Германия элчисининг ташрифи

Германия элчисининг ташрифи

 

 

 

10 февраль куни Германиянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг зиёратига ташриф буюрди.

Суҳбат самимий ва илиқ кайфиятда ўтди. Элчи жаноблари самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, шайх ҳазратлари билан танишиш шарафидан хурсанд эканини айтди. Жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига ўзини қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат қилди.
Жумладан, элчи жаноблари сўнгги йилларда Ислом оламида юз бераётган ташвишли воқеаларни эсга олиб, ана шундай таҳликали даврда Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорликка қандай омиллар сабаб бўлгани кўпчиликни қизиқтираётганини айтди. 
Шайх ҳазратлари ўз жавобларида бу неъматлар Аллоҳнинг раҳмати эканлигини айтиб, халқимиз ҳақ дин, пок ақийда туфайли бунга сазовор бўлганини айтдилар, ўлкамиз халқлари Қуръон ва суннатга асосланган аҳли сунна ва жамоа мазҳаби экани, ақийдада мотуридия мазҳаби, фиқҳда имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳанафий мазҳабига эргашишини, бу эса бутун Ислом олами эътироф этган ҳақ мазҳаблар эканини маълум қилдилар. Шайх ҳазратлари ўз жавобларида Ислом дини иймон-эътиқодга, маърифатга, кенгбағирлик ва биродарликка чақиришини, ихтилоф ва фирқачиликни қоралашини таъкидлаб, ҳақ динга эътиқод қилган, унинг илоҳий кўрсатмаларига ихлос билан амал қилган халқлар ҳар қандай салбий таъсирлардан, залолатдан омонда бўлишини айтдилар. 
Жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг кенг халқ оммаси диний таълимотларни қандай манбалардан олиши, қўшни мамлакатларда авж олаётган ихтилофлар бизнинг юртимизда қандай бартараф қилинаётгани ҳақида ҳам савол берди. Шайх ҳазратлари бу саволга жавобан халқимизнинг азалдан илм-маърифат борасида пешқадам бўлганини айтиб, дунёга машҳур Ислом уламоларининг жуда кўпчилиги бизнинг ватандошимиз эканини фахр билан таъкидладилар. Шунингдек, ХХ асрдаги истибдод оқибатида нафақат диний таълим ва адабиётлардан, балки тилидан, ҳатто ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлиб қолган мусулмон халқимиз Аллоҳ таолонинг инояти ила истиқлолга эришиб, яна ўзининг азалий қадриятларини тиклаш йўлида экани, ўтган қисқа давр ичида диний таълим ҳам, диний адабиётимиз ҳам яна қайта ривожланиб бораётгани ҳақида гапириб ўтдилар ва бунга «Ҳилол-нашр» нашриётининг фаолиятини мисол қилиб келтирдилар. 
Элчи жаноблари суҳбат ниҳоясида жавоблар ғоятда қониқарли бўлганини изҳор қилди. Ўз навбатида шайх ҳазратлари ҳам жаноб элчининг ташрифидан мамнун эканликларини изҳор қилдилар. 
Шайх ҳазратлари меҳмонга нашриётимизда чоп этилган китоблардан бир қанчасини ҳадя қилиш ниятини билдирди. Элчи жаноблари бу китобларни сотиб олишини айтди ва рус тилида чоп этилган «Ийман. Ислам. Куръан», «Васатыя – путь жизни» китобларини ҳамда «Тафсир Хилал» ва «Хадисы и Жизнь» туркумидан чоп этилган китобларни сотиб олди, агар маъқул топилса, баъзи китобларни немис тилига таржима қилишни ҳам ўйлаб кўришни таъкидлади. 
Жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг суҳбат сўнгида икки томонлама манфаатли бундай учрашувларни келгусида ҳам давом эттириш ниятини билдириб, меҳмондорчилик учун ташаккур айтиб, шайх ҳазратлари билан хайрлашди.

 

 

 

back to top