Канадалик мусулмон жаҳон миқёсида йил тадбиркори бўлди
Ясмиқ бизнес-салтанати соҳиби, канадалик мухожирларнинг фарзанди жаҳон миқёсида йил тадбиркори деб тан олинди.
Танловда дунёнинг 49 мамлакатидан 59 тадбиркор иштирок этди. Мурод Ал-Котиб «Жаҳон тадбиркори – 2017» (EY World Entrepreneur of the Year 2017) дея эътироф этилди. Бунда нафақат унинг ривожланаётган дунёга ўсимлик оқсили етиштиришга ихтисослашган бизнес-салтанатининг муваффақиятлари, балки қочқинларга кўрсатган ёрдами ҳам эътиборга олинди. Тадбиркор ўз даромадлининг маълум қисмини қочқинларга мунтазам сарфлаб келади.
Жаноб Ал-Котиб ўзини бошқа етук ва таниқли тадбиркорлар орасидан танлаб олиб шу мукофотга лойиқ топганлари учун миннатдорчилик билдирди. «Тадбиркорликда одамларга ёрдам бериш нафақат муҳим, балки зарур ҳам», – деди у.
Nixon Energy Investments нинг ижрочи директори ва мустақил ҳакамлар кенгашининг раиси Жим Никсон шундай деди: «Мурад зўр тадбиркор, у қадриятларни ёйиш ҳамда кенг миқёсли бизнесни бошқариш қобилиятини намойиш этди. Барқарор қишлоқ хўжалик амалиёти туфайли у бутун дунёдаги атроф-муҳитга ижобий таъсир ўтказмоқда».
«Йил тадбиркори» – нуфузли халқаро танлов бўлиб, жаҳоннинг 60 мамлакатидаги 145 дан ортиқ шаҳарларда ўтказилади. «Йил тадбиркори» – тадбиркорлар учун ягона халқаро мукофот. Танлов жаҳон тадбиркорлар оммасининг бозорга янги маҳсулотлар ва хизматлар олиб кираётган, янги иш ўринлари яратаётган, турмуш тарзини оширишга ёрдам бераётган атоқли вакилларининг хизматларини эътироф этиш учун ташкил қилинган. Танловни ўтказишдан мақсад жамиятнинг иқтисодий аҳволини кўтариш ва турмуш шароитини яхшилаш билан чамбарчас боғлиқ бўлган тадбиркорлик фаолиятини оммалаштиришдир.



