Дунё уламоларининг Бағдодийга очиқ хати
- Written by Administrator
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Анбиё ва расулларнинг охиргисига саловот ва саломлар бўлсин!
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Аср билан қасам. 2. Албатта, инсон зиёндадир. 3. Фақат иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустасно.
(Аллоҳ тўғри айтадир. Аср сураси)
Абу Бакр Бағдодий лақабли Доктор Саъид Иброҳим Аввад ал-Бадрийга ҳамда «Ислом давлати» деб номланган нарсага мансуб бўлган шахсларга ва жангчиларга.
ОЧИҚ ХАТ
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ!
Сиз ҳижрий 1435 сана, 6 Рамазон кунида - милодий 2014 сана 4 июль куни Мусил шаҳридаги Нурий катта жомеъ масжидда гапирган гапингизда саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан иқтибос олиб, айтдингиз: «Агар мени ҳақда кўрсангиз, менга ёрдам берингиз. Агар мени ботилда кўрсангиз, менга насиҳат қилингиз ва мени тўғрилангиз».
Қуйида сизга ўзингиз талаб қилганингиз насиҳатни тақдим қиламиз, зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин – насиҳатдир»[1], демишлар.
Қуйида келадиган барча гаплар «Ислом давлати» деб аталган нарсага мансуб бўлган ишлар ва сўзлардир. Ушбу сўзларни уларнинг ўзлари нашр қилганлар ёки ўз кўзлари билан кўриб, эшитган мусулмонлар нақл қилганлар.
Улар ҳақида ОАВ эълон қилган нарсалар эмас. Аллоҳ хоҳласа, бу сизларнинг зиддингизга тўқилган ҳеч бир нарса ёки нотўғри тушунча эмас. Бу ерда айтиладиган нарсалар жуда оз нарсалар бўлиб оддий, тушуниши осон гаплардан иборат ва Ислом тарихи давомидаги Аҳли суннанинг ғолиб фикридир.
Абу Муҳаммад Адноний ўзининг 2014 йил, апрел ойнинг аввалида сўзлаган сўзида[2]: «Аллоҳим, қилич билан[3] оламларга раҳмат қилиб юборилган саййидимиз Муҳаммадга салавот юборгин», деди. Аммо бу жумланинг таркибида катта адашув бор ва жуда усталик билан тўқилган хато бор. Худди шу жумла «Ислом давлати»га мансуб баъзи кишиларнинг тилларида такрор-такрор янграмоқда. Хатолар қуйидагилардан иборат:
Аллоҳ жалла жалалуҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган. Бу борада Аллоҳ таоло Анбиё сурасида
«Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», деган (107-оят).
Ушбу маъно барча замонлар, барча маконлар ва борлиқдаги барча нарсалар учун тўғридир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам башариятга, ҳайвонотга, набототга, осмонларга, инсларга, жинларга раҳмат қилиб юборилганлар. Бу борада ҳеч қандай хилоф йўқдир. Бу Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги каломидир, бу умумийдир, қайдланмагандир. Лекин «қилич билан юборилган» ибораси ҳадиси шарифдан иқтибос қилинган. Бу бир маконга, бир замонга, муайян шароитга хосдир ва у шароит, у макон, у замон битиб, тугаган. Бас, шундай экан, Қуръони Карим билан ҳадиси шарифни юқоридаги тариқада аралаштириш жоиз эмас. Шунингдек, умумий иш билан хусусий ишни, мутлақ иш билан муқайяд ишни ҳам аралаштириш мутлақо мумкин эмас.
Аллоҳ азза ва жалла Ўз нафсига Ўзи раҳматни ёзмишдир. Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Анъом сурасида марҳамат қилади: «Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёздики…» (54-оят)
Ва яна шу суранинг 12-оятида: «Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» деб айт! «Аллоҳники», деб айт! У Ўз зиммасига раҳматни ёзди» дейилган.
Яна Аллоҳ таолонинг Ўзи У Зотнинг раҳмати барча нарсадан кенг эканлигини таъкидламишдир.
Бу борада Қуръони Каримнинг Аъроф сурасида айтилади: «Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир» (156-оят).
Ва саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинадики, «Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратиб бўлгандан кейин Ўзининг ҳузурида, Аршининг устида «Албатта, раҳматим ғазабимдан олдин келмишдир», деган»[4]. Бас, шундай экан, қилични, ғазабни, шиддатни раҳмат билан аралаштириш жоиз эмасдир. Уларни бараварлаштириш жоиз эмасдир. Балки ундан ҳам зиёда тарзда айтиш мумкинки, оламларга бўлган раҳматни «қилич билан юбориш» жумласига боғлаш мутлақо жоиз эмасдир, чунки бундай қилиш раҳмат, марҳамат, шафқат қиличга боғланди, дейиш билан баробардир. Бу эса мутлақо тўғри эмас.
Аслини олганда ҳам, қилич қандай қилиб қиличи йўқ оламларга таъсир ўтказиши мумкин? Мисол учун, осмонлар, жинлар олами, наботот олами каби қиличсиз оламларга қандай қилиб қилич билан таъсир ўтказиш мумкин?
Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилишлари у зотнинг қилич билан юборилишларига боғлиқ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Ва ушбу нуқта академик мунозара учун ҳеч қачон қўзғалмайди, кўтарилмайди. Балки бу ҳолатда, мана шу нуқтада жавҳарий сарлавҳа борки, у кейин келади. Чунки бу ердаги хато қилични илоҳий раҳмат савиясига кўтаришга олиб бормоқда.
Хатолар қуйидагилардан иборат:
1. Усул ва тафсирда
Қуръони Каримни тафсир қилиш, ҳадиси шарифни ва усули фиқҳни фаҳмлаш умумий тарзда қайси бир масала борасида бўлса ҳам, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда йўллаган услуб шуки, бу ерда бир масалада нозил бўлган, келган ҳамма нарсани жамлаб туриб, ҳукм чиқарилади. Бир бўлакка ёки баъзи нарсаларга боғланиб қолинмайди. Ҳаммасини атрофлича ўрганиб бўлгандан кейингина, ҳукм чиқарувчи ҳукм чиқаришга аҳл бўлса, яъни яроқли бўлсагина, барча матнларни тўплаб, шунга биноан ҳукм чиқарилади. Аллоҳ азза ва жалла Бақара сурасида шундай марҳамат килади: «Ёки Китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?!» (85-оят)
Яна Аллоҳ таоло Моида сурасида: «Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирурлар. Ўзларига эслатилган нарсалардан кўп улушни унутдилар» дейди (13-оят).
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади: «Қуръонни парча-парча қилганларга» (91-оят).
Ана шундай қилиб, барча матнларни жамлаб олгандан сўнг, қайси матн умумийлиги, қайси матн хусусийлиги, қайси матн қайдланганлиги, қайси матн қайдланмаганлигини билиш вожибдир. Шунингдек, қайси оят муҳкам, қайси оят муташобиҳ эканлигини билиш лозимдир. Шунингдек, барча матнларни, шартларни имомларимиз қандай чегаралаган бўлса, шундай билишимиз лозим. Ояти карималарнинг нозил бўлиш сабабларини билиш ҳам ниҳоятда зарурдир. Бас, биргина оятга ёки оятнинг бир бўлагига суяниб далил келтириш жоиз бўлмайди. Акс ҳолда бу Китоб ва Суннатда бу мавзуда келган барча маълумотларни яхши билмасдан чиқарилган ҳукм деб қаралади.
Бунинг сабаби шуки, Қуръони Каримда келган барча нарсалар ҳақдир, саҳиҳ ҳадисларда келган барча нарсалар ваҳийдир, уларнинг баъзисини тарк қилиш жоиз эмасдир. Шундан келиб чиқиб, матнларни имкон қадар бир-бирига мувофиқлаштириш вожиб бўлади ёки бу ерда очиқ-ойдин сабаб бўлса, ёки бир иш бошқа ишдан устун қўйилган бўлса, уларни ҳам билиш лозим бўлади.
Имом Шофеъий ўзининг «Рисола» номли китобида ўзи шарҳ қилиб берган ҳақиқат шудир. Унга эса усул илмининг барча уламолари биттаси ҳам қолмай, ижмоъ қилганлар.
Имоми Ҳарамайн ўзининг «Ал-Бурҳан фи усулил фиқҳ» деб аталган китобида муфтийнинг (фатво берувчининг) сифатлари ҳақида ва фатвога жам бўлишга шарт қилинган сифатлар ҳақида сўз юритиб, шундай дейди:
«Муфтий тил олими бўлиши керак. Чунки шариат араб тилида келган. Шунингдек, у наҳв ва эъроб бўйича ҳам олим бўлиши шарт. Шунингдек, у Қуръон олими ҳам бўлиши лозим, чунки бу ҳукмларнинг аслидир. У носих ва мансухни ҳам билиши шарт. У усул илмини ҳам билиши керак, чунки бу ишнинг асосларидан биридир. Шунингдек, далилларнинг, ҳужжатларнинг мартабаларини, тарихлар илмини яхши билмоғи керак. Яна у саҳиҳ, ғайри саҳиҳ, мақбул ҳадисларни, таънага учраган ҳадисларни билиши учун улуми ҳадисни ҳам билмоғи лозим. Фиқҳни чуқур билиши вожибдир, сўнгра мазкур нарсаларнинг ҳаммасидан кейин нафс илмини билмоғи лозим. Бу мужтаҳиднинг сармоясидир. Ана шуларни жамлаб туриб айтганларки, албатта, фатво берувчи шариат аҳкомларининг маърифатини матн жиҳатидан ва ҳукм жиҳатидан мустақил илмга эга бўлган зот бўлиши керак.
«Матн жиҳатидан» дегани араб тилини, тафсир ва ҳадис илмини яхши билишига ишорадир.
«Ҳукм чиқариш» бўйича, «истинбот қилиш бўйича» дегани усул илмини, қиёс илмини, уларнинг йўлларини ва нафс фиқҳини яхши билишига ишорадир.
Худди шунингдек, мазкур гапларга ўхшаш фикрни Имом Ғаззолий ўзининг «Мустасфо» номли китобида, Ҳофиз Жалолиддин Суютий ўзининг «Итқон фи улумил Қуръон» китобида келтирган.
2. Луғат илмида
Аввал зикр қилиб ўтилганидек, усул илмининг энг муҳим арконларидан бири араб тилини чуқур тушунишдир. Бу луғат илми қоидаларини, наҳв, сарф, балоғат, шеър, калималарнинг асли ва тафсирини ниҳоятда дақиқ ва чуқур тушуниш деганидир. Ушбу илмларсиз хато содир бўлиши таъкидланган ва тажрибадан ўтган ҳақиқатдир. Сизлар халифат деб ном берган нарсани эълон қилишда «Бу Аллоҳнинг ваъдасидир» деган сарлавҳа келди. Эълоннинг соҳиби Аллоҳнинг ваъдаси деб айтаётганда қуйидаги ояти каримани ният ва қасд қилган:
Аллоҳ таоло Нур сурасида шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар – ўзлари фосиқлардир» (55-оят).
Лекин бу ояти каримани Қуръони Каримдаги бошқа оятлар каби, хос шаклда, маълум бир вазият ёки ҳодисага боғлаш мутлақо нотўғридир. Хусусан, оят нозил бўлганидан 1400 йил ўтганидан кейин. Қандай қилиб Абу Муҳаммад Адноний сиз даъво қилаётган, халифат деб аталмиш нарсани «Бу Аллоҳнинг ваъдасидир», дея олади? Агар унинг даъвоси тўғри, деб фараз қилганимизда ҳам, «Бу Аллоҳнинг ваъдасидандир», дейиши керак эди. Бу ерда яна бир бошқа хато бор, яъни луғат жиҳатидан. Бу одам «истихлоф» маъносини «даъво қилинаётган халифат» деб атамоқда. Далил эса ушбу ояти каримада бу гапнинг тўғри эмаслигига қаратилган. Чунки Аъроф сурасининг 129-оятида:
«Ажаб эмаски, Роббингиз душманларингизни ҳалок этса ва сизларни ер юзида халифа қилиб, қандай амал қилишингизга назар солса», дейилган.
Бу ерда «истихлоф» сўзи бошқа қавмнинг ўрнига келишлари маъносида ишлатилган. Бу ерда «улар муайян сиёсий низом асосида ҳукм юритадилар», деган маъно кўзда тутилмаган.
Ибн Таймиянинг фикрига кўра, Қуръони Каримда бундай тародиф-синоним бўлиш йўқ[5]. Бу ердаги «халифалик» билан «истихлоф» орасида фарқ бор. Имом Ибн Жарир Тобарий бу оятнинг тафсирида шундай дейди:
«...ва йастахлифукум» – «сизларни халифа қилур» дегани «уларни ҳалок қилгандан кейин сизларни ер юзида ўринбосар қилур», деган маънони билдиради. «Ва сизлар улардан қўрқасизлар ва улардан бошқа одамларнинг бирортасидан қўрқмайсизлар», дегани[6]. Ушбу ҳол собит қиладики, ўша маънода «истихлоф» сўзининг маъноси ҳокимият маъносини эмас, балки ер юзида сокин бўлиш, яшаш маъносини англатади.
3. Бир нарсани осон санаш
Доимо ишларни соддалаштириш маъноси ҳақида сўз юритиш жоиз бўлмайди. Қуръоннинг бир бўлагини олиб, уни фаҳмламасдан, комил сиёққа мосламасдан гапириш жоиз бўлмайди. Шунингдек, «Дин соддадир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг муҳтарам саҳобалари содда бўлганлар, нима учун динни мураккаблаштирамиз?» дейиш ҳам жоиз эмас. Худди шу ишни Абул Баро Ҳиндий ўзининг 2014 йил июлда тарқатган видеолавҳасида айтган. У шундай дейди:
«Мусҳафни очинг, жиҳод оятини ўқинг, ҳамма нарса равшан бўлади. Барча уламолар менга: «Бу фарз, мана бу фарз эмас, ҳозир жиҳод вақти эмас», дейишади. Ҳаммасини тарк қилинг-да, Қуръонни ўқинглар, жиҳодни танинглар», дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, саҳобаи киромларни фаҳмламоқ лозимдир. Улар моддий жиҳатдан оз нарсаларга чидаб юрганлар, улар мураккаб технологиясиз яшаганлар. Лекин улар энг улуғ, энг катта бўлганлар, бизнинг ҳаммамиздан улуғ бўлганлар, фаҳмлари ҳам, фиқҳлари ҳам, ақллари ҳам. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай дейди:
«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят).
Яна Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 7-оятида: «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» деб марҳамат қилган.
Яна Аллоҳ таоло Нисо сурасида: «Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар», деб марҳамат қилган (83-оят).
Фиқҳ осон иш эмас. Бу борада сўз юритиш, фатво бериш ҳар қандай инсон учун ҳам осон бўлавермайди.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади: «Албатта, ақл эгаларигина эслатма олурлар» (19-оят)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмсиз равишда Қуръонда бир гапни айтса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин», деганлар[7].
Шунингдек, баъзи кишилар ўтган улуғларимиз билан ўзларини тенг билиб «Биз ҳам эркакмиз, улар ҳам эркак», деган гапдан тўхтасинлар. Ким шу гапни айтса, уларнинг фаҳми Саҳобаи киромлар, буюк имомлар, салафи солиҳларнинг фаҳмичалик эмас.
4. Ихтилоф
Ихтилофга келсак, у икки турли бўлади:
Биринчиси – мазаммат қилинган, ёмонланган ихтилоф.
Иккинчиси – мақталган ихтилоф.
Мазаммат қилинган ихтилофга келсак, Аллоҳ таоло Баййина сурасида шундай марҳамат қилади:
«Китоб берилганлар уларга «баййина» келганидан сўнггина бўлиниб кетишди» (4-оят).
Мақталган ихтилофга келсак, Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай дейди:
«Бас, Аллоҳ Ўз изни ила улар ихтилоф қилган ҳаққа иймон келтирганларни ҳидоят қилди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қиладир» (213-оят).
Имом Шофеъийнинг «Рисола» номли китобидаги фикрлар шудир. Тўрт имомнинг қолган бошқалари ҳам, минг йилдан буён яшаб ўтган бошқа уламолар ҳам бу фикрни таъкидлаб келмоқдалар.
Қачонки мўътабар имомлар ўртасида ихтилоф пайдо бўлса, ихтилоф қилинган нарсадан раҳмлироқ, яхшироқ бўлганини, ташаддудга кетмаган, шу билан бирга, тақво меъёрида шиддатга ўтмаган ҳукмни олиш лозимдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зумар сурасида марҳамат қилади: «Сизга ўзингиз сезмаган ҳолда, тўсатдан азоб келиб қолишидан олдин Роббингиздан сизга нозил қилинган энг гўзал нарсага эргашинг» (55-оят).
Шу суранинг 18-оятида: «Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашарлар. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир», дейилган. Шунинг учун Оиша онамиз розияллоҳу анҳо саҳиҳ ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки иш орасида ихтиёр берилса осонроғини танлаганлар», деганлар[8].
Шиддат билан олинган раъй – фикр тақволироқ фикр деб эътибор қилинмайди. Чунки шиддатли бўлишни Аллоҳга ихлос қилган диндор кишининг олий даражаси деб ҳам бўлмайди. Шиддатли бўлишда ғулувга кетиш, ҳаддан ошиш бор. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди» деган (185-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга ўзингиз шиддатни олманглар. Яна сизларга шиддат келиб қолмасин. Бир қавм ўзларига шиддатни олганида Аллоҳ уларни шиддат ила тутган», деганлар[9].
Албатта, динда шиддатли бўлиш ғурурдан иборатдир. Албатта, шиддат қилувчи киши табиий ҳолатда ўз-ўзига «Мен бошқалардан кўра бу ишда шиддатлиман», деган бўлади, бошқалардан кўра мукаммалроқман, деган бўлади. Шунинг ўзида ҳам ёмон гумон бор.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримни одамлар бадбахт бўлишлари учун нозил қилган эмас. У Зот Тоҳа сурасининг илк оятларида шундай дейди:
«То ҳо. Сенга Қуръонни бахтсиз бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ» (1-2-оятлар).
Зикр қилиш лозим бўлган нарсалардан яна бири шуки, тарих давомида мусулмонликни қабул қилган инсонларнинг аксарияти гўзал даъват билан мусулмон бўлишган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билувчи ва ҳидоят топувчиларни ҳам ўта билувчидир» (125-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мулойимликни лозим тут. Зинҳор қўпол ва уят сўз айтувчи бўлма!» деганлар[10].
Ислом сиёсий жиҳатдан исломий фатҳлар натижасида кенгайганида Хуросондан Арабистоннинг Мағрибгача бўлган ҳудудга тарқалган фатҳ қилинган юртларнинг аксар аҳолиси насоро бўлган, юзлаб йиллар давомида ўз динларида юрганлар, кейин аста-секин мусулмон бўлганлар. Улар шиддат сабабли, мажбурлаш сабабли эмас, балки гўзал даъват сабабли мусулмон бўлганлар. Ҳозирдаги бир қанча катта давлатларва бутун бошли иқлимлар футуҳотлар натижасида эмас, даъват натижасида мусулмон бўлишган. Мисол учун, Индонезия, Малайзия, Шарқий Африка каби юртлар куч билан эмас, айнан гўзал мавъиза, чиройли ибрат воситаси ила Исломни қабул қилганлар.
Шиддатли бўлиш тақвонинг меъёри эмас, Исломни тарқатиш учун танланган йўл ҳам эмас.
5. Воқелик фиқҳи
Воқелик фиқҳи деганда шаръий аҳкомларни одамларга улар билан бўладиган муомалада, муносабатларда татбиқ қилиш тушунилади. Бунда одамларнинг воқелигига, ҳолларига қараб муомала қилинади. Демак, одамлар яшаб турган реал воқеликни чуқур ўрганиш, уларнинг муаммоларини, қийинчиликларини ўрганиш, тоқатлари нимага етишини, улар дуч келиб турган ҳолатларни ўрганиш билан юзага чиқади. Воқелик фиқҳини ўрганган одам диний матнларга назар солиб, одамларга воқеликнинг, замоннинг муайян босқичида мос келадиган воситани топа олади. Баъзи таклифларни ортга суриб, одамларнинг қудрати, имконияти, савияси етадиган вақт келишини, вазият юзага келишини кутилади.
Имом Ғаззолий бу борада шундай дейдилар: «Воқеликка қарайдиган бўлсак, бу ҳам заруратнинг мартабаларидан биридир. Бу ерда ижтиҳодни адо қилиш лозимдир. Агар унга муайян асл шоҳидлик бермаса ҳам»[11].
Ибн Қайюм Жавзия шундай дейди: «Балки унга фақиҳ бўлмоғи, одамларнинг макр-ҳийла, найранглари, қайтадиган жойлари, урфлари – ҳаммасига назар солиш лозим. Шунинг учун фатво замонларнинг, маконларнинг, одатларнинг, ҳолатларнинг ўзгаришига қараб ўзгариб туради. Уларнинг ҳаммаси олдин баёни ўтгани каби, Аллоҳнинг динидандир»[12].
6. Бегуноҳ инсонларни қатл қилиш
Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Ҳақ ила бўлса, мустасно» (33-оят).
Яна Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай дейди: «Айтгин: «Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онага яхшилик қилинг! Фақирликдан (қўрқиб) болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Ҳақ ила бўлса, мустасно. Ушбуларни сизга тавсия қилдикки, шояд, ақл юритсангиз» (151-оят).
Бас, бир одамни ўлдириш, жонни кетказиш ҳаромдир. Энг катта гуноҳлардан биридир. Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: «Шунинг учун ҳам Бану Исроилга: «Ким бир жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзида бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», – деб ёздик. Батаҳқиқ, расулларимиз уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар олиб келдилар. Сўнгра, ўшандан ке¬йин ҳам улардан кўплари ер юзида ҳаддан ошувчилардан бўлдилар» (32-оят).
Сизлар эса жуда кўп бегуноҳ одамларни ўлдиришни ўзингизга раво кўрдингиз. Улар жангчи ҳам, ҳатто қуролланган ҳам эмас эдилар. Улар сизлардан бошқача фикрдаги одамлар эди, холос[13].
7. Элчиларни ўлдириш
Маълумки, барча динларда элчиларни ўлдириш ҳаромдир. Бу ерда элчи деганда бир қавмдан бошқа қавмга яхши мақсадларни етказиш учун, жумладан, сулҳ ёки мактуб етказиш учун юборилган шахслар кўзда тутилади. Элчининг ўзига хос ҳурмати бўлади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Жорий бўлган суннатга кўра, элчилар қатл қилинмайди»[14].
Ҳозирги кунги ахборот воситаларининг мухбирлари чинакам ахборот элчилари ҳисобланадилар, чунки улар қиладиган иш ҳақиқатни юзага чиқариш, оммага, инсониятга етказишдир. Сизлар эса Жеймс Фоули, Степан Сотлофф каби мухбирларни ҳибсга олиб, Степан Сотлоффнинг сизлардан нажот сўрашига, онасининг шафқат сўраб ялиниб-ёлворишига қарамай, шафқатсизларча қатл қилдингиз. Шунингдек, хайрия ёрдамлари етказиш ходимлари ҳам раҳмат элчиси, яхшилик элчисидир. Сизлар ана шундай ходимлардан бири Девид Хенесни ҳам ўлдирдингиз. Бу қилган ишингиз билиттифоқ, ҳаром ишдир.
8. Жиҳод
Барча мусулмонлар жиҳодда буюк фазл борлигини яхши биладилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Тавба сурасида шундай дейди:
«Эй иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, «Аллоҳнинг йўлида қўзғалинг», дейилса, ерга ёпишиб олдингиз?!» (38-оят)
Яна Бақара сурасида:«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг ва тажовузкорлик қилманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни севмас» дейилган (190-оят).
Шунга ўхшаш бошқа бир қанча оятлар бор. Имом Шофеъий ва қолган уч мазҳаббоши имомларимиз, шунингдек, жумҳур уламоларнинг барчаси жиҳоднинг фарзи кифоя эканига иттифоқ қилганлар. Жиҳод қилиш фарзи айн эмас. Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги: «Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган...» деган (95-оят) сўзидан жиҳоднинг фарзи айн эмаслиги келиб чиқади.
«Жиҳод» сўзи исломий истилоҳ бўлиб, уни мусулмонлардан бирортасига қарши ишлатиш тўғри бўлмайди. Уламоларнинг барчаси жиҳод қилиш учун ота-онанинг изни шарт эканига иттифоқ қилишган. Бунинг далили шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, у зотдан жиҳодга чиқишга изн сўраган. Шунда у зот: «Ота-онанг тирикми?» дедилар. У: «Ҳа», деди. У зот: «Икковларида жиҳод қил», дедилар[15].
Исломда жиҳод икки турли бўлади. Биринчиси катта жиҳод бўлиб, инсоннинг ўз нафсига қарши жиҳодидир. Иккинчиси эса кичик жиҳод бўлиб, душманга қарши жиҳоддир. Катта жиҳод ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотдан қайтаётиб: «Биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик», деганлар[16]. Агар сизлар бу ҳадисни заиф ёки мавзуъ десангиз, жавоб шуки, бу маънода ояти карима ҳам бор. Аллоҳ таоло Фурқон сурасида:
«Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!» деган (52-оят).
Аллоҳ таолонинг «у билан» деган сўзида Қуръони Каримга ишора бор. Қуръони Карим қалбдаги барча дардларнинг шифосидир. Бу маънони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларга амалларингизнинг энг яхшисини, энг покизасини, Роббингизнинг наздида даражангизни энг баланд кўтарадиганини айтиб берайми? У сизлар учун тилла, кумуш нафақа қилишдан яхшироқдир, душманга бориб йўлиқиб, уларнинг бўйнига уришингиз улар сизнинг бўйнингизга уришидан кўра яхшироқдир. Бу – Аллоҳнинг зикридир»[17], деган сўзлари ҳам таъкидлайди. Албатта, катта жиҳод нафсга қарши жиҳоддир. Унинг силоҳи Аллоҳнинг зикридир, нафсни поклашдир.
Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло икки жиҳод орасидаги алоқани бошқа бир оятда очиқлаб берган. Бу Анфол сурасининг 45-ояти бўлиб, унда:
«Эй иймон келтирганлар! Бирор жамоага юзма-юз келсангиз, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки, зафар топсангиз», дейилган.
Собит туриш ҳам кичик жиҳоднинг кўриниши бўлиб, у катта жиҳодга боғлиқдир. Катта жиҳод эса нафсга қарши зикр билан, нафсни поклаш учун курашишдир. Қандай бўлганда ҳам, жиҳод тинчлик учун, омонлик учун, хотиржамлик учун васила бўлиши керак. Жиҳод ғоя эмасдир. Бу фикр Бақара сурасида очиқ-равшан келган:
«Ва улар билан то фитна бўлмайдиган бўлиб, дин Аллоҳники бўлгунича жанг қилинг. Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ» (193-оят).
Сиз милодий 2014 йил 4 июлдаги хутбангизда «Жиҳодсиз ҳаёт йўқдир», дедингиз. Эҳтимол, бу гап Қуртубийнинг қуйидаги оятга ёзган тафсири натижасидир: «Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида, Аллоҳ ва Расулига ижобат этинг» (Анфол сураси, 24-оят).
Албатта, ҳақиқий жиҳод қалбни тирилтиради. Лекин жиҳодсиз ҳам ҳаёт бўлади, чунки бу нарса муайян вазиятда мусулмонларнинг зиммасига тушади ва унда қитол қилиш лозим ҳам бўлмайди. Ҳақиқатни оладиган бўлсак, сиз ва сизнинг жангчиларингизда шижоат бор, ўзини қурбон қилишга тайёрлик бор, жиҳод нияти бор, буни дўст ҳам, душман ҳам – ҳеч ким инкор қилмайди. Дўст бўлса, бўлаётган ҳодисаларни кузатиб бораётгандир. Лекин сабабсиз жиҳод қилиш шариатда йўқ. Шаръий сабабсиз, шаръий мақсадсиз жиҳод қилиш ва шариат йўл берган услубдан бошқа услуб билан, шаръий ниятсиз жиҳод қилиш жиҳод эмас, балки босқинчилик бўлади, жиноят бўлади.
А) Ният. Аллоҳ таоло Нажм сурасида: «Ҳар бир инсонга ўзи қилганидан бошқа нарса бўлмас», дейди (39-оят).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Бир одам ҳамият учун, яна бири шижоат учун, яна бири риё учун жанг қилади. Қайси бири Аллоҳнинг йўлида бўлади?» деди. У зот «Ким Аллоҳнинг каломи олий бўлиши учун жанг қилса, ўша Аллоҳнинг йўлида бўлади», дедилар[18].
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қиёмат куни устидан энг аввал ҳукм чиқариладиган киши шаҳиддир. Унга ато этилган неъматлар танитилади. У уларни танийди. Сўнгра унга: «Бу неъматларни нима килдинг?» дейилади. «Сенинг йўлингда жанг қилдим, ҳатто шаҳид бўлдим», дейди. Шунда: «Ёлғон айтдинг. Сен «Фалончи журъатли», дейилиши учун жанг қилгансан, шундай дейилди ҳам», дейди. Сўнг амр қилинади, у юзтубан дўзахга ташланади»[19].
Б) Жиҳоднинг сабаби. Жиҳоднинг сабаби – мусулмонларнинг ўзларига қарши уруш қилганларга қарши уруш қилишидир. Мусулмонлар ўзларига қарши уруш қилмаганлар билан жанг қилмайдилар. Ўзларига тажовуз қилмаган бирор кишига тажовузкорлик қилмайдилар. Аллоҳ таоло жиҳодга изн берган қавлида шундай дейилади:
«Ўзларига қарши уруш очилганларга, уларга зулм қилингани учун, (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга ўта қодирдир. Улар ноҳақдан, фақатгина «Роббимиз Аллоҳ», деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўплаб зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ ўта қувватлидир, ўта иззатлидир» (Ҳаж сураси, 39-40-оятлар).
Жиҳод омонлик билан, диёнатларнинг эркинлиги билан, олдин ўтган зулм билан, ер юзида воқе бўлган нарса билан ва диёрдан чиқариш билан боғлиқдир. Юқорида келтирилган икки оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг саҳобаларига қарши мушриклар томонидан ўн уч йил давомида кўрсатилган азоб-уқубат, зулм ва тазйиқдан кейингина нозил бўлган. Фикр ва диннинг бошқачалиги сабаб бўладиган душманлик ва ҳужум жиҳод йўқдир. Бу Абу Ҳанифа, Молик, Аҳмад ва бошқа жамики уламоларнинг фикридир. Уларнинг ичида Ибн Таймия ҳам бор. Бу борада шофеъийларнинг баъзиларигина хилоф қилишган[20].
В) Жиҳоднинг ғояси. Бу ҳам мусулмон уламолар иттифоқ қилган мавзудир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Ва улар билан то фитна бўлмайдиган бўлиб, дин Аллоҳники бўлгунича жанг қилинг. Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ», дейди (193-оят).
Шунингдек, Расулулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дегунларича одамларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса, мендан жонини, молини сақлабди, фақат ҳаққи бўлса мустасно. Унинг ҳисоби Аллоҳнинг Ўзигадир», деганлар[21]. Мана шу жиҳоднинг ғоясидир. Бу гаплар фақат мўмин-мусулмонларга қарши уруш қилингандан кейингина кучга киради. Ушбу матнлар мўмин-мусулмонларнинг нусрат қозониш ҳолатидаги ғалабанинг суратини чегаралайди.
Бу ерда жиҳоднинг ғояси билан сабабини аралаштириб юбормаслик лозим. Умматнинг барчаси бунга иттифоқ қилгандир. Ушбу ҳадис батаҳқиқ, юзага чиқди. У қуйидаги ояти каримага боғлиқ ваъдаки, Аллоҳ таоло шундай деди:
«У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир» (Фатҳ сураси, 28-оят).
Мана шу нарса Арабистон ярим оролида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рўёбга чиқди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Анъом сурасида: «Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир» дейди (92-оят).
Шунингдек, У Зот Тавба сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Сизга яқин бўлган кофирларга қарши жанг қилинг», дейди (123-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушрикларни араб жазирасидан чиқаринглар», деганлар[22]. Мана шу ишлар юзага чиққан, зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда Расулига ваъда ҳам берган: Саф сурасида:
«У Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан уни барча динлардан устун қилиш учун юборган Зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам», дейилади (9-оят).
Бу ерда кўзланган жой Арабистон ярим ороли бўлиши вожибдир. Мана шу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида содир бўлган. Нима бўлганда ҳам, агар мусулмонларнинг фойдаси кўзланадиган бўлса, жиҳод амирлари шариат кўрсатгандан бошқа мақсаддаги урушни тўхтатишлари лозим. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Агар тўхтасалар, золимлардан бошқаларга душманлик йўқ», деган (Бақара сураси, 193-оят).
Г) Жиҳод услуби. Бу ҳақда келган хабарларнинг хулосаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир: «Ғазот қилинглар, лекин ғулувга кетманглар, алдаманглар, қиймаламанглар ва болаларни ўлдирманглар»[23].
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни: «Ортига қараб қочган ўлдирилмас! Ярадорлар ҳам ўлдирилмас! Ким эшигини ёпиб олса, омондадир!» деганлар[24].
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир лашкар тайёрлаб, уларни Шомга юбораётиб, шундай деганлар: «Бир қавмни топасизки, улар ўзларини ибодатхоналарда тутиб турган бўладилар. Уларни тарк қилинглар. Ўзларини тутган нарсалари билан бўлаверишсин. Яна бир қавмни топасизки, шайтон уларнинг бошини ўриндиқ қилиб олган, яъни жангчи роҳиблардир. Ана шу бўйинларга уринглар. Кексаларни, аёлларни, ёш болаларни ўлдирманглар. Иморатларни вайрон қилманглар, бирор фойдаси бўлмаса, дарахтларни кесманглар. Бирор фойдаси бўлмаса, ҳайвонларни сўйманглар. Хурмоларга ўт қўйманглар, ғарқ ҳам қилманглар. Ғадр қилиб, одамларни алдаманглар. Ўликларни қиймаламанглар. Қўрқоқлик қилманглар. Ўлжадан ўғирлаб олманглар. Албатта, ким Аллоҳ таолога ёрдам берса, У Зот унга, пайғамбарларига ғайбдан нусрат беради. Албатта, Аллоҳ қувватлидир, азиздир»[25].
Асирларни қатл қилиш масаласига келсак, бу иш ҳаромдир. Сизлар эса уларни қатл қилдингиз, кўпчилигини сўйдингиз. Масалан, 2014 йилнинг июнида Тикритда, Сабакир аскаргоҳида 1700 асирни қатл қилдингиз. Шунингдек, июль ойида Ғозиш-шоир даласида 200 кишини, август ойида Шуайтот қабиласидан 700 кишини, Делизурда 600 кишини ўлдирдингиз. Улар қуролсиз тинч аҳоли эди. Шу ойда Риққада, Табақа ҳаво аскаргоҳида 250 асирни қатл қилдингиз. Шунингдек, курд аскарларни, ливанлик аскарларни ва бошқа кўпчиликни қатл қилдингиз. Биз сизлар ўлдирган одамларнинг ҳаммасини билмаймиз, лекин Аллоҳ билиб турибди. Бу ишларнинг барчаси улкан ҳарбий жиноятлардир, қабиҳ жиноятлардир. Агар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи жангларда асирларни қатл қилганлар-ку», дейдиган бўлсангиз, жавоб шуки, у зот алайҳиссалом Бадр жангида икки кишини – Уқба ибн Абу Муайт билан Назр ибн Ҳорисни қатл қилишга буюрганлар. Улар ҳарбий қўмондонлар, ҳарбий жиноятчилар эди. Ҳарбий жиноятчини қатл қилиш ҳокимнинг буйруғи билан жоиздир. Салоҳиддин Айюбий Қуддуси шарифни фатҳ қилгач, шундай қилган. Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўтказилган Нюрнберг маҳкамасида ҳам иттифоқдошлар шундай қилишган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минглаб асирларни озод қилиб юборганлар. Ҳаётлари давомида жами 29 та ғазот бўлган бўлса, уларда бирорта ҳам оддий аскар ўлдирилмаган. Аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларга яхши муомала қилишга буюрганлар[26], чунки Муҳаммад сурасида улар ҳақида ҳукм келган:
«Сўнгра уруш ўз анжомларини қўймагунча, ёки миннат, ёки товон олишдир» (4-оят).
Демак, Аллоҳ таоло асирларни ҳурмат-эҳтиром қилишни буюрган.
Инсон сурасида: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» дейилган (8-оят).
Агар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчиликни, масалан, 700 кишилик Бану Қурайза қабиласини қатл қилишга буюрганлар», десангиз, жавоб шуки, бу буйруқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари бўлмаган, балки адолатли маҳкаманинг олий ҳукми бўлган. Таъкидлаш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қози тайинлашни Бану Қурайзанинг ўз ихтиёрига берганлар. Улар ҳукмни ўзларининг иттифоқдоши бўлган Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу чиқарсин, деб талаб қилишган. Шунда улар тайинлаган қози уларнинг зиддига ҳукм чиқарган, яъни қозилик улар ўз эрки билан қилган талаб асосида бўлган. Бану Қурайзани қатл қилишга сабаб уларнинг мусулмонларга қарши уруш қилгани бўлмаган. Балки улар уруш вақтида давлатга, ҳукуматга хиёнат қилганлари учун, бутун мусулмон умматини ўлдиришга жазм қилганлари учун мана шундай жазога тортилганлар, чунки улар ҳам бошқалар каби тенг ҳуқуқли фуқаро бўлишган. Агар бу воқеадан ўзингиз учун суннат ҳукмини чиқариб олиб, уни асирларни қатл қилишга ҳужжат қилсангиз, бундан хурсанд бўлиш керак эмас. Аксинча, сиз бу воқеадан ибрат олиб, айбдорни жазолаш учун ҳукмни қайси маҳкамага топширишни уларнинг ўз ихтиёрига ташлаш суннатини жорий қилишингиз керак.
Нима бўлганда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асирлар борасидаги суннатлари Макка фатҳидаги суннатдир, ана шу суннат барчанинг келишуви билан қабул қилинган бўлиб, у ҳам бўлса афвдан иборатдир. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни одамларга қарата: «Мен сизларга биродарим Юсуф айтган сўзни айтаман: «Энди сизларга ҳайфсан қилиш йўқ. Кетаверинглар, ҳаммангиз озодсиз», деганлар[27].
Пировардида айтамизки, жиҳоднинг услубларидан бири уруш қилувчилардан бошқаларни қатл қилмасликдир. Уруш қилаётганларнинг аҳлу оилаларини қатл қилиш жоиз эмас. Урушга қатнашмаётганларни қасддан қатл қилиш мутлақо мумкин эмас. Агар сизлар «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг асирга тушган аёллари ва болалари ҳақида сўрашганда «Улар ҳам буларнинг бир қисмидир», деганлар»[28], десангиз, жавоб шуки, бу ҳадис бегуноҳ одамларни хато йўл билан қатл қилишга ишора қилади, лекин бугунги кундаги сизларнинг ҳудкушлик портлашларингиз каби бегуноҳ кишиларни қасддан қатл қилишга зинҳор ишора қилмайди. Тавба сурасининг 70, 123-оятларида уларга қарши дағаллик қилиш ҳақида айтилган», десангиз, бу гаплар бевосита уруш пайтига, жанг ҳаракатлари пайтига оиддир, урушдан кейинги ҳолат ҳақида эмас.
9. Такфир (одамларни кофирга чиқариш)
Хато фаҳмлаш туфайли ҳосил бўлган мушкулотлардан бири одамларни кофирга чиқаришдир. Бу иш аслида шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг «Усулу саласа» ва «Навоқизул Ислам» деган рисолаларидан олинган. Бу рисолаларда динни поклаш борасида бир қанча ижобий фикрлар бор. Шу билан бирга, муаллиф такфир мавзусида ғулувга кетган, ҳаддидан ошган. Ҳаттоки бу муҳим мавзуда ўзининг икки шайхи – Ибн Таймия ва Ибн Қайюмдан ҳам ўтиб қилган. Бу борадаги гапнинг қисқаси қуйидагича:
А) Аслида Исломда ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ», деса, у мусулмондир. Ким Ислом арконларини бажарса, уни кофир деб аташ жоиз эмас. Аллоҳ таоло Тавба сурасида: «Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларини бўшатиб қўйинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деб марҳамат қилган (5-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга вой бўлсин! Шўрингиз қурсин! Қаранглар, мендан кейин бир-бирининг бўйнига урадиган кофир бўлиб кетманглар», деганлар[29].
Бошқа бир ҳадисда: «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса, мендан жонини, молини сақлабди. Фақат ҳаққи билан бўлса, мустасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳнинг зиммасидадир», деганлар[30].
Шунингдек, Ибн Умар ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳум: «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», дейишган[31].
Б) Ушбу масала энг хатарли масалалардандир, чунки бу ерда мўмин-мусулмонларнинг қонини, жонини ҳалол санаш бор, уларнинг ҳурматини, мол-мулкини, ҳуқуқларини оёқости қилиш бор.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида айтади: «Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қиладир, уни лаънатлайдир ва унга улкан азобни тайёрлаб қўядир.» (93-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарига «Эй кофир!» деса, икковидан бири ўша бўлади», деганлар[32].
Аллоҳ таоло мусулмонлигини эътироф қилиб турган кишини ўлдиришдан ғоятда қаттиқ огоҳлантирган. Бу ҳақда Нисо сурасида:
«Агар сиздан четлансалар ва сиз билан урушмасдан, тинчликни таклиф қилсалар, Аллоҳ сизларга уларнинг зиддига йўл бермас» дейилган (90-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнини ширкда айблашдан ва унга қарши қилич кўтаришдан қаттиқ огоҳлантирганлар. У зот: "Сизларга бўлишидан энг хавсираган нарсам, бир киши Қуръонни ўқиб.... сўнг ундан ажраб ва орқасига отиб юбориб, қўшнисига қилич кўтарган ва уни ширкда айблашидир", деганлар[33].
Нафақат қуролсиз ва уруш қилмаган мусулмонни, балки ҳар қандай инсонни ўлдириш мумкин эмас. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган бир одамни ўлдириб қўйгани ҳақидаги машҳур қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса ҳам ўлдирдингми?» деб қайта-қайта сўрайверганлар. Усома розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! У буни қуролдан қўрққанидан, хавфсираб айтди», деганида, у зот: «Сен унинг қалбини ёриб кўрдингми?» деганлар[34].
Интернетда бир видеолавҳа тарқатилди. У ерда ИДИШнинг Шокир Муайт деган вакили тинч аҳолидан икки нафар қуролсиз кишини тўхтатди. Улар мусулмон эканлигини айтишди. Сўнг у баъзи намозларнинг неча ракъат эканлигини сўради. Бояги кишилар жавобда хато қилишган эди, уларни ўлдирди[35]. Нақадар аянчли ҳолат! Бу мутлақо ҳаром ишдир, жиноятдир.
В) Инсоннинг амаллари унинг ниятига боғлиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир киши учун нима ният қилса, шу бўлади», деганлар[36].
Аллоҳ таоло Мунофиқун сурасида: «Мунофиқлар ҳузурингга келганларида: «Гувоҳлик берамизки, сен албатта, Аллоҳнинг Расулисан», дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта, сен Унинг Расули эканингни биладир», дейди (1-оят).
Бу ерда Аллоҳ таоло мунофиқларни «Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканларига гувоҳлик беришса», деб сифатламоқда. Бу сўз қатъий ҳақиқатдир, бироқ у ёлғондир, чунки мазмуни ҳақ бўлса ҳам, ёлғон ният билан айтилди. Уларни ёлғончига чиқаришнинг сабаби шуки, тиллари билан ҳақни айтсалар-да, Аллоҳ уларнинг қалбидагини билиб туради ва шунинг учун инкор қилади.
Демак, куфр содир бўлиши учун куфрни ният қилиш шарт экан. Тўсатдан, билмасдан айтиб қўйилган гап-сўз ёки ғофиллик билан қилиб қўйилган иш куфр бўлавермас экан. Бир одамнинг куфр ниятида эканини аниқ билмай туриб, унинг кофирлиги ҳақида ҳукм чиқариш мумкин эмас. Шунингдек, унинг ўзи бу ниятни таъкидламаса ҳам, уни кофирга чиқариш мумкин эмас. Эҳтимол, баъзи ҳолатларда бундай одам мажбурланган бўлиши ёки беихтиёр, маъносини тушунмасдан айтиб юборган бўлиши, ёхуд ақлдан озиб, мажнун ҳолида айтган бўлиши ҳам мумкин. Гоҳида бу масалани фаҳмлашда хатога йўл қўйилган бўлиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида: «Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно, – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга буюк азоб бор», дейди (106-оят).
Бир амалнинг тақозосини ушбу амалнинг эгасидан бошқа одамнинг гапи билан тафсир қилиш жоиз эмас, айниқса ўша амал борасида мусулмонлар ихтилоф қилган бўлсалар. Мусулмон уламолар орасида ихтилофли бўлган барча масалаларда бировни кофир дейиш жоиз эмас. Шунингдек, муайян кишилар гуруҳини кофир дейиш ҳам жоиз бўлмайди. Одамнинг амалига, ниятига қараб турибгина уни кофир дейиш мумкин.
Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади: «Ҳеч бир юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтармас» (7-оят).
Шунингдек, бошқаларнинг кофирлиги ҳақида шубҳада бўлган ёки уларни кофир демаган одамни кофир дейиш ҳам жоиз эмас. Ушбу мавзу устида бу қадар батафсил тўхталишнинг сабаби шуки, сизлар Мусилга етишингиз билан, худди шунингдек, Халабга борганингизда ҳам одамларга шайх Муҳаммад Абдулваҳҳобнинг китобини мажбурладингиз. Нима бўлганда ҳам, барча уламолар, жумладан, Ибн Таймия ҳам, Ибн Қайюм Жавзия ҳам кофирнинг амали билан уни кофирга чиқаришнинг орасини фарқлаганлар. Масалан, бир инсондан амал содир бўлиб, унда куфрнинг бир унсури бўлса, бу кишини кофир деб аташ вожиб бўлмайди, чунки бу ишга юқорида айтиб ўтилганлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Имом Заҳабий ўзининг шайхи Ибн Таймиядан нақл қилиб айтади: «У умрининг сўнгги кунларида «Мен бу умматдан бирор кишини кофир деб айтмайман. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Доим таҳоратда юрган одам фақатгина мўмин бўлади. Ким таҳорат билан, намозларини ўқиб юрган бўлса, мусулмондир», деганлар», дер эди[37]. Бу ерда муҳим бир нуқта бор. У ҳам бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши одамларнинг қараб турганини кўриб, намозини зийнатласа, бу махфий ширк бўлади», деганлар[38]. Намоздаги риё махфий ширк деб аталган, яъни бу кичик ширкдир. Мана шу кичик ширкни қилган одам баъзи обидларнинг ичида бўлса, буни катта ширк деб бўлмайди, уни кофир деб бўлмайди, миллатдан чиққан деб бўлмайди. Анбиё ва расуллардан бошқа барча одамлар Аллоҳ таолога қудрати етганича ибодат қиладилар.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай дейди: «Аллоҳни Ўзига лойиқ қадрламадилар» (91-оят).
Яна Исро сурасида: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» дейилган (85-оят).
Лекин Аллоҳ таоло бу ибодатни қабул қилади. Одамлар Аллоҳнинг ибодатининг ҳақиқатини идрок қила олмайдилар.
Чунки Шуро сурасида: «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир», дейилган (11-оят).
Яна Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади: «Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар » (103-оят).
Аллоҳ таоло фақат Ўзи нозил қилган ваҳий орқали ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган хабар орқалигина танилади, билинади.
У Зот Ғофир сурасида марҳамат қилади: « У Ўз амри ила бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга руҳни нозил қилур» (15-оят).
Шундай экан, одамлар Аллоҳга У Зот айтганидек ибодат қилмасалар, қандай қилиб уларнинг устига қилич кўтариб бориш мумкин?
Ҳеч бир инсон Аллоҳга У Зот айтганидек, У Зотнинг ўлчовидек ибодат қила олмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳласагина, шундай бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам Арабларда ширкнинг мавзуси ворид эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Шайтон Арабистон ярим оролида намоз ўқувчиларнинг ўзига ибодат қилишидан ноумид бўлди, фақат уларнинг орасига қутқу солиши бор, холос» деганлар[39].
10. Аҳли китоблар
Араб насоролари масаласига келсак, сиз уларга уч нарса – жизя бериш, қилич ёки мусулмон бўлишдан бирини танлаш ихтиёрини беришингизни айтдингиз. Уларнинг уйларини қонга ботирдингиз, черковларини бузиб ташладингиз, баъзи ҳолатларда уйларнини, мол-мулкларини таладингиз, баъзиларини қатл қилдингиз, баъзиларини ватангадо қилдингиз, кўпчилиги биргина эгнидаги кийими билан қочишга мажбур бўлишди. Бу насоролар Исломга қарши уруш қилаётган жангчилар эмас эди. Улар бирорта одамга тажовуз қилишмаган эди, ерлик аҳолига дўст, биродар, қўшни, ватандош эдилар. Шаръий нуқтаи назардан айтсак, уларнинг барчаси 1400 йил муқаддам берилган аҳднома асосида яшаб келаётган эдилар. Уларга жиҳод ҳукмлари татбиқ қилинмас эди. Тарихда уларнинг баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лашкарларига қўшилиб, византияликларга қарши жанг ҳам қилишган. Ўша замонлардан буён улар маданий давлатнинг фуқаролари деб эътибор қилинар эди. Мазкур кишиларнинг боболари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан, уммавий, аббосий, усмоний халифалардан аҳдномалар олиб, ўша аҳдномалар асосида яшаб келар эдилар. Мавзуни мухтасар қиладиган бўлсак, улар ғариб кишилар эмас эди, балки шу юртнинг аҳли эдилар, Исломдан аввал ҳам шу ерда яшаб келган туб аҳоли эдилар. Улар душман эмас эдилар, балки 1400 йилдан буён дўст бўлиб, тинч-тотув ҳаёт кечириб келаётган эдилар. Улар ўз юртларини ҳимоя қилиб, салибчиларга, мустамлакачиларга, Исроилга ва бошқа босқинчиларга қарши курашган эдилар. Қандай қилиб сизлар уларга душмандек муносабатда бўласиз?
Аллоҳ таоло Мумтаҳина сурасида: «Аллоҳ сизлар билан дин борасида уруш қилмаган ва сизларни диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севадир», деган (8-оят)
Жизя масаласига келсак, бу нарса шариатда икки хил бўлади.
Биринчиси – уларнинг ўзлари рози бўлиб, бўйсуниб берадиган жизя. Бу Исломга қарши уруш қилганлардан олинадиган жизядир. Буни Тавба сурасидаги
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйсунган ҳолларида ўз қўллари билан «жизя» бермагунларича жанг қилинг» (29-оят) оятидан билиб олиш мумкин.
Бу ерда мусулмонларга қарши уруш бошлаган қавмлар назарда тутилган бўлиб, улар ҳақида мазкур суранинг ўзидаги аввалроқ кеган оятда шундай дейилган: «Аҳдларини бузган, Расулни (юртдан) чиқаришга қасд қилган ва сизга (қарши) биринчи бўлиб (уруш) бошлаган қавм билан урушмайсизми?! Улардан қўрқасизми?! Агар мўмин бўлсангиз, қўрқишингизга ҳақли Зот Аллоҳдир!» (Тавба сураси, 13-оят)[40].
Мусулмонларга қарши уруш қилмаганларга келсак, улардан аҳднома асосида, қўполлик қилмай жизя олинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша олинадиган жизянинг садақа деб аталишига рози бўлган. Бундай жизяни закотнинг ўрнига олинади, миқдори закотдан камроқ бўлади. Байтулмол учун олинади, ундан насоро ватандошларга ҳожатлари тушиб қолганда ҳазрати Умар қилгани каби нафақа берилади[41].
11. Язидийлар
Сизлар язидийларни ҳам жиҳод аҳкомлари остига киритдингиз. Улар сизларга қарши ҳам, мусулмонларга қарши ҳам уруш қилмаган эди. Сизлар уларга «шайтонга ибодат қилувчилар» деб қарадингиз, уларга ўлим ёки мажбуран Исломга киришдан бирини танлаш ихтиёрини бердингиз. Улардан юзлаб кишиларни ўлдириб, оммавий дафн қилиб юбордингиз. Яна юзлаб бошқаларининг азобланишига ва ўлимига сабаб бўлдингиз. Агар америкаликларнинг ва курдларнинг аралашуви бўлмаганида, уларнинг 10 минглаб эркагу аёл, ёшу қарилари ўлиб кетар эди. Буларнинг барчаси жирканч жиноятлардир. Шаръий нуқтаи назардан айтиладиган бўлса, улар мажусийлардир. Бинобарин, уларга ҳам аҳли китоблар каби муомала қилинади[42], чунки Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай дейди: «Албатта, Аллоҳ қиёмат куни иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир» (17-оят).
Агар уларнинг аҳли китоб эканига шубҳа қилсангиз, шаръий нуқтаи назардан олсак, салафи солиҳ уламоларнинг кўпчилиги уларни мажусийлар ҳукмида дейишган. Умавийлар индусларни, буддавийларни аҳли зиммадан дейишган. Қуртубийнинг айтишича[43], Авзоъий «Жизя ҳар бир бутга, оловга ибодат қилувчидан ёки инкор қилувчидан ёки ёлғонга чиқарувчидан олинади», деган. Моликнинг мазҳаби ҳам шундай. Унинг фикрича, жизя ширк келтирувчи ва инкор қилувчиларнинг ҳамма жинсларидан олинади, арабми, ажамми, фарқи йўқ. Фақат муртаддангина жизя олинмайди.
12. Қулчилик
Уламолардан бирортаси инкор қилмаган ҳақиқат шуки, Ислом қулдорликка барҳам беришга жазм қилган. Аллоҳ таоло Балад сурасида айтади: «Довон не эканини сенга нима билдирди? (У) қул озод қилишдир. Ёки очарчилик кунида таом беришдир…» (12-14-оятлар)
Яна Мужодала сурасида: «...қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар», деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қарасак, У зот ўзлариники бўлган ва бошқалар тарафидан берилган қул ва чўриларнинг барчасини озод қилганлар[44].
Юз йилдан кўпроқ бўлдики барча мусулмонлар, балки бутун олам қулдорликни ҳаром қилди ва уни жиноят деб эълон қилди. Бу инсоният тарихида улкан фазилатли иш бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият давридаги «Фузул шартномаси» ҳақида: «Агар Исломдалик чоғимда ҳам унга таклиф қилинсам, қабул қилар эдим», деганлар[45]. Сизлар эса орадан юз йил ўтиб бутун мусулмон оламининг ижмоъсини буздингиз, аёлларни асир олдингиз, уларни чўри қилдингиз, шу йўл билан яна янги фитнани, ер юзида фасодни қўзғадингиз, фаҳш ишларга қўл урдингиз, шариат халос бўлишга чақирган нарсани қайтадан бошладингиз. Бутун дунё оммаси томонидан юз йил аввал ижмоъ билан ҳаром қилинган нарсани, барча Ислом давлатлари имзолаган қулдорликни ман қилиш тўғрисидаги аҳдномани буздингиз.
Аллоҳ таоло Исро сурасида: «Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд сўралажак нарсадир» деган (34-оят).
Энди сиз ушбу улкан, оғир жиноятнинг масъулиятини кўтарасиз. Зотан бу қилмишларингиз туфайли келажакда бошқалар мусулмонларга мусулмон аёлларга тажовузкорлик қилишса, гуноҳи сизларнинг бўйнингизда бўлади.
13. Икроҳ (мажбурлаш)
Аллоҳ таоло Жосия сурасида марҳамат қилади: "Сен уларнинг устидан ҳукм ўтказувчи эмассан".
Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Динга мажбурлаш йўқ», деган (256-оят).
У Зот Юнус сурасида марҳамат қилади: «Агар Роббинг хоҳласа, ер юзидаги кишиларнинг барчаси иймонга келар эдилар. Ёки сен одамларни мўмин бўлишга мажбурлайсанми?» деган (99-оят).
Яна Каҳф сурасида: «Сен: «Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», дегин», деган (29-оят).
Аллоҳ таоло Кофирун сурасида: «Сизга ўз динингиз ва менга ўз диним», деган (6-оят).
Маълум ва машҳур нарсалардан бири шуки, «Динда мажбурлаш йўқ» ояти Макка фатҳидан кейин нозил бўлган. Ҳеч ким уни мансух оят деб айта олмайди. Сизлар эса худди мусулмонларни ўз фикрингизни қабул қилишга мажбурлаганингиз каби, бошқаларни ҳам Исломга киришга мажбурладингиз. Ҳукмингиз остида яшаётган кишиларни ўз қарашингизни қабул қилишга, ҳатто банда билан Робб ўртасида бўладиган масалаларда ҳам сизни ёқлашга мажбурладингиз. Риққа, Делизур ва бошқа қўл остингизда бўлган минтақаларда одамларнинг орасига қуролли кишиларни киритиб қўйдингиз. Улар ўзини ҳисоб-китоб қилувчи деб атаб, ўзларини гўё Аллоҳ томонидан юборилгандек тутиб, У Зотнинг бандаларини ҳисоб-китоб қилдилар, У Зотнинг амрларини бажаришга мажбурладилар. Ҳеч бир саҳоба бу ишни қилмаган, бу иш «амри маъруф, наҳйи мункар» деб эътибор қилинмайди. Сиз қилган иш одамларни мажбурлаш, куч ишлатиш, зўрлик, доимий қўрқув остида тутиш, холос. Аллоҳ таоло бундай амални ирода қилган бўлса, одамларни Ўз динининг энг дақиқ тафсилотларига ҳам мажбурлаган бўлар эди, уларни ўз ихтиёрига қўймас эди.
Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади: «Иймон келтирганлар, агар Аллоҳ хоҳласа, одамларнинг ҳаммасини ҳидоят қила олишини билмадиларми?» дейилган (31-оят).
Аллоҳ таоло Шуаро сурасида: «Агар хоҳласак, уларга осмондан оят (мўъжиза) нозил қиламиз. Бас, бўйинлари унга эгилувчи бўлиб қоладир» деган (4-оят).
14. Аёллар
Бу улкан, муҳим, узун мавзу борасидаги гапни мухтасар қиладиган бўлсак, сизлар аёлларни қамоқлардаги, концлагерлардаги шароитга солиб қўйдингиз. Уларни ўз қарашингизга кўра кийинишга мажбурладингиз, кўчага чиқишларини ва таълим олишларини ман қилдингиз. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир деганлар»[46]. Қуръони Каримдан биринчи тушган сўз "Ўқи!" бўлган.
Шунингдек, аёлларнинг ишлашларига, касб қилишларига, эркин юришларига рухсат бермадингиз, уларни ўз жангчиларингизга эрга тегишга мажбурладингиз. Буларни қандай қилиб тўғри иш деб бўлади.
Ҳолбуки Аллоҳ таоло Нисо сурасида
«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! У билан ўзаро сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан кузатиб турувчидир» деган (1-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларга яхшилик қилинг», деганлар[47].
15. Болалар
Сизлар болаларни урушда, одам ўлдиришда қатнашишга мажбурладингиз, уларни шунга ўргатдингиз. Ҳукмингиз остида қурол кўтариб юрган, кесилган каллаларни ўйнаб юрган, жангда қатнашиб, одам ўлдираётган, ўзи ҳам ўлаётган, мадрасаларингизда азобланаётган, муайян ишларни қилишга мажбурланаётган болаларни кўряпмиз. Баъзиларини ўлдириб ҳам юбордингиз. Бу борада қуйидаги гапларни айтиш кифоя: бу ишларнинг барчаси бегуноҳ одамларга нисбатан содир этилган жиноятлардир. Бу болалар шариат нуқтаи назаридан ҳали мукаллаф бўлмаган норасидалардир.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳ ҳамда «Роббимиз, бизни ушбу аҳолиси золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан валий ато қилгин ва Ўз томонингдан ёрдамчи бергин», деяётган хўрланган эркагу аёл ва болалар йўлида жанг қилмайсизлар?!» (75-оят)
16. Ҳадлар (шаръий жазолар)
Ҳадлар Ислом шариатида вожибдир, бундан бошқача эмас. Лекин ҳадларни татбиқ қилиш учун аввал огоҳлантириш, ҳушёрликка чақириш лозим. Қийинчилик пайтларда ҳадлар татбиқ қилинмайди. Масалан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ҳолатларда ҳадларни қоим қилмас эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг очлик йилларида ҳадларга амал қилмай қўйгани маълум ва машҳурдир.
Барча шаръий мазҳабларда ҳадларни ижро қилиш очиқ-ойдин бўлади, раҳм-шафқат билан татбиқ қилинади, уларнинг шартлари ҳад татбиқ қилишни оғир бир ишга айлантириб қўяди. Ҳар қандай шубҳа бўлса, ҳадлар бекор қилинади, яъни айбдорнинг айбида бирор шак туғилиб қолса, ҳад қоим қилинмайди. Муҳтож, оч-наҳор, мушкулоти бор одамга ҳад ижро қилинмайди. Мева-чева, сабзавот ўғирлаган одамга ҳам жазо қўлланилмайди. Шунингдек, муайян маблағдан оз қийматли нарсани ўғирлаган одамга ҳам ҳад қоим қилинмайди. Сиз эса ҳадни қоим қилишда шошилдингиз. Динни энг яхши билганлар, динга шижоати борлар ҳад татбиқ қилишни энг оғир иш деб ҳисоблаганлар. Биз бу ерда зинони исбот қилишда тўртта одил гувоҳ кераклиги каби шартлар ҳақида гапириб ҳам ўтирмаймиз.
17. Азоблаш
Ҳукмингиз остидаги баъзи шахслар ва оилалар қўрқинч билан, жисмоний жароҳатлар, турли азоблар билан, ҳатто қатл, уруш билан таҳдид қилганингиз ҳақида шикоят қилишяпти. Жумладан, одамни тириклай кўмиб юборгансиз, бошларини пичоқ билан кесгансиз. Бу азобнинг энг ашаддий турлари бўлиб, уларга шариатда рухсат берилмаган. Агар шариатда қатлга рухсат берилган бўлса, қилич билан, бир зарб билан амалга оширилади. Кўпчиликни бирданига ўлдириш ҳам, аввал айтиб ўтилганидек, ҳаром қилинган ишлардир. Жангчиларингиз ўзлари ўлдирмоқчи бўлиб турган одамларни масхара қилишади, уриб-сўкишади, «Ҳозир сизларни қўйдек бўғизлаймиз», деб турли овозлар чиқариб, калака қилишади.
Жангчиларингиз одамларни фақат ўлдириш билан кифояланиб қолишмади, балки қатлга хорлаш, таҳқирлаш, масхара қилишни қўшишди.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир» (11-оят).
18. Мурдаларни қиймалаш (мусла)
Сизлар одамларнинг калласини кесиб, уни бирор нарсанинг устига ўрнатиб ёки осиб қўясиз, тўпга ўхшатиб отиб ўйнайсиз. Яна бу жиноятларни бутун оламга кўз-кўз қилиб тарқатасиз. Ҳолбуки, бутун олам ҳозирги кунда бахтиёр ҳаёт кечирмоқда, одамнинг калласини эмас, тўп ўйнамоқда. Тўп ўйини шариат рухсат берган ўйинлардан ҳисобланади.
Сизлар эса босиб олган ҳудудларингизда ўзингизча қозилик қилиб, ўлдирган одамларингизнинг жуссаларини, кесилган бошларини ўйинчоқ қиласиз. Энди дунёда бирорта одам Исломни, мусулмонларни ваҳший деб атайдиган бўлса, бунга албатта сизлар сабаб бўласиз, чунки қилган ёвузликларингизни Ислом номи билан интернетга қўйиб, ўзингиз тарқатдингиз. Бутун оламдаги дўсту душманнинг қўлига Исломнинг зиддига кучли далил бериб қўйдингиз. Ҳолбуки, Ислом бу жиноятларнинг ҳар қандай кўринишидан мутлақо покдир, холидир ва уларнинг барчасини ҳаром қилгандир.
19. Тавозеъ унвони остида содир этилган жиноятларни Аллоҳ таолога нисбат бериш
Сизлар Суриянинг шимоли-шарқида жойлашган 17-дивизиянинг аскаргоҳида суриялик асирларни, тиканли симлар билан боғладингиз, каллаларини пичоқ билан кесиб, буни видеотасвирга олиб, интернетга қўйдингиз ва «Ислом давлати»нинг аскарлари бўлмиш биродарларингизга «Аллоҳ таоло Ўзининг фазли билан нусрат берди ва 17-дивизияни фатҳ қилишга Аллоҳнинг ёрдами ва неъмати билан эришдик. Берган қуввати, нусрати учун Аллоҳга шукр қиламиз», деб жирканч жиноятларингизни Аллоҳга нисбат бердингиз, «Бу ишни биз эмас, Аллоҳ қилди», деб айтдингиз, буни Аллоҳга нисбатан тавозеъ деб билдингиз.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида: «Қачон бирор фаҳш иш қилсалар: «Ота-боболаримизни шунинг устида топдик ва буни бизга Аллоҳ буюрган», дерлар. «Албатта, Аллоҳ фаҳшга буюрмас. Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани айтасизми?!» дегин», дейди (28-оят).
20. Анбиёлар, саҳобаларнинг қабрларини, мақомотларини бузиш
Сизлар анбиёларнинг, саҳобаларнинг қабрларини портлатиб юбордингиз. Қабрлар мавзуси уламолар ўртасида хилофли мавзулардан ҳисобланади. Лекин нима бўлганда ҳам, қабрларни, айниқса, анбиёлар, саҳобалар дафн қилинган жойларни портлатиш, кавлаш, зарар етказиш жоиз эмас. Шунингдек, «Одамлар мевасидан хамр тайёрлаб, ичади» деган баҳона билан узумзорларга ўт қўйдингиз. Бу иш ҳам жоиз эмас.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида: «Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устиларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар», деган (21-оят).
У Зот Бақара сурасида марҳамат қилади: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг» (125-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим, энди Муҳаммадга онасининг қабрини зиёрат қилишга рухсат берилди. Сизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар, чунки уларни зиёрат қилиш охиратни эслатади», деганлар[48]. Қабрларни зиёрат қилишда ўлимни, охиратни эслаш бор.
Аллоҳ таоло Такасур сурасида шундай дейди: «Кимники кўп» сизни машғул қилди… то қабрларни зиёрат қилгунингизча» (1-2-оятлар).
Абу Умар Бағдодийга келсак, у айтади: «Биз ширкнинг барча кўринишларини йўқотиш, бузиб юборишни вожиб деб биламиз. Унинг василалари ҳаром эканини ҳам биламиз, чунки Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида Абул Ҳайёж Асадийдан шундай ривоят қилган: «Менга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени нима билан юборганини айтиб берайми? Бирорта ҳайкални қўймай бузасан, бирорта кўтарилган қабрни қўймай текислайсан», деганлар».
Биз айтамизки, бу сўзингиз тўғри. Лекин у киши анбиёларнинг, саҳобаларнинг қабрларини ирода қилмаган. Далил шуки, саҳобаларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидга ёпишган бинога дафн қилишни раво кўрганлар, у зотнинг икки соҳиблари – Абу Бакр ҳамда Умар розияллоҳу анҳумоларни ҳам ўша ерга дафн қилганлар.
21. Ҳокимга қарши чиқиш
Ҳокимга қарши чиқиш мумкин эмас, фақат очиқ-ойдин куфр содир қилса, мусулмонлар ижмоъсига кўра куфр ҳисобланган ишни қилиб, буни ўзи очиқ-ойдин тан олса, эътироф қилсагина, мустасно. Ёки намоз ўқишни ман қилса.
Бунинг далили Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги қуйидаги оятдир:«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг» (59-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар сизларга боши майиздек қора ҳабаш қул омил қилинса ҳам, унга қулоқ солинглар, итоат қилинглар!»[49] деганлари ҳам бунинг далилидир.
Яна у зот: «Имомларингизнинг яхшилари сизлар яхши кўрадиган, сизларни ҳам яхши кўрадиганлари, сизлар уларг намоз ўқийдигани, сизларга улар намоз ўқийдиганларидир. Имомларингизнинг ёмонлари сизлар ёмон кўрадиган, сизларни ҳам ёмон кўрадиганлари, сизлар уларни лаънатлайдигани, улар сизларни лаънатлайдиганларидир», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларга қарши қилич билан қарши чиқайликми?» дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, модомики орангизда намозни қоим қилиб турса, мумкин эмас. Волийларингизда сизга ёқмаган нарсани кўрсангиз, амалини ёмон кўринглар, лекин тоатдан қўл тортманглар», дедилар[50].
Фосиқ ёки фосид ҳокимни ишдан олишга келсак, бу ишни "аҳли ҳил вал ақд" яъни шу ишга махсус салоҳияти бор, эътироф қилинган шахслар томонидан амалга оширилади. Бироқ фитнага, хусусан, қуролли хуружга, қон тўқишга мутлақо рухсат йўқ. Ҳоким шариатни ёки унинг бир қисмини қоим қилмаган тақдирда ҳам, унга қарши хуруж қилиш жоиз бўлмайди.
Аллоҳ таоло Моида сурасида:«Кимлар Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ана ўшалар кофирлардир», деган (44-оят).
"Кимлар Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ана ўшалар золимлардир", (45-оят).
"Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ана ўшалар фосиқлардир", - (47-оят).
Бу ерда уч хил даража бор. Ким шариатни мутлақо ман қилса, у кофирдир. Ким шариатнинг бир қисмини қоим қилмаса ёки унинг мақсадларини қоим қилмаса, фосиқ ёки золимдир. Баъзи давлатларда шариатнинг аҳкомлари султоний баён қилинган аҳкомлар сабабидан қайдланади. Бу иш, масалан, юртнинг тинчлиги учун жоиздир.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганларидек[51], ким шариатни қоим қилмаса, фосиқдир, золимдир, лекин кофир эмасдир, бинобарин, унга қарши хуруж қилинмайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқа билан ҳукм қилиш куфрдан пастроқ куфрдир. Уларнинг бу куфри кишини миллатдан, яъни Исломдан чиқарадиган куфр ҳисобланмайди».
22. Халифалик
Халифалик иттифоқ ила умматга вожиб бўлган амрдир. Батаҳқиқ, 1924 йили халофат қулаганидан кейин мусулмон уммати уни йўқотди. Лекин янги халифалик бўлиши учун мусулмонларнинг ижмоъси талаб қилинади. Бу иш фақатгина муайян бир гуруҳнинг, ер юзининг муайян бир бурчагини босиб борган шахсларнинг иши эмас. Батаҳқиқ, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Кимки мусулмонларнинг маслаҳатисиз бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди ва унга байъат қилган одам – икковлари ҳам қатл қилишга дучор бўладилар»[52].
Шунингдек, кўпгина халифаликларни эълон қилиш ҳам фитналарнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ушбу фитнанинг бошланиши Мусилнинг сунний имомлари сизларга байъат қилмаслигидан келиб чиқди. Сиз ўзингизнинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг хутбасидан иқтибос қилиб айтган хутбангизда «Албатта, мен сизларга волий қилиндим ва яхшингиз эмасдирман», дедингиз. Шу ерда савол пайдо бўлади: «Сизни умматга ким волий қилди? Уммат сизнинг жамоатингиздангина иборатми? Ушбу йўл билан жамоат келадими? Унинг адади ўн мингдан кўпроқ бўлмай қоладими? Ўзича бир ярим миллиард мусулмонларга волий бўлиб оладими?»
Бу ерда мантиқдан қулфлоғлик бўлган фосид бир доира бор. Фақатгина биз мусулмонлар, ҳаммамиз бир бўлиб халифа кимлиги ҳақида қарор чиқарамиз.
«Биз халифани қарор қилдик, ким биз халифа қилиб сайлаган одамни эътиборга олмаса, у мусулмонмасдир», дейилган. Ушбу ҳолатда халифанинг нима маъноси бор? Тўқсон тўққиз фоиз мусулмонларни кофир қиладиган муайян жамоанинг раиси бўладими? Яна бошқа тарафдан қарайдиган бўлсак, сиз бир ярим миллиард мусулмонни эътироф қилиб, «Улар ўзларини мусулмон деб ҳисоблайдилар», дедингиз. Қандай қилиб ўзингиз даъво қилаётган халифалик тўғрисида уларнинг маслаҳатини олдингиз?
Бу ерда икки ишдан бири бўлиши мумкин. Биттаси – ё сиз ҳаммасини мусулмон деб тан оласиз. У ҳолда уларнинг устига сизни ҳеч ким валий қилмаган бўлади. Сиз халифа бўлмайсиз. Ёки бир ярим миллиард мусулмоннинг мусулмон эканини эътироф қилмайсиз. Нима учун унда «халифа» деган сўзни ишлатасиз? Ушбу ҳолатда мусулмонлар кичкина жамоага айланиб қолади, халифага эҳтиёжи тушмайди.
Халифалик Ислом давлатларининг ҳаммасининг ижмоълари билан, Ислом давлатларидаги уламолар, илмий ташкилотларнинг ва бутун дунёдаги мусулмонларнинг ижмоълари билангина қурилиши мумкин.
23. Ватанга садоқатли бўлиш
Сиз хутбангизда «Сурия сурияликлар учун эмас», дедингиз. «Ироқ ироқликлар учун эмас», дедингиз[53]. Худди шу хутбанинг ўзида бутун оламнинг чор тарафидаги мусулмонларни Ислом давлати нуфузи бор минтақаларга, жумладан, Ироққа ва Шомдаги ерларга ҳижрат қилиб келишга чақирдингиз. Сиз бу эълон ила ушбу юртнинг яхшиликларини, ҳуқуқларини ўзингизга олдингиз ва сизнинг даъво қилишингизча, бу ғариб одамларнинг юрти, агар ўша диннинг вакиллари бўлса ҳам. Ва бу Исроил яҳудийларни кўчириб келишни талаб қилганидаги ишга ўхшаб қолди. Улар Исроилдан ташқаридаги яҳудийларни худди сизлар чақиргандек чақирганлар. Сизнинг ишингиз яҳудийлар Фаластин аҳлининг ерларини босиб олгани каби бўлди. Уларнинг ўз ерларини, боболарининг ерларини тортиб олгандек бўлди. Бу ерда адолат қани?
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, ватанга муҳаббат қилмоқ, ватанга мансуб бўлмоқ Исломга тескари иш эмас, балки ватанни севмоқ иймондандир. Ватанни севмоқ ҳар бир инсон учун табиий нарсадир. Ва эътироф қилинадики, мусулмон инсон учун ватанни севмоқ суннатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага хитоб қилиб: «Сен қандай ҳам пок ватансан. Мен сени севаман. Агар қавмим мени сендан чиқармаганларида, сендан бошқа ерда сокин бўлмас эдим», дедилар[54].
Ватанни севмоқ, унга мансуб бўлмоқ ҳақида Қуръони Карим ва Суннатда кўпгина далиллар бор. Қуръони Каримнинг Нисо сурасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло марҳамат қилади:
«Агар Биз уларга: «Ўзларингизни ўлдиринг ёки диёрларингиздан чиқиб кетинг», деб фарз қилганимизда, озгиналаридан бошқаси буни қилмас эдилар. Улар ўзларига ваъз қилинган нарсаларни қилганларида эди, бу ўзларига яхши ва саботларини мустаҳкамлаш бўлар эди» (66-оят).
Фахриддин Розий мана шу бобда: «У ерда ватаннинг фироқи нафсни қатл қилишга тенглаштирилмоқда», деган[55].
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам агар сафардан қайтиб келсалар, Мадинанинг деворларига, ҳайвонларга, туяларга қарар эдилар. Агар уловнинг устида бўлсалар, уни яхши кўрганларидан тезроқ бориш учун қистар эдилар»[56].
Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар: «Ушбу ҳадисда Мадинанинг фазилатига далолат бордир. Ватанни севмоқ шариатда борлигига далолат бордир. Яна ватанни соғинмоқ жоизлигига далолат бордир»[57].
24. Ҳижрат
Оламнинг барча тарафидаги мусулмонларни “Ислом давлати” деб аталмиш нарсанинг нуфузи бор минтақаларига ҳижрат қилишга чақирдингиз. Бу ер Ироқ ва Шомда[58]. Абу Муслим Канадий (“Ислом давлати”нинг аскарларидан бири): «Эшиклар ёпилиб қолмасидан аввал Сурияга келинглар», деди[59]. Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўк, лекин жиҳод бор, ният бор. Агар сизлардан қўзғалиш талаб қилинса, қўзғалинглар», деганлар[60].
«Ҳижрат» сўзи бир жойдан иккинчи жойга кўчиш маъносини англатади. Истилоҳда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги мусулмонларнинг Ҳабашистонга, сўнгра ўзлари бош бўлиб Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади. Ҳижрат деганда яна гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш ҳам тушунилади. Бу ҳақда имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк (ҳижр) қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир», деганлар. Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир», дейилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолида ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим», деди. У зот эса: «Ота-онангнинг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин», деб жавоб бердилар.
Хушёр бўлиш лозимки, мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, ўзига фарзи айн бўлган бошқа ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш қаттиқ адашишдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар. Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор ҳам қилмаганлар.
ХУЛОСА
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло Ўзини Арҳамур Роҳимийн дея сифатлаган. Инсонни Ўз раҳматидан яратганини айтган. У Зот таоло Қуръони Каримнинг Раҳмон сурасида марҳамат қилади: «Роҳман… Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди» (1-3-оятлар).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни раҳмати учун халқ қилди.
У Зот Ҳуд сурасида марҳамат қилади: «Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди. Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар… Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир» (118-119-оятлар).
«Лизалика», яъни «шунинг учун» деган сўз луғатда зикр қилинган энг яқин нарсага – раҳматга атф қилинади, ихтилофга эмас. Мана шу Ибн Аббоснинг раъйидир. У киши «Уларни раҳмат учун, марҳамат учун халқ қилган», деган[61].
Ушбу раҳматга етишишнинг энг тўғри ва осон йўли Аллоҳ таолонинг ибодатидир. Аллоҳ таоло Заарийат сурасида марҳамат қилади: «Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (56-оят).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ибодати Аллоҳ таолонинг ўзига миннат қилинмайди. Бу миннат дейилмайди. Лекин Аллоҳнинг ибодати банда учун ризқдир. У Зот бу борада Заарийат сурасида марҳамат қилади: «Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир» (57-58-оятлар).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримни раҳмат этиб нозил қилган.
У Зот Исро сурасида: «Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас», деган (82-оят).
Ислом дини раҳмат динидир. Унинг сифати раҳматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат қилиб юборилганлар.
У зот алайҳиссалом мусулмоннинг инсонларга муомаласини қисқача қилиб: «Ким раҳм қилмаса унга раҳм қилинмас»[62] ва «Раҳм қилинглар, сизларга раҳм қилинур», деганлар»[63].
Лекин сизлар Ислом динини юқорида айтиб ўтилган ишларнинг барчасида қасоват дини, зулм дини, азоблаш дини, қатл қилиш дини қилиб қўйдингиз. Бу олдиндан аён бўлган хатодир, нотўғри ишдир, динга, мусулмонларга ва барча оламларга ёмонлиқ қилишдир. Сизлар ўз ишларингизни бир бор қайтадан ўрганиб чиқинг, бу йўлдан қайтинг, тавба қилинг, одамларга озор беришдан тўхтанг. Раҳмат дини бўлган динга қайтинг. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зумар сурасида айтадики:
«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (53-оят).
24. Саййидимиз Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг айтган сўзлари: Нуъайм Ибн Ҳаммод ўзининг «Фитналар» номли китобида келтиради:
«Албатта, улуғимиз Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қуйидагиларни айтмиш: «Қачон қора байроқларни кўрсангиз, ерни лозим тутинг. Қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам. Сўнгра бир қавм зоҳир бўлур. Улар заифдирлар, эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди. Улар давлат соҳибларидир. Аҳдга вафо қилмаслар, мийсоққа ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар. Исмлари кунядир. Нисбатлари қишлоқларгадир. Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар, сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақни кимга хоҳласа, ўшанга беради».
Ушбу матнни ўқиган ҳар қандай кишида ўз-ўзидан савол пайдо бўлади:
Бундан бир минг икки юз йил олдин «Фитналар» китобида келтирилган, саййидимиз Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг имом Бухорийнинг шайхи Нуъайм Ибн Ҳаммод ривоят қилган ушбу сўзлари ҳозирда ўзларини «Ислом давлати» деб атаётганларга татбиқ бўладими, йўқми?
Ушбу асардан қуйидагиларни фаҳмласа бўладими?
- Унда «Қачон қора байроқларни кўрсангиз», дейиляпти. Қўштирноқ ичидаги "Ислом давлати"нинг байроқлари қорадир.
- «Ерни лозим тутинг», яъни «Эй мусулмонлар, маконингизда туринг. Уларга ҳижрат қилманг», дейиляпти.
- Яна унда «Қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам», дейиляпти. Яъни уларга мол билан, асбоб-ускуна билан ёрдам берманг.
- Сўнгра «Сўнгра бир қавм зоҳир бўлур. Улар заифдирлар, эътиборга сазовор эмаслар», дейиляпти. Бу ердаги «заифлик» дин маърифатида заиф, аҳлоқда заиф, аҳлоққа амал қилишда заиф, деган маъноларни ўз ичига олади.
- «Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди», яъни улар асирларни қатл қиладилар, одамларни азоблайдилар, қасоватлари шиддатлидир.
- «Улар давлат соҳибларидир». Тақрибан, юз йилдан олдин бирорта одам «Ислом давлати» деган гапни айтмаган. Фақат булар Сурия ва Ироқда «Ислом давлати» деб ном чиқаришди.
- Яна ҳазрати Али «Аҳдга вафо қилмаслар, мийсоққа ҳам вафо қилмаслар», деганлар. Ушбу «Ислом давлати» Аҳдга вафо қилмайди, мийсоққа ҳам вафо қилмайди. Мисол учун, «Шуайтот» мийсоқигага вафо қилишмади. Элчи қилиб юборилганларга ва матбуот ҳодимларига берилган аҳдни бузишди.
- «Ҳаққа чақирурлар». Бу «Ислом давлати» ҳам Исломга чақиряпти.
- «Лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар». Аҳли ҳақ бўлиш учун раҳмли бўлиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм қилинглар, раҳм қилинасизлар», деганлар.
- «Исмлари кунядир». Ҳозир ўша давлатнинг бошлиқлари, кўзга кўринган одамлари Абу Муҳаммад, Абу Мусанна, Абу Муслим ва бошқа исмлар билан аталмоқда.
- «Нисбатлари қишлоқларгадир». Бағдодий, Зарқовий, Тунисий, Яманий, Канадий…
- «Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради». «Ислом давлати» жангчиларининг ҳаммасининг сочлари ана шундай, осилган.
- «Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар». «Ислом давлати» ўзларининг асосий ташкилоти бўлмиш “ал-Қоида”га ихтилоф қилди, сўнгра «Нусрат жабҳаси»га ҳам ихтилоф қилди. Ораларида қатл бўлди. Икки томондан 10 000лаб одамларни бир ерда ўлдирдилар.
- «Сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақни кимга хоҳласа, ўшанга беради»[64]. Исломни тўғри баён қилиш ушбу баёнга ўхшаш баён билан бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримнинг Луқмон сурасида саййидимиз Луқмони ҳаким тилидан марҳамат қилади:
«Эй ўғилчам, албатта, у (амал) агар ачитқи уруғи вазнича бўлса-ю, у бир қоя тош ичида, ёки осмонларда, ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта латофатлидир, ўта хабардордир» (16-оят).
Эслатма учун мухтасар гаплар:
1. Исломда муфтийликни мукаммал даражада эгалламасдан туриб, ижтиҳод шартларини ўзида мужассам қилмасдан туриб, фатво бериш жоиз эмас. Яна у усулга оид китобларни ҳам яхшилаб ўзлаштирган бўлиши керак. Оятдан ёки Қуръони ҳакимдан иқтибос олиб, бошқа матнларни унутиб қўйиш ҳам мумкин эмас.
2. Араб тилини мукаммал билмай туриб, Исломда шаръий ҳукм чиқариш жоиз эмас.
3. Исломда шаръий ишларни енгил санамаслик керак. Шаръий илмларни тўлиқ эгалламагунча шариат ишига аралашмаслик керак.
4. Динда зарурат юзасидан маълум бўлган нарсалардан бошқасида ихтилоф қилиш мумкин.
5. Воқелик фиқҳини эътиборга олмаслик Исломда жоиз эмас.
6. Исломда бегуноҳ одамларни ўлдириш мутлақо жоиз эмас.
7. Исломда элчиларни, жумладан, мухбирларни ўлдириш жоиз эмас.
8. Исломда жиҳод дифоъ (мудофаа) учун бўлган. Бу шаръий услуб, шаръий ғоя сабабидан бўлишига боғлангандир.
9. Исломда ким куфрни очиқ-ойдин эълон қилмаса, уни кофир деб ҳукм чиқариш жоиз эмас.
10. Насороларга ёки аҳли китобларга қайси йўл билан бўлса ҳам ёмонлик қилиш жоиз эмас.
11. Язийдийларни аҳли китоблардан деб эътибор қилиш керак.
12. Исломда қулчилик тугаганидан кейин, энди жоиз бўлмайди.
13. Исломда динга мажбурлаш йўқ.
14. Исломда аёллар ҳуқуқини поймол қилиш йўқ.
15. Исломда ёш болаларнинг ҳуқуқини поймол қилиш йўқ.
16. Исломда адолат ва раҳматнинг ижросини тўлиқ жорий қилмасдан туриб, ҳадларни қоим қилиш жоиз эмас.
17. Исломда одамларни азоблаш жоиз эмас.
18. Исломда мурдаларни қиймалаш жоиз эмас.
19. Исломда ҳаром ишларни, фаҳш ишларни Аллоҳга нисбат бериш жоиз эмас.
20. Исломда пайғамбарлар ва саҳобаларнинг қабрларини портлатиш, мақомотларини бузиш жоиз эмас.
21. Исломда очиқ-ойдин куфр бўлмаса, намозларни қоим қилиб турган ҳокимга қарши чиқиш жоиз эмас.
22. Исломда Ислом умматининг ижмоъисиз халифаликни эълон қилиш жоиз эмас.
23. Исломда ватанпарварлик қилиш жоиздир.
----
[1] «Cаҳиҳи Муслим», Иймон китоби, 55.
[2] Бу сўз у кишининг хутбасида youtube.com порталида «Улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни…» деган сарлавҳа остида келган (Нур сураси, 55-оят).
[3] Ибн Таймия «Мажмуъул фатово китобида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Шериги йўқ ягона Аллоҳга ибодат қилингунича Қиёмат олдидан қилич ила юборилдим, ризқим найзамнинг сояси остида қилинди, буйруғимга хилоф қилганларга хору зорлик битилди. Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир» (28/270). Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад «Муснад»да Ибн Умардан ривоят қилган. Бухорий истишҳод қилган. Санади заиф.
[4] «Саҳиҳул Бухорий». Тавҳид китоби (7422). «Саҳиҳи Муслим». Тавба китоби (2751).
[5] Шайх Ибн Таймийя «Мажмуъул фатово»да: «Луғатда синоним сўзлар оздир. Қуръон лафзларида нодирдир, йўқ ҳисоб» деган (13/341). Роғиб Асфаҳоний «Муфрадотул Қуръон» деган китобининг 55-бетида «Ушбу китобнинг ортидан маънодошлар (синонимлар) таҳқиқи ва ораларидаги яширин фарқларни айтиб берувчи бир китоб ёздим. Шу тариқа ҳар бир хабар синоним лафзлардан бирига хослангани билиб олинади».
[6] Ибн Жарир Тобарийнинг тафсири (9/28).
[7] «Сунани ат-Термизий», «Қуръон тафсири китоби (2950).
[8] «Саҳиҳул Бухорий». Ҳадлар китоби (6786). «Саҳиҳи Муслим». Фазилатлар китоби (2327).
[9] «Сунани Абу Довуд». Одоб китоби (4904).
[10] «Саҳиҳул Бухорий». Одоб китоби (6030).
[11] «Ал-Мустасфо фий усулил фиқҳ». Имом Ғаззолий (1/420). «Муассасатур рисола» нашри.
[12] «Иъломул Муваққиъин ъан роббил аъламийн». Ибн Қаййум ал-Жавзийя (4/157).
[13] Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига мухолиф бўлган мунофиқлардан бирортасини ўлдирмаганлар, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Одамлар Муҳаммад ўз асҳобларини ўлдирди дейишмасин», деганлар. «Саҳиҳул Бухорий». Қуръон тафсири китоби (4907). «Саҳиҳи Муслим». Яхшилик ва силаи раҳм китоби (2584).
[14] Муснади имоми Аҳмад (6/306).
[15] «Саҳиҳул Бухорий». Жиҳод китоби (3004).
[16] Ал-Байҳақий. «Зуҳд китоби (2/160). Ал-Хатийб ал-Бағдодий. Бағдод тарихи (3/523).
[17] Муваттоъи Молик. «Намозга чақирув китоби (490). «Сунани ат-Термизий» «Даъавот китоби. (3377). Сунани Ибн Можа. «Одоб китоби. Ҳоким «Мустадрак»да саҳиҳ деган (1/673).
[18] «Саҳиҳул Бухорий». Тавҳийд китоби (7458). «Саҳиҳи Муслим». Амирлик китоби (1904).
[19] «Саҳиҳи Муслим». Амирлик китоби (1905).
[20] Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлийнинг «Исломда жанг ҳукмлари китобига қаранг.
[21] «Саҳиҳул Бухорий». Жиҳод китоби (2946).
[22] «Саҳиҳул Бухорий». Жиҳод китоби (3053). «Саҳиҳи Муслим». Васият китоби (1637).
[23] «Саҳиҳи Муслим». Жиҳод китоби (1731). «Сунани ат-Термизий». Диялар китоби (1408).
[24] «Мусаннаф». Ибн Абу Шайба (6/498).
[25] «Сунани ал-кубро». Байҳақий (9/90). «Муснади Абу Бакр». Марвазий. (21).
[26] «Истийъоб». Ибн Абдулбарр (2/812). Тафсири Қуртубий (19/129). Қатода: «Батаҳқиқ, Аллоҳ асирларга яхши муомила қилишга буюрди», деган.
[27] «Сунани ал-кубро». Байҳақий (9/118). «Файзул қодийр шарҳу ал-жомиъ ас-соғийр» (5/171).
[28] «Саҳиҳи Муслим». Жиҳод китоби (1745).
[29] «Саҳиҳул Бухорий». Ғазотлар китоби (4403). «Саҳиҳи Муслим». Иймон китоби (66).
[30] «Саҳиҳул Бухорий». Жиҳод китоби (2946).
[31] Ҳофиз Ҳайсамийнин. «Мажмаъуз завоид» китобидаги каби.
[32] «Саҳиҳул Бухорий». Одоб китоби (6104).
[33] Саҳиҳ ибн Ҳиббон (1/282).
[34] Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни Ҳурақо томон юбордилар. Биз у қавмга тонгда ҳужум қилдик ва уларни енгдик. Мен ва бир ансорий улардан бир кишини учратиб қолдик. Биз уни қуршаб олган эдик, у «Лаа илааҳа иллаллоҳ!» деди. Ансорий ўзини тўхтатиб қолди. Мен эса найзамни санчиб, уни ўлдирдим. (Мадинага) келганимизда бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. У зот: «Ҳой Усома! «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деганидан кейин ҳам уни ўлдирдингми?» дедилар. Мен: «У қутулиб қолмоқчи эди», дедим. У зот ўша гапни қайта-қайта такрорлайвердилар, ҳатто ўша кундан аввал мусулмон бўлмаган бўлсайдим, деб орзу қилиб қолдим».
[35] Бу видеолавҳа 2014 йил июнь ойида интернетда Youtube.com порталида «Юк машиналари ҳайдовчиларининг Шокир Вуҳайб томонидан ўлдирилиши» деган сарлавҳа остида тарқатилган.
[36] «Саҳиҳул Бухорий». Ваҳийнинг бошланиши китоби (1). «Саҳиҳи Муслим». Амирлик китоби (1907).
[37] «Сияру аъаламун нубала» (11/393).
[38] Сунани Ибн Можа Зуҳд китоби (4204).
[39] «Саҳиҳи Муслим». Қиёмат, Жаннат ва Дўзахнинг сифати китоби (2812).
[40] Ибн Жарир Тобарий тафсирида шундай дейди: «У Зотнинг «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга... қарши жанг қилинг» деган сўзи кечириш, авф этиш ҳақидаги буйруқни бекор қилмайди... агар шундай бўладиган бўлса, улар қитолдан кейин паст кетганларни тан олиб, жизя тўлашга рози бўлсалар ҳам уларни авф қилиш мумкин бўлмай қоларди...»
[41] Фуқаҳолар агар уларнинг баъзилари мусулмон аскарларга шерик бўлса, улардан жизяни соқит қилиш жоиз, деганлар. Худди Умар ибн Хаттобнинг даврларида бўлгани каби.
[42] «Муваттоъи Молик». Закот китоби (617). Муснади Шофеъий (1008).
[43] Тафсири Қуртубий (8/110).
[44] «Бидоя ва ниҳоя» Ибн Касийр (5/284). Унда шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чўри ва қулларидан баъзиларини озод қилганлар... У зот уларнинг бирортасини мерос қилиб қолдирмаганлар».
[45] «Маърифату сунани вал осор» Байҳақий (11/135). «Сунан ал-Кубро» Байҳақий (6/596). «Ас-Сийра ан-Набавийя» Ибн Ҳишом (1/266).
[46] Сунани Ибн Можа (224). «ал-Муъжамул кабир» ат-Табароний (10/195). Ҳофиз Миззий: «Бу ҳадис бир нечта йўллардан ривоят қилинган, улар билан ҳасан мартабасига етишади», деган, муҳаддис Аъжлунийнинг « Кашфул хафо»сида келгани каби (2/654).
[47] «Саҳиҳул Бухорий». Никоҳ китоби (5186). «Саҳиҳи Муслим». Разоат китоби (1468).
[48] «Саҳиҳи Муслим» (977). Сунани ат-Термизий (1054).
[49] «Саҳиҳул Бухорий». Азон китоби (693).
[50] «Саҳиҳи Муслим». Амирлик китоби (1855).
[51] «Мустадракул Ҳоким ъалас саҳиҳайн» (2/342).
[52] «Саҳиҳул Бухорий». Ҳадлар китоби (6830).
[53] "BBC"нинг интернет-саҳифасида 2014 йил 1 июль куни тарқатилган.
[54] Сунани ат-Термизий Фазилатлар (3926). Саҳиҳу Ибн Ҳиббон (9/23).
[55] Тафсиру Фахрур Розий (15/515).
[56] «Саҳиҳул Бухорий». Ҳаж китоби (1886).
[57] «Фатҳул Борий» Ибн Ҳажар (3/621).
[58] BBCнинг интернет-саҳифасида 2014 йил 1 июль куни тарқатилган.
[59] 2014 йил август ойида «Ал-ҳаёт медиа центр»нинг сайтидаги видеолавҳада айтилган.
[60] «Саҳиҳул Бухорий». Жиҳод ва сияр китоби (2783).
[61] Тафсиру ар-Розий (18/412).
[62] «Саҳиҳул Бухорий». Одоб китоби (5997). «Саҳиҳи Муслим». Фазилатлар китоби (2318).
[63] Имом Аҳмад (2/160).
[64] Нуъайм ибн Ҳаммод. «Фитналар китоби (573).
1. Султон Абу Бакр Муҳаммад Саъд ҳазрати олийлари. Сокото султони, Нигерия исломий ишлар бўйича олий миллий кенгаши раҳбари.
2. Профессор Абдурроҳман Аббод . Қуръони Карим коллежида исломшунослик профессори ҳамдаҚуддуси шариф Уламо ва имом-хатиблар ҳайъати котиби.
3. Жаноб Умар Аббуд. Динлараро мулоқот институти Бош котиби, Буэнос-Айрес, Аргентина.
4. Профессор Салим Абдулжалил. Вақфлар вазирлигининг собиқ даъват муовини ҳамда Миср фан-техника университетида Ислом ҳазораси профессори.
5. Шайх Воҳид Абдулжавод. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
6. Доктор Мустафо Абдулкарим. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
7. Профессор Иброҳим Абдурроҳим. Қоҳира университети Дорулулум факультетининг шариат ўқитувчиси, Миср.
8. Профессор ЖаъфарАбдуссалом. Исломий университетлар робитаси Бош котиби ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари профессори, Миср.
9. Доктор, шайх Ҳусайн Ҳасан Абкар ҳазрати олийлари. Чад Республикаси Ислом ишлари бўйича олий кенгаш раиси ҳамда имоми.
10. Қози Була Абдулжаббор Ажибула ҳазрати олийлари. Африка исломий миссия ҳамда Нигерия Ҳилол университети асосчиси.
11. Профессор, шайх Шавқий Аллом ҳазратлари. Миср олий муфтиси.
12. Профессор, шайх Абдунносир АбулБасол. Ярмук университети профессори, Урдун.
13. Профессор Муҳаммад Маҳмуд Абу Ҳошим. Ал-Азҳар университети раиси муовини, Азҳари Шариф Исломий тадқиқотлар марказининг аъзоси,Миср.
14. Профессор, шайх МустафоЧағрижи ҳазратлари. Стамбулнинг собиқ муфтийси, Туркия.
15. Шайх Муҳаммад Аҳмад ал-Акваъ. Катта сунний уламо,Яман .
16. Профессор Муҳаммад Ал-Амир. Ал-Мансура университети исломий тадқиқотлар хотин-қизлар факультетининг декани, Миср .
17. Доктор Маждий Ошур. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
18. Профессор Абдулҳайй Изб. Ал-Азҳар университетининг шариат ва фиқҳ факультети декани, Қоҳира, Миср .
19. Фазилатли шайз Азҳар Азиз. Шимолий Америка исломий жамияти раиси (ISNA), АҚШ.
20. Профессор Мустафо Абу Сувай. Имом Ғаззолий асарларини ўрганиш бўлими мударриси, Қуддуси шариф.
21. Профессор Бакр Закий Аваз. Ал-Азҳар университетининг Усулуд дин факультети декани, Миср .
22. Ниҳод Аваз. Америка-Ислом муносабатлари бўйича Кенгашнинг Бош директори(CAIR), АҚШ .
23. Доктор, шайх Усома Маҳмуд Азҳарий. Ислом даъватчиси, Миср .
24. Доктор Жамол Бадавий. Шимолий Америка Фиқҳий кенгаши ижрочи директори, АҚШ .
25. Доктор Эҳсон Божибий. Шимолий Америка Ислом фиқҳи тадқиқотлари доценти, Кентуккиуниверситети, АҚШ.
26. Нуъайм Баиғ. Шимолий Америка исломий доира раиси (ICNA), АҚШ.
27. Профессор Усмон Бакр. Замонавий исломий тадқиқотлар халқаро институти, Малайзия .
28. Шайх Абу Бакр Болидий. Португалиядаги африкаликлар жамияти раиси.
29. Доктор Ҳотим Базиён. Америкалик мусулмонларнинг “Фаластин учун” муассасаси раиси, АҚШ.
30. Доктор Муҳаммад Башшорий . Халқаро Ислом фиқҳи академияси аъзоси ҳамда Франция мусулмонлари федерацияси раиси.
31. Шайх Абдуллоҳибн Байя ҳазратлари. Мусулмон олими, мусулмон жамиятларида тинчликни қўллаб-қувватлаш форумининг Президенти, АбуДаби.
32. Ғозий ибн Муҳаммад ҳазрати олийлари. Аҳли байт қироллик Исломий тафаккур институти Котибият кенгашининг раиси, Урдун.
33. Ал-Ҳабиб Муҳаммад Лутфий бин Али ибн Яҳё. Ислом даъватчиси, Индонезия.
34. Шайх, доктор Роъид АбдуллоҳБудайр ҳазратлари. Уламолар ва даъватчилар ҳайъати аъзоси, Қуддуси шариф.
35. Доктор Муҳаммад АбдуссамиъБудайр . Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
36. Доктор Самир Будийнар. Мусулмон мутафаккири, гуманитар ва ижтимоий тадқиқотлар маркази директори, Марокко.
37. Доктор Зоҳид Бухорий. Ислом марказининг ижрочи директори (CIPP), АҚШ.
38. Профессор МустафоЦерич ҳазратлари. Босниява Герцеговинанинг собиқ муфтийси.
39. Иброҳим Шаббуҳ ҳазратлари. Мусулмон олими, Тунис.
40. Профессор Жанер Доғли. Исломий тадқиқотлар профессори, АҚШ.
41. Фазилатли шайх, профессор Жамол Фаруқ Ал-Даққоқ . Ал-Азҳар университети профессори, Миср.
42. Саййид АбдуллоҳФадъақ. Исламдаъватчиси, Саудия Арабистони.
43. Шайх Воҳид ал-Фосий ал-Фахрий. Италия мусулмонлари Федерациясининг раиси.
44. Профессор Муҳаммад Набил Ғунайм. Қоҳира университети Дорул улум факультетининг Ислом шариати профессори, Миср .
45. Шайх, доктор Али Жумъа. Мисрнинг собиқ муфтийси.
46. Доктор Аҳмад Абдулазиз ал-Ҳаддод. Фатво бошқармаси мудири, Дубай, БАА.
47. Доктор АбдуллоҳҲафизий. Адорисалар халқаро робитаси Бош котиби, Марокаш.
48. Шайх МустафоҲажжий ҳазратлари. Болгария муфтийси.
49. Шайх Али Ал-Ҳалабий. исломий ёзувчи, даъватчи, Урдун.
50. Шайх Ҳамза Юсуф Хансон. Зайтуна коллежининг асосчиси ва директори, АҚШ.
51. Шайх Фаруқ Ориф Ҳасан. Ҳусайн ибн Тилол масжидининг Имом Фахруддин ар-Розий асарларини ўрганиш бўлими мударриси, Урдун.
52. Шайх Али ибн Абдурроҳман Оли Ҳошим. Адлия ва дин ишлари бўйича Давлат раҳбари маслаҳатчиси, БАА.
53. Доктор Аҳмад Ҳассон. Санъо даъват ва иршод профессори, Яман.
54. Шайх Мусо Ҳассон. «Мажмаъул Умма»нинг бош котиби, Швеция.
55. Профессор Муҳаммад ал-Ҳафнавий ҳазратлари. Шариат ва фиқҳ факультетининг усулул-фиқҳ профессори, Ал-Азҳар университети, Танто филиали, Миср.
56. Профессор Сами Ҳилол. Танто университети Қуръони Карим факультетининг декани, Миср.
57. Профессор Саъдуддин ал-Ҳилолий. Қиёсий фиқҳ кафедраси мудири, Ал-Азҳар университети, Миср.
58. Холид Ҳусайн. Нью-Йорк ташқи алоқалар кенгаши Яқин ва Ўрта Шарқ минтақасини ўрганиш бўйича тадқиқотчи, АҚШ.
59. Имом Муновир Ҳусайн. Оксфорд фонди асосчиси, БуюкБритания .
60. Шайх Муҳаммад Аҳмад Ҳусайн ҳазратлари. Қуддуси шариф ва бутун Фаластин диёрлари бош муфтийси.
61. Фазилатли шайх Иброҳим Солиҳ ал-Ҳусайний. Нигерия исломий ишлар олий кенгашининг фатво ҳайъати раиси .
62. Доктор Жабрий Иброҳим. Яман вақфлар вазирлигининг ваъз ва иршод бўлими мудири.
63. Доктор Холид Имрон. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
64. Профессор Салоҳиддин Жаъфаровий. Европа исломий анжумани Бош котибининг ёрдамчиси, Франциядаги Ибн Сино институти маслаҳатчиси, Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактум хайрия фонди маслаҳатчиси, Германия.
65. Доктор Умар Жоҳ. Шайх Абдуллоҳ Жоҳ хайрия фондининг раиси, Гамбия.
66. Шайх Усома Жамол. Америка мусулмон ташкилотлари Кенгашининг Бош котиби (USCMO), АҚШ.
67. Шайх Муқбил ал-Кадҳий. Ислом даъватчиси, Яман.
68. Профессор Муҳаммад Ҳошим Камолий. Фикр ва исломий ҳазора халқаро институти ректори, Малайзия.
69. Профессор Анас Карич. Ислом олими, Босния и Герцеговина .
70. Юсуф З. Кавакчи. Исломий тадқиқотлар профессори, доктор (фахрий), АҚШ.
71. Шайх Аҳмад Висом Хизр. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
72. Шайх Муҳаммад Висом Хизр. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
73. Шайх Абдулмажид Хойрун. Нидерланд масжидлар уюшмаси.
74. Шайх Муҳаммад Яҳё ал-Киттоний. Даъватчи ва имом, Миср .
75. Шайх, доктор Муҳаммад ал-Кумайн. даъват профессори, Яман.
76. Шайх Амр Муҳаммад Ҳилмий Холид. Ислом даъватчиси,Саҳиҳ бидоя халқаро фондинингасосчиси ва президенти, Миср .
77. Профессор,қози Моҳир Aлаён Хузайр . Олий шаръий маҳкама қозиси, Қуддуси шарифдаги уламолар ва даъватчилар ҳайъати аъзоси, Фаластин.
78. Шайх, профессор Аҳмад ал-Кубайсий. Ироқ уламолар жамиятининг раиси.
79. Профессор Жозеф Е. Б. Лумбард . Бриндайз университети профессори, АҚШ.
80. Шайх Маҳмуд Аъсад Маданий. Ҳинд уламолар жамиятининг Бош котиби, Ҳиндистон.
81. Профессор Абдулҳамид Мадкур. Қоҳира университети, Дорул улум факультетининг Исломий фалсафа профессори,Миср .
82. Шайх Муҳаммад Мажид. Даллас исломий маркази (АДАМС), АҚШ.
83. Профессор Муҳаммад Мухтор ал-Маҳдий. Ал-Азҳар университети исломий тадқиқотлар профессори, «Шаръий жамият» раиси, Миср.
84. Имом ас-Содиқ ал-Маҳдий. Уммат партияси раиси, Судан.
85. Шайх Аҳмад Мамдуҳ. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
86. Профессор Башшор Аввод Маъруф. Муфаккир, тарихчи-ёзувчи, Ироқ.
87. Жаноб Баккай Марзуқ. Франция мусулмонлари федерацияси.
88. Шайх Mуъиз Масъуд. Ислом даъватчиси, Миср .
89. Профессор Муҳаммад Абдуссомад Муҳанно. Ал-Азҳари Шариф бош имомининг маслаҳатчиси, Миср .
90. Шайх Мухтор Муҳсин. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
91. Профессор Фатҳий Аваз ал-Мулло. Исломий университетлар уюшмаси маслаҳатчиси, Миср.
92. Шайх Ҳусайн ал-Убайдий. Ал-Зайтуна катта масжидининг шайхи, Тунис .
93. Доктор Ёсир Қозий. Исломий тадқиқотлар профессори, Родос факультети, АҚШ.
94. Доктор Муҳаммад Тоҳир ал-Қодирий. Халқаро Минҳожул-Қуръон муассасаси асосчиси, Покистан .
95. Шайх Муҳаммад Ҳасан Қарибуллоҳ. Мусулмон олими, Судан .
96. Абдулҳодий ал-Қасабий. Миср сўфий тариқатларининг катта шайхи.
97. Профессор Сайф Ражаб Қазомил. Ал-Азҳар университети шариат ва қонун факультетининг собиқ декани, қиёсий фиқх профессори, Миср .
98. Шайх Фарроз Раббоний. Ислам даъватчиси, Канада .
99. Шайх Ашраф Саъд. Шариат фанлари тадқиқотчиси, Миср .
100. Шайх, доктор Хаммуд Ас-Соъидий. Ислом даъватчиси, Яман вақф ва иршод вазири муовини.
101. Шайх Ҳасан аш-Шайх . Ямандаги Салоҳ масжиди дин ишлари мудири.
102. Шайх Маҳмуд аш-Шариф. Мисрдаги ашрофлар уюшмаси мудири.
103. Шайх Абдуллоҳ аш-Шайх Саъид. Курдистон мусулмон олимлар жамияти раиси.
104. Доктор Муҳаммад Одам аш-Шайх. Шимолий Америка Фиқҳ кенгаши, АҚШ.
105. Доктор Муҳаммад Саммак. Ливан мусулмон-насроний мулоқоти Миллий қўмитасининг Бош котиби.
106. Доктор Зулфиқор Али Шоҳ. Америка Фиқҳ кенгаши Бош котиби, АҚШ.
107. Профессор Исмоил Абдуннабий Шоҳин. Ал-Азҳар университетираис муовини,Исломий университетлар робитаси Бош котибининг муовини, Миср.
108. Доктор Умар Шоҳин. Шимолий Америка Имомлар федерацияси Бош котиби, АҚШ.
109. Имом Толиб М. Шариф. Уммат масжиди раиси, АҚШ.
110. Доктор Аҳмад Шқийрот. Шимолий Америка Имомлар федерацияси аъзоси, АҚШ.
111. Доктор Муззаммил Сиддиқий. Шимолий Америка фиқҳ кенгаши раиси, АҚШ.
112. Доктор Муддассир Х. Сиддиқий. Шимолий Америка фиқҳ кенгаши аъзоси, АҚШ.
113. Профессор Набил Ас-Самолутий. социология профессори ва гуманитар фанлар факультетининг собиқ декани, Ал-Азҳар, Миср.
114. Профессор Муҳаммад Сирожиддин Шамсуддин. Индонезия Муҳаммадия жамияти раиси, Жакарта Шариф Ҳидоятуллоҳ ислом университетининг профессори.
115. Доктор Муҳаммад Таллобий. Ислом мутафаккири, «Тавҳид ва Ислоҳ» ҳаракати раҳбари, Марокаш .
116. Муҳандис Сулаймон Тамимий. Хитой мусулмонлари уюшмасининг асосчиси.
117. Шайх Нуъайм Тарнаво. Косово муфтийси .
118. Доктор Муҳаммад Суҳайл Умар. Иқбол академияси директори, Покистон .
119. Муҳаммад Вадгирий. Бельгия мусулмонлар жамиятининг раиси.
120. Дато Ван Зоҳдий ибн Ван Те. Малайзия федерал ҳудудлари собиқ муфтийси.
121. Доктор Амр Вардоний. Фатвокенгаши (Дорул ифто), Миср.
122. Профессор Муҳаммад ал-Мухтор Валад-Або. Шинқит замонавий университети ректори, Мавритания .
123. Шайх Муҳаммад ал-Яқубий. Исломдаъватчиси, Сурия .
124. Шайх Муҳаммад Мустафо ал-Факкий Ал-Ёқутий. Судан вақфлар вазирлиги давлат вазири.
125. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ўрта Осиё ва Қозоғистон собиқ муфтийси.
126. Профессор ЗакийЗайдон. Танто университети, ҳуқуқ факультетининг шариат профессори, Миср.



