Халқаро исломий анжуман тафсилотлари

Халқаро исломий анжуман тафсилотлари

Тошкентда «Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида» мавзусидаги халқаро анжуман бошлангани ҳақида аввал хабар қилган эдик.

Анжуман ишида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Туркия, Германия, Озарбайжон ва Ўзбекистондан ташриф буюрган давлат ва жамоат арбоблари, дин ходимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Анжуманга Тошкент шаҳар ва вилоятларининг имом-хатиблари ва ноиб имомлари таклиф қилинган бўлиб, ҳар бир вилоятдан 20-30 нафардан қатнашчилар ташриф буюришди. Шу билан бирга бошқа дин вакиллари ҳам меҳмон сифатида таклиф қилиндилар.
«Менинг мана шундай шайхулислом бўлиб етишишимга Ўзбекистон сабаб бўлган. Бу диёр менинг маънавий ватанимдир. Мен бугун ватанимда нутқ сўзлаётганимдан бағоят хурсандман. Бундай хайрли тадбирларни ўтказишда бизни қўллаб-қувватлаган президент Шавкат Мирзиёевга ўз ташаккурларимизни билдираман» – Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ динлараро кенгаши ҳамраиси, Кавказ халқлари Олий диний кенгаши раиси шайхулислом Аллоҳшукр Пошшодзоданинг ушбу сўзлари анжуман қатнашчиларинг қарсакларига, олқиш ва эътирофларига сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамизки, Аллоҳшукр Пошшодзода Бухородаги Мир Араб мадрасаси ҳамда олий маъҳад – Тошкент ислом институтида таълим олган бўлиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг яқин шогирдларидан, қадрдонларидан биридир.
Анжуманда сўзга чиққанлар бугунги кундаги муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Жумладан, мусулмонлар орасида ҳамжиҳатликни таъминлаш ва турли экстремистик ҳаракатларга қарши биргаликда курашиш ғоялари асосида турли фикрлар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўз нутқида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда одамларни тинчликка чақирганини айтиб, бир неча оят ва ҳадислардан истишҳодлар келтирди, тинчликнинг қадрига етиш ва уни таъминлаш учун мўмин-мусулмонлар ҳамиша биргаликда ҳаракат қилишлари динимизнинг талаби эканлигини айтиб, Бақара сурасидаги «Эй иймон келтирганлар! Исломга (тинчликка) тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир» оятини алоҳида таъкидлаб ўтдилар (208-оят).
Шу билан бирга, тадбир давомида икки қардош халқ – озарбайжон ва ўзбек халқлари қадимдан бир-бири билан ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларда бўлгани айтиб ўтилди. Улуғ шоир бобокалонимиз Мир Алишер Навоий озарбайжон шоири Низомий Ганжавийни жуда катта эҳтиром билан тилга олганлари, у зотни ўзларига ғойибона устоз деб билганлари, шунингдек, озарбайжон халқининг яна бир улуғ шоири Фузулий ҳазратлари ҳам ўзбек халқининг севимли шоирларидан бири ҳисобланиши, бу зотларнинг асарлари халқимиз томонидан севиб ўқилиши алоҳида таъкидланди.
Ушбу ажмуман ана шу қадимий алоқаларнинг давоми сифатида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевларнинг ташаббуси билан ташкиллаштирилди. Бу анжуман орқали икки халқнинг дўстона алоқалари янги босқичга ўтди, десак муболаға бўлмайди.
Сўзга чиққан нотиқлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳам Озарбайжон халқи билан яхши алоқада бўлгани ҳақида, бугунги куннинг асосий муаммоларидан бўлиб турган Қорабоғ масаласи ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар.
Анжумандан сўнг пойтахтимизнинг муҳташам «Наврўз» ресторанида анжуман иштирокчилари учун зиёфат уюштирилди. Анжуманнинг кейинги босқичида тадқиқотчи олимлар ўртасида турли илмий ҳаракатларга оид масалалар тўғрисида музокаралар бўлиб ўтиши режалаштирилди.

back to top