Жонини қурбон қилиб, насронийларни ҳалокатдан қутқариб қолган мусулмон йигит
Риянто ҳаёт бўлса, ҳозир 42 ёшга кирган бўларди. Бундан 17 йил муқаддам индонезиялик бу йигит насроний юртдошларини муқаррар ўлимдан қутқараман деб, фожиали ҳалок бўлган эди.
2000 йилда Индонезия президенти халққа мурожаат қилиб, Исломнинг ҳақиқий қудратини намоён қилиш, ғайридинларнинг ибодатхоналарига террорчилар томонидан қилинаётган ҳужумларнинг олдини олиш учун уларни қўриқлашга чақирган эди. Риянто бу даъватга лаббай деб отилиб чиққан минглаб ёш мусулмонлардан бири эди. У мусулмон ёшлар ташкилотининг фаол иштирокчиси бўлиб, тез-тез содир бўлиб турган фитналар, терактлардан қўрмай, кўнгиллилар қаторида черков ва бошқа дин вакилларига тегишли ибодатхоналарни қўриқлашга чиққан эди.
Ўша йили Риянто католикларнинг мавлид байрами арафасида Шарқий Явадаги бир черковни қўриқлаётган эди, деб ёзади IslamNews нашри Gatestone Instituteнинг маълумотлари асосида. Ибодатдан кейин бир роҳиб ибодатхонада кимдир қолдириб кетган шубҳали пакетни олиб, Риянтога узатади. Риянто пакетни очиб қараса, унинг ичида портловчи қурилма сўнгги лаҳзаларни санаётган экан. Даҳшатга тушган Риянто бор овози билан ҳаммани хавфдан огоҳлантириб, ўзи пакетни маҳкам қучоқлаганча одамлардан имкон қадар узоқроққа кетиш учун югуради. Бир неча сониядан сўнг даҳшатли портлаш Риянтони парчалаб ташлайди...
Шундан буён Индонезия ҳукумати ҳар йили энг фаол талаба ва ўқувчиларга Риянто номидаги мукофотлар топширади. Шаҳардаги кўчалардан бири бу фидокор мусулмон йигитнинг номига қўйилган. Ўша черковда эса ҳар йили унинг ҳаққига дуолар қилинади.



