Ҳирс салтанати ёхуд порнократия

Ҳирс салтанати ёхуд порнократия

“Айтинг-чи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эсламайсизларми?!” (Жосия сураси, 23)

 Муаммони белгилаш

Глобализация ва илмий-техник тараққиёт асрида дунё кўпинча унчалик аҳамият берилавермайдиган катта муаммога дуч келди. Аксар ёшлар Интернетга бемалол кира олади, турли хил мобил ускуналарга эга, булар эса ўз ўрнида уларнинг эртами ё кеч порнографик материалларга дуч келиш эҳтимолини кучайтиради.
Бу ерда нафс – шаҳвоний ҳирснинг инсонларнинг ақли ва жони устидан ҳукмрон бўлиши ҳақида гап кетмоқда. Деярли барча мамлакатларда бу қабоҳатнинг озми кўпми қандайдир маълум кўриншлари бор. Бу мақоламизда асосан Ислом олами ва бу оламдан ташқарида бўлган мусулмон жамоатларига диққат-эътибор қаратамиз.
Инсон онги устидан ҳукмрон бўган ҳирс салтанатининг энг ёрқин кўринишларидан бири бу – порнократиядир. Бу истилоҳ инсоннинг порнографик материалларни кўришга бўлган иштиёқи ёки ўз шаҳвоний ҳирсларини ноқонуний (ахлоқ-одоб маъносида) йўллар билан қондириши, деган мазмунни ифода этади.
 Шаҳвоний майл вақт ўтиши билан инсон ва унинг руҳияти устидан ҳукмронликка эришгани учун ҳам бу масалада порнократия (ҳирс салтанати) истилоҳини қўллаш тўғридир. Тарихий адабиётларда фоҳиша (суюқоёқ) аёллларнинг папаларга катта таъсир ўтказган даврига нисбатан ҳам мазкур истилоҳ қўлланилганини айтиб ўтиш ўринлидир.
Хуллас, моҳиятан олиб қараганда, айнан бу ҳолатда гап ҳирснинг онгга ҳукмрон бўлгани ҳақидадир ва бу ерда порнократиянинг икки хил маъносини ҳам тўғри англаш керак.
Ислом оламига тўхталадиган бўлсак, йилдан йилга порнократия, айниқса унинг яширин тури кўпайиб бораётгани афусланарли ҳолдир.
Бунинг очиқ турлари ҳам етарлидир. Масалан, Мали ва Сенегал (Сенегалнинг собиқ президенти Абдуллоҳ Ваде бир вақтлар OIC раҳбарларидан бўлган) каби мусулмон юртларида фоҳишабозлик қонунийлаштирилган. Баъзи мусулмон мамлакатларида фоҳишабозлик расман тақиқланишига қарамай гуллаб-яшнамоқда.  
Бугун Байрут шаҳри гомосексуалларнинг Яқин Шарқдаги марказига айлангани айтилади.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар порнографик материалларни кўришга бўлган майлни шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда, жуфт қидиришни осонлаштирмоқда, натижада ўсмирлар бунинг салбий таъсирига тушиб қолмоқда. Интернетнинг бир талай яхши ва фойдали тарафлари бор бўлишига қарамай, баъзи ҳолларда онгнинг деформациялашувида (бузилишида) ёвуз қуролга айланган. Ҳатто, бунинг глобал характерли хусусияти бу каби иллатларга жазо тайинланган мамлакатларда яшовчи инсонларни ҳам яширин тарзда бузилишига сабаб бўлмоқда.
Аллақачон, АҚШда мусулмон-гомосексуалистларнинг "Ал-Фотиҳа" ташкилоти, "арабча порно", "туркча порно" "ҳижобдаги қизлар" ва бошқа номлардан ташкил топган видеоларни онлайн тартибда узатувчи "ўзини гўёки ҳурмат қилган" порно сайтлар пайдо бўлган.
Аллақачон миллий тилларда ва милллий оҳангларда мавзуга оид (тематик) сайт ва блоглар (ҳамда нашриётлар) ўз фаолиятларини бошладилар (арабча, туркча ва ҳатто молдив порносайтлари нодир ҳисобланмайдиган бўлди). Танишувга бағишланган турли хил сайтлар яширин равишда, фоҳишалар, массаж салонлари ва сартарашхоналар очиқчасига бошқача хизматларни ҳам таклиф қиладиган бўлдилар. Буларнинг барчаси ўз нафсига қул бўлган заиф характерга эга одамларни янада қарам қилиш эҳтимолини оширмоқда. Бундайлар эса оз эмас.

Муаммонинг ечимига ёндашувлар

Узоқ вақт давомида Ислом уламолари, даъватчилари ва фаоллари мазкур муаммога кўз юмиб келди. Ҳар қандай онгли мусулмон бу каби шаҳвоний қизиқишларнинг гуноҳ эканини яхши англар ва шунинг учун ҳам бундай қабиҳ нарсалардан узоқ бўлиш керак деган тамойил устун эди.
Бироқ сўнгги ўн йил ичида вазият шиддат билан ўзгариб кетди ва энди мазкур масалани четлаб ўтишнинг ҳеч иложи йўқ. “Исломда жинсий алоқа ва муҳаббат” деб номланган махсус китоблар пайдо бўла бошлади, исломий сайтларда машҳур олимларнинг фатволари ва мақолалар чоп этила бошланди. Шундай бўлса-да, муаммони ҳал қилишга ҳали анча борга ўхшайди, бундан ташқари муаммо кучайиб кетиши эҳтимоли юқори. Айни вақт, исломий ОАВлари бу муаммони ёритишда қуйидаги учта услубдан фойдаланишмоқда.
Биринчиси, муаммони кўрмасликка олиш ва бундай мавзулардан сўз очиш одоб-ахлоқ ўрнига беҳаёликка сабаб бўлиши мумкинлиги. Муаммога бундай ёндашув, яъни уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш унинг янада ривожоланишига сабаб бўлмоқда.
Иккинчиси, муаммони турли кўринишлари билан очиқ-ойдин очиб ташлаш, батафсил кўрсатиб бериш. Масалан, ҳодисалар, беҳаё нарсалар батафсил айтилади, икир-чикиригача ўртага ташланади. Бироқ, масалага бу тарзда ёндашиш ҳатто танқидий руҳда бўлса ҳам вазиятнинг тўғриланишига умуман ёрдам бермайди.
Бундан ташқари порнократия ҳукмронлиги остига тушган одамнинг унга бўлган тобеълиги янада кучайиши ва у ўзини оқловчи важ топиши ҳам мумкин: "Фақат мен шундай эмасман. Бошқа мусулмонлар ҳам бу вазиятга тушишлари мумкин-ку". Демак, бу натижа бермайдиган муносабатдир.
Учинчи йўл муаммоларни баён қилиш, порнография таъсирига тушиб қолган кишиларга уларнинг ёмон одатларини йўқотиш ва ахлоқий табиатларини қайта тиклашда ёрдам берадиган маслаҳатларни нашр қилишдир. Айни шу йўл фойдали таъсирга эгадир. Бироқ уни амалда қўллаш бир қатор қийинчиликлар билан кечадики, бу ҳақида қуйида батафсил айтилади.

Тадқиқот мақсади

Демак, олдингизда ҳаққоний савол турибди: бундай мақолалар кимга керак? Бу ерда шаҳват гирдобига ботиб қолган бузуқларни ислоҳ қилиш ҳақида гап кетаётгани йўқ (одатда бундай кимсалар жиддий мақолаларни ўқимайдилар ҳам).
Бундай мақолалар бу иллатга қизиқиб, алданиб қолган, бироқ ич-ичидан бу нарсаларнинг катта гуноҳ эканини сезиб, билиб турган ҳамда бу мараз иллатдан халос бўлиш учун ўзида куч топа олмаётган баъзи бир мусулмонларга асқотиши мумкин. Олиб борилган тадқиқотлар ёшлар орасида бундай кимсалар жуда кўп эканини очиқ-ойдин кўрсатиб берди.
Бу ерда энг асосий, муҳим нуқта бундай одамлар учун порнография ёмон, зино қилиш ҳаром ва ҳоказолар ҳақида жуда кўп такрорланган мақолалар керак эмас. Уларнинг барчаси бу нарсаларнинг гуноҳ эканини жуда яхши билишади, билиб туриб ҳам гуноҳга қўл уришади. Бу нарсалар эса ўз навбатида онгнинг бузилиши (деформацияси) ва руҳий дискомфортга (ҳаловат йўқолишига) сабаб бўлади.
Порнографияга эркак ва аёллар ҳам қизиқишади, бироқ эркакларга қараганда аёллар камроқ қизиқар экан. Бу нарсалар билан мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг қизиқиши ачинарлидир. Мусулмонлар фарзанди кўпинча бу нарсалар ҳақида илк бор мактабда танишадилар.
Бу нарсалар қанчалик ранг-баранг экани ва одамлар қанчалик бу нарсаларга қизиқишини Ислом.УЗ сайтининг фатволар бўлимидан ҳам билиб олса бўлади (Масалан, Ислом.Уз сайтида беш-олти йилдан бери “Жинсий алоқалар”га оид мавзулар энг кўп ўқилган мақолалар рўйхатининг бошида турибди). Саволлар саҳифасида эса турли хил ғаройиб саволлар тушиб туради, масалан порнографик мультфильмларни кўриш ёки гомесексуалларнинг тўйларида иштирок этиш, эротик массаж саллонларига бориш ёки виртуал жинсий алоқа билан шуғуллланиш ва ҳоказолар ҳақида. Бизга кўра, бундай мазмундаги саволларни бераётганлар ҳақиқатдан ҳам гуноҳ қилиб қўймаслик учун ўз саволларига жавоб топиш илинжида холис савол беришмоқда. Бироқ бу мазмундаги саволларнинг кўплиги ва турли туманлиги атроф олам қанчалик мураккаблигидан далолат қилади.
Яширин бўлсин, ошкор бўлсин ёки қандайдир бошқа бир турда бўлса ҳам, порнократия турли хил ижтимоий қатламларга кириб борди, жуда кўп фикрларга ўзининг таъсирини ўтказди. Бундан ташқари, бу иллатдан бошланган яна бошқа кўп иллатлар ҳам юзага келди. Кўп ҳолларда заҳарланган онг томоша қилишдан амалий ҳаракат қилишга ўтди. Бу нарсалар аксар ҳолатларда фожеаларга йўл очиб берди. Масалан, мусулмон эр ўз аёлига (баъзи ҳолатларда фарзандларига ҳам) таносил  ва бошқа жинсий йўллар билан ўтадиган касалликларни юқтирган. Яна, 13 ёшли мусулмон йигит катта синфларда ўқийдиган бир қизни ҳомиладор қилган ва қиз ундан бола туққан. Бу эса, уларнинг ота-оналарини шок ҳолатига солган.

Услубни топиш

Ҳар қалай бунда қуйидаги муҳим нуқталар кўзга ташланади. Бу муаммога қарши самарали курашиш учун, одамлардаги порнографик материалларни кўриш истаги қаердан пайдо бўлади, унинг психикаси (руҳий ҳолати) бу нарсаларга қанчалик тез таслим бўлиб, бу нарсалар қачондан унга жозибали бўлиб қолади, қарамлик қанчалик тез ривожланади, қандай шароитларда одам амалий ҳаракатларга ўта бошлайди ва бу иллатлар қайси босқичда шаклланишни бошлаб, қайси даврдан унинг ҳаётида ўчмас из қолдириши ва онгини бузиши мумкин каби саволларга жавоб топиш керак.

Шайтон кираётган эшиклар қаерда?

Агар бу саволга жавобни биладиган бўлсак, мазкур эшикни ёпиш ва ҳалокатга олиб борадиган шаҳвоний қизиқишлар йўлига тўсиқ қўйиш имкони пайдо бўлади. Бу нарса айниқса ўсмирлар ҳақида гап борадиган бўлса ўта муҳимдир. Агар бу  саволларга берилган жавобларни ота-оналар билишса, улар ўз фарзандлари шайтоний амаллар чангалига тушиб қолмаслиги учун чора кўришлари мумкин бўлади.
Бошқа ўта муҳим масалалар гуруҳи бу каби майлдан қутулишни чин кўнгилдан истаган, аммо ўзларини бошқара олмай қолган одамларга қандай қилиб ёрдам бериш билан боғлиқ. Уларни ортга қараб юришга қандай қилиб ундаш мумкин? Уларнинг майл-истагини қўзғатувчи порно аксинча жирканиш ҳиссини уйғотиши учун нималар қилиши керак?
Яланғоч баданларни ёки жинсий қўшилиш саҳналарини намойиш этувчи оддий видеони эмас, балки мутлақо ғайритабиий, садизм ёки мазохизмга ўхшаш нарсаларни томоша қилишни яхши кўрадиган, зимдан бузуқ бўлиб қолган инсонлар ҳақида гап кетганида, уларни тузатишнинг имконияти йўқлигини очиқ айтиш жоиз. Бордию, сиз бундай одамга қилаётган иши нақадар жирканч эканлигини тушунтира бошласангиз, бу каби мулоҳазалар унга таъсир қилмайди, чунки айнан шундай бузуқликлар уни ўзига жалб этади-да.
Психологик интуицияларнинг ҳисоботи бунга ўхшаш одамларнинг жуда оз қисми психиатрларнинг ижобий таъсирига тушиб, яхши тарафга ўзгариши мумкинлигини кўрсатган. Бироқ жуда кўп одамлар борки, уларга оддий руҳий таъсир ўтказиш йўли билан ёрдам берса бўлади. Айнан шулар учун иккинчи гуруҳдаги саволларга берилган жавоблар катта аҳамият касб қилиши мумкин.
Бу нарса бўйича узоқ муддатдан бери тадқиқотлар олиб борамиз, кузатамиз ва аноним сўровномалар ташкил қилганмиз. Турли хил психологик йўналишлардан статистик маълумотлар олинди. Мазкур муаммонинг ижтимоий ва психологик ўлчов даражалари бўйича кенг қамровли илмий ишлар олиб борилди.
Оддий қилиб айтганда бизнинг вазифамиз иккита масалага қаратилган:
Порнократия қандай ривож топмоқда?
Бу қарамликдан қандай қутулиш мумкин?
Бу орада қарамликнинг янада ривожланиши ёки ривожланмаслигига сабаб бўлувчи омиллар ҳам ўрганилади.
Назарий маълумотлар доим психология ва психиатриянинг амалиёти билан ўзаро боғлиқлигида текшириб турилади.
Тушунишимизча, ҳосил бўлган ушбу натижалар амалий қийматга молик бўлиб, уларга асосланган ҳолда, ҳалокатли боғланиб қолган одамлар учун бир қатор маслаҳат ва тавсиялар ишлаб чиқилиши мумкин. Бу эса ўз навбатида, ижтимоий маънавиятни яхшилаш йўлида, оз бўлса ҳам қўшилган ҳисса бўлади.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top