«Масхарабозлар қуршовидаги тентак»: АҚШда Трампнинг Оқ уйдаги ҳаёти ҳақида китоб чиқади

«Масхарабозлар қуршовидаги тентак»: АҚШда Трампнинг Оқ уйдаги ҳаёти ҳақида китоб чиқади

Журналист Майкл Вулфнинг «Олов ва ғазаб: Трамп Оқ уйда» номли китоби 9 январ куни АҚШ ҳудудида сотувга чиқади.

Унда Америка раҳбарининг ҳаёти, унинг яқинлари ва қўл остидагилар билан муносабатлари ёритилган. Китобдан айрим иқтибослар New York Magazine журналида чоп этилди.
Журналистнинг таъкидлашича, Миллий иқтисодий кенгаш раиси Гэри Кон ўз мактубида АҚШ президенти Доналд Трампни «масхарабозлар қуршовидаги тентак» деб атаган.
«Бу сиз тасаввур қилганингиздан ҳам ёмонроқ. Масхарабозлар қуршовидаги тентак. Трамп ҳеч нимани ўқимайди – на бир саҳифалик докладларни, на қисқа маълумотномаларни. У шунчаки чарчагани учун жаҳондаги етакчи шахслар билан музокараларни ярим йўлда ташлаб кетиши мумкин», – дейилади хатда.
Вулфнинг маълумотларига кўра, Трампнинг иттифоқчиларидан бири медиамагнат Руперт Мердок қатор мамлакатларга нисбатан виза тизимининг қаттиқлашуви ҳақида президент билан телефонда суҳбатлашгач, Америка раҳбарини «шайтоннинг тентаги» деган.
Шунингдек, муаллифнинг сўзларига кўра, Трамп ҳозирда марҳум тадбиркор Роджер Эйлсга ўзининг сайловолди кампанияси кутилгандан ҳам ортиқ бўлгани ва ҳатто мағлубиятга учраган тақдирда ҳам бу унинг учун ғалабага айланишини айтган. Меланя Трамп эса биринчи хоним бўлишни умуман истамаган ва эрининг президент бўлишини ўйлаб даҳшатга тушгани ҳам баён этилган.
Журналистнинг айтишича, Америка президенти заҳарланишдан қўрқади ва хизматкорларга тиш чўткасига қўл текизишларини тақиқлаб қўйган. Макдоналдсдан овқатланишни хуш кўради ва иннаугурациядан сўнг Оқ уйдаги хонасига бирданига учта телевизор ўрнатган.
Китобда ёзилишича, Трампнинг қизи Иванка АҚШнинг биринчи аёл президенти бўлишни истайди. Эри Жаред Кушнер билан бирга у президент маъмурияти таркибига кирди, бу тажриба унга келгусида президент лавозимини эгаллашига ёрдам беради деб умид қилади.
Оқ уй китобда ёзилганларни қатъий рад этмоқда. АҚШ президентининг матбуот котиби Сара Сандерс китоб Оқ уйга алоқаси ва таъсири бўлмаган шахсларнинг ёлғон кўрсатмалари асосида ёзилган.
«Бу инсонларнинг мазкур сафсатага тўла китоб ёзилишида иштирок этиши уларнинг ўзларини кўрсатиш истакларини ошкор қилади, холос», – деди Сандерс.

back to top