Чуқур таъзия изҳор қиламиз
- Written by Administrator
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчилармиз».
Бугун оммавий ахборот воситалари орқали Доғистондан узоқ йиллик қадрдон дўстимиз Илёс ҳожи Абдуллоҳ ўғлининг ҳалоқ бўлгани ҳақда машъум хабар келди. Бу мусибатнинг биз учун нечоғли оғир экани ёлғиз Аллоҳ таолога аёндир. Илёс ҳожи роҳимаҳуллоҳ билан Бухорода, Мир Араб мадрасасида бирган ўқиган кезларимизда танишиб, бир умрлик қадрдон бўлиб қолган эдик. У мадрасани тугатгач, таҳсилни Тошкентда давом эттирган, сўнг эса Миср Араб республикасидаги бутун дунёга машҳур ал-Азҳар дорилфунунини тамомлаган эди. Ватанига қайтгач, Илёс ҳожи Илёсов дастлабки кундан дин хизматида бўлди, эл-юрт ичида ўзига яраша ҳурмат-эътибор қозонди, кўплаб шогирдлар, муридлар етиштирди. У Доғистон ҳукумати раҳбарининг дин ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимида ҳам ишлади, сўнг масжидларда имомлик қилди. Илёс ҳожи Абдуллоҳ ўғли аҳли тариқатнинг йирик намоёндаларидан бири эди, ўз халқи орасида, ўзи яшаб турган жамиятда Ислом таълимотини таратиш, зиё, маърифат тарқатиш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган забардаст олим эди.
Биз марҳум Илёс ҳожи билан қалин дўст эдик, оилавий борди-келдимиз бор эди. У ўзбек тилини яхши билар, динимизнинг таълимотларини ўз она тили – қумиқ тилига таржима қилиб, халқига тақдим этиб келар эди. Жумладан, Илёс ҳожи Илёсов «Тафсири Ҳилол» китобимизни илк бор «Қуръон нури» деган ном остида қумиқ тилига таржима қилиб, чоп эттирган эди. Яқинда эса «Ҳадис ва ҳаёт» туркумига оид «Оламларга раҳмат пайғамбар» китобимизни ҳам таржима қилиб, чоп этишга топширганини мамнуният билан хабар қилган эди. Афсуски, бу китобнинг нашрини кўриш унга насиб бўлмади. Меҳрибон Роббимиз бу манфаатли илмлардан ҳосил бўлган ажру савоблардан марҳум биродаримизни у дунёда баҳраманд айласин!
Аллоҳ таолодан марҳум биродаримиз, ҳамкасабамиз, сафдошимиз, дўстимиз Илёс ҳожининг барча хайрли амалларини ўзига ҳамроҳ айлаб, охиратини обод этишини, ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат этишини кўзларда ёш ила илтижо қилиб сўраб қоламиз.
Таъзиямизнинг якунида юртимиз ва бутун дунё мусулмонлари номидан, ўзим ва оилам номидан Илёсов Илёс ҳожи Абдуллоҳ ўғлининг ҳаётдан кўз юмгани муносабати билан бутун Доғистон халқига, жумладан, марҳумнинг қариндош-уруғлари, яқинлари, сафдошлари ва шогирдларига, хусусан, оила аъзоларига, рафиқаси Умму Лайло ҳожия хонимга, қизлари Шарифат хонимга, ўғиллари Валиюллоҳ, Қурбон ва Абдуллоҳларга чуқур таъзия изҳор этамиз. Аллоҳ таоло бу мусибатзадаларга сабру жамил ато айласин, марҳум дўстимизнинг гуноҳларини мағфират қилсин, жойини Фирдавс жаннатларидан қилсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф



