Ўзга сайёраликлар ва номаълум учар жисмлар

Ўзга сайёраликлар ва номаълум учар жисмлар

Ердан ташқарида  ҳаёт мавжудлиги ҳақидаги мавзуга киришар эканмиз, бу нима эканини яхши тушуниб олишимиз керак бўлади. Бу мавжудотлар -  мусулмонлар ва баъзи бошқа динлардаги каби иймон келтириши лозим бўлган фаришталарга сира ўхшамайдиган мавжудотлардир.

 

Илмий тушунтириш

“Ерга тааллуқли бўлмаган мавжудотлар” (агар улар мавжуд бўлсалар) Ер сайёрасидан ташқари, бошқа планеталарда замон ва маконда, моддий тарзда мавжуд бўлишлари мумкин. Бу мавжудотлар бактериялар каби бир хужайрали оддий мавжудотлар бўлишлари ҳам мумкин, лекин кўпчилик инсонлар “Ерга тааллуқли бўлмаган” термини остида бошқа сайёраларда “ақлли” ҳаёт бўлиши мумкинлигига урғу берадилар. Илмий нуқтаи назардан, ҳаёт тарзини мухокама қилар эканмиз, бир қанча муҳим омилларни назардан қочирмаслигимиз лозим бўлади. Ҳар қандай мавжудот ҳаётий фаолияти учун мураккаб кимёвий реакциялардан ўтиши лозим бўлади. Мазкур реакциялар - фақат суюқ ҳолатда амалга оширилиши мумкин. Ҳозир Қуёш тизимида фақат Ер сайёрасидагина суюқлик ҳосил бўлиши учун тегишли шарт-шароитлар мавжуд. Шунингдек, Юпитернинг йўлдошлари Европа ва Ганимед, ҳамда Сатурннинг йўлдоши Титаннинг ташқи ёки ички қисмларида суюқлик мавжудлиги эҳтимоли бор. Шу тарзда, бу планеталарда ҳаётнинг баъзи шакллари мавжуд деган жуда кичик тахминлар бор. Маълумки, барча суюқликлардан фақат сувгина алоҳида хусусиятларга эга бўлиб, унинг бу хусусиятлари ҳаёт шаклланишида ҳал қилувчи вазифани бажаради.

Бу ҳақда Қуръони карим нима дейди?

Ҳатто Қуръони каримда ҳам сув ва ҳаёт ўртасида боғлиқлик борлигини кўриш мумкин.
Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (Қуръони карим, 21:30)
Бугунги олимлар ҳаёт денгизда, яъни бир ҳужайрали оддий молекулалар ўзаро жуфтлашиб, ўзидан ўзи кўпая бошлаган даврда пайдо бўлганини таъкидлашмоқда. Аллоҳ таоло жамики жонли мавжудотни сувдан яратгани ва Ер устига ҳимоя айвонини тиклаб қўйганини айтган. Аллоҳ билгувчидир. Биз бандаларнинг қўлидан эса ўрганиш, тадқиқ ва тафаккур қилиш келади, холос.
Ўзга сайёраликлар ҳақидаги мавзуга қайтамиз: Қуръони каримда бошқа мавжудотлар мавжудлигига ишора қиладиган оятлар бўлса ҳам, уларнинг мавжудлиги ҳақида аниқ далиллар йўқ.
Роббул аъламийн сўз бирикмаси, яъни Оламлар Роббиси бошқа кўп оламларда ҳам ҳаёт мавжуд эканига далолат қилади.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло яратиб қўйган турли хил жониворлар ҳақида зикр қилинган.
У зотнинг оят-белгиларидан - осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир”. (Қуръони карим, 42:29)
Юқорида зикр қилинган оятга асосланиб, баъзи уламолар ўзга сайёралар ҳамда Ердан ташқарида бўлган  жойларда ҳам ҳаёт борлигига ишонишга рухсат берадилар.
Зикр қилинган оят маъносидаги “жониворларнинг таратиб қўйилиши”, деган жойига эътибор қилинг. Оят маъносига кўра, Ердан ташқарида бошқа сайёраларда ҳам жониворлар борлиги айтилмоқда.
Олтинхон тўра Тарозий роҳимаҳуллоҳ “даббаҳ” калимасининг маъносини “жондор” деб, Алуоддин Мансур эса “жонивор” деб таржима қилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур оят тафсирида: “Баъзи уламолар ушбу оятда зикр қилинган «Ва уларда» (яъни, осмонлару ерда) турли жониворларнинг таратиб қўйилиши ҳақида гап келишидан эҳтимол бошқа осмонлар ва сайёраларда фаришталардан бошқа махлуқотлар ҳам бордир, деган маъно чиқарадилар”, деб ёзган. Савол-жавоб саҳифасида эса ўзга саёраликлар ҳақида айтилаётган гап: “Гумон билан айтилаётган гап, холос. Илмий исботи ‎йўқ”, деб айтганлар, роҳимаҳуллоҳ.
Абдуллоҳ Юсуф Алий мазкур оят тафсирида: “У ёки бу турда ҳаётнинг миллион-миллион осмон жисмлари орқали фазога сочилганлигини тахмин қилиш жоиздир”, деган маъноларни ёзган.
Шундай қилиб, кунларнинг бирида олимлар Ердан ўзга жойларда ҳам тирик мавжудотлар борлиги ҳақида ишончли маълумотларни келтирсалар, шунда бу мусулмонлар учун кутилмаган янгилик бўлмайди.

Ҳозирча ишончли, ўз исботини топган маълумотлар йўқ

Бироқ, бугунги кунгача ўзга сайёраларда одамларга ўхшаш ақлли мавжудотлар ҳақидаги назарияни исботлайдиган аниқ ва илмий тасдиғини топган маълумотлар йўқ. Албатта, ўзга сайёраликлар билан учрашган ёки номаълум учар жисмларни (НУЖ) кўрдик деган одамлар ҳам учраб турибди. Аслида, ўзга сайёраликлар ҳамда НУЖ масаласи кескин бахсларга сабаб бўлган эди. Баъзи одамлар, ўзга сайёраликлар космик кемаларда осмонимизга учиб келади, ҳатто улар баъзан Ерга қўниб  ҳам туради дейишса, баъзилар Ердан ташқарида ҳаёт бор бўлиш эҳтимолини ҳам инкор қилишади.
Ўзга сайёраликлар ва НУЖ одамлар ҳаёлоти учун кенг имкониятлар очиб берди. Айниқса, Америка Қўшма Штатларида бу мавзудаги турли хил афсоналар урчиб кетди, ҳатто бу мавзулар одамлар орасида ҳам тарғиб қилинмоқда. Экстрасенс, фолбин, спиритуалист ва бошқа шу турдаги “мутахассис”ларнинг бозори шунчалик чаққон-қи, улар “жоҳил” инсонларнинг пулларини “шилиб олиш” га улгура олмаяптилар ҳам. 
Бу мавзу киноларда ҳам кўп кўтарилмоқда. Албатта, мақсад фақат пул қилиш эмас, балки Ҳақдан чалғитишдир, яъни одамни Аллоҳ таоло эмас, балки ўзга сайёраликлар яратган, деган эътиқодга ишонтириш, чунки йигирманчи аср сўнггида Дарвин назарияси бутунлай барбод бўлгандан кейин, бир нарсани тақдим қилишлари керак бўлди-ку, ахир!
Илмий нуқтаи назар бўйича ҳам, ўзга сайёра ва галактикаларда ҳаёт мавжуд экани ҳақида аниқ исбот-далиллар йўқ. Бироқ, коинот жуда катта тизимки, бошқа жойларда худди Ердаги каби ҳаёт бор бўлиши эҳтимолини йўққа чиқара олмаймиз. Қаердадир, яъни миллион-миллион галактикаларнинг бирор сайёрасида балки ҳаёт бордир.
Ислом нуқтаи назарида бу масала илмга таалуқлидир, чунки Қуръони карим ҳар қандай тўғри қилинган, ҳақиқий илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлайди ҳамда инсонни Коинотни ўрганишга чақиради, зеро ҳақиқий илм Аллоҳ таолога бўлган иймонни янада бақувват қилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ: “Ўзга сайёраликлар ҳақидаги гап-сўзлар яқинда чиқди. Турли тахминлардан иборат бўлган бу гаплар илмий асосга эга бўлмаган, ҳужжат-далили йўқ гаплар сирасидан ҳисобланади. Бизнинг диний таълимотимизда ҳам ўзга сайёраларда одамлар бор ёки йўқлиги ва Аллоҳ уларни яратган ёки яратмаганлиги ҳақида аниқ бир оят-ҳадис ёки ҳужжат-далил йўқ. Баъзи бир оятларда «осмонлару ердаги шахслар» деган маъно бор. Баъзи бир уламолар, «ўзга сайёраларда ҳам одамлар бўлиши мумкин», дейишган. Лекин аниқ ҳужжат йўқ. Шунинг учун иймон-эътиқод масалаларида бу нарса кўрилмаган. Уламоларимиз ҳам бу нарсаларни муолажа қилишмаган.”
Биз бутун коинотнинг барча сир-асрорларини билмаймиз, биз буларнинг ҳаммасини қамраб ололмаймиз. Хуллас, ўзга сайёраликлар ҳақидаги масала фундаментал иймонимизга боғлиқ масала эмас, уларга ишониш ёки ишонмаслик бизни алоҳида безовта қилмаслиги керак.

Манбалар асосида асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top