Халқаро мусулмон форумидаги Шайх ҳазратларининг маърузалари (видео)

Халқаро мусулмон форумидаги Шайх ҳазратларининг маърузалари (видео)

Москвада “Диннинг вазифаси ва диндорларнинг замонавий чақириқлар олдидаги масъулияти” номли ўнинчи Халқаро мусулмон форуми очилди. Конференция Россия Федерацияси Мусулмонлар диний идорасининг раиси шайх Равил Ғайнутдиннинг нутқи билан бошланди. У ўз нутқида форум иштирокчиларини қутлаб, уларга миннатдорлик изҳор қилди.

Россия муфтийлар кенгашининг матбуот хизмати Равил Гайнутдиннинг сўзларидан иқтибос келтирган: “Ҳозирги дунёда диннинг вазифаси ва конфессионал ташкилотларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бизнинг вазифамиз – бундай ўсишни сон кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўзгартириш, токи диний ташкилотлар ва арбоблар ижтимоий муаммоларни муваффақиятли тарзда ҳал қила олишсин, ибодат қилувчиларимизнинг фуқаровий фаоллиги ижобий йўналишда бўлсин, тинчлик ва яхши қўшничилик алоқалари ҳаётимизнинг доимий воқеълигига айлансин”.
Форумнинг бугунги ишида “Иброҳимий динларнинг маънавий-руҳий қадриятлари ва тамаддуний тараққиётнинг Евроосиё йўналиши”, “Евроосиё интеграцияси ва Ислом дунёси: мусулмонларнинг масъулияти ва салоҳияти”, “Жамиятнинг барқарор тараққиёти учун давлат ва диний уюшмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги” мавзуларида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.
Форум ишининг биринчи кунида Мусулмон уламоларининг халқаро иттифоқи (Доҳа, Қатар) бош котиби шайх Али Муҳиддин ал-Қорадоғий; Черков ва жамият алоқалари бўйича синодал бўлимнинг раиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Диний уюшмалар билан ўзаро алоқа бўйича кенгаш (Москва, Россия) аъзоси Всеволод Чаплин; шунингдек, Ўзбекистондан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва кўплаб бошқа иштирокчилар чиқиш қилдилар.

 

back to top