Шайх ҳазратларининг Ҳиндистон сафари (2)

Шайх ҳазратларининг Ҳиндистон сафари (2)

Йигирманчи декабр куни Ҳиндистоннинг Керала вилоятида бўлаётган мусулмонларни тантаналари давом этди. Куннинг биринчи ярмида сунний маданият исломий университетининг мажлислар залида чет элдан келган меҳмон уламоларни иштирокида кенг миқиёсли давра суҳбати бўлди. Суҳбат “Мустамлакачилик сиёсати қолдирган салбий оқибатлар ва уларни мусулмонлар қандай муолажа қилиши керак” деган мазмунда бўлди.

Бу борада таклиф билан бу диёрнинг мусулмонларининг раҳбари шайх Абу Бакр Аҳмад жанобларининг ноиблари чиқиб сўз сўзладилар. Ўз фикрларини билдирганларидан сўнг бошқа уламоларни ҳам суҳбатга тортиб, дастлаб шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига сўз берди. У киши ўз сўзларида мустамлакачилик сиёсати мўмин-мусулмонлар диёрларида ва ҳаётларида қолдирган салбий таъсирлар тўғрисида сўз юритиб уларни муолажа қилиш барча мусулмонларнинг вазифаси эканлиги, асосан мусулмон уламолар бу борада фидокорлик кўрсатишлари кераклиги, ислом ҳақиқатларини Расули акрам алайҳис солату васалламга қандай нозил бўлган бўлса шу тарзда халққа тушунтириш, ислом дини ҳам инсоннинг руҳини ҳам жисмини тарбия қилиш, юксак даражаларга олиб чиқиш, икки дунёнинг бахтига саодатига мушарраф қиладиган амалларга чорлаш учун Аллоҳ таоло тарафидан ҳидоят маёғи қилиб юборилганлиги ва бу ишларда албатта мўъмин мусулмонлар қадимдан доимо улкан хизматларни қилиб келганликлари, ҳозирда эса турлик сабабларга кўра бу борада бир оз оқсашлик бўлаётганлиги, лекин у ҳам аста секин барҳам топиши мумкинлиги тўғрисида сўз юритдилар. Сўнг сўз олган бошқа уламолар ҳам ушбу фикрларни қўллаб-қувватлаб гапириб, ўзларининг юртларидаги нозик тарафларни баён қилишга ўтишди. Кўпчилик мана шу борада ўзларига мезбон бўлиб турган Ҳиндистоннинг Керала вилоятидаги маҳаллий тилда “Кажикуд” деб аталадиган, “Каликут” шаҳри мусулмонлари ва уларни раҳбарлари Абу Бакр Аҳмад жаноблари ўрнак бўла олишларини айтиб ўтишди. Чунки бу ердаги мусулмон раҳбар етакчилигида мўмин-мусулмонлар, ўзларининг маданиятлари ва илмларинг турли соҳаларини эгаллаш борасидаги қилаяпган саъй-ҳаракатларини кўпчилик кўриб билиб, юксак баҳолаяпганларини эслаб ўтишди. 
Кечки пайт эса “Шайх Зойид” тинчлик анжумани деган тадбир бўлиб ўтди.  Бу анжуманга жуда кўп ҳалқ йиғилди. Анжуманда иштирок этиш учун Керала вилоятининг ҳокими, бош вазири, бир қанча парламент аъзолари ва вазирлар келишди. Уларнинг кўпчилиги мусулмон динига мансуб бўлмаган кишилар. Жумладан бош вазир, парламентнинг раҳбари ва бошқалар ҳам. Ичларида вазирларнинг бир иккитасигина мусулмон эдилар. Улар мусулмонларнинг ҳурматидан келиб уларнинг байрамида иштирок этаётганлари ҳаммага маълум қилинди. Сўз олганлар Бирлашган Араб Давлатининг марҳум раиси шайх Зойидни эслаб ҳақларига дуо қилиб, у одам хайр эҳсон қилиш, фақир-фуқаролар, етим-есирларга  ва кўпгина яхши ишларга ҳомийлик қилиш билан ном чиқаргани, доим тинчлик омонлик учун иш олиб борганини эслаш билан бирга, умумий тинчлик ҳақида, бугунги тантаналарни мезбонларини олиб бораётган фаолиятлари ҳақида, яна кўп турли мавзулар бўйича сўз юритдилар. Ва бир бирларини табрикладилар. Бу мажлис узоқ давом этди. Жуда кўп яхши илиқ сўзлар айтилди. Эсдалик совғалари берилди. Жумладан жумҳур ҳузурида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ҳалқимизни усталари томонидан ясалган чиройли совғани бу ердаги мусулмонларнинг  раҳбари фазилатли шайх Абу Бакр Аҳмад жанобларига топширдилар. Кейинроқ у кишининг ўғиллари, университетнинг ректори ва оталарининг ноиблари бўлган шайх доктор Абдулҳакимга ҳам совғани топширдилар. Бу тантаналар кўпчиликни таҳсинига сазовор бўлди. Эртага йигирма биринчи куни асосий маросимлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ҳамма ана ўша маросимларга таёргарлик кўрмоқда.

 

back to top