Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фидокорона хизматлари
Забардаст олим, устоз, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ислом оламида дунё миқёсидаги улуғ аллома, ўзбек халқининг ифтихори эдилар, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси аъзоси, «Бутун Дунё Ислом Робитаси»нинг таъсис мажлиси аъзоси, Бутун дунё тасаввуф уюшмасининг аъзоси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти аъзоси, Бутун дунё даъват уюшмаси аъзоси ва бир неча ташкилотларнинг аъзоси эдилар. У зот Саудия Арабистони, Иордания ва Покистондаги бир нечта университетларнинг фаҳрий профессори эдилар.
Шайх ҳазратлари бутун умрларини, барча куч-қувватларини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, эл-юртга, халққа, Ватанга, мусулмонларга, Исломга хизмат қилдилар. Бу улуғ олимнинг Ислом динига, бутун дунё мусулмонларига, хусусан, ўз Ватанига, ўзбек халқига нечоғлик муҳим ва улкан хизмат қилганини танлаган шиорларидан ҳам билиш мумкин:
«Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш; Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш; исломий маърифат таратиш; салафи солиҳ — улуғ мужтаҳидларга эргашиш; кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш; диний саводсизликни тугатиш; ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш; мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш».
Шайх ҳазратлари ушбу шиор остида баракали меҳнат қилиб, ўзбек халқининг миллий истиқлолини мустаҳкамлаш, қадриятларни тиклаш, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш, динимизнинг таълимотларини, халқимизнинг бой маънавий-маърифий ва адабий-бадиий меросини ўрганиш ва ўргатиш, халқимизга хос бўлган дину диёнат, инсонпарварлик, тинчликпарварлик ва бунёдкорлик каби иймон нурига йўғрилган фазилатларини бутун дунёга танитиш, ёшларнинг Ватанимиз тарихи, бугуни ва эртаси олдидаги маъсулиятини ошириш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш ва зарарли таъсирлардан ҳимоялашга, уларни илм маърифатга, янгиликка, замонавий илғор технологиялар билан танишишга тарғиб қилиш, келажак авлодни муносиб тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшдилар.
Шайх ҳазратлари етук олим, улуғ мутафаккир сифатида Исломга, Қуръонга сидқидилдан хизмат қилдилар, баракали илмий фаолиятлари билан ўзбек китобхонларининг қалбини илму ирфонга, жавон ва кутубхоналарини юзлаб китобларга тўлдирдилар.
Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк аждодларимизнинг анъанасини давом эттириб, ўзбек диний адабиётининг тикланашига салмоқли ҳисса қўшдилар. Аввало, халқимизга динимизнинг тамал тоши бўлмиш Қуръон ва Суннатни танитишга катта эътибор бериб, «Тафсири Ҳилол» номли олти жилдлик тафсир ёздилар. Бу улкан асар шайх ҳазратларининг шоҳ асари бўлиб қолди. Навбатдаги фундаментал илмий лойиҳа – «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи бўлиб, бу Ал-Азҳар дорилфунунининг шайхи Мансур Али Носиф қаламига мансуб «Ат-Тожул жомеъ лил усул фий аҳадисур Росул» номли китобнинг 39 жуздан иборат таржимаси ва шарҳидир. Шу тариқа шайх ҳазратлари мустабид тузум туфайли Ислом динининг асл манбаларидан маҳрум бўлаёзган халқимизнинг Аллоҳ таолонинг муборак каломи Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан яна қайтадан баҳраманд бўлишига улкан ҳисса қўшдилар. Таъкидлаш жоизки, бу қадар кенг кўламли, юксак илмий савияли, адабий-бадиий жиҳатдан етук, юқори сифатли китоблар сўнгги бир неча юз йил ичида ўлкамизда чоп этилмаган эди.
Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари замон билан ҳамнафас равишда, давр талабига ҳозиржавоблик билан интернет тармоғида ҳам исломий маърифат тарқатиш, ахборот тармоқларининг ахборот уруши майдонига айланишини олдини олиш мақсадида www.islom.uz веб-саҳифасини ташкил қилиб, ўзбекзабон интернет сарҳадларида юқорида зикр қилинган шиор остида кенг кўламли фаолият олиб бордилар. Ушбу веб-саҳифа бир неча йил ичида кенгайиб, исломий илмларнинг турли йўналишлари бўйича мустақил фаолият юритувчи 20 дан ортиқ сайтдан иборат улкан порталга айланди. Айниқса, порталнинг савол-жавоб хизмати туфайли жамиятдаги турли иллатлар, салбий ҳолатлар муолажа қилиб борилди. Ушбу онлайн хизмат нафақат юртимиздан, балки дунёнинг турли чеккаларидан туриб интернетдан фойдаланувчи ватандошларимиз учун соф Ислом, тўғри ақийда, ҳақ мазҳаб таълимотларининг манбаига айланди. Порталнинг ҳамда унинг таркибидаги кўплаб сайтларнинг UZ Миллий домени интернет-фестивалида бир неча йиллар давомида мунтазам равишда турли номинацияларда ғолиб бўлиб келаётгани фикримизнинг далилидир.



