Бугунга зарур сабоқ
- Written by Administrator
Мисрлик олим, марҳум Муҳаммад Шаъровий бундай деб ёзган экан:
"Шаръий жазоларни татбиқ этишга иштиёқманд бир ёш йигит билан баҳслашган эдим.
- Исломий давлатда ёш мусулмонлар йиғиладиган дискотека бўлса, уни портлатиб юборса бўладими ёки бўлмайдими? - деб сўрадим ундан.
- Нега бундай қилиб бўлмас экан, албатта, портлатиш жоиздир, - деб жавоб берди у.
Мен яна:
- Унинг ичидаги одамларни ўлдириш мумкинми? - деб сўрадим.
У жавоб берди:
- Жоиз, нега мумкин эмас экан.
Мен ундан:
- Агар улар гуноҳ ичида ўлдирилса, нариги дунёда улар қаерда бўладилар? - деб сўрадим.
У айтди:
- Албатта, жаҳаннамга тушадилар.
Мен яна сўрадим:
- Шайтон уларнинг қаерга тушишини истайди?
У айтди:
- Шайтон уларни жаҳаннамга туширишни истайди.
Мен айтдим:
Сен шайтон билан яқинлашмаяпсанми, мақсадларинг бир бўлиб қолмаяптими: сен уларни жаҳаннамга тушишини истаяпсан, шайтон ҳам шуни истайди?!
Кейин унга Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини айтиб бердим:
- Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларидан бир яҳудийнинг ўлигини олиб ўтишганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йиғладилар. Саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг элчиси, Сизни йиғлашга нима мажбур қилди?" деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бу жон жаҳаннамга тушган жондир, мен эсам уни бундан қутқариб қола олмадим. Қайғураётганим сабаби шу", деб жавоб қилдилар у Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
Сўнгра у йигитчага дедим:
- Энди сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўллари билан сен танлаган йўл қанчалик фарқ қилаётганига боқ: У Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни тўғри йўлга солишни истаган эдилар, сенинг мақсадинг уларни жаҳаннамга киргазишдир".
Абу Муслим таржимаси



