Меҳрибонлик уйи муслималарнинг янгидан ҳаёт бошлашига ёрдам бермоқда
Канаданинг Миссиссог шаҳридаги уйлардан бирида шунчаки мусулмон оиласи эмас, 14 та аёл ва болалардан иборат жамоа яшайди – уларнинг барини оғир қисмат бирлаштириб туради. Улар қийин дамларда диндошларидан ёрдам кутган аёллардир.
Катта Торонто районида жойлашган Nisa Homes номли меҳрибонлик уйидан ҳаётини янгитдан бошлаши керак бўлган муслималар ўз фарзандлари билан паноҳ топадилар, деб хабар беради The Star.
Вақтинчалик бошпанага муҳтож муслималар бу ерда 3 ойгача яшашлари мумкин ва бу вақт мобайнида бемалол уй ҳамда иш излаш, мавжуд муаммоларини ҳал этиш билан шуғуллана оладилар.
Nisa Homes меҳрибонлик уйида муслималар учун барча шароитлар муҳайё, чунки улар маълум сабабларга кўра оддий бошпаналарга мурожаат эта олмайдилар.
«Уларнинг кўпчилиги ҳаётларини изга тушириб олгунча яшаб турадиган жой излайдилар», – дейди аёлларга кўмак дастури менежери Ясмин Юсуф. Унинг сўзларига кўра, бу ерга ажрашган ва вақтинчалик ишсиз ҳамда уйсиз аёллар мурожаат қиладилар.



