Ислом ва профессионаллик: камолот сари
Мусулмонлар фаравон ҳаёт йўлидаги рақобат ва тинимсиз давом этаётган тараққиёт кураши дунёсида меҳнатнинг исломий одоблари ҳамда профессионаллик ҳақида ўзларига кўп эслатиб туришлари керак. Диндошларимиз барча пайғамбарларнинг суннатларига қайтиши ва ўз соҳасининг устаси бўлишлари шарт.
Ҳозирги дунёда, профессионаллик ёки мансаб пиллапояларида юксак мувофаққиятлар ҳақида ўйлар эканмиз, кўз олдимизга биринчи навбатда японлар, Америка ва Ғарбий Европа халқларининг меҳнат интизоми келади. Албатта, биз ўша халқлардан ўзимизга керакли ва фойдали бирон бир нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Сабаби, биз ўз ишимизга профессионал муносабатда бўлишимиз, меҳнатнинг сифати ва ишлардаги муваффақият Исломдаги муҳим иккита асос эканини асло унутмаслигимиз керак.
Ислом, бу - амал динидир. Қуръони каримда иймон сўзи билан доим “солиҳ амаллар” сўзи бирга келади. Қуръони каримда доим такрор бўладиган “аману ва амилу солиҳат” (иймон келтириб, солиҳ амал қиладиганлар) сўз маъносини кўпчилигимиз яхши биламиз.
Қуръони каримда амал сўзи 360 ўринда зикр қилинган, унинг синоними фиъл эса, 109 марта такрорланган. “Амал” сўзининг Қуръонда ва ҳадис шарифларда тез-тез учраши ҳар мўминнинг фаол ҳаёт тарзига эга бўлиши зарурлигини кўрсатади. Фаолсизлик ва дангасалик билан Аллоҳ таоло тарафидан барака кутишни Ислом танқид қилади. Аҳён-аҳёнда баъзи оддий расм-русумларни бажариб қўйиб, бошқа пайт телевизор кўриб ёки ошна-оғайнилари ё қариндош-уруғлари билан ғийбатлашиб, вақтини беҳуда сарфлайдиган мусулмонлардан Аллоҳ рози бўлиши амри маҳол.
Бошқача сўз билан айтганда, Ислом таълимотида мусулмонлар на ўзига ва на жамиятига бирон бир фойда келтирмасдан баъзи ибодатларни адо қилиб қўйиш билан кифояланмайди. Асло, Исломда ҳақиқий иймон билан холис амалларни ажратиб бўлмайди. Ислом Аллоҳ таоло тарафидан ато қилинадиган фаравон ҳаёт учун интилиш, тиришқоқлик ва ғайратли бўлишни тарғиб қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: “Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ. Ва, албатта, унинг қилмиши тезда кўринар. Сўнгра жазо ёки мукофоти тўлиқ берилар», деб. («Нажм» сураси, 39-41-оятлар)
Имоми Ғаззолий ўзининг “Иҳёу улумуддин” китобида қуйидаги ривоятларни келтиради: “Бир кун Пайғамбар Исо алайҳиссалом ўзини Аллоҳнинг ибодатига бағишлаган одамни кўрдилар ва ундан қандай тирикчилик қилаётгани ҳақида сўрадилар. Бу одам акаси ишлашини ва уни боқаётганини айтди. Шунда Исо алайҳиссалом шундай дедилар: "Аканг сендан кўра тақводорроқ экан".
Ғаззолий яна Умар Хаттобнинг сўзларини мисол қилади: Умар ибн Хаттоб айтдилар: "Сизлардан ҳеч бирингиз меҳнат қилмаса ҳам, дуо уни қутқариб қолаверади, деб уйламасин! Зеро тилла ҳам, кумуш хам осмондан ёмғир каби ёғмайди".
Қийин ишлар масаласига келсак, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ишда ҳам энг гўзал намуна ва ўрнак эдилар. Саҳиҳ ҳадисларда у зотнинг Аллоҳ таолога дангасалик ва бекорчиликдан паноҳ сўраб дуо қилганликлари ривоя қилинган.
Маълумки, пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳали Аллоҳнинг расули бўлмасдан олдинлари ҳам меҳнатсеварлиги ва аминлигини билан танилган эди. Бу унга иш берувчи Ҳадичанинг унга бўлган ҳурматини оширди, кейин эса турмуш қуришни таклиф қилишларига ҳам сабаб бўлдилар.
Ислом нафақат меҳнат ва фаол ҳаёт кечиришга тарғиб қилади. Балки у бажарилаётган ишларимизни имкони борича чиройли адо қилишимиз кераклигини таъкидлайди. Ислом комилликка бўлган интилишларни қўллаб-қувватлайди.
Ислом бизга нафақат солиҳ амаллар қилишимизни тавсия қилади, балки у буйруқ оҳангида (директив формада) яхшилик қилишимиз ҳамда солиҳ амалларимизни кўпайтиришимиз лозимлигини уқтиради.
“Яхшиликка шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Бас, ўшанда ихтилоф қилган нарсаларингиз ҳақида хабар берур.” (“Моида” сураси, 48-оят)
Исломнинг ишдаги ғайратга бўлган эътиборини ҳисобга оладиган бўлсак, профессионаллик бу дунёда биз учун мажбурият бўлиши керак. Биз мусулмонлар, Аллоҳ таоло тарафидан яралган махлуқот бўлганимиз учун ҳаётимизнинг барча соҳаларида шариат жоиз деган барча касблар билан шуғулланишимиз ва исломий қадриятлар чегарасидан чиқмасдан муваффақиятга эришишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Исломдан узоқ бўлган ҳозирги даврнинг ноисломий тушунчасида профессионалик аксар ҳолатларда керак вақтда ёлғон сўзлаш, ҳақиқатни яшириш, баъзи касбларда мижозларни овлаш учун авратларни очишни талаб қилади. Исломга бегона бўлган қарашларга кўра, профессионаллик эгоистик манфаатлар учун хизмат қилиб, унда на ахлоқ на ҳалоллик бўлади.
Исломий қадриятлардан маҳрум жамиятларда одамлар ўз касблари орқали шуҳрат ёки бойлик ортидан қувиш билан меҳнатда муваффақиятлар қазониши мумкин. Қуръони карим бундай меҳнат ва проффессионалликни тўғри йўлдан тойган, калтабин, нотўғри мақсад сари йўналган дейди. Аллоҳ таоло айтади:
“Сен: «Сизга амаллари юзасидан энг зиёнкорларнинг хабарини берайми? Улар бу дунё ҳаётидаёқ сайъи-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса, гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдиганлардир», дегин”. (“Қаҳф” сураси, 103-104-оятлар)
Агар биз ниятни тўғри қилсак ва Аллоҳ рози бўладиган ишларда муваффақият қозонсак профессионаллик ҳамда меҳнатларимиз охират дунёсида нажотимизга сабаб бўлиши мумкин, Инша Аллоҳ.
Келинглар ҳаракатларимиз Қуръони каримда зикр қилинган “солиҳ амаллар” ва “эҳсон” тушунчаларига мос келсин.
Onislam маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



