Демократиянинг бузуқ шакллари
“Демократия” - қулоққа тез-тез чалиниб турадиган сўз. Чунки бугунги кунда демократия глобал сиёсатда ҳам, алоҳида минтақа ва мамлакатлар миқёсида ҳам оғиздан тушмайдиган сўзга айланиб қолган. Бу сўзни деярли ҳар куни эшитамиз: “йирик” сиёсатчилар ҳам, майда “тўралар” ҳам (айниқса сайловолди кампаниялари давомида) бу сўзни шиор сифатида кўтариб олиб, элга ва юртга равнақ ва тараққиёт ваъда қилишдан чарчамайдилар.
Халқаро ташкилотларнинг йиғилишларида бу сўздан ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келадилар. Янгиликларда дунё бўйлаб ўтаётган митинглар ҳамда халқлар, турли мамлакатлар ўртасида қўзғалган норозиликлар намойиш этилади, бутун дунё бўйлаб улар қонунчиликка риоя қилинишини, тенгликни, эркинликни, ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқини, инсонлик ҳуқуқларини талаб қиладилар. Ушбу қадриятларининг ҳаммаси биттагина сеҳрли”Демократия” сўзига жамланган. Одамлар демократия келиши билан барча муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади ва ниҳоят улар тинч ва фаравон ҳаёт кечиришга бошлайдилар, дея самимий ишонадилар.
Ушбу сўзни ниқоб қили олган ҳолда одамларни қурбон қилувчи, вайронагарчиликка олиб келувчи қанчадан-қанча инқилоблар амалга оширилди. Яқин шарқ мамлакатларида “Араб баҳори”, Украинада “Рус баҳори” дея аталган инқилоблар тўлқинлари хали-ҳамон одамларнинг ёдидан кўтарилгани йўқ ва бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Демократия сўзининг луғавий маъноси – иштирокчиларнинг қандайдир воқеа (жараён) натижаларига ёки унинг муҳим босқичларига тенг таъсир кўрсатиш йўли билан жамоа усулида қарор қабул қилишга асосланган сиёсий режим дея аталувчи халқ ҳокимиятини англатади. Бу услуб ҳар қандай жамоа тузилмаларига нисбатан қўлланиши мумкинлигига қарамай, бугунги кунда унинг энг муҳим иловаси сифатида улкан ҳокимиятнинг жиловларини ушлаб турувчи давлат бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда биз демократиянинг бузуқ шакллари билан тўқнаш келиб қолдик ва шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, муаммо демократиянинг ўзида эмас, балки ўз мақсадларига эришиш учун бошқарувнинг у ёки бу услубларини қўллаётган одамларда бўлиб қолмоқда. Токи инсонларда очкўзлик ва ўзга одамлар устидан ҳукмронлик истаги ҳиссиёти устун бўлса, токи миллатлараро низолар қўзғалиб, фуқаролик урушлари давом этса, токи юзага келган можаролар фақат куч ишлатиш йўли билан ҳал этилса, ҳеч қанақа демократия ёрдам бера олмайди. Одамнинг ўзи камчиликдан ҳоли бўлмаган ҳолда ўзи ўйлаб чиқарган демократия бошқаруви қанақасига бенуқсон бўла олади?
Арина Юсупова
Аббос Асад таржимаси



