Муфтий қаҳрамон ёш муслимани муносиб эътироф этди
Куни кеча Саратов вилояти мусулмонлари бош муфтийси ва диний уламолари Энгельс шаҳридаги жоме масжид қошидаги мадраса толибаси, қаҳрамонларча икки болани қутқарган қизчанинг уйига ташриф буюришди.
Эслатиб ўтамиз, 10 февраль куни Альфия Тожибоева мардонавор ҳаракат қилиб, етти яшар Даря ва унинг укаси олти яшар укаси Михаилни Волга дарёсидаги муз остига чўкиб кетишдан қутқариб қолганди. Ёш муслима қиз ўйлаб ўтирмасдан, болаларга ёрдам бериш мақсадидаўзини сувга отади. У муз парчасига орқасига тираб, Даряга шундай имконият яратадики, қизча унинг устидан ўрмалаб соҳилга чиқишга муваффақ бўлади. Жуда катта қийинчилик билан Михаилни ҳам қутқарди-да, ўзи ҳолдан тойиб йиқилади. Сал қолса ўзи ҳам нобуд бўлар эди.
Шу боис Альфия Тожибоева бир неча кун шифохонада даволанишига тўғри келади. Бу вақт мобайнида уни бронхитга чалинишдан даволашади.
Шу муносабат билан куни кеча Тожибоевлар хонадонига Саратов вилоятининг муфтиси Муқаддас ҳазрат Бибарсов, ижтимоий алоқалар бўйича муфти ўринбосари, жамоат палатаси аъзоси Ахмед хожи Махметов, Энгельс шаҳар жоме масжиди қошидаги мадраса муаллими Энвер хожи Тугушев, вилоят фаоллари ва “Ислом мозаиклари” тасвирга олиш гуруҳи аъзолари ташриф буюришди. Муқаддас ҳазрат Альфияни ўта раҳмдил ва масъулиятли қиз бўлганиги учун унга чуқур миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у киши қизнинг онаси Альбинага ана шундай жасур қизни тўғри тарбиялаб вояга етказгани учун ташаккур изҳор этди. Оиладаги болаларга ширинликлар ва эсдалик учун турли совғалар инъом этилди. Масжидда йиғилган маблағдан 20 минг рубль миннатдорчилик тариқасида тақдим этилди.
Қаҳрамон қиз меҳмонларга воқеанинг аслида қандай бўлганлигини, оғиз вазиятда ўзини қандай тутганлигини ҳикоя қилиб берди. 10 ёшли қизча ўзининг бу ишини камтарлик ила арзимас иш, деб баҳоларкан шундай деди: “Парвардигор болаларни менинг қўлларим орқали қутқарди”.
Мадраса муаллимининг таъкидлашича, Альфия болалигиданоқ масжидга қадам ранжида қилган, ўз дини аҳкомларини ўрганаётир ва Қуръон ўқишни канда қилмайди. “У намунали ўқувчилардан бири. Альфия — жасур ва фаҳм-фаросатли қиз”, — дейди муаллим Энвер хожи. Унинг айтишича, Альфия 2013 йилда болалар ўртасида Қуръон ўқиш бўйича ғолиб бўлган. Ёш қизчанинг қаҳрамонлиги одамларни бефарқ қолдирмади, албатта. Онасининг таъкидлашича, кўчада қизчани учратган бегона киши борки унга ташаккур билдириб ўтаркан. Бир қанча бағрикенг инсонлар эса оилага моддий кўмак бўлади деган мақсадда уларга пул ва бошқа молиявий кўмак беришган. Айни дамда Альфиянинг хонасини бир неча кўнгилли таъмирлашаяпти.
Сарвар Анвар ўғли тайёрлади



