АҚШ Мьянма ҳукуматини мамлакатдаги мусулмонларни оммавий қирганликда айблади
АҚШ расман Мьянма ҳукуматини мамлакатдаги озчиликни ташкил этувчи Роҳиня мусулмонларига қарши зўравонликда айблади. АҚШ халқаро муносабатлар кенгашининг ҳисоботида таъкидланишича, ҳукумат агрессияси сабабли Ислом динига мансуб 800 мингдан зиёд киши азият чекмоқда.
Айтиб ўтиш лозимки, мамлакатдаги мусулмонларга қарши тажовузкорлик ҳаракатлари 2012 йилда бошланган. Ўша йили Мьянмада мутлақ кўпчиликни ташкил этувчи буддистлар бир буддист қизнинг ўлимида бир неча мусулмонларни айблаб, уларга қарши қирғин бошлаган эди. Қирғин оқибатида 200 дан ортиқ мусулмонлар ўлдирилиб, уйлари оммавий тарзда ёқиб юборилган эди. Охирги 4 йил ичидаги жабр ва зулм сабабли эса 120 мингдан зиёд мусулмонлар уйларини тарк этиб кетишга мажбур бўлдилар.
АҚШ халқаро муносабатлар кенгашининг ҳисоботида яна шундай дейилади: “Бир неча юз минглаб мусулмонлар ўз уйларини тарк этганлари мамлакатдаги уларга нисбатан муносабат қай даражада ёмон эканини ва ҳаёт шароитлари ҳам мутлақ оғир эканини англатади”.
Эслатиб ўтамиз, Роҳиня мусулмонлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир неча халқаро ташкилотлар томонидан дунёдаги энг кўп жабр кўрган миллат сифатида эътироф этилган.



