"Ядро қуролини ясаш Исломга зид"
Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Эрон ядро дастуридан бошқа мақсадларда фойдаланиши, жумладан ядро қуролини яратишга интилиши мантиқсиз эканини билдирди, деб хабар қилмоқда KUN.UZ.
Муҳаммад Жавод Зариф Самарқандда ўтказилаётган "Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик" номли халқаро конференцияда бу ҳақда сўзлар экан, жумладан шундай деди: "Эътиқодимиз юзасидан, ядро қуролини ясаш Ислом динига зид ҳисобланади. Қолаверса, ядро қуроли тинчлик ва барқарорликни сақлаб турувчи асосий куч эмас".
Шунингдек, конференцияда иштирок этаётган Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Эроннинг ядро дастури муваффақиятли якунланишида Евроиттифоқ кўмак беришга тайёр эканини айтар экан, "Эрон ва Евроиттифоқ ўртасида ядро дастури бўйича эришилган келишув" Иттифоқнинг энг катта ютуғи эканини билдирди.



