Суннат фақат кийим эмас, балки амалдир
- Written by Administrator
Қуръон бизга энг яхши қиёфада Исломга даъват этишга буюради. Бундан келиб чиққан холда, биз жамиятнинг замонавий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, у ёки бу инсонга нисбатан қўллаш мумкин бўлган даъватнинг энг яхши йўлларини ўрганиб чиқишга мажбурмиз.
Замонавий инсон нима билан яшайди? Бу саволга жавоб бериш унчалик хам қийин эмас, агар, ҳар кунлик ишингиздан бироз тўхтаб, ўзингизга ва яқинларингизга, қўшниларингизга ва дўстларингизга эътибор берсангиз саволга жавоб топасиз.
Инсон бўш вақтини турлича ўтказади. Охирги йиллар инсонлар бўш вақтининг асосий қисмини телевидение, интернет эгаллаганлигига қарамай, бўш вақт ўтказишнинг кўпгина бошқа турлари ҳам мавжуд ва улар ўлароқ инсон у ёки бу маданиятга мослашади. Бунда, бирор нарсага қаттиқ қизиққан инсон учун айнан ўша нарса ҳаётининг асосий интилишига айланади ва унинг дунёқарашини шакллантиради.
Бу ҳаммаси Ислом билан қандай боғлиқ? Бевосита, чунки Қуръон бизга энг яхши қиёфада Исломга даъват этишга буюради. Бундан келиб чиққан ҳолда, биз жамиятнинг замонавий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, у ёки бу инсонга нисбатан қўллаш мумкин бўлган даъватнинг энг яхши йўлларини ўрганиб чиқишга мажбурмиз.
Мисол учун, агар бир киши тарихга қизиқса, у холда, табиийки, у биринчи навбатда ўз эътиборини тарихга боғлиқ нарсаларга қаратади, у учун нуфузли шахслар эса бутун дунёга машҳур тарихчилар бўлади. Фан ва санъатнинг бошқа хар қандай сохасида ҳам худди шундай ҳолат, ҳар бир инсон нима биландир қизиққани боис, бу соҳаларни Ислом чегарасида ривожлантириш - даъват сохасида хақиқий силжиш бўларди.
Аммо ислом цивилизацияси 20 асрда қандай қилиб намоён бўлди? Минг афсуслар бўлсинки, мусулмонлар, тараққиётда энг фаоллар қаторида бўлиш ўрнига, улар хаётнинг у ёки бу соҳаси динга қанчалик тўғри келиши хақида баҳслашишни бошлаганларини тан олиш керак.
Албатта, бу мавзуда фикр юритиш керак, аммо баъзи мамлакатларда телевизор ёки Интернетдан фойдаланиш мумкинми ёки йўқми хақида йиллаб баҳслашилганда, тан олинг, бу нафақат замонавий ҳаётдан, балки Исломдан яққол узоқлашганлигимиздан далолат беради. Чунки мусулмонлик ҳаёт тарзи шуниси билан фарқланадики, унда цивилизациянинг ривожланиши нафақат ўзининг - мусулмонларнинг кашфиётлари хисобига, балки бутун жаҳондаги барча фойдали нарсаларни ўзига сингдириш ва фойдаланиш ҳисобига юз беради.
Кимдир бунга қўшилмаслиги мумкин, аммо Исломнинг бутун тарихи бу юқоридаги жумланинг тўғрилиги хақида далолат беради. Бунда, бошқа цивилизацияларнинг тажрибасидан биринчи бўлиб фойдаланган инсон – Пайғамбаримиз Мухаммад соллалоҳу алайҳи васаллам бўлганлар. Пайғамбиримиз ўз саҳобийлари билан кўп маслаҳатлашганлар ва қачонки форс Салмон Форсий Мадина атрофида ҳандақ қазишни маслаҳат берганда, ҳамма тиришқоқлик билан уни қазишни бошладилар ва бу билан мусулмон давлатининг пойтахтини мушриклар ҳужумидан химоя қилган бўлдилар.
Ўша пайтда, бу ҳимоянинг янги воситаси эди, шунинг учун, албатта у катта фойда келтирган. Лекин агар замонавий мусулмонлар буни жорий қилишса, у энди ҳеч қандай фойда келтирмайди, чунки бугунги кунда, бу усул эскирган.
Агар Ислом тарихини ўрганишда давом этадиган бўлсак, унда биз кўришимиз мумкинки, шу пайтгача номаълум бўлган технологиялар мусулмонлар томонидан муваффақият билан қабул қилинган ва Ислом йўлида фойдаланилган. Мисол учун, қоғоздан фойдаланишни жорий қилиш, уни тайёрлаш технологияси хитойликлар қўлида бўлган. Аниқ фанларнинг ривожланиш сохасида мусулмонлар нафақат алгебранинг, балки ҳалигача араб сонлари деб юритиладиган сонларнинг пайдо бўлиши туфайли хам машҳурлар. Аммо, камдан – кам инсонлар биладики, мусулмон оламига бу сонлар Ҳиндистондан кириб келган ва у сонлар, аҳолиси асосан мушриклар бўлган мамлакатдан кириб келганлиги учун ундан фойдаланишни таъқиқлаш хеч кимнинг калласига келмаган.
Исломни ривожланишига сезиларли туртки бўлган ва унинг бойишига сабаб бўлган бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Аммо қандайдир бир даврда бундай ҳаракат тўхтади ва таназуллнинг сабабига айланди.
Биз аждодларимиз тушган жоҳиллик чуқурига тушмаслик учун нима қилишимиз керак? Авваламбор, мавжуд восита ва имкониятлардан фойдаланган ҳолда, мусулмон жамиятини ривожлантириш учун янги поғонага кўтарилишимиз керак. Аммо бунда масалага ақл билан ёндашишимиз зарур, баъзилар қилган хатоларга ўхшаш хатоларга йўл қўймасдан. Мисол учун, Қатар армияси АҚШдан энг янги ракеталар сотиб олиб, ушбу ракеталарни учириш кодлари америкаликлар қўлида эканлиги хақида ўйлаб ҳам кўрмади.
Мусулмон жамиятининг ривожи барча йўналишларда бориши керак, ҳусусан харбий йўналишда, аммо устивор йўналиш иқтисодиёт бўлиб қолиши керак, чунки, иқтисодиёт мустақилликнинг калитидир. Бундан ташқари, маданий йўналишни унутмаслик керак, чунки бу, ҳар бир инсоннинг индивидуал калитидир.
Бу йўналишда силжишлар бор, аммо баъзи мусулмон давлатларида улар қийинчилик билан амалга ошириляпти ва улар жойларидан қўзғалгунича, бошқалар олдинлаб кетишяпти. Бунга қўшимча сифатида, бундай давлатларда, бу бидъат деб хар қандай ривожланишга қаршилик қилувчилар ҳам бор.
Аммо, мисол учун Интернетнинг бидъатга қанақа алоқаси бор? Афсуски, бундай ёндашиш билан биз узоққа боролмаймиз.
Диний илмлардан бошқа илмларни бидъат дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Албатта, фойдасиз илмлар ҳам бор, аммо шифокор, ошпаз ёки муҳандисликка ўқиш фойдасиз бўлиши мумкинми? Ахир биз бундай касбларсиз ўз ҳаётимизни тасаввур қила оламизми?
Нимага асосланиб баъзилар фақат диний илмларни ўрганиш керак дейди? Ахир ҳамма хам диндор бўлолмайди-ку! Қуръонда Аллоҳ марҳамат қилади: “Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик.”( 49.13) – бу ерда диндорлик хақида гап кетмаяпти. Йўқ, бу оят жуғрофия ва этнография каби фанларни ўрганишга ундаяпти. Бошқа оятда эса, Аллоҳ коинотни ўрганишга ҳаракат қилиш хақида гапиряпти: “...агар сиз осмонлару ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсаларингиз, чиқаверинглар.”( 55.33)
Афсуски, баъзи биродарларимиз ҳеч қандай прогрессни истамайдилар. Шу даражагача етиб борадики, хатто баъзи шайхлар ўз ўқувчиларига замонавий муаллифларнинг китобларини ўқишни тўғридан-тўғри таъқиқлайдилар. Уларнинг фикрича, фақат ўрта аср мутаффакирларигина диққатга сазовормиш. Бу билан улар Ислом душманларига қўл узатган бўладилар, чунки улар бундай вазиятдан манфаатдордирлар.
Албатта, диний илмларни ўрганиш жуда муҳим ва зарурдир, аммо шуни эсдан чиқармаслик керакки, деярли барча биринчи даражали ва хаттоки, иккинчи даражали исломий тамойиллар аллақачон ишлаб чиқилган ва хозирги кунда улар устида бош қотиришни ҳожати йўқ. Бу мавзуда жуда кўп китоблар ёзилган, шундай экан, бу мерос билан мусулмон олимлари шуғуллансин. Бугунги кун долзарб муаммолари эса, истаган киши фатво берадиган даражада кўп эмас.
Кимдир буларнинг даъватга ҳеч қандай алоқаси йўқ деб айтиши мумкин, аммо у янглишган бўлади. Исломга даъват барча мавжуд таъқиқланмаган усулларда олиб борилиши мумкин ва албатта Қуръонда айтилганидек, уларнинг энг яхшисида олиб борилади.
Мисол учун, тасвирий санъат иштиёқмандини расмлар билан бўлмай, нима билан Исломга даъват этишимиз мумкин? Шеърият мухлисини, Пушкин ва бошқа шоирлар шеърлари билан бўлмай, нима билан Исломга қизиқтиришимиз мумкин? (Изоҳ: маълумки, Пушкининг Қуръон, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ва уларнинг аёлларига бағишланган шеърлари бор).
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари кийинишда эмас, балки ҳаракатда, муаммоларни ҳал қилиш усулида, у ёки бу нарсаларга ёндашиш усулидадир. Аллоҳни Расули соллалоҳу алайҳи васаллам ва унинг саҳобалари ҳар бир инсон учун алоҳида сўз ва мисол келтиришга ҳаракат қилишган.
Араб тилини сувдек билиш мумкин, лекин агар она тили – ўзбек тилида яхши гапиролмаса – Ўзбекистонда ундай кишидан қандай фойда кўриш мумкин?
Бутун Қуръонни ёдлаб олиш мумкин, лекин агар бу киши ҳеч бўлмаганда Қуръон оятларининг бир қисмини эшитувчиларга тушунтириб, етказиб беролмаса, бундай ёдлашдан нима фойда? Албатта бундай инсон, инша Аллоҳ, Аллоҳдан ажр олади, аммо, у келтирадиган фойда, фақатгина “Фотиха” сурасини билиб, унинг маъносини тафсирлаб берувчи инсон келтирадиган фойдадан, афсуски кам.
Айтилганни умумлаштириб, шуни эсдан чиқармаслик керакки, Аллоҳ хаммамизга бебаҳо неъмат – ақл инъом этган. Муқаддас Қуръон бизни фикрлаб, бу ақл неъматидан яхшилик йўлида фойдаланишга чақиради. Мусулмонларнинг асосий мақсади эса, даъват бўлган ва шундай бўлиб қолади. Лекин агар биз хақиқатан ҳам инсонлар Исломни билишини истасак, у холда даъват замонавий шароитда мумкин бўлган энг яхши ва замонавий усулларда олиб борилиши керак.



