Қирғизистонлик кўнгиллилар хайрия ярмаркаси ўтказдилар
«Биз Қирғизистон кўнгиллиларимиз» ташаббус гуруҳи «Ал-Бухорий» ўғил болалар меҳрибонлик уйининг ўқув хоналарини таъмирлаш учун хайрия ярмаркаси ўтказмоқда.
Ярмарка 20 октябрь куни Манас университетининг диншунослик факультетига кираверишда очилди.
Ёрдам бериш истагида бўлганларни кўнгиллилар ўз қўллари билан тайёрлаган пишириқларни сотиб олишга чақиришмоқда. Ташкилотчилар тарқатган хабарда шундай дейилади: «Биродарлар, Жума намозидан сўнг ярмаркамизга бир кириб ўтинг, сиз мазали таом тановул қилиш билан бирга шундай муборак кунда садақа қилиш имконига эга бўласиз. Таомлар турфа ва мазалидир, сизлар учун, жумладан, бир қатор турк таомлари ҳам пиширдик! Барчангизни хайрия ярмаркамизда кутамиз! Савоб қилиш жуда осон!»



