АШУРО КУНИДА БАЖАРИЛАДИГАН АМАЛЛАР

АШУРО КУНИДА БАЖАРИЛАДИГАН АМАЛЛАР

 Ашуро кунида қодир бўлган одам рўза тутади. Рўза тутишга қодир бўлмасак, аҳли оиламизга кенгчилик қилиш имкони бор. Шундай қилсак, оиламизга бир йил кенгчилик қилган бўламиз, чунки Аллоҳ ризқимизга тўлиқ бир йиллик кенгчилик беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан арафа куни рўза тутиш ҳақида сўрашди.

У зот: «У олдинги ва кейинги гуноҳларга каффорат бўлади», дедилар. Сўнгра Ашуро куни рўзаси ҳақида сўрашди. Шунда у зот: «Ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлади», дедилар (Имом Муслим ривоят қилган). 

Ушбу кунда қилинадиган амаллар – зикр, дуо, Қуръон тиловат қилиш, садақа қилиш ва имкон қадар барча савобли ишлар билан шуғулланиш.

Бу кунда қилинадиган энг муҳим амаллардан бири аҳли оила билан жамланиб ўтиришдир. Фатво кенгаши раиси шайх Атийя Сақор «Ашуро кунини қандай нишонлайлик?», «Мавлидун-Набийни қандай нишонлайлик?» ва «Ҳижрий сана бошланишини қандай нишонлайлик?» каби саволларга шундай жавоб берар эканлар: «Биродарларим, биз ҳозир одамлар динимиздан йироқлашиб, дунёга шўнғиб кетган замонда яшаяпмиз. Сизлар айтаётган бу каби муносабатлар одамларни Исломга қайтишга ва унинг моҳиятини англашга ундайди». 

Демак, биз ҳам бундай муҳим кунларга алоҳида эътибор қаратишимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунларда нима қилган бўлсалар, биз ҳам шундай қилишимиз керак бўлади. Шунда жуда кўп манфаатларга эришамиз. Биз билмайдиган жуда кўп сир-саноатлар бор, лекин биз шариатга эргашиб, намозларни ўз вақтида жамоат билан ўқисак, беҳисоб ажрларга эга бўлиш билан бирга руҳий хотиржамлик, роҳат, саодат ва буюк ҳиммат соҳибига айланамиз.

Ашуро кунининг рўзасини ғанимат билайлик. Рўза тутишга қодир бўлмаганларимиз зикр, Қуръон ўқиш ёки тинглаш ва аҳли оилага кенгчилик қилиш каби савобли ишлар билан машғул бўлишсин. Рўза тутганларимиз ифторликни кўча-кўйда эмас, балки аҳли оиласи даврасида ўтказишга уринишлари керак. 

Аллоҳ таоло бу муборак кунларда тутадиган рўзаларимиз ва қиладиган хайрли ишларимизни ҳусни қабул айласин. Омин!

Доктор Алий Жумъа мақоласи асосида

 Мирҳамидов Акмал тайёрлади

 

 

 

 

back to top