблари ила одобланмаслиги учун жавобгардир.
Диндаги ғулув ҳам турлича бўлади. Бунинг энг ёмон тури етарли илми бўлмаса ҳам Қуръонни ўзича тушуниш, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир.
Яна бир тури эса, тасаввуфни шариатдан устун қўйиш, ўзи қўл берган пирига кўр-кўрона эргашиш, ҳатто, унга сиғиниш (астағфируллоҳ) даражасида эътиқод қилишдир.
Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғликдир. Аммо диний билимлардан анчагина бохабар одамларнинг ҳам баъзан ғулувга кетиб қолишлари, назаримизда, улуғ Аллоҳнинг синови, Аллоҳ изн берган шайтоннинг васвасаси оқибатидир.
Имом Шотибий тўғри динни саҳобаларнинг тушунчасидан ва уларнинг диний таълимотларни кундалик ҳаётларига қандай татбиқ қилишларидан ўрганишга чақиради. Чунки, дин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали уларга бевосита етказилган. Демак, уларга эргашиш шунчаки бир чақириқ эмас, балки бу энг тўғри йўлдир.
«Улар розияллоҳу анҳум молу дунёни касб қилар ва қаерга сарф қилиш амр қилинган бўлса, ўша ерга сарф қилар эдилар. Ундан бирор нарса, амр ёки наҳий келган чоғида ҳам, қалбларига боғланиб қолмас эди. Улар Аллоҳнинг амри ва наҳйини нафсларининг ботил насибаларидан, ҳақиқий насибаларига халал бермайдиган тарзда, юқори қўяр эдилар. Мана шу васатийликдир» (Китобул Эътисом, 1-жуз, 336-бет)
«Сўнгра шариат эгаси уларни аҳли аёл тутишга амр қилди. Улар бу амрни зудлик билан амалга оширдилар. Бу нарса бизни бошқа буйруқларни бажаришимиздан машғул қилади, демадилар. Чунки бу гапни айтиш таклиф қилинган нарсадан ғафлатда эканликнинг далилидир. Аслида, шариат бўйича ҳар бир талаб қилинган нарса Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган ва Унга қурбат ҳосил қилинадиган нарсалар жумласидан бўлади. Бу маъно оддий ибодатларда ўз-ўзидан кўриниб туради. Аммо одат деб ҳисобланадиган нарсалар эса, агар улардан Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш ният қилинган бўлса, улар ҳам ибодатга айланади» (Китобул Эътисом, 1-жуз, 336-бет).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф



