Янги китоблар тақдимоти
Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси томонидан чоп этилган, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Очиқ хат» ҳамда «Кексаларни эъзозлаш» деб номланган китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимига «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси ижодий гуруҳи, босмахона раҳбарлари, Ислом.уз портали ходимлари ҳамда бошқа муҳтарам меҳмонлар ҳозир бўлишди. «Тўхтабой» жомеъ масжиди имомининг ноиби Ҳасанхон Яҳё тақдимот маросимини очиб бериб, муқаддима учун сўзни шайх ҳазратларига берди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳамду сано ва салавотлардан сўнг нафақат Ислом оламининг, балки бутун инсониятнинг бугунги кундаги энг долзарб муаммоси бўлиб турган Яқин Шарқдаги хунрезлик, биродаркушлик урушлари ҳақида сўзладилар. Жумладан, ҳозирги кунда Ислом умматининг мисли кўрилмаган даражада ихтилоф ва зиддиятлар ботқоғига ботиб қолгани, бу аянчли аҳволнинг сабаблари ҳақида, мусулмон уламолар бу оғир дамда вазиятга холис ва тўғри баҳо бериб, келажак олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирилди.
Шайх ҳазратлари бугун китобхонларга тақдим қилинаётган ушбу китобларнинг ўзига хос ёзилиш тарихи борлиги, уларнинг ҳар бири давр тақозосидан келиб чиққан ҳолда дунёга келгани ҳақида сўз юритдилар. Хусусан, Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг пойтахти Аммон шаҳрида ташкил этилган «Оли Байт муассасаси Қироллик Академияси» томонидан академиянинг барча аъзоларига мурожаат қилиниб, ўзини «Ироқ ва Шомдаги ислом давлати» деб номлаб олган уюшманинг кирдикорларига холис илмий муносабат билдириш ва уларга раддия бериб, очиқ хат билан мурожаат қилиш таклиф қилингани ҳақида айтиб ўтилди. Очиқ хат матни тайёр бўлгач, унга Ислом оламининг энг мўътабар, энг нуфузли дин ва давлат арбоблари, уламолар, жамоатчилик вакиллари имзо чеккани ва академиянинг барча аъзоларига тарқатилган, шундан сўнг матн ўзбек тилига таржима қилиниб, ислом.уз порталига жойлаштирилган. Дунё уламоларининг очиқ хати порталнинг минглаб мухлислари томонидан қизғин кутиб олингач, ушбу хатни бир китоб шаклида чоп этиш ҳақида кўплаб таклифлар тушди. Ана шу таклифларни инобатга олган ҳолда китоб ёзишга киришилди.
Шайх ҳазратлари очиқ хат матнини ўзбек халқига тақдим қилишдан аввал бугунги кунда Ислом динига, мусулмонларга нисбат берилаётган терроризм, экстремизм каби тушунчаларнинг асл моҳияти, тарихи, келиб чиқиши ҳақида, бугунги кунда исламофобия деб аталган кенг кўламли ахборот урушининг мақсади, унинг ҳомийлари ва тарафдорлари ҳақида, бу ва бунга ўхшаш адашган оқим ва гуруҳларнинг тарихи ҳақида китобхонлар учун шомил ва комил муқаддима берилгани ҳақида сўзлаб, сўнг навбатни «Очиқ ҳат» китобининг тақдимотига бердилар.
«Очиқ ҳат» китобининг тақдимоти бўйича Аброр Мухтор Алий сўзга чиқиб, бугунги кунда Ислом оламида юз бераётган мудҳиш воқеаларга аввало илмсизлик, уламоларни ҳурмат қилмаслик, динимизни яхши билмаслик ёки уни бир ёқлама ўрганиш каби иллатлар сабаблигини айтиб ўтди ва «Очиқ хат» китоби ғоятда долзарб муаммога бағишлангани, бугунги кунда мусулмонларни, айниқса ёшларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш ишига улкан ҳисса бўлгани, Исломни ёмонотлиқ қилишга беҳуда уринаётган қора кучларга қақшатқич зарба бўлганини таъкидлаб, ушбу китобнинг ҳар бир хонадонда, ҳар бир оилада ўқилишини тавсия қилди.
Шундан сўнг «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси бош муҳаррири Эркин Малик сўзга чиқиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Кексаларни эъзозлаш» китобини кенг китобхонлар оммасига таништирди. Халқимизнинг минг йиллик анъаналарига, миллий қадриятларига мувофиқ ҳолда 2015 йилнинг юртимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиниши муқаддас Ислом динимизнинг таълимотлари истиқлол шарофати билан давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизни қувонтиради. Эркин Малик ҳаётни икки қирғоқ – болалик ва кексалик соҳиллари ўртасида оқувчи дарёга ўхшатиб, халқимиз бу икки соҳил вакилларини – болалар ва кексаларни азалдан эъзозлагани, иззат-икром қилиб келгани ҳақида сўзладилар. Муҳтарам шайх ҳазратларининг ҳозиржавоблик билан ушбу мавзуга оид китоб таълиф қилганлари кексаларни ҳурматлаш, катта авлодни эҳтиром қилиш ҳақида Ислом таълимотида нима дейилганини, динимизда бу борада қандай кўрсатмалар борлигини халққа етказиб қўйишдан иборатдир. Эркин Малик ушбу китоб ҳам барча таълим муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, ҳар бир хонадонда бўлиши зарурлигини таъкидлаб, ҳаммани уни диққат билан ўқишга, ундаги кўрсатмаларга амал қилиб, кекса авлодни эъзозлашга ва битмас-туганмас ажру савобларга сазовор бўлишга чақирди.
Тақдимот сўнгида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу китобларнинг чоп этилишида хизмат қилган барча ижодий ходимларга ва босмахона меҳнат жамоасига ташаккур айтиб, мазкур китобларни ўқиган азизларимиздан уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишни илтимос қилдилар.
Тақдимот маросими шайх ҳазратларининг дуолари билан хотима топди.



