Қария Қуръон ўқирди. Шунинг учун ўлдирилди

Қария Қуръон ўқирди. Шунинг учун ўлдирилди

«Биласанми, мен Туркияда қолишга қарор қилдим. Ҳа, қоламан, ва вақт ўтиб, немисларга ўхшаб натураллашиб (мослашиб – тарж.) кетаман. Бир сўз билан айтганда, ажойиб халқ экан, ва мен ҳар бир туркни севиб қолдим. Уларда қанчалар табиий олижаноблик, жасорат, одоб бор – ҳатто ўзимнинг малайлигимдан уялиб кетяпман. Тасаввур қилгин, уларда бизнинг энг катта кулфатимиз – ичкиликбозлик ва фоҳишабозлик йўқ… Кейин, уларда қари қизлар ҳам йўқ.

Сохта цивилизациямизни кўришга кўзим йўқ, мен турк бўла қоламан», - ажойиб рус ёзувчиси Дмитрий Мамин-Сибирякнинг қаҳрамонларидан бири, кўнгилли аскар Попов (ўртоқлари уни Пепко дейишади) Белград ҳарбий госпиталидан (№37-каравот) дўстига шундай деб мактуб ёзган эди. Асардаги воқеалар ўтган асрда Болқон ярим оролида содир бўлган ҳарбий тўқнашув пайтида юз беради. Ўшанда руслар серб ва болгарларни қўллаб-қувватлашни ўзларининг ватанпарварлик бурчлари деб ҳисоблаган эдилар.

 «У мендан ҳам кўпроқ қўрқяпти»

Мамин-Сибиряк «Пепконинг ҳаётига чизгилар» романини 1894 йилда тугаллади. Унда ибратли фикрлар, ажойиб кузатишлар, Россия пойтахтининг ижтимоий аҳлоқи, талабалар ҳаёти ва газета дунёсида ҳукм сурган тартиб-қоидаларнинг тавсифлари бор. Ва бу китобда жуда кўп… «меъёр»га тўғри келмайдиган, ноанъанавий жиҳатлар бор.

Масалан, Пепко бошидан кечирган саргузаштлардан бирини ва унинг шафқатсиз ниҳоясини шундай ҳикоя қилади:
«…Бир сафар рекогносцировка пайтида бир турк қишлоғига кириб қолдим. Сув сўраш учун бир уйга кирдим, қарасам - полда, гиламда кексайиб қолган, узун оппоқ соқолли бир турк чол Қуръон ўқиб ўтирибди. Бутун қишлоқ аҳли қочиб кетган, бу чол бўлса қолибди. Унинг менга қараган кўзларини ҳеч қачон унутмасам керак… Бирдан уялиб кетдим. Унинг кўзларида менга, менинг ҳарбий мундиримга, юзимдаги ифодага, кескин ҳаракатларимга нисбатан чуқур ва адолатли нафрат ўқидим.

Чол ўлимдан қўрқмас, мен эса бўрига дуч келиб қолиб, шартта думини қисиб қолган итга ўхшардим. Кейинроқ шу чолнинг ўлиб ётганини топишди, қани топ-чи, уни ким ўлдирган деб ўйлайсан? Биз Петербургдан кетаётганимизда қалпоқни деб жанжал қилган кўнгилли солдат эсингдами? Ана ўша ўлдирибди… Буни менга унинг ўзи айтди.

…Умуман, укагинам, сенга маслаҳатим, қаҳрамон бўлишни каллангдан чиқариб ташла, бу биринчидан, иккинчидан ва учинчидан, бу жуда зерикарли нарса. Жўхорипоянинг ичига ўтирғизиб қўйишади, жиннига ўхшаб ўша ерда ўтираверасан. Чунки кимдир у ерда ўтириши, кимдир кимнидир ўлдириши керак-да… Шуям қаҳрамонлик бўлдими: карамзорга беркинган қуёнга ўхшаб яшириниб юрсанг… Кўнглимни фақат ёнимдаги солдатим тинчитарди, чунки у мендан ҳам кўпроқ қўрқарди. Ана шундай қўрқиб юрганида ўша турк чолни ўлдирганини айтиб берди».

Бу кекса кишининг қўлида фақатгина Қуръон бор эди. Чол россиялик кўнгилли аскарларга икки оғиз сўз ҳам айта олмаган – у тил билмас эди. Лекин вазият очиқ-ойдин эди: мусулмон туркнинг ваҳимага тушишига ёки бировдан қўрқишига сабаб йўқ эди. У тинчгина ибодат қилар, Қуръон ўқиб ўтирар эди. Иймонли киши Аллоҳдан бошқа нарсадан қўрқмайди ахир.

Пепко чолнинг кўзларига қараб, ўзининг қурол кўтарганча югуриб, худди ўзи сингари одамларга қарата ўқ узиб юрганининг нақадар даҳшат эканлигини англаб етди. Унинг қалбини уят ва одам ўлдиришга нисбатан нафрат ҳисси чулғаб олди. Бироқ кекса турк халқдан чиққан «оддий» одамнинг қаҳрли иродасига кўра ҳалок бўлди. Қатлга сабаб бўлган нарса – чолнинг қўлида Қуръоннинг борлиги эди! Одамларни йўқ қилиш учун биргина ғояча эгаллаб олинса бўлди: «фақат менга ўхшаганларгина яшашга ҳаққи бор».

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмоннинг қони, жони, ор-номуси ва моли даҳлсиздир, деб васият қилган эдилар, бу васият асҳоби киромга, бутун умматга қарата айтилган эди. Бироқ, кўриб турганимиздек, яшашга, ор-номусининг поймол қилинмаслигига, молининг (агар ўғирланмаган ёки тортиб олинмаган бўлса) даҳлсиз бўлишига ҳар бир кишининг ҳаққи бор экан! Бу универсал қоида экан. Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияларнинг барчаси ҳам ана шу қадриятларга таянади, асосланади. Акс ҳолда катта-кичик зиддиятлар, урушлар юзага чиқиши муқаррардир.

Сатанистларга бегона мозорлар нима бўпти?

Шу йил июнь ойида Петрозаводск шаҳридаги Екатерина черковида бўлиб ўтган воқеани эшитган киши дарҳол жиддий тортиб қолиши турган гап. Бу черковнинг ёнида насронийларнинг, сал нарида эса яҳудийларнинг қабристони бор. Шу атрофда «ўйнаб» юрган бир гуруҳ ўсмирлар ярим тунда қабристонга кириб, қабрлар устига ўрнатилган ёдгорликларни қўпора бошлашган. Сўнг уларни черковнинг дарвозаси олдига келтириб ташлашган. Шу тариқа дарвозани тамбалаб қўйиб, сўнг ёғочдан ясалган бу бинога ўт қўйиш учун олов ёқа бошлашган. Улардан бири бу «экшн»ни (тўғрироғи - жиноятни) қўл телефонлида суратга олиб турган.
Йўловчилар хабар қилгач, тезда воқеа содир бўлган жойга милиция етиб келган. Ҳибсга олинганлар ўзларини сатанистлар деб таништиришган. Улар орасида ҳаммадан кўра фаолроқ ҳаракат қилаётган бир қиз эса энди ўн уч ёшга қадам қўйган экан. Қиз мактабни ҳам «ҳурмат қилмас» экан, яъни у ерга бормас экан. Мунтазам равишда уйга келмай, бир неча кунлаб «таралла бедод» қилиб йўқолиб кетар экан.
Ўтёқар-сатанистларнинг мафкураси биргина қоидани ҳосил қилади: улар Худога ибодат қилганни тан олишмайди. Бунинг устига, бошқа одамларда ибодатхоналар, муқаддас китоблар, диндошлар қабристони каби қадриятлар борлигига ҳам мутлақо тоқат қилишмайди.
Балки кимдир: «Ўн уч яшар қизалоқдан нимани ҳам кутиш мумкин, ахир у нима қилаётганини билмайди-ку!» - дейиши ҳам мумкин. Лекин бу гапга кўнгил қониқмайди. Бундай фикрлаш ҳар қандай қонунбузарликни, ҳатто қон тўкишни ҳам оқлашга олиб келиши мукмин. Нима учун Мамин-Сибирякнинг повестидаги солдат бегуноҳ, тинч аҳоли вакили бўлган туркни ўлдиради? Чунки ўзи қўрқоқ бўлса ҳам, қўлида қурол тутган ва «кофир»ларни кўр-кўрона ёмон кўрадиган одам қариянинг тақводорлига чидай олмаган!
Маънавий дунёда ҳар доим кураш боради. Зулмат Нурни тўсиб олишга уринади. Шайтон инсоннинг ниятлари ва амалларига даф қилади. Ёвуз кучлар ҳақ йўлдан тойдиради, шаҳватларга, улар орқали эса гуноҳларга, жиноятларга ундайди. Ҳақ иймон асосларидан тарбия олмаган, илоҳий амрлар ва тақиқлардан бехабар ўсган болалар турли ҳил шайтоний таъсирларга ғоятда мойил бўлиб қоладилар.
Қабристонларга зарар етказиш, беҳурмат қилиш, жамоат жойларини ифлослантириш ҳар қандай ёшда ҳам гуноҳдир, ҳаромдир. Худди ожиз, қарам кишиларга зулм қилиш ҳаром бўлганидек. Айниқса, бегуноҳ қон тўкиш ҳаром бўлганидек.

Маргиналлар: бу йўл қаердан қаерга олиб боради?

Яқин пайтларгача россиялик олий табақали сиёсатчилар фақат чуқур оҳ тортиб келишди:
Оҳ, бизда болалар ва ўсмирлар билан ишлашнинг аҳволи жуда хароб-да! Мактабнинг тарбиявий таъсири жуда заиф-да! Ота-оналарнинг болаларга эътибори сусайиб кетди, болалар катталарни ҳурмат қилмай қўйишди! Айни пайтда ҳар қандай ёшдагилар учун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳулқ-атвор, аҳлоқ меъёрларини сусайтириш учун қўлдан келган ҳамма иш қилиб келинди. Марҳамат, мана шундай оҳ тортиш сиёсатининг оқибатларидан бирини кўриб қўйинг: Россияда расмий равишда рўйхатга олинган наркоманларнинг сони 5 миллион кишидан ортиб кетди. Хўш, рўйхатга олинмаганлар нечта?
Маънавий маргиналлик деб аталадиган нарса чакана фалокат эмас. Бу - бугун бир гуруҳга илакишиб қолиш, эртага бошқасига кириб кетиш, индинига эса навбатдаги янги оқимни топиб олишдир.
Ўзлигинг қани? Иймоннинг асоси нима? Уни ўргандингми? Унга амал қиласанми?
Бу саволларга жавоб йўқми, демак, қаршингизда қандайдир оқим, йўналиш ёки сектага ружу қўйиш остонасидаги манқурт турибди, ҳарқалай, бу иймонли инсон эмас. Ҳақ йўл танитилмаган, иймонга мушарраф этилмаган шўрлик болалар, ўсмирлар қанчадан-қанча дейсиз!
Аллоҳ Таоло ҳар биримизни исломий фитратда яратган: инсоннинг табиатига нафақат биологик, балки маънавий тартиб-интизомга бўлган эҳтиёж ҳам сингдирилган. Бу ўғил-қизлар дискотекаларда рақс тушишлари, дарслардан қочишлари, ота-оналарига қўрслик қилишлари ва айни пайтда қандайдир олийжаноб мақомларни, шон-шуҳратни, шахсий ва ижтимоий камолот даражаларига етишни орзу қилишлари мумкин.

«Ожиз чироқ…»

Кўнгилчан дугоналарим туфайли қўлимга Авигея Бархоленконинг «Тунни ёритишга ожиз чироқ» деб аталган китобчаси тушиб қолди. Бу кучли, ҳаққоний насрий асар эди. Бу роман кутубхоналарда, китоб дўконларида доимий туришга, китобхонлар томонидан севиб ўқилишга муносиб эди. Афсуски, атиги 2000 нусхада чоп этилибди.
Ожиз чироқ тунлари бизга нур сочиб турибди. У қудратли Қуёш нурларини акс эттираётган бўлса ҳам, ҳар қалай меҳнат қилади, ўзининг муҳим вазифаларини адо этади. Агар Қуёш Ердан туриб қаралганда кўринмаса ҳам, барибир, биз Ойга қараб, ҳарорат ва ёруғликнинг бош манбаининг қудрати ҳақида тахмин қила олардик.
Инсон ҳаётида энг муҳим нарсани эътибордан қочириш, қаерга ва нимага интилиб яшаш кераклигини сезмай қолиш ҳоллари учрамайди дейсизми? Авигея Бархоленконинг қаҳрамони Луга ўтган асрнинг алғов-далғов 90-йиларида туғилган аёл. Унинг онаси вафот этади. Отанинг мотами узоққа чўзилмайди, у бир хонали квартирасига янги хотинини бошлаб келади. Ўсмир қиз ўзининг исёнкор қалбида ёнаётган норозиликни янги «она»га шафқатсиз қаршилик қилиш билан ифода этади. Ва… ёлғиз қолади. Бироқ, қиз уйда ёлғиз қолгани билан, ҳаётда ёлғиз қолмайди.
Қизнинг маънавий, руҳий таназзулга юз тутиши, гуноҳлар гирдобида қолиши, бегуноҳ қон тўкиши – даҳшатли ҳикоядир. Луша маст-аласт аҳволда орттириб олган ҳомиласини совуққонлик билан ўлимга маҳкум қилади «Яхшилаб, қаттиқ шамолласа, тирик қолмайди…» Ҳақиқатдан ҳам, кунлардан бир кун Луша уйга қайтганида йўргакланмаган чақалоғининг танаси жонсиз, муздек эди.
Чақалоқнинг ўлимида ўзини айблаётган Лушани руҳий касал деб ўйлаб, жиннихонага ётқизадилар. Унинг «ҳаёт мактаби» шу ерда бошланади. Касалхона бош врачи кимнинг қайси дард билан қанча вақт оғришини ўзи белгиларди. Шунингдек, бу эркак касалхонадаги бемор аёлларнинг қайси бири унинг кабинетига қайси пайт кириб, қанча вақт у ерда қолиб кетиши кераклигини ҳам ўзи ҳал қилади.
Ойналарга панжара ўрнатилган, йўлакларда санитар йигитлар, палаталарда эса «қулоқлар». Нажот йўқдек. Бу азобга чидашнинг, ҳақиқатдан ҳам ақлдан озиб қолмасликнинг йўли борми? Ўжар бемор қиз билан бош врач ўртасида тенгсиз олишув бошланади. Кароматларга, мўъжизаларга бой бу курашда кучлар тенг эмас эди. Шайтон бор макр-ҳийлаларини ишга солар, мағлубиятнинг кўланкаси тобора яқинлашиб келарди. Бироқ, Луша ҳам анойилардан эмас экан. Унга нима далда бўлди, у сабр-тоқат учун кучни қаердан олди?
Сабр – буюк неъматдир. Иймонли кишилар учун сабр қилиб яшаш – охиратда буюк ажр-мукофотлар олиш имкониятидир. Авигея Бархоленконинг қаҳрамонига келсак, замонавий рус насрий адабиётида ўз қадр-қийматини, ор-номусини ҳимоя қилиш мавзусининг бу қадар кучли баён қилинган асарни биринчи марта ўқишим. Қизни ҳалокатдан асраб қолган нарса – ҳақиқий тавба, афсус-надомат ва покланиш бўлди!
Касалхонадаги «меҳрибонлар» унинг қулоғига шайтоний фикрларни қуяр, «сенинг диагнозинг бор, ҳеч ким сени қотилликда айбламайди» деб шипшитар эдилар. Луша эса бу нажот қалъасидан, жиннихонадан қочиш йўлларини қидирарди. Қаёққа десангиз-чи! Йўқ! Луша терговда жавоб беришга ҳам, судланишга ҳам тайёр эди. Демак, у олдинда ўзини айблов ҳукми ва озодликдан маҳрум бўлиш муддати кутаётганлигини яхши биларди.
Уни ҳозир бошқа саволлар қийнарди: бегуноҳ қон билан бўялган виждонга таскин бериш мумкинми? Ўзининг ҳам, бировларнинг ҳам ёлғонига кўникиб кетган кишиларга ёлғон гапиришда давом этсинми? «Эл қатори», «ҳамма нима бўлса, мен ҳам шу» қабилида жимгина шу ерда юра турсинми ёки гуноҳига яраша жазони олсинми?
Агар инсон ўз олдига шундай саволлар қўяр экан, демак унинг бу зулматдан қутулиш, ҳақ йўлга қайтиш имконияти бор! Аллоҳ ҳаммасини кўриб турибди.
Романда ажойиб сатрлар бор. Уйда пишириқлар пишириш ҳақида: «Пироглар ёпинг, уйдан мазали овқат ҳиди келиб турсин. Эҳтимол, бу кимнидири қутқариб қолар». Қонун-қоидаларнинг кераклиги ҳақида: «Мумкин эмасми, демак мумкин эмас. Бундан буёғига қалтис қадам қўйиш мумкин эмас». Бу сўзлар Исломдаги ҳаддан ошмаслик тамойилларини эслатмаяптими? Ҳали йўқолиб кетмаган оналик ҳисси ҳақида: «У ҳалигача ўғилчасини қўлида кўтариб, уни аллалаб, қучиб, ўпаётгандек бўларди…»
Мамин-Сибиряк билан Авигея Бархоленко ўртасида юз йилдан ортиқроқ россия тарихи бор. Инқилоблар, урушлар, ислоҳотлар тўлқини бизни ўзимиз билан овора қилиб қўйиб, ҳаётнинг мағзи ҳақидаги фикрларни бўғиб қўймоқчи. Бардам бўлайлик.

Людмила Мишина

Абу Муслим таржимаси

back to top