Абу Бакр Аҳмад Мусаляр
- Written by Administrator

Ҳиндистоннинг Керала штатида сунний шофеъий мазҳаб уламоларининг йирик намояндаси, Ислом арбоби, етук аллома, воиз, адиб, мударрис, Бутунҳиндистон мусулмон уламолар уюшмасининг Бош котиби, Каликутдаги «Сунний маданият маркази»нинг асосчиси ва раиси, Кантапурам ёшлар уюшмасининг ҳомийси.
Абу Бакр Аҳмад Мусаляр 1931 йил 22 мартда Керала штати, Каликут шаҳрига қарашли Кантапурам қишлоғида туғилган. Дастлабки таълим-тарбияни ўз қишлоғида олган, кейин турли мадрасаларда шайх Абдулҳамид Мусаляр, Абу Бакр Кеттий Мусаляр, Зайнуддин Кеттий Мисляр ва Имбич Алий Мисляр каби улуғ олимлардан таҳсил олган. Кейин Темалдон вилоятининг Вилур шаҳридаги «Бақийятус-солиҳат» университетида шайх Ҳасан, шайх Абдулжаббор, шайх Меҳрон каби олимларнинг қўлида таҳсил олган.
Шайх Абу Бакр Аҳмад 1964 йилда диний илмлар бакалаври шаҳодатномасини олиб, сўнг Абу Ясин Муҳаммад Ийсо Фозоний, шайх Аҳмад Тоҳо ибн Алий Ҳаддод каби буюк араб олимлардан ҳам таҳсил олган. Шундан сўнг диний илмлар ҳалқасини ташкил қилиб, Олитилда олти йил, Каликалда етти йил дарс берган.
Шайх Абу Бакр Аҳмад 1978 йили «Сунний маданият маркази»ни таъсис этиб, 1981 йилгача Шариат факультетининг ректори лавозимида ишлаган. Шайх Абу Бакр Аҳмад ҳазратлари араб, урду, инглиз, тамил ва малаялам тилларида баракали ижод қилади. Бу улуғ олим «Исматул анбиё», «Ваҳдатул Ислам», «Иттибаъ ва ибтидаъ», «Риёзут толибин», «Изҳорул фараҳ вас-сурур би мийладин Набийюл-мабрур», «Сиясатул исламийя», «Таъзимул акобир ва иҳтиромуш шароиъ», «Ториқ ва тасаввуф» каби кўплаб китобларни таълиф қилган, газета ва журналларда Қуръон, Суннат, тарих, руҳий тарбия, аҳлоқ, фиқҳ ва бошқа кўплаб илмларга доир минглаб мақолалари чоп этилган.
Шайх Абу Бакр Аҳмад 1974 йилда Керала вилояти «Жамъийятул уламо»нинг маслаҳат мажлиси аъзоси, кейин бош котиби этиб тайинланган. 1975 йилда эса Керала вилоятидаги «Шабанул муслимин» жамъийясининг бош котиби, 1995 йилдан буён шу жамъийянинг бош раиси лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.